Қамоқхона манзаралари туркумидан. Журналист Турсун Бек Тўразода хотиралари

 

УЯ6413-сонли Ховос тергов ҳибсхонасида 120 кун тутқунликда ўтган кунлар ёди

Қамоқхона

Қамоқхона дарчасидан боқаман маъюс,

Кўзларим қароғида қотиб қолган ёш,

Юрагим тубини кемирар Даъюс,

Офтоб шуъласида заъфарон юзим,

Қуёшнинг бир парчаси тушар юзимга,

Дарича тирқишидан суқилиб, синиб.

Темир нар устида ётаман беҳуш,

Кимдир ташқарида кўтарар қадаҳ,

Чириган ёғоч кавагида ғимирсир илон,

Баданимда ўрмалар қоп-қора кана,

Камера захидан анқийди димоқ,

Ярим кеча зериккан каламуш,

Шоп мўлабин менга кўрсатиб,

Табриклар тутқунлик билан.

Мараз кемирар гўё суягим.

Афғон тоғларида қолган мурдадай

Хуррак отади қотил махкумлар.

Бирининг эгнидан анқир никотин

Қайсининг тиши тўкилган, оғзи лаққадай

Ётар алчайиб, лахмач япасқи.

Мен эса ўз этимни кемираман

Шоқоллар паноҳида.

Қамоқхона дарчасидан боқаман маъюс,

Бўғзимда қотиб қолган тош.

Ҳузиримга келмас қора қош.

Одамлар хоин, сотқин ва қулоқ

Кунлар ўтади юрагимга тортиб нил.

Эртак сўзлайин, қулоқ бер шунга,

“Ҳақиқат”нинг кўзини ўйиб олдилар

“Адолат”нинг қулоғига симоб қўйдилар.

Тўразода куйлар оташин чақин.

Балки унинг ажали яқин.

Лекин халқим юрагидаман.

Қамоқхона дарчасидан боқаман маъюс,

Сабр косам тўлар лиммо- лим

Тишим орасида эзилар тилим.

Оғзим тикилган, лабларимда чок!

Кечирсинлар энди мени одамлар

Балиқ бўлиб сувда тура олмадим жим.

Шам эдим ўзимни тугатдим ўзим.

Мендан қолмади асар,

Ғойибдан келажак нурли кун энди.

Қайси замонда яшадим билмам.

Шу юртда туғилдиму, бўғилдим билмам

Таҳдид ва қўрувдан ёрилиб юрак

қачон қон ташладим билмам.

Қамоқхона дарчасидан боқаман маъюс,

Кўзларим қароғида қотиб қолган ёш.

Бир парча этимни танамдан узиб,

Кўкка термуламан кўтара олмай бош.

Шеър битаман кафтимни тирнаб!

Тирқираган қоним томчиси,

Ялтирайди дарча тоқида.

Ғижимлайман совуқ темирни.

Менга боқар маст-аласт қушлар

Қамоқхона нонидан ташлайман ушоқ.

Тушларимда қўрқиб чиқаман

Наҳот олам шундай яралаган!

Оҳ, юрагимни тирнайди фитна,

Фоҳишалар эркакларни қилади хатна.

Аламидан юта олмай бўза,

Тош қотади маҳкама қули.

Котибнинг қўлида қалам,

Ёзар ёлғонни.

Уларда осий, уларда дўзахи

Ташлар бизни зиндонга!

Ювиндихўр лайча забонлар,

“Мазғава”дан маст бўлиб ётар.

Берар ёлғон кўргазмалар,

Тўшакдаги аёлин қонуний сотиб.

Порахўр, лўттибоз, фирибгар каззоб,

Менга бермоқ учун мукаммал сабоқ,

Зиндонга ташлайди арқон.

Қузғунлар оиласида зотилжам қушча,

Энди қайга учасан тилларинг забун!

Замона тўрлаган ўргимчак тўри,

Коинот бағрига олар бизларни.

Мен ерга ботмасман, у жуда қаттиқ,

Мен осмонга сиғмасман у жуда йироқ!

Афсоналардан зериккан одам,

Эртакларга ишонарми айтинг!

Ахир мен юракаман уриб турган

Зотилжам танда.

Қамоқхона дарчасидан боқаман маъюс,

Қалбим титроғида уйғонар баҳор.

Қафас ичра кўкарар чечак.

Сўлғиган юзимга томчилар ёмғир,

Чаёнлар ўрмалар зах девор томон.

Илонлар уйғонар тўлган халқопи.

Ниятга етгудек термулар менга

Кўзларим толади уйқу ҳам келмас,

Кимдир ғолиб, мен эса толиб.

Уларга… ёқмайди Озод сўз!

Яхши бўлди сендан айрилдим.

Кетмоқ учун топиб бердинг йўл.

Бу дунёда сени топдим деб,

Йўқотибман ўзимни буткул.

Яхши бўлди, ечилди албат

Оёғимдан бу занжир буткул!

Альфред Нобель мукофоти насиб этарми бизга,

Инсон ҳуқуқи учун курашдик олға,

Хукмлар расво, мантиқсиз фатво.

Танамиз чириди йиллаб қамоқда!

Қулдек ишладик қора нон учун

Елкалар яғир, эзилган бағир.

Озод сўз! Мен учун қимматга тушдинг.

Данконинг юраги керакмас менга,

Мен ўз юрагим билан яшагим келар.

Гўёки отлансанг узоқ манзилга

Отни қамчиласанг маҳзун ақлга

Фарзандинг отилса қучоқларинга

Кутиб пешвоз чиқса уйда аёлинг

Не ғусса эзмоқда, дилингда не ғам

Бир қиё боқибоқ англайди холинг

Ногоҳ сенга тор туюлар олам

Кулиб қучиб олмаса уйда аёлинг!

Мана энди сен мени синадинг

Хаёт нима берди, нимани олди.

Ер юзида қолдими адолат номи,

Дўст киму, душман ким кафтдек намоён.

Ҳаёт бир ўрмонзор жуда ҳам чигил,

Унинг ўз маймунлари илонлари бор.

Масхарабоз чалган куйга ўйновчи

Дордан қочган имконлари бор.

Қамоқхона дарчасидан боқаман маъюс

Яна ёмғир ёғди кўтарилди зах

Само чангини босди томчилар

Онам йиғлар мени соғиниб,

Отам йиғлар жоҳил замон дастидан бедор

Осмон юрагимнинг саҳифасидир,

Умид-ла,  ёритиб ой тўлар шуур.

Мен тунлар уйқумни қуваман, ахир

Ҳаёлинг уйқудан ширинроқ таҳир,

Толнинг даҳшат ила сояси тушиб,

Қордек о тўшакда ётурман танҳо.

Кўксимдан сеҳрли нағмалар учиб.

Бошимни қўюрман кундага ғамгин

Минглаб маҳбуслар кўз тикар ерга

Овозимнинг заиф биллур торида

Номаълум лаззатдир рўё, ҳасратлар

Қон каби югурар дил томиримда

Қум қаср аркони давлат пойида

Тиз чўкиб кўкка боқаман

О, гўё дилимнинг мақбарасидан

Тун кезар ой руҳи учди-ю кетди

Ё унут, ё овлоқ йўллар устидан

Учган ел этагин ёсмин нам этди

Лабимда акс этган ёшим рангидек

Армон гулларидек бир-бир очилар

Ҳаёлимда сирли нозлар эгаси

Ёпиқ юлдузларнинг нури сочилар

Оёғим остида қум қасрнинг гўёки

Салтанати нураб борадир.

Юрагимнинг менга пинҳон қаъридан

Етиб келар гоҳ чанг, гоҳ руҳлар фарёди

Уларга қўшилиб мунгли нағмалар

Таратиб янграйди қуллар уд  доди

Қамоқхона дарчасидан боқаман маъюс,

Юзларим қатида бурама ажин

Ёшлик тарк этиб бормоқда билсанг,

Суяклар зирқирар кўзларда маъюс!

Мижжалар намиққан қовоқлар сўлғин

Туҳмат тошини кўтараолмай елка ҳам ёйдек.

Осмонга ой чиқар кўринмас менга

Юлдузлар мўралар тонг аро хира

Жажжи қизалоқнинг қўлчаларидек

Тафти мулойим тонгги шабнамнинг

Озодлик сен менга омонат бойлик

Озод сўз қалбимдан отилган Вулқон!

Тарихни яратманг аслзодалар

Тарих қарғишига дош бермас қилмиш

Қалбим ардоғида яшайди Ватан!

Номимиз булғаган аср вабоси

Аслида бидъатдир ҳийла ва найранг

Биз маҳкум эмас, биз озод фарзанд

Ҳур замон боласи сафарга чиққан

Манзиллар йироқда етмоқ зўр азоб!

Турсун Бек Тўразода.

2011 йил февраль-май ойлари. Ховос қамоқхонаси

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares