Кейинги пайтларда мамлакатимизнинг барча вилоятларида, туман марказларию катта-кичик қишлоқларда энергия таъминотида тез-тез узилишлар рўй бериши, аҳолининг узрли сабабларсиз ёруғлик – чироқдан мосуво бўлиб қолиш ҳолати одатий тусга айланмоқда. Бундай жараённинг йирик шаҳарларимиз, ҳатто, пойтахт Тошкент шаҳрини ҳам забт этиши фуқаролар ғазабини тамомила жунбушга келтирмоқда. Энергия таъминотига доир муаммолардан яхшигина воқиф, жараёндан етарли даражада хабардор бўлса-да, ўзларини билмасликка олаётган ҳукуматимизнинг боқибеғамлиги эса, аҳолининг нафрату ғазаби янада ошишига туртки бермоқда.
Ҳукуматимиз шунданми ёки халқнинг ўзига яраша денгиз, тўлқин, куч эканлигини охир-оқибат англаганми, хулласи калом, улар жорий йилнинг февраль ойи бошларида бундан кейин мамлакатимизда узрли сабабларсиз ток ўчирилмаслиги тўғрисида аҳолини хабардор қилган эди. Бироқ ўтган вақт ичида деярли ўттиз ярим миллион аҳоли олдида берилган ваъдалар бажарилдими? Кунларини чироқсиз, тунларини зулмат қўйнида, на маҳаллий ва на дунё янгиликларидан хабардор ҳолда ўтказаётган, бошлаган ишларини охирига етказиш учун соатлаб, кунлаб чироқ кутаётган юртдошларимиз юқоридагиларнинг бундай ширин лафзлари ижросидан нечоғли баҳраманд бўлишди?..
Камина ушбу мавзуга алдамчи ҳукуматнинг кирдикорларини фош этиш учун эмас, балки энергия таъминотидаги бемаврид узилишлар туфайли бири иккига айланмаётган жабрдийда халққа қарши зуғумларни ошкоралаш мақсадида қайтмоқдаман. Чунки ҳукуматимиз ўзларининг қуюқ ваъдалари орқали нафақат олис туманларда яшовчи юртдошларимизни, шу билан бирга, биз пойтахтликларни ҳам хушнуд қила олмади. Бунга биргина Тошкент шаҳрининг Миробод туманига қарашли Қўйлиқ 1-, 3-, 4-мавзеларида давом этиб келаётган энергия таъминотидаги узилишларни мисол тариқасида тилга олишимиз мумкин.
Мазкур мавзеларда 10 март куни эрталабки соат 8 дан 54 дақиқа ўтганда ҳар доимгидай ҳеч қандай сабабларсиз чироқ ўчирилди. Аҳоли роппа-роса икки соат, яъни 10 дан 55 дақиқа ўтгунга қадар токсиз қолишга мажбур бўлди. Ток ўчирилганлиги туфайли уйдаги зарур ишларимни тугата олмай хафсалам пир бўлиб кўчага чиқдим. Одамлар алфозини кузатдим. Табиийки, бу ҳолат мен каби бошқа кишиларга ҳам салбий таъсир кўрсатган.
Доимо одамлар билан гавжум бўладиган интернет-кафе бўм-бўш. Тикув цехида ишлайдиган қизлар ишхоналари эшиклари олдида қўлларини қовуштириб ўтирибди. Нотариал идораси эшиги олдида ишлари чала қолган кишилар асабий тарзда у ёқдан-бу ёққа гирдикапалак. Тиш шифокори стомотология кабинетида тишини даволата бошлаган, креслода ётган мижозига қандай ёрдам кўрсатишни билолмай ҳалак. Ипотека банкнинг “Ишонч” мини банки, Халқ банки филиали, барча Paynet шахобчалари операция ишларини тўхтатган. Қандолат цехи ишчилари ток ўчирилганлиги сабабли мижозларини ўз вақтида ширинликлар билан таъминлашдан маҳрум. Сарторошхона ходимлари бугун яна кассага режа бўйича топшириши керак бўлган пулни топа олмаслигидан хафақон. Дўконларда электрон тарозилар токнинг ўчирилганига боғлиқ ҳолда ишламаётгани учун савдо йўқ, касса аппаратлари бир чеккага суриб қўйилган. Токнинг нима сабабдан ўчирилгани, қачон қўшилишини ҳеч ким билмайди. Хуллас, ҳамманинг фиғони фалакка етган.
11 март куни соат 15 лар атрофида мавземизда жойлашган интернет-кафелардан бирига кирдим. Одатимга кўра аввало “Бирдамлик” сайти янгиликларини ўқий бошладим. (Тошкентда мазкур сайтнинг очилиши баъзан ниҳоятда қийин, бу кимлар томонидан амалга оширилаётганини юртдошларимиз биз айтмасак ҳам яхши билишади. Чунки “Бирдамлик”нинг ҳақ сўзларини хушламовчилар халқнинг ҳақ сўздан хабар топишини ҳам хушламайди). Орада 20-25 дақиқа ўтар-ўтмас яна шу ҳолат. Ток ўчирилди. Компьютер қаршисида ўтирганлар ғазаб отига минишди. Табиийки, ҳамманинг иши яна чала қолди. Шу пайт миямга эрта-ю кеч ток ўчирилавериши сабабини батафсил билиш фикри келди. Аниқроғи, буни илгаридан ўйлаб юрган эдим. Чўнтагимга қўл солсам ён дафтарим ёнимда экан. Унга кейинги пайтларда ток ўчирилган кун, соат, дақиқаларни белгилаб бораётган эдим.
Тўғри шаҳар марказида жойлашган “Тошкент шаҳар электр тармоқлари” давлат унитар корхонасига бордим. Бошлиқ йўқ экан, ўринбосарига учрадим. У мақсадимни билгач, ўзимни қизиқтирган саволлар бўйича яшаш манзилимда жойлашган “Миробод туман электр тармоқлари” давлат унитар корхонаси раҳбариятига мурожаат қилишим мумкинлигини айтишди. Мирободга келдим. Корхона раҳбари Аҳрор Ашрафхонов экан. Ўзаро салом-аликдан ва ўзимни тилга олинган мавзе яшовчиси деб таништирганимдан сўнг “кейинги пайтларда Қўйлиқ мавзесида тез-тез чироқ ўчирилаётгани, бунга нималар сабаб бўлаётгани” ҳақида сўрадим. Бошлиқнинг илк жавоби шундай бўлди:
– Э, энг зўр жойда яшаркансизку. “Спальный городок”да у жойлар. Завод йўқ, фабрика йўқ, ғала-ғовур йўқ. Нима қиласиз чироқни?
Бошлиқ ҳазил-ҳузулга мойилроқ одам кўринди. Мен ҳам ҳазиллашгим келди:
– Бу замоннинг сизу бизга бўйсунгиси келмаётганини мендан кўра ўзингиз яхши биласиз. Ҳозирда ҳатто токни ҳам ток орқали ундиришга тўғри келаяптику, дедим.
– Қўйсангизчи, ота-боболаримиз ҳеч қандай чироқ-пироқсиз ҳам ой ёруғида, шам шулъасида кўп нарсаларни битиришган.
– Афсуски, биз ҳеч нарсани битиролмаймиз. Эҳтимол, энергия ихтиро қилинмаганида биз ҳам боболаримизга ўхшаб кўп нарсаларни битирармидик.
Хуллас, бошлиқнинг гапларига қараганда, биз яшайдиган жойда завод-фабрикалар бўлмагани учун ток энергияни тежаш мақсадида ўчириларкан. Қолаверса, аҳолининг энергиядан қарзи кундан-кунга ошиб кетаётганмиш.
Тўғриси, бошлиқнинг жавоби мени мутлақо қониқтирмади. Чунки мавземизда гарчи давлатга қарашли завод-фабрикалар бўлмаса-да, тадбиркорлар даромад топиш мақсадида минг азобларда очган катта-кичик ширкатлар фаолият юритаяпти. Тикув цехи, қандолат цехи, сартарошхона, интернет-кафе ва бошқа корхоналар, поликлиникалар, хусусий клиникалар бунга мисол бўла олади. Банклар ҳам ўз филиалларини фақат аҳолига қулайлик яратишни ўйлабгина эмас, балки етарлича даромад топиш илинжида очган. Бу аниқ. Қолаверса, завод-фабрикалар йўқ деб туб аҳолини таҳқир қилиш ҳам мантиққа тўғри келмайди. Бундан ташқари, бугунги кунда аҳолидан фойдаланилган энергия учун ҳақ ундириш тизими худди илгаригидек эмас, тубдан ўзгарган. Ҳозирги кунда биз давлатга ўзимиз ҳали фойдаланмаган энергия учун олдиндан ҳақ тўлаяпмиз, яъни келгусида фойдаланажак энергияни олдиндан сотиб олаяпмиз. Агар фойдаланилган киловатт учун тўлаган ҳақимиз тугаган бўлса, энергия таъминотчилари зудлик билан бизни энергиядан маҳрум қилаяпти, энергия учун олдиндан ҳақ тўламаганимиз сабабли биздан, ҳатто жарима ундираяпти (шаҳардаги айрим туманларда энергияни қайта қўшиб бергани учун жарима ундирилмайди). Шунинг учун бошлиқнинг аҳолининг энергиядан қарздорлиги тўғрисидаги сўзларидан қониқиш ҳосил қилмадим. Борди-ю унинг гаплари рост бўлган тақдирда ҳам бу борада энергия учун олдиндан ҳақ тўлаб келаётганларнинг айби нима?..
Фурсатдан фойдаланиб, ҳар ҳафтада бир марта “Тошкент” телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирга узатиладиган, туман ҳокими, ҳоким ўринбосарлари, туман давлат солиқ инспекцияси раҳбари, “Тошиссиқсув”, “Сувсоз” корхоналари раҳбарлари, туман электр тармоқлари унитар корхонаси бошлиқлари, банкларнинг мутасадди ходимлари, Тадбиркорлар палатаси раҳбарлари ва бошқа жавобгар шахслар иштирокида бўлиб ўтаётган “Очиқ мулоқот” кўрсатуви хусусида қисман тўхталсак.
“Очиқ мулоқот” кўрсатувида биз такроран кўтараётган энергия таъминотидаги сабабсиз узилишларга оид муаммолар бир неча марта тилга олинган. Бироқ кўп ҳолларда ҳокимлар, ўринбосарлари, мутасадди раҳбарлар аҳолига қуруқ ваъдалар беришдан нарига ўтмаяпти. Мутасаддиларнинг “зудлик билан муаммони бартараф этиш”га оид ваъдалари, ҳокимларнинг қоғозга ёзиб олган қуруқ гапларини аранг ўқиб беришлари аҳолига таскин бермаяпти. Бу эса ўз навбатида ҳар қанча таҳсинга арзигулик мана шундай кўрсатув орқали халқ дардига шерик бўлаётган бошловчи Дилшод Бўриев ва ижодий гуруҳ ходимлари саъй-ҳаракатларига ҳам путур етказаяпти, халқнинг ишончи дарз кетишига олиб келаяпти.
Бутун бошли халқни алдашни рисоладагидек ўзлаштирган мутасаддиларнинг бир кишини алдашни уддалай олмаслиги ҳеч қандай гап эмаслигини аён қилиш мақсадида мақоламиз сўнгида “Очиқ мулоқот” кўрсатувини тилга олдик. Чунки айнан ана шу кўрсатувгина шаҳримиздаги муаммоларни ҳал қилиш мақсадида казо-казоларни бир стол атрофига тўплашга эришаяпти. Биз кўтарган муаммони кенг халқ оммаси олдида муҳокама қилаяпти.
Бироқ ҳукумат бизни қачонгача алдаркан ва биз қачонгача улардан алданиб юраверарканмиз, буни бизнинг жамиятимизда “вақтдек олий ҳакам”дан бошқа ҳеч ким билмайди.
Асил ЭЛЎҒЛИ



