Бугун демократик мамлакатларда кечаётган жараёнларни кузатадиган бўлсак, уларда фаолият олиб бораётган сиёсий партиялар, бир қатор Ҳаракатларнинг ўзига хос ўрни мавжудлигига гувоҳ бўлиш мумкин.
Авало, бу турдаги ташкилотлар ўзаро эркин мулоқотга кириша олишлари, ўз мустақил нуқтаи назарларини дадил илгари суришлари, турли мавзуларда қизғин баҳслашувлари натижасида жамиятда рақобат муҳитининг яратилишига улкан ҳисса қўшмоқда.
Демократик мамлакатларда ўз атрофига минглаб аъзоларини жипслаштиришга муваффақ бўлган сиёсий тузулма ва уюшмалар олиб бораётган фаолият қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган.
Сиёсий партиялара, турли тузулма ва Ҳаракатлар ана шу ҳуқуқий ҳужжатга таянган ҳолда эркин ҳаракат қилиш ҳуқуқига эга.
Бу ҳолат эса турли қарашлар, танқидий фикрлар, норозилик чиқишларига замин яратади.
Яъни, ҳар қандай сиёсий партия ёхуд Ҳаракат мавжуд тузимга қарши ўз норозиликларини эмин-эркин намойиш қилиш ҳуқуқига эгу бўладилар.
Айнан ана шу нарса эса жамият тармоқларининг илгари силжишига замин яратувчи механизм вазифасини ўтайди.
Ўзбекистонда-чи?
Афсуски, Ўзбекистонда бунга мутлақо тескари ҳолатни кузатиш мумкин.
Айни пайтда мамлакатда рўйхатдан ўтган 4 та сиёсий партияларнинг олиб бораётган фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, мазкур партияларни бир-биридан фарқлаш ниҳоятда мушкул.
Мазкур партияларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги ўрни мутлақо сезилмайди.
Партиялар аро ўзоро баҳс-мунозара, талаб, таклиф, тортишув деган нарсанинг ўзи йўқ. Фикрлар ранг-баранглигидан асар ҳам кўринмайди.
Ўзбекистонда фақат сайлов олди жараёнлардагина бор йўғи 4 та партия раҳбарларининг ёдларига ўзларининг борлиги, мавжудлиги ногоҳон тушиб қоладигандек – ғимирлаб қолишади.
Кишининг ғашига тегадиган жиҳатлардан яна бири шундаки, турли партияларнинг фикрлари ҳам бир қолипнинг ғиштларидек ниҳоятда ўхшаш – қуймадек. Деярли бир-биридан фарқ қилмайди ҳисоби…
Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган турли партия лидерлари ёхуд азолари фақат ҳукумат тепасидаги расмийларнинг топшириқларини ижрочиларигина, холос.
Улар фақат сайлов олди жараёнларида маҳаллий матбуотда ўқувчини ухлатиб қўядиган ғоятда саёз сиёсий фикрлари, ғализ таклифлари, номигагина қилинган танқидлари билан кишиларнинг медаъсига тегишдан бошқасига ярамайди.
Ўзбекистондаги мавжуд партияларнинг танқидлари ҳам аксарият ҳолларда “заказ” бўлади.
Мавжуд партиялар ўз рақибларини, яни ўзга партия дастур ва қарашларини, фаолиятини шунчаки тил учида, номигагина тақид остига олиб ўтадилар холос.
Шуни афсус билан айтишимиз мумкинки, Ўзбекистондаги сиёсий партияларга сиёсатдан ниҳоятда олисда бўлган фуқаролар адашиб кириб қолишган. Чуқурроқ имтиҳон қилиб кўрадиган бўлсангиз, ҳатто партия лидерларининг ўзлари ҳам сиёсатнинг “С” ҳарфидан бехабар бўлишларига шубҳа йўқ.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекиcтонда барча ҳаракатлар, ҳатто сиёсий партиялар фаолияти ҳам ҳукумат томонидан ёзилган сценарий асосида олиб борилади.
Шу сабаб ҳам Ўзбекистон ҳар бир соҳада олдга эмас, мудом ортга кетгани-кетган.
Сиёсий партия йўлбошчилари қўғирчоққа айлантирилган юртда яна нимани ҳам кутиш мумкин?
Дилшод НУРХОНОВ




