ХОКИМ ҚАМАЛГАНИДАН КЕЙИНГИ МАЖОРОЛАР ЁҲУД МИСИ ЧИҚҚАН ҲИСОБОТЛАР

 

замонавий уй Намунавий лойиҳа асосида уй-жой қурилишини амалга ошираётган пудратчи корхоналарга ҳозиргача бажарилган қурилиш-монтаж ишлари учун тўланадиган маблағлар ўтказиб берилди, – дейди «Қишлоқ қурилиш банк» вилоят бўлимининг бошқарувчиси Собит Жуманов. – Пудратчи корхоналарнинг зарур маблағ билан ўз вақтида таъминланиши қурилиш суръатини  белгиланган маромда олиб боришни таъминлаётир.

Уй-жой учун ер участкаларининг туман ҳокимлари қарори билан аукцион савдоларисиз, мерос қолдириш ҳуқуқи билан умрбод берилаётгани қишлоқ аҳолисининг янги уйларга  қизиқишини янада оширмоқда.

Кейинги йилларда замонавий уйга эга бўлишни истаганларни қизиқтираётган яна бир муҳим жиҳат – уй эгаларининг қурилиш ташвишларидан бутунлай халос бўлишидир. Бу ишлар намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уйлар бўйича буюртмачи  вазифасини амалга ошираётган «Қишлоқ қурилиш инвест» ихтисослашган инжиниринг компанияси вилоят шўъба корхонаси зиммасига юкланган. Шартномага мувофиқ, корхона уй эгасига  лойиҳа асосида сифатли ва ўз муддатида битказилган уйни тайёр ҳолда топширади. 

– Қурилаётган 370 уйни йил охиригача ўз эгаларига топширамиз, – дейди «Қишлоқ қурилиш инвест» ихтисослашган инжиниринг компанияси вилоят шўъба корхонаси директорининг ўринбосари Олим Холманов.  – Янги уйларни бунёд этишда малакали мутахассислар иштирок этаётир. Бу иш суръатини оширишнинг асосий шартидир. Иншоотларнинг лойиҳаси,  смета талаблари қурилиш стандартлари асосида амалга оширилиши корхонамиз мутахассислари томонидан доимий назорат қилиб борилмоқда.

Хабарингиз бор, Каримовнинг ташаббуси билан Ўзбекистода «Қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини ривожлантириш» дастурини амалга ошириш ишлари жадал суръатларда бошлаб юборилган. Режага асосан айни кунларда Ўзбекистоннинг барча вилоятлари намунавий уй-жой барбо қилиш борасида “пойга” ўйнашмоқдаки, шошма-шошарлик оқибатида, бугун қад кўтарган уй эртага эгасини босиб қолиш эҳтимоли ҳам йўқ эмаслиги хусусида узуқ-йулуқ гаплар юрибди.

Жумладан, Жиззах вилоятида жорий йилда намунавий лойиҳа асосида 370 замонавий турар-жой барпо этилиши ва топширилиши  режалаштирилган.

 Ўтган даврлар давомида эса Жиззах вилояти туман қишлоқларида 745 оила намунавий лойиҳа асосида қурилган замонавий уйларга кўчиб ўтганлиги ҳақида хабарлар бор. Айни пайтда янги уйга талабгорлардан келиб тушаётган аризалар  ўтган йилларга қараганда анча кўплиги айтилмоқда.

Қизиғи шундаки, Жиззах вилояти, Зомин туман хокими Ўскан Азимов 2013 йил ноябр ойида порахўрлик жинояти билан гумонланиб,  қамоққа олинганидан кейин туманнинг Лайлак Уя қишлоғида қурилаётган намунали уй-жойларга олдиндан банк билан шартнома тузиб пул тўлаб қўйган айрим фуқароларга бериладиган уйлар бошқа шасхларники бўлиб чиқди. Ўзи асли Тошкент вилояти Бекобод шаҳрида яшовчи, лекин Зомин туманидаги “Турди ота” фермер хўжалигида ишловчи ишчи Оқбўтаев Музаффар умумий қиймати 106 000 000 сўм бўлган намунали уй-жой учун 2012 йил “Қишлоққурилиш” банкининг Зомин тумани филилалига нақд 42 млн. сўм тўлаб берган ва фермер хўжалиги хисоб рақамидан яна 6 000 000 сўм ўтказганлигини айтади.

Шунингдек,  Зомин тумани хокимлиги қурулиш масалалари бўйича хоким муовини Турсунали деган маъсулнинг шахсий манфаатлари учун қурулиш ишларини тезлаштириш мақсадида яна унинг қўлига 2 миллион 780 000 сўм пул берилганлиги, лекин хокимият Оқбўтаев Музаффарга уйнинг кайси эканлигини айтилмаётганлиги, 2012 йил декабр ойида аллақачон фойдаланишга топширилган бу уйларда одамлар яшаётганлигини, лекин пулини тўлаб қўйган Музаффар Оқбўтаев сарсон бўлиб юрганлиги айтилмоқда.

Зомин тумани хокими қамалиб кетганидан кейин туман инфратузилмасида катта тушунмовчиликлар юзага келган.Биров пул тўлаб қўйган уйга бошқа одам ўтириб олган.Ёки мазкур уй-жойлар хали қуриб битказилмасдан туриб,  жойи аниқ бўлмасдан битта уй-жой икки кишига банк орқали кредит ҳисобида  расмийлаштирилиб юборилган.

Музаффар Оқбўтаевнинг телефон рақами+998941937899

Мақолани мустақил журналист Мунтазир тайёрлади.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares