(ҳукуматимиз эса, сохта ахборотлар билан ҳамон халқни алдаб келмоқда)
Тошкент шаҳри атрофидаги бир қатор туман ва шаҳарлар, жумладан, Зангиота, Ўрта Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл ва бошқа туманлар ҳамда Чирчиқ, Келес, Тўйтепа шаҳарлари айни пайтда том маънода пойтахт мегалополисига айланган, десак хато бўлмаса керак. Мазкур шаҳар ва туманлар марказлари-ю уларга ёндош айрим қишлоқ ҳамда қўрғончалардан Тошкент шаҳрига рақамланган йўналишли автобуслар, “Газель”, “Дамас” русумли кичик автобуслар йўлга қўйилганига қарийб бир неча йил бўлди. Бунинг натижасида шаҳримизнинг бир қатор мавзе ва даҳалари – ТТЗ, Чорсу, Қўйлиқ, Юнусобод, Отчопар даҳалари, шунингдек, Жанубий вокзал, Тошкент автовокзали атрофлари шунчаки гавжум гўшаларга айланибгина қолмасдан, бу ерларда ўзига хос автошоҳбекатлар пайдо бўлишига олиб келди.
Шаҳар атрофига қатнаётган уловларнинг аҳоли узоғини яқин, оғирини енгил қилаётганини алоҳида эътироф этиш ҳар томонлама мақсадга мувофиқ, албатта. Бироқ бу cоҳада ҳалигача камчиликлар бисёр. Шу кунгача пойтахт атрофларидан шаҳарга қатновчи йўналишли транспорт воситаларида йўловчиларни ташиш ишлари яхши йўлга қўйилмаган. Йўловчиларни ташишга оид маданий ва бошқа муносабатлар мутлақо кўнгилдагидек эмас. Автобус ичидаги тирбандлик, уларнинг жадвал бўйича қатнамаслиги, йўловчилар билан лиқ тўла бўлса-да, ҳайдовчиларнинг йўловчиларни йиғиш мақсадида катта бекатларда белгиланган муддатдан кўп вақт туриши, йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатлари ва бошқа икир-чикирлардан ташқари йўл ҳақига боғлиқ муаммолар ҳам етарлича…
Аҳоли паст савияли хизмат турига аллақачон кўниккан бўлса-да, бироқ йўл ҳақига боғлиқ масалаларнинг нотурғун ҳолатига асло кўниколмаяпти. Бу эса, мазкур соҳага оид муаммони янада кескинлаштирмоқда. Муаммонинг чигаллашишига Тошкент вилояти транспорт департаменти шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро йўналишларда йўловчиларни ташиш комиссиясининг 2014 йил 31 январдаги 1-сонли баёнотномаси қарорига асосан жорий йилнинг 17 февралидан бошлаб йўл ҳақини оширгани сабаб бўлмоқда. Ушбу ҳолат усиз иқтисодий жиҳатдан оғир бир шароитда яшаётган оддий халққа ниҳоятда оғир ботмоқда. Тошкент вилояти транспорт департаментининг шаҳарга қатновчи автобусларда пайдо бўлган узуқ-юлуқ эълони эса, йўловчиларни мутлақо қониқтирмаяпти, десак адашмаймиз. Чунки мазкур эълонларда “17 февралдан бошлаб йўл ҳақи оширилди!” деган жумладан бошқа ҳеч қандай “важ-корсонлар” тилга олинмаган, белгиланган тариф бўйича йўл ҳақи суммаси очиқ эълон қилинмаган. Одатда ҳар бир йўналишлардаги автобус ичига йўл ҳақи нархининг белгиланган тариф бўйича суммаси йўловчиларга кўринадиган жойга осиб қўйилиши керак. Бундай йўл орқали аҳолига хизмат кўрсатувчи ташкилотлар нафақат йўловчилар ишончини қозонишга эришишади, шу билан бирга, улар ҳақига хиёнат қилинишига ҳам чек қўйишади. Бироқ афсуски, юқорида тилга олинган ташкилот ва унга қарашли автокорхоналар раҳбарлари йўловчиларга хизмат кўрсатишда адолатли йўл тутишни ўзларига эп кўрмаяпти. Бу ҳолат Тошкент шаҳри атрофидаги қишлоқ, туман марказлари, қўрғончалару шаҳарлардан пойтахтга қатновчи автобуслар ҳайдовчилари ва чиптачиларининг йўл ҳақи нархига оид “эркин фаолият” юритишига етарлича замин яратмоқда. Улар айни дамда шаҳар ташқарисида босиб ўтилган бир хил масофали йўл учун йўловчилардан ўзбошимча тарзда ҳар хил миқдорда йўл ҳақи ундириш билан андармон бўлмоқда.
Ҳукуматимиз томонидан мамлакатимиздаги барча жабҳаларда тараққиёт рўй бераётгани, ўсиш суръатлари кузатилаётгани, аҳоли фаровонлиги таъминланаётгани ҳақида жар солинаётган бир пайтда, яъни жорий йилнинг 31 январида қабул қилинган Тошкент вилояти транспорт департаментининг 17 февралдан йўл ҳақини оширишга оид қарори аҳолини деярли хушнуд қилмади, десак адашмаган бўлсак керак. Бироқ шундай бўлса-да, мазкур қарор Тўйтепа-Тошкент, Чиноз-Тошкент, Янгийўл-Тошкент, Чирчиқ-Тошкент, Ғазалкент-Тошкент, Бекобод-Тошкент, Красногорск-Тошкент ва бошқа йўналишли автобус ва кичик автобуслар қарашли автокорхоналар жамоасини беҳад руҳлантириб юборгани шубҳасиз аниқ.
Шахсий кузатишларимиздан жорий йилда иқтисодий танглик ҳар йилгига нисбатан эртароқ бошлангани, йил бошиданоқ эшикларимизни қоқиб киргани ва кундан-кунга кенг қулоч ёзаётгани аён бўлмоқда. Буни биргина йўл ҳақига боғлиқ нарх-наволарнинг ўсиш суръатлари орқали билсак ҳам бўлади. Чунки одатда пойтахтимиз ва Тошкент вилоятида ҳар йили йўл ҳақи апрель ойининг биринчи ёки иккинчи санасида ошириларди. Аҳоли маълум маънода бунга кўникиш ҳосил қилган эди. Аниқроғи, ҳар йилнинг апрель ойи бошида, йўл ҳақига доир белгиланган янги нарх бўйича хизмат кўрсатиладиган куни шаҳар ва шаҳар атрофидан қатнайдиган автобус ва микроавтобусларда “Ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ва эҳтиёт қисмлар нархи ошганлиги сабабли 1 апрелдан бошлаб йўл ҳақи “фалон” сўм миқдорида белгиланди” деган қарийб 10-15 йил олдин ёзилган эски матнни ўқишга ўрганишганди. Назаримизда 2014 йилда бу ҳолат ўлкамизни янги йил шукуҳи ҳали тарк этмасданоқ муҳокамага киритилган кўринади. 17 февралдан оширилган йўл ҳақига боғлиқ нарх ана шу муҳокаманинг ижобати бўлса ажаб эмас.
Йўл ҳақини ҳар йили апрель ойида ошириш замирида ўзига хос маъно бордек, гўё. Чунки нархларни янги йил бошиданоқ ошириб юбориш ҳукуматимиз нуфузига путур етказиб қўйиши мумкин. Февраль ойида оширай деса, яқин кунлар ичида ўлкага Наврўз байрами кириб келади. Наврўз байрами туфайли халқ олдига чиқиб, соатлаб минбарни забт этиб, ҳисобот бериш керак. Мамлакатимизнинг гуллаб-яшнаётгани, барча соҳаларда юксалишга эришилаётганимиз, янги-янги иш ўринлари яратилаётгани, янги иншоотлар ишга туширилаётгани яна бир карра тилга олиниши лозим. Демак, янги йилнинг биринчи уч ойида нархларни ошириш ҳукумат мавқеи учун зарар. Наврўз байрами ўтгач, берилган ваъдалар унутилгач эса, кўнгилдаги тугунларни ёзиш учун бемалол ҳаракат қилиш мумкин. Хуллас, ҳукуматимиз учун апрель ойи энг тинч ой. Бироқ жорий йилда иқтисодий аҳволимиз бизнинг апрель ойига етиб боришимизга йўл қўймади. Аниқроғи, биз ўзимизга ҳужум қилаётган иқтисодий ҳуружни атиги икки ой бўйсундира олмадик. Нарх-наво кундан-кунга ошишдан, миллий валютамиз қадрсизланишдан асло тўхтамаяпти. Яқинда Наврўз байрами. Ҳисобот даври! Бу сафар қандай бўларкин? Халқимиз ҳукуматимиз томонидан ҳар йили бериладиган “ширин-ширин ваъдалар”га ишонишармикин?
Назаримизда, ҳукуматимиз, турли корхона-ю ташкилотлар раҳбарлари ўзларининг бу каби хатти-ҳаракатлари, яъни нарх-навони халқнинг турмуш тарзини инобатга олмасдан, ўз манфаатларини ўйлаган ҳолда оширавериши алал-оқибат яхшиликка олиб келмаслигини эслагилари келмаяпти, бундай жараёнлар халқнинг шунчаки ғашига тегибгина қолмасдан, балки вақти келиб уларнинг тишларини қайраш, тилларини эркинлаштиришга олиб келиши эҳтимолдан ҳоли эмаслигини унутиб қўяяпти чоғи.
Асил ЭЛЎҒЛИ
http://mulkdor.com/news/нарх-наволарнинг-ошишига-чек-қўйилма/



