ХАЛҚДАН ЎЗОҚЛАШГАН ҲОКИМИЯТ НАФРАТГА ГРИФТОР БЎЛАДИ

Birdamlik Xalq Demokratik harakatiБугун жамиятимизда нима кўп, жавобини тополмаётган саволлар кўп. Мамлакатимизнинг барча ижтимоий қатламларини кундан-кунга турли-туман норозиликлар забт этмоқда. Тинка-мадори қуриган, сабр косаси батомам тўлиб-тошган халқнинг бош кўтариб чиқишларига жамиятда шаклланган сиёсий тизим, аниқроғи Каримовнинг шафқатсиз сиёсати йўл қўймаётир.

Жамият борган сари инқирозга юз тутмоқда. Бойлар ва камбағаллар ўртасидаги тафовутлар сезиларли даражада юзага чиқмоқда. Ишлаб чиқариш ва саноат, қишлоқ ҳўжалиги фақат қоғозларда, расмий ҳўжжатларда гуллаб-яшнамоқда. Порахўрлик жамиятимиздаги барча жабҳаларда узига хос тарзда шаклланган кўринишга эга бўлиб бормоқда. Ишсизлик кундан-кунга авж олмоқда, корхона, ташкилот ва турли ҳил муассасаларда фаолият юритаётган ишчи-ходимлар уч-турт ойлаб ойлик маошларини ололмасдан андармон ҳолатда кун кечирмоқда. Бундай ҳолатлардан чиқиш йўли ҳамон ўз ечимини тополмаётир. Бу каби жараёнлар аҳолини янада қийин аҳволга солиб қўймоқда. Боз устига ҳеч қандай асосларсиз ўсаётган нарҳ-наволар, жумладан, коммунал тўловлар халқнинг ғазабига ғазаб, Каримов сиёсатига нисбатан нафратлари янада ошишига туртки бермоқда. 

Назаримизда, иқтисодий инқироздан чиқиш ва уни тўхтатиш учун жамиятимизда очиқ сиёсий тизимни қарор топтириш керак. Бироқ ҳукмрон доира вакиллари бундай йўл тутишни ўзларига асло раво кўришмаяпти. Мутахассислар юқоридагиларнинг айтганини “сидқидилдан” бажаришга шу қадар одатланганки, ортиқча ҳатти-ҳаракат қилишни хатто ўзларига асло эп ҳам кўришмайди. Чунки улар ўзлари ўтирган курсиларини ҳам, аҳолининг бугунги турмуш тарзини ҳам мутлақо ўзгартиргилари келмайди.

Шу ўринда Украинада рўй берган вазиятни эслаш кифоя. Ҳўш, бундай вазият нега ўрин олди? Ахир бу хеч қандай асоссиз, тасодифан рўй бермадику?! Яна шу ўринда Януковичнинг мамлакатдан қочган пайти тасвирланган видеолавҳада кўрганларимизни айтиб ўтишни мақсадга мувофиқ деб топдик. Януковичнинг шу пайтдаги ҳолати: “Халқ нима учун менга қарши “импичмент” эълон қилди?” деган саволи, ҳеч нарсани тушунолмаслик ҳолати кишининг кулгисини қистамасдан қолмайди. Ҳақиқатан хам Янукович уз халқининг нега ўзига қарши чиққанини тушуна олмай қолди. У тушунмас ҳам эди, чунки у аллақачон халқдан ўзоқлашиб кетган эди. Бизнинг Каримовимиз хам гарчи ўзини халқпарвар кўрсатса хам аллақачон халқ билан ишламай қўйган. Бундай дейишимизга сон-саноқсиз асослар бор. Бунга, шунингдек, Каримов ўзининг шахсий хавфсизлигини, осойишталигини, ҳотиржамлигини  таъминлаш мақсадида ҳамма нарсани ўзига мослаштириб олаёганини мисол тариқасида тилга олишимиз мумкин. Пойтахтликлар яхши билишади. Чамаси бундан 10 йиллар олдин Тошкентдаги йирик кўчалардан бири “Фарғона йули” кўчасини тўғридан-тўғри Охунбобоев (хозирги номи Истиқбол кучаси) кўчаси билан боғлайдиган йўл бўлар эди. Мазкур икки шоҳ кўчаларни бир бири билан темир йўл устидан ўтган кўприк боғларди. Президентни Дурмон қароргоҳи (уйи)дан Президент Девони (ишхонаси)га олиб келадиган йўл (бу халқ тилида Президент трассаси деб аталади) ана шу йўлларга тўқнаш бўлганлиги учун темир йўл устидан ўтган кўприкнинг ярмини бўзиб ташлаган ҳолда Президент трассаси кенгайтирилган эди. Бунинг натижасида аҳолининг яқини узоқ бўлибгина қолмай, балки бир қатор ноқулайликларни хам вужудга келтирган. Энг ачинарлиси, Президентнинг ишга келиши ва ишдан кетиши чоғида Дурмон қароргоҳидан шаҳарнинг қоқ марказида жойлашган Президент Девонигача бўлган йўлларнинг то ҳозирги кунгача навбатма-навбат тақа-тақ ёпилаётгани кишининг нафратини жунбўшга келтирмокда. Бу ҳолат хар доим эрталабки соат 9-00 лар ва кечки соат 18, 19-00 ларда 15-20 дақиқага, баъзан ундан ҳам кўпга чўзилади. Бунинг натижасида сон-саноқсиз одамларнинг режалари барбод бўлади. Кимдир ишдан кечиккани туфайли раҳбар олдида жавоб беради, ишдан ҳайдалади. Кимдир уйига кеч келгани учун ҳар ҳил тақиқларга учрайди ва ҳакозо.

Энди айтингчи, бу халқпарварликдан далолатми? Йўқ, асло ундай эмас. Бу халқни менсинмаслик, улар шаънини оёқости қилишдан бошқа ҳеч нарса эмас. Януковични мисол сифатида тилга олганимизни энди тушунган бўлсангиз керак. Демоқчимизки, эртага бизнинг ҳукмронларимизнинг ҳам Янукович каби худди шундай ҳолатга тушмасликларига ким кафолат бера олади? Чунки халқдан ўзоқлашган ҳокимият алал-оқибат ана шундай ҳолатни бошидан кечириши шубҳасиз аниқ. Энди эса, 76 ёшдан ошган, мамлакатни ўз ихтиёрига кўра топширишни хоҳламаётган, давлатни сурункали равишда ноқонуний бошқариб келаётган Каримовнинг Янукович тушган ҳолатга тушгудек ҳолатини тасавур қилиб кўринг…

Агар ҳокимият халқдан ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари орқали ҳимоя остида бўламиз деса, у ҳолда қаттиқ адашади. Чунки ҳозирги кунда жамиятимизнинг барча ижтимоий қатламларида норозиликлар кўпаймоқда. Улар (гарчи Каримов даврида ҳукукни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари сони ниҳоятда кўп бўлса-да) сон жихатдан бутун ҳуқуқни химоя қилиш органлари ходимлари сонидан икки-уч ҳисса кўп. Шунинг учун хам ҳукумат бу ҳақида теран ўйлаши ва ўз вақтида қарор қабул қилиши керак. Бугунги ҳукмрон доира вакилларининг ҳокимиятни забт этганларига 20 йилдан ошди. Мана шу 20 йилдан кўп вақт ичида давом этиб келаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий вазиятни ақл элагидан ўтказган халқ вазиятнинг бундан кейин хам шундай ҳолатда давом этишини асло хоҳламайди!

Асил ЭЛЎҒЛИ 

 

http://mulkdor.com/news/халкдан-ўзоқлашган-ҳокимият-нафратг/

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares