ЖИЗЗАХДА ХЎЖАЛИК РАИСЛАРИ БРИГАДИР АЁЛНИ ЧУВ ТУШИРИШДИ

Фуқароларнинг мурожаатлариХўжалик раислари имконсизликдан фирибгарлик йўлига ўтишган кўринади. Акс ҳолда, бир эмас, бира тўла кимсан, иккита хўжалик раҳбари бир аёлни чув тушириб кетишмаган бўларди.

Гап шундаки, Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳар, 2-мавзе, 24-уйнинг 16-хонадонида истиқомат қилувчи ёлғиз она Насиба Бойзоқованинг қарамоғида уч нафар вояга етмаган фарзанди бор.

Бева аёл уч боласини боқиш илинжида гарчи шаҳарда яшаса-да, тирикчилик ташвишида ҳар мавсумда қишлоқ хўжалиги ишларида қатнашади, пила етиштиради, ғалла ўрими дейсизми, пахта йиғим-теримими, барчасида ўз бригадаси билан ҳамиша далада ҳозиру нозир бўлади.

Бу меҳнаткаш аёл пешона тери, машаққатли меҳнатларининг ортидан тўрт-беш чақа орттиришга ҳам муваффақ бўлганди-ю… Лекин….

Лекин, 2013 йил август ойида Зомин тумани,  «Дўстлик» СФУси раиси Янгибоев Сайдулло Умирзоқович ва «Ғолиб» СИУси раиси Дилшод
Абдуғаппаров  каби раҳбарлар аёлгинанинг ана ўша тўрт тангасини ҳам кўп қўришди.

Яъни, қарзга деб иккавлон Насиба Бойзоқованинг  жами 3 миллион 200 000 сўм пулини шилиб кетишди.

Ҳар икала қарздор бригадир аёлнинг ишончига кириш мақсадида ўзларига тегишли бўлган  қишлоқ хўжалиги техникаси техник паспортини Н. Бойзоқованинг қўлига тутқазиб қўйишган.

Товламачи раислар ҳатто  “Агар қарзни тилхатимизда кўрсатилган вақтда, ўз муддатда тўлай олмасак агрегат рақами №047151, №064478 бўлган шоссе рақамсиз тракторимиз сизнинг тасаруфингизга ўтади”  деган мазмунда тилхат ҳам қолдиришган.

Бироқ, қарздорлар “бугун бераман, эрта бераман” дея Насиба Бойзоқовани ҳалигача лаққиллатиб келишмоқда.

Оқибатда, жабирдийда хўжалик раҳбарларининг фирибгарлигини англаб қолди, бироқ энди кеч….

Мамлакат қонунчилигидан маълумки, Фирибгарлик — алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки мулкий ҳуқуқини текин қўлга киритишга йўналтирилган ҳаракатдир.

Ушбу жиноят фақат қасддан ва гараз мақсад билан содир этилиши мумкин. Бу ўринда ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсади нафақат мулкий битимларни амалга оширишдан олдин, балки уларни бажариш жараёнида ҳам пайдо бўлиши мумкинлиги эътиборга олиниши лозим.

Тергов идоралари ва судлар фаолиятида фирибгарлик жиноятининг обектив ва субектив томонларига баҳо бериш, фирибгарлик жиноятини фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажармасликдан фарқлаш, қилмишни квалификация қилиш борасида бу иш ЖИБ судга таъллуқли эканлиги ҳам инобатга олиниши лозим.

Шунингдек, қонунчилигимизда шахснинг мулкий ҳуқуқларининг процессуал кафолатларини мустаҳкамлаш мақсадида “Жиноят ишини юритишга масъул давлат органлари ва мансабдор шахслар жиноят туфайли етказилган моддий, жисмоний ёки маънавий зарарнинг ундирилишини таъминлаш учун фуқаровий даъвони таъминлаш, кўриб чиқиш, ҳал этиш ва етказилган зарарларни қоплаш орқали фуқароларнинг жиноят ва унинг оқибатлари натижасида камситилган ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишлари шарт”лиги асослантирилди ва бу қоида Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 18-моддасига еттинчи қисм сифатида тўлдирилиши
таклиф этилди.

Юқоридаги қонун талабларидан келиб чиқиб, ҳақ-ҳуқуқини таниган жабирдийда Насиба Бойзоқова фирибгарларга қонуний чора кўриш ва келтирилган моддий ва маънавий зарарларни ундириб беришларини сўраб тегишли қонун идораларига арз қилганди.

Афсуски, фуқаро Бойзоқованинг шикояти  «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуннинг 15-моддасига биноан амалдаги муддатда кўриб чиқилмади, тегишли қарор ҳам қабул қилинмади.

Натижада, Сирдарёлик бригадир аёл фирибгар раисларнинг устидан прокуратура идорасига такрор арз қилишга мажбур бўлди.

“Аризам 4 ойдан буён профилактика нозирининг папкасида чанг босиб ётди. Бугунга келиб улар бу ишни фуқаролик тартибида кўриб чиқиш керак деган баҳоналар билан воқеа содир бўлган жой қолиб,
фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судига жўнатишибди. Менинг ушбу арзимни тегишли тартибда кўриб чиқиб, қонуний чора кўришингизни сўрайман” дейди Насиба Бойзоқова Жиззах вилояти Зомин туман прокукрори О. Солиевга шу йилнинг февраль ойида йўллаган навбатдаги шикоят аризасида.

Фуқароларнинг аризаларини “отангга бор –онангга бор” дейишлар қачонгача?

Хабарни Асрор ОРИФ тайёрлади

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares