Хабарингиз бор, “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг АҚШда бўлиб ўтиши режалаштирилган Қурилтойига вакил сифатида номзоди кўрсатилган ва меҳмон сифатида таклиф этилган Ҳаракат фаоллари амалдаги ҳукуматнинг кучли таъқибига рўпару келганлиги боис океан орти мамлакатига боришдан мосуво бўлишган эди.
Шу боис Ҳаракат Бошқаруви мавжуд ноқулай вазиятдан чиқиш йўлларини қидирди ва қулай тадбир ишлаб чиқди.
Ҳаракат Бошқарувининг режасига кўра, Қурилтойга вакил сифатида номзоди кўрсатилган ва меҳмон сифатида таклиф этилган фаоллар 26-27 апрел кунлари “Бирдамлик”нинг Тошкентдаги офисига йиғилиши ва тадбирда жамоа бўлиб иштирок этишлари кўзда тутилган эди.
“На иссиғига ва на совуғига” чидай олмайдиган ҳукумат бунисига ҳам кўнмайдиган кўринади.
Боисики, Қурилтойда қатнашиши лозим бўлган Ҳаракат фаолларига талайгина таҳдид ва тайзиқлар бошланиб кетди.
Аввалига, куч ишлатар тизимлари томонидан Ҳаракат офисига “ҳужум” уюштирилди.
Кейин эса Эшонқулованинг уйи эшигини саҳал бўлмаса, бузай дейишди.
Жиззахда Нуринисо Ҳолбоевани хонадони тугул, маҳалла-паҳалласи билан “қуршов”га олишди.
Алиқул Саримсоқовни пойтахтдан зудлик-ла Зоминга қайтариш ҳаракатлари авж олинди.
Эндиги жабру ситам кўриш гали эса Навоий вилоятидаги фаолларимизга етган кўринади.
Камола Суннатова Ҳаракатнинг “Ёшлар қаноти” бўлими фаолларидан бири сифатида Қурилтойда иштирок этиши лозим эди.
Таассуфлар бўлсинки, бугун Камоланинг онаси Дилдора Боймуродова куни кеча ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидан “Қизингни “Бирдамлик”дан чиқариб оласан” деган мазмунда огоҳлантириш олганди.
Оқибатда, Навоийлик фаолимиз Д. Боймуродовадан ҳозиргина қуйидаги мазмунда ташвишли мактуб келди:
“… Ҳали онамни маъракалари тўлиқ тугаб улгургани йўқ. Кеча ҳеч қаерга бормасликка огоҳлантирилган эдим. Шунга қарамай кўчамизда 2 та бегона машина кечгача турди. Кеча Қизимни Ҳаракатга қўшмаслигим тўғрисида ёзиб беришим талаб қилинганди. Вилоятдан чиқишга қўйишмаса нима қилайлик?…”
Аҳвол мана шундай аянчли тарзда кечмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ҳаракатнинг 2012 йилнинг 8 декабр куни режалаштирилган “ОШ” марафонида иштирок этиш мақсадида ўз ҳамроҳлари билан пойтахт сафарига отланган Дилдора Боймуродова Навоий-Тошкент йўналиши бўйлаб қатновчи таксида маҳаллий ички ишлар идоралари ходимлари томонидан қўлга олинган ва Кармана туман Ички ишлар идорасига куч ишлатиш йўли билан судраб келинган.
Энг аянчлиси, Дилдора Боймуродова ва ҳамроҳлари то тонггача ИИБ биносида ўтиришга мажбур этилган. Янаям дахшатлиси, уч нафар бу хотин-қизлар ИИБнинг маст-аласт ходимларининг “Жонидан, 8-декабр – байрам. Биз билан отамлашмайсизми?” деган пасткашликларига ва май тўла жом тутишларига тишларини-тишларига қўйишга мажбур бўлишган.
Не ажабки, тунда милиция ходимлари билан отамлашишни истамаган “Бирдамлик”чилар эрталаб ИИБ ходимлари томонидан ўзига хос услубда жазоланган. Яъни уйқудан қолган Дилдора Боймуродова ва ҳамроҳларига Кармана туман ИИБ биносининг шундоққина тумшуғида ёлланган (амалдаги ҳокимиятнинг анъанага айланиб улгурган азалий ҳийласига кўра) безори аёллар тўдаси ҳужум қилган. Махсус тайёргарлик кўрган жангари аёллар тун бўйи оч наҳор, уйқусизликдан ҳолдан тойган “Бирдамлик” фаолларини уриб, тепиб, калтаклаб, азойи баданини маматалоқ қилишган.
Худди ана шу жанжални кутиб турган ИИБ ходимлари “Бирдамлик”чиларни Тошкент сафарига монелик қилиш илинжида уларни тутиб қозихонага келтиришган.
Ўзбекистон судларининг ёзилмаган қонунига кўра, яна “сув келтирган хору, кўза синдирган азиз” бўлиб чиққан. Яъни ўша куни кўчадаги “беазор” фуқароларга озор беришда, жамоат тартибини бузиш, майда безориликда айбланган Дилдора Боймуродова ва ҳамроҳлари суд қарорига кўра катта миқдорда жаримага тортилган эди.
Фуқароларни айбсиз айбдор қилишга урганган Навоий вилоят ва Кармана туман ички ишлар ходимлари Тошкент сафари тараддусидаги Боймуродова ва унинг қизига яна янгидан-янги кўз кўриб, қулоқ эшитмаган тузоқларни тайёрлаб туришган бўлишса ҳам не ажаб?
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати матбуот хизмати
—