ШИКОЯТ АРИЗА (Такрорий)

                                  ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ВАЗИРИ

ШАВКАТ МИРОМОНОВИЧ МИРЗАЁЕВ                                   ШАВКАТ МИРОМОНОВИЧ МИРЗАЁЕВга

                                   СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИ, ЖАРҚЎРҒОН ТУМАНИ,

                                   “КЎМАЙСИНХОН” ИШЛАБ ЧИҚАРИШ КОРХОНАСИ

                                   РАҲБАРИ, ЯККА ТАРТИБДАГИ ТАДБИРКОР

                                   ҚОДИРОВА КАРОМАТХОН МУҲАММАДИЕВНАдан

                                   Яшаш манзили: Сурхондарё вилояти, Жарқўрғон тумани,

                                   Тўхта Шобуров Қишлоқ фуқаролар йиғини,

                                   “Деҳқонобод” маҳалласида яшовчи тадбиркор

                                    Тел: +99893 7113270 ;  +99891 968 7077

 

                         

         Ш   И   К   О   Я   Т              А    Р    И    З   А

                (Такрорий)

 

Ҳурматли  Шавкат МИРОМОНОВИЧ!

 

Мен, Қодирова Каромат Муҳаммадиевна -1955 йилда  туғилганман. Бу менинг Сизнинг электрон манзилингизга бир шикоят аризамни қайта такрор йўллашим.

ОАВларда «Бош вазир Шавкат Мирзиёев интернетда аҳолининг арзига қулоқ тутадиган махсус сайт очибди” деган хушхабар тарқалганда ниҳоятда севингандик.

Шунингучун ҳам, мен ўз муаммоларим хусусида сизга дарҳол интернет орқали шикоят аризамни йўллагандим.

Телефон рақамимга “Шикоятингиз қабул қилинди” деган СМС хабар келганида, гуёки 2 йиллик чеккан ситамларим, заҳматларимнинг барчаси бир зумда унут бўлгандек, мамнун бўлиб кетгандим….

Бироқ, минг афсуски, куни кеча яна мобил телефон рақамимга менинг шикоят аризам Қайта Сурхондарё вилоят ҳокимиятига юборилганлиги ҳақидаги хабар келиб, таъбимни хира қилиб қўйди.

Гап шундаки, мени шу куйга солган вилоят ҳокимиятидаги маҳаллий амалдорлар ҳисобланишади.

Шундай экан, менингдек бир жабирдийдани яна қайта жавобгарларнинг инъом ихтиёрига топширишдан муддао не?

Шу бугун мен Бош вазирга й  ўллаган шикоят аризам тақдири билан қизиқиб, вилоят ҳокимиятида бўлгандим. Менинг аризам ер масалалари бўлими мутасаддисига берилган экан.

Ўша масъул шахснинг “Сизнинг муаммонгиз жудаям чалкаш ва ечими қийин, ўта муаммоли иш. Сизнинг муаммоларингизни ижобий ҳал қилишга менинг мутлақо қурбим етмайди. Нега бу арзномангизни менга беришади?” дея эсналари қотиб кетди.

Муҳтарам Бош Вазир Шавкат МИРОМОНОВИЧ! 

Сиз аҳолидан  номингизга битилган шикоят аризаларни яна қайта ўз манзилига йўллаш мақсадида интернетдан махсус саҳифа очиб эдингизми?

Мен Сизга шу умидларда арзу ҳол қилган эдимми?

Энди билсам, эрта қувониб қўйган эканман, назаримда.

Шундай бўлсаям, халқимизда, “Чиқмаган жондан умид”, “Ноумид шайтон” деган умидбахш иборалар бор.

Шу боис ҳам не-не умидлар билан сизга шикоят аризамни қайта йўллашга қарор қилдим.

 

Муҳтарам Шавкат МИРОМОНОВИЧ!

Оилалиман. 4 нафар фарзанднинг онасиман. Муқаддам судланмаганман. Олий маълумотлиман. Мутахассислигим зооинжинер.

Маълумки, мамлакатимиз мустақилликга эришгандан сўнг Президентимиз томонидан тадбиркорликни қўллаб-кувватлашга алоҳида эътибор берилди.

Мен ҳукуматимизнинг айни ғамхўрлигидан илҳомланиб, тадбиркорликка қўл уришга қарор қилгандим.

Шу мақсадда 1993-94 йилларда мамлакатда илк тадбиркор аёл сифатида Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туман ҳокимлигининг қарор ва далолатномаси асосида Жарқўрғонда Музқаймоқ дўконини қурдим.

1995 йилда тадбиркорлик фаолиятимни кенгайтириш мақсадида Жарқўрғон деҳқон бозори ҳудудида ҳам яна бир музқаймоқ дўкони очилишига асос солдим.

1995 йилнинг 1 сентябрида – Мустақиллигимизга 4 йил тўлиши муносабати билан  маҳаллий ҳокимият томонидан мен “Кароматхон” якка тартибдаги тадбиркор мақомига эга бўлдим.  Провардида юридик шахс сифатида фаолиятимни муваффақиятли  давом эттирдим.

Шу аснода тадбиркорлигимни ривожлантириш йўлидаги саъи ҳаракталарим туфайли 1999 йилда яна Жарқўрғон туман ҳокимиятининг қарор ва далолатномаси асосида менга Амузанг ҳудудидан автомабилларни вақтинчалик тўхтаб ўтиш жойи учун 0,20 сотх ер ажратилди. Кадастр ҳужжатлари қилинди.

Ажратилган мазкур ер ҳудудини ободонлаштиришга бор кучимни сарфладим.

Тадбиркорлик фаолиятимни жонлантириш ва оёққа қўйиш мақсадида 2006 йилда “Кўпайсинхон” ишлаб чиқариш кичик корхонасига асос солдим.

Корхонам бу пайтда асосан  музқаймоқ ишлаб чиқаришга йўналтирилган эди.

Кейинчалик, “Кўпайсинхон” ишлаб чиқариш кичик корхонаси қошида икки қаватли савдо маркази барпо этилди.

Гап шундаки, Жарқўрғонда истиқомат қилувчи фуқаро сифатида мен  туманда савдо марказлари йўқлиги боис аҳоли асосан кўча ва йўлакчаларда – ерда ўтириб савдо қилишларди. Мен бу каби аянчли манзарага деярли ҳар куни гувоҳ бўлардим. Энг муҳими, кўчада савдо фаолияти билан шуғулланувчи мазкур “сотув”чилар давлат солиқ тўловларини ҳам тўлашмас эди.

Мазкур ҳолатдан қаттиқ таъсирланганлигим сабаб, бу жараён менда янги, замонавий савдо комплекси қуриш ғоясини туғилишига сабаб бўлди.

Замонавий савдо комплекси қуриш мақсадида мен 2006 йилда Жарқўрғон туман ҳокими Н. Шомуродовга ер сўраб, ариза бердим.

Лекин ҳоким менга ер ажратишни лозим топмади.

Натижада, мен ўз орзуимдаги савдо комплексини илгари ҳокимият томонидан менга ажратилган Амузанг бўйидаги 0. 20 сотх ердан ҳажми 26 х 27 метрга тенг икки қаватли савдо марказини ростладим.

Қарабсизки, мен томонимдан қад кўтарган савдо марказида савдо-сотиқ ишлари билан машғул юзлаб савдо ходимлари энди ўз-ўзидан давлат солиғига тортилдилар ва улар ўз вақтида 4 йил давомида  солиқ тўловларини амалга ошириб келдилар.

2012 йилда менинг тадбиркорлигимга 20 йил тўлди. Бу бир йигитнинг умрига тенг фурсат.

 

Ҳурматли Шавкат МИРОМОНОВИЧ!

Бутун оила аъзоларимнинг меҳнат машаққатлари, ўзимнинг 20 йиллик пешона терим 20 дақиқада Жарқўрғон туман ҳокими Усмон Тураповнинг ўз амалига нолойиқлиги, ўз мансабини суиистеъмол қилиши, таъмагирлиги оқибатида 20 дақиқада кунпоя-кун этилди десам ишонасизми?

Минг афсуски, 2012 йилда туман ҳокими – мустақиллигимизнинг 21 йиллиги арафасида менингдек тажрибали аёл тадбиркорга кўз кўриб-қулоқ эшитмаган “тортиқ” туҳфа қилди. Яъниким, 2012 йилнинг 1 апрел куни кеч соат 18.00 да туман ҳокими Усмон Туропов  ИИБ ходимлари ва деҳқон бозори ходимлари кўмагида менинг хусусий мулким ҳисобланган бозор ҳудудидаги 17 йилдирки қадр кўтариб турган музқаймоқ дўконимни ҳеч бир асоссиз, огоҳлантиришсиз, суд қарорисиз, ҳеч бир ҳужжатсиз вайронага айлантирди.

Бироқ вайронакор ҳоким биргина шу ғайриқонуний ҳаракати билан ҳам қаноатланган эмас. Аксинча, эртасига, 2012 йилнинг  2 апрел куни Жарқўрғон кўчасида жойлашган музқаймоқ дўконимни ва савдо марказининг икки қаватли биносини мутлақо асоссиз, огоҳлантиришсиз, суд қарорисиз бузиб – текистлаб ташлашга амр қилди. Энг ёмони, туман ҳокими менинг йиллар давомида ростаган савдо марказимни, тадбиркорлигимга алоқадор барча биноларимни харобага айлантириш ва текистлаб ташлаш учун роппа-роса бир йиллик умрини сарфлади.

Шу ерда савол туғилади?

Жарқўрғон туман ҳокими томонидан 20 йиллик тадбиркор аёлнинг хусусий мулкига чанг солинишининг боиси не? Муддаоси нима?

 

Муҳтарам Шавкат МИРОМОНОВИЧ!

Қизиғи шундаки, Жарқрғон туман ҳокими Усмон Туропов “Сизнинг биноларингиз вайрон этилишига  Бош Вазир Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи сабаб бўлди” дея важ кўрсатди.

Ҳоким жаноблари “2012 йилнинг 29 март куни Жарқўрғон туман ҳудудидан ўтган   бош вазир Мирзаёевнинг Жарқўрғонни ободанлаштириш лозимлиги ҳақида туман раҳбарларига берган кўрсатма”сига  асосан тадбиркорлик биноларим ноқонуний бузиб ташланганлигини иддао қилган бўлса-да, бироқ, кейинчалик маълум бўлишича, Жарқўрғон туман ҳокими Усмон Турапов менга ажратилган 0,20 сотх ерни Жарқўрғон туман деҳқон бозори бозоркоми Раҳмонов Абдуллага  олиб бериш мақсадида тадбиркорлигимга чанг солган экан.

Провардида, Жарқўрғон ҳали ҳамон обод бўлган эмас. Менинг 2 қаватли савдо комплексимни бузиб ташлаб,  ноқонуний тарзда мендан тортиб олинган ерда бугун бозорком Раҳмонов Абдулла бозорча очиб, автомабиллар вақтинча тўхташ жойи қилиб, ғайриқонуний фойдаланиб келмоқда. Бунга нима дейсиз?

Мен эса ўз ҳақ-ҳуқуқларимни тиклаш мақсадида икки йилдирки суд-ҳуқуқ идоларари эшигида саргардонман.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 24 сентябр куни кучга кирган  қонунининг 13-моддасида хусусий мулкка “тажовуз” қилишга йўл қўйилмаслиги алоҳида таъкидлаб қўйилган.

Бироқ, шунга қарамасдан, босар-тусарини билмай қолган туман ҳокими У. Турапов ҳеч бир огоҳлантиришсиз, суд қарорисиз менинг хусусий мулкимга тажовуз қилди.

 

Ҳурматли Шавкат МИРОМОНОВИЧ!

Ушбу аризани ёзишдан мақсадим, менга нисбатан маҳаллий ҳокимият томонидан қўлланилган ноқонуний жабру-ситам, ноҳақликларни адолат торозусига солишингизни ва ҳақиқатни қарор топишида менга кўмак қўлини  чўзишингизни ва Сизни махвий ва зарурий маълумотлар билан таъминлаш мақсадида мени шахсан ўзингиз қабул қилишингизни илтимос қилиб сўрайман.

Эътибор ва кўмагингиз учун олдиндан миннаддорчилик билдираман.

Сизга чуқур ҳурмат билан

Жарқўрғонлик ҳуқуқлари паймол бўлган тадбирор   Қодирова Каромат.

2013 йил, 30 январ.

Такрорий: 25 февраль, 2013 йил.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares