ЎЗИНГНИ ЭҲТИЁТ ҚИЛ, ҚЎШНИНГНИ ЎҒРИ ТУТМА

Қорақалпоғистон Республикаси Яқинда “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати сайтида “Аввал иқтисод – кейин сиёсат” деган сарлавҳада мақола эълон қилган эдик. Мазкур мақола Украинадаги мажораларга, аниқроғи, Қрим атрофида авжига чиққан низоларга бағишланганди. Ушбу мақолани ўқиб чиққан дўстларимдан бири унда келтирилган айрим фикрларга қарши эътироз билдирди. Аниқроғи, дўстимга мақоладаги “Украина таркибида Қрим бўлганидек, бизнинг таркибимизда ҳам Қорақалпоғистон Республикаси бор” деган фикрим ёқмабди. Унинг фикрича, Қорақалпоғистон ҳеч қандай ер остию ер усти бойликларига эга бўлмаган, қолаверса, Орол денгизининг қуриб бориши туфайли экологик муаммо авж нуқтага чиққан бир республика бўлгани учун дунёдаги гигант давлатларни мутлақо қизиқтирмасмиш. Бироқ шундай бўлса-да, менинг жумлаларим шу кунга қадар мустақил давлат сифатида ажралиб чиқиш ҳатто хаёлига ҳам келмаган қорақалпоғистонликларга қанот бағишлаши, фикри-зикрини ўзгартириши обдон мумкин экан, гўё…

Фикрлар хилма-хиллигини инобатга олган ва ҳурмат қилган ҳолда дўстимнинг фикрини тамомила инкор этишга ҳаққим йўқ, албатта. Бироқ биз ўз мақоламиз орқали юртдошларимизни хушёрликка давъат этяпмиз, холос. Бизнингча, бу фуқаролик бурчимиз ҳисобланса керак. Биз томондан қайд этилган бир оғиз жумла эса, назаримизда қорақалпоғистонликларга қанот бағишлашга, уларнинг фикри-зикрини ўзгартиришга у қадар қодир эмас. Қолаверса, Конституциямизга хилоф хатти-ҳаракат қилмаяпмиз. Чунки Бош Қомусимизда ҳам Қорақалпоғистон Республикасининг хоҳлаган пайтда Ўзбекистон Республикаси таркибидан чиқиш ҳуқуқига эгалиги баён этилган. Демак, дўстимизнинг бир оғиз жумла учун бизни айблаши мақсадга мувофиқ келмайди. Зеро, биз ҳам барча ўзбекистонликлар қатори мамлакатимизнинг ҳудудий яхлитлигига путур етказиш тарафдори эмасмиз, асло. Аммо, давр ҳар бир жабҳада хушёрликни талаб қилмоқда.

Шу ўринда мен ҳам дўстимизнинг “бойликка эга бўлмаган Қорақалпоғистонни дунёдаги қудратли давлатлардан ҳеч қайсиси мутлақо қизиқтирмайди”, деган фикрига оид ўз эътирозларимни билдирмоқчиман.   Ғалати фикр. Нега қизиқтирмайди? Қорақалпоғистон нигоҳдан четда қолгудек нима қилиб қўйибди, бирон битмас-туганмас қарғишга учрабдими? Бу ўзига яраша бой маданий, адабий меросга, ўзига хос бойликка эга бўлган юртга, жумладан Ўзбекистонимизга қарши саёз фикр эмасми? Қолаверса, Қорақалпоғистон негизида Ўзбекистонга кўз олайтириш мужассам топиши мумкинлигини дўстимиз наҳотки етарли даражада англай олмаган бўлса?!

Боз устига қудратли давлатларни бугунги кунда кўпроқ қашшоқ давлатлар қизиқтирмаяптими? Уларнинг айнан иқтисодий жиҳатдан оғир аҳволда яшаётган давлатларга ҳар хил усуллар билан кўз олайтираётганини, Марказий Осиёдаги давлатларга қарши уюштирилаётган тажовузларнинг барчасида туб аҳолининг қўлидан кўра кимларнингдир қўли узун бўлаётганини наҳотки тушуниш қийин?

Шу ўринда Мустақилликдан кейин Марказий Осиёда вужудга келган ва эътиборга тушган барча кўнгилсизликларга тўхталмасдан биргина қўшни Қирғизистоннинг Ўш вилоятида рўй берган хунрезликларни яна бир карра ёдимизга туширишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Айбсиз айбдор миллатдошларимизнинг қони оқишига, жигаргўшаларимизнинг (она-юртимиз Ўзбекистондан доимий бошпана топиш илинжи пучга чиққандан кейин) узоқ-яқин хорижий давлатларга мажбуран қочоқ сифатида кетиш сабабини вужудга келтирган мана шундай воқеалар аслида кимларга керак эди? Бундан асрлар мабойнида бирга яшаб келаётган, қуда-анда бўлиб кетган туб аҳоли – қирғизу ўзбеклар нечоғли манфаатдор эди? Аслида бу ва шунга ўхшаш воқеалар кимларнинг манфаатлари кўзланган ҳолда амалга оширилмоқда? Назаримизда, онгли одамлар буларни ўз савиясига кўра фаҳмлай олади. Демак, ана шундай жирканчли ишларни амалга оширишда дастак бўлаётган, минтақамиздаги мамлакатлар мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига барҳам бериш истагида ёнаётган кимсаларнинг бизнинг ҳудудимизда ҳам бундай мақсадларни амалга оширмаслигига ҳеч ким ким кафолат бера олади? Шундай экан, биз ёвуз ниятлилар хатти-ҳаракатларини инобатга олган ҳолда, Қорақалпоғистонимизга, жонажон Ўзбекистонимизга  қайғуришимиз шарт ва зарур. Бу эса, юқорида таъкидлаганимиздек, уларнинг ўз мустақилликларини талаб қилиб майдонга чиқишига давъат сифатида қабул қилинмаслиги керак, асло.

Ўтган куни Қозоғистонда вужудга келган қозоқ-уйғур мажоролари, уйғур биродарларимизнинг давлат ичида давлат тузиш бўйича олиб борган хатти-ҳаракатлари, кеча Қирғизистон-Қозоғистон чегаралари, бугун Қирғизистон-Тожикистон чегараларида вужудга келган ер низолари, кимларнингдир буюртмаси асосида амалга оширилган келишмовчиликлар, кўнгилсизликлар эртага бизга етиб келмасин десак, хушёрликни белимизга белбоғ қилиб олишимизга тўғри келади. Биз, кимларнингдир “ана, ўлкадаги мажороларни биз ўз ёрдамимиз билан тинчлантирдик, ҳал қилдик!” деб жавлон уришига йўл бермаслик учун,  ҳатто, ўзимизга узоқ бўлган Қримдаги мажороларга, Литвада бошланган Клайпеда вилоятининг Россия таркибига қўшилиш истагидаги “хатти-ҳаракатлари”га ҳам бефарқ қарамаслигимиз даркор.

Шунингдек, қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳукуматларининг ҳам худди ўзимизникидек ўзгарувчан позицияларини инобатга олишимиз мақсадга мувофиқ. Мазкур давлатлар мухолифатчилари ўз юртлари батамом Россия чангалида қолганини аянчли тарзда таъкидламоқдалар. Ҳатто, қозоғистонлик мухолифатчилар ўз мамлакатининг келажаги аянчли тарзда интиҳо топиши мумкин бўлган Россия-Белорусь-Қозоғистон ўртасида тузилган “Божхона иттифоқи”га қўшилганини ҳануз танқид қилиб келмоқда. Тожикистон ва Қирғизистоннинг мазкур иттифоққа аъзо бўлишига Ўзбекистон халақит бераётганига оид фикрлар, Қирғизистонда Қамбарота ГЭСи қурилиши, Тожикистонда Роғун масалаларига оид ташаббуслар бизни асло бефарқ қолдирмаслиги керак. Унинг замиридаги сиёсий ўйинларни ақл тарозусини ишга қўшган ҳолда фаҳмлашимиз лозим. Ўз навбатида, бу каби жараёнларнинг ҳаммаси иқтисодий жиҳатдан оғир бўлиб қолган аҳволимизга боғлиқ ҳолда рўй бермоқда. Иштаҳаси карнайларнинг мамлакатимиздаги бундай вазиятдан унумли фойдаланишига йўл очиб бермоқда. Бир сўз билан айтганда, биз бугун давр талабига кўра қўшнимизни ўғри тутмаслигимиз учун ўзимизни ҳар томонлама эҳтиёт қилишимиз шарт ва зарур.

Асил ЭЛЎҒЛИ

http://mulkdor.com/news/ўзингни-эҳтиёт-қил-қўшнингни-ўғри-тут/

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares