
Кеча, 14 март куни тунги соат 21.00 ларда “Бирдамлик” Халқ Демократик мухолиф ҳаракатининг еаткчиси Баҳодир Чориевни Қашқадарёнинг Шаҳрисабз шаҳрида истиқомат қилаётган 72 ёшли падари бузруквори Ҳасан Чориев Каримов қамоқхонасининг тузини татиб кўриш оқибатида ҳаётдан кўз юмди.
Эслатиб ўтамиз, 2013 йилнинг 17 июнь куни Ҳасан Чориев 19 ёшли Матлуба Абдураҳмонованинг номусига тажовуз қилишдек сохта айблов орқали Ўзбекистон ҳукумати томонидан гаровга олинган ва хибисга ташланган эди.
72 ёшли қарияга туҳмат тошларининг отилиши шубҳасиз унинг АҚШдан сиёсий бошпана олган ўғли Баҳодир Чориевнинг сиёсий фаолияти билан боғлиқ. Шу боис ҳам эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган қария тергов ва суд жараёнларида ҳатто адвокат хизматидан фойдаланишдан ҳам маҳрум этилган.
Ҳасан ота Чориевнинг қонуний адвокати ўз ҳимоясидаги маҳбусга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиши учун ҳатто тергов изоляторига қўйилмаганлиги ҳам – факт.
Қаро қисматнинг кўргулигини қарангки, Ўзбекистон қамоқхонасининг азобу уқубатларига гирифтор этилган Ҳасан ота Чориев 2014 йилнинг 14 январь куни гуё жаноб Каримовнинг “ҲОТАМТОЙЛИГИ” оқибатида озод этилган эди.
Ўзбекисто қамоқхоналарида бўлганлар жуда яхши билишади, буни қарангки, 14 январда озод этилиб, Шаҳрисабздаги оиласи бағрига қайтган Ҳасан Чориев орадан роппа роса 2 ой ўтгач, 14 март куни фоний дунёни тарк этиб, боқий олам сари юз тутди.
Тўғри ўлим ҳақ. Ва у ҳар бир банданинг бошида бор гап… бироқ…
14… “Бирдамлик” Халқ демократик Мухолиф Ҳаракати бу рақамлар остида Ўзбекистон режими ва қаттол қамоқхонасининг сиру-синоати мужассам эканлигига шубҳа кўзи билан қарайди ва Ҳасан ота Чориевнинг вафоти ҳам тасодифий эмас дея ҳиcоблайди.
“Бирдамлик” ХДҲ жамоаси Ҳасан ота Чориевнинг вафоти муносабати билан Ҳаракат етакчиси Баҳодир Чориевга ва уларнинг Шаҳрисабздаги, АҚШдаги оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик изҳор қилади.
Ҳурматли Баҳодирбек!
Бошингизга тушган қайғуни – падари бузрукворингизнинг вафот этганини эшитиб ниҳаоятда мутаассир бўлдик ва дунёнинг ўткинчилигини яна бир бор ҳис этдик…
Ҳасан ота бор йўғи беш-олти ой илгари сарой ўйинлари сабабила қамоққа ташланган ва амнистия акти билан 2 ой олдин озод бўлган эдилар… Озодлик у кишига муборак бўлишини, Ўзбекистоннинг эркин ва фаровон кунларини кўришини орзу этгандик. Афсус, ҳаёт бебақо, ўлим шафқатсиз,! Ўлим таъмини тортиш ҳамманинг бошида бор…
Шундай оғир кунларда қайғунгизга шерикмиз! Сизни сабр-тоқатли, иродали бўлишингизга ишончимиз бор. Зеро қайғу гоҳида инсонларни бирлаштиради, киши иродасини тоблайди. Сиз ўзбек халқининг сиёсий курашга тортиш йўлида молу жонингизни аямайдиган, бу курашда ҳаммани бирлаштира оладиган лидерлардан бирисиз.
Падарингизнинг вафоти муносабати ила Сизга ва оила аъзоларингизга таъзия билдирар эканмиз, бундан буёғига қайғули кунларингиз кам бўлишини, бахтли кунларингиз кўпроқ бўлишини … тилаймиз.
Илоҳим Ҳасан отанинг охиратлари обод бўлсин, гўрлари нурга тўлсин. Марҳумни Яратганнинг ўзи раҳматига олсин.
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати фаоллари



