Нуринисо Ҳолбоеванинг номзоди “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Жиззах вилоят бўлими фаоли сифатида Ҳаракат Қурилтойига вакил этиб кўрсатилган эди.
Мабодо, амалдаги ҳукумат, куч ишлатар тизимларнинг қаттиқ қаршилигига учрамаганида эди, Ҳолбоева айни дамда аслида АҚШда бўлиши ҳам мумкин эди.
Бироқ, хабарингиз бўлса керак, биометрик паспорт олишга улгурган Ҳаракат фаолини қайта ҳузурига чорлаган маҳаллий паспорт бўлими ходимлари 2014 йил март ойи бошларида “Сизга биометрик паспорт берилишида жиддий хатоликка йўл қўйилган экан” деган баҳонада Н. Ҳолбоеванинг қўлидан фуқаролик паспорти олиб қўйишган эди.
– Шу-шу ҳали-ҳамон паспортимни қайтаришганлари йўқ. Бу ҳақда ўйлашмаяпти ҳам. Шу сабаб ҳорижга чиқиш визасини олиш учун ОВИРга ҳам ҳужжат топшира олмагандим, – дейди Нуринисо Ҳолбоева, – Жилла қуриса, Тошкентга бориб, Қурилтойда қатнашсам деб умидвор эдим. Энди шароитни чамалаб кўрсам, эшикдан чиқа олмайдиганга ўхшайман. Эрталабдан “дом”имиз ИИБ ходимлари томонидан қуршовга олинган. Ит эгасини танимай қолди. Учатка нозирлари эшикларни тарақлатган, шарақлатган. Кузатиб турсангиз, гуё “Хавфли бир жиноятчи қамоқдан қочган экан-да?” деган хаёлга ҳам борасиз. Маҳалла-куй, қўни-қўшниларнинг олдида менга жудаям ноқулай бўлаяпти-да…
Шунга Қурилтой ташклиотчилари билан телефонда боғланишга мажбур бўлмоқдаман. Бора олмасам керак деб узуримни айтиб қўйсам дегандим.
Негаки, эшикдан чиқишим билан улар мени қапқонга тушган қуёндек типирчилатиб, тутиб кетишади. Бу аниқ. Бу масалада жудаям иложсизман, -дейди Нуринисо Ҳолбоева телефон (+99893 2927147) орқали бўлган суҳбатимизда.
Қиссадан ҳисса шуки, “Бирдамлик” ХДҲ Қурилтойи иштирокчилари сони маҳаллий ҳукуматнинг “ташаббуси” билан биттага камайиши мумкин.
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими матбуот хизмати