ЎЗБЕКИСТОН: СУДЛОВ ТИЗИМИДА МАМЛАКАТ МИҚИЁСИДА 7 ЙИЛДИРКИ ОҚЛОВ ҲУКМИ ЧИҚМАГАН

СУДЛОВ ТИЗИМИДА 2Биласиз, адолатли судловда икки хил мизмундаги, яъни, оқлов ва қоралов ҳукми маввжуд.

Бироқ, Ўзбекистон суд тизими фаолиятини диққат билан тафтиш қилгудек  бўлсангиз, 7 йилдирки нуқул қоралов ҳукми ижрога берилганига гувоҳ бўласиз, гуёки мамлакатда барча бирдек жиноятга қўл ураётгандек, ҳамма айбдорга айланиб қолаётгандек.

Табиийки, қоралов ҳукмини “қўлга киритган” фуқаролар оқлов ҳукмига эришиш орзусида Олий суд остонасига “осилишади”. Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳали бирор бир маротаба туман, шаҳар, вилоят каби қуйи суд ҳукмини бекор қилиб, оқлов ҳукмини илгари сурган эмас.

Нега шундай?

Республика Олий судининг бунга ваколати йўқми? Ва ё оқловга арзигулик “жиноят иши” ноёбми?

Боиси нимада?

Наҳоки, қуйи суд тизимлари ҳар бир жиноят  ишларини кўриш жараёнида  ҳамиша худди “ўроқ” каби тўғри хулоса, ҳукму қарор чиқаришса?

7 йил давомида-а?

Бўлиши мумкинмас!

У ҳолда бунингдек муаммонинг моҳияти нимада?

– Бунинг ягона сабаби Олий суд раиси Бўртош Мустафоевда, – дейди бугун Олий суд биноси остонасида мазкур тизимнинг казо-казолари қабулига кириб, мушкулимни осон қиламан деган илинжда ўтирган Сурхондарёлик ҳуқуқшунос Ж. Исмли шахс,  – Негаки,  Бўртош Мустафоев Республика прокуратураси тизимидан чиққан кадр сифатида прокуратура ходимларининг “битирган” ишини “бузгиси” келмайди. Собиқ содиқ сафдошларига зиёну заҳмат етказишни истамайди. Мустафоев прокурорларнинг мушугини пишт дея олмаганлиги сабабли ҳам, Бўртош ака Олий суд раиси крислосига ўтиргандан буён, яъни, 7 йилдирки бирор бир фуқаронинг иши юзасидан оқлов ҳукми чиққан эмас.

– Бунисиям майли-я, ҳоҳ ишонинг, ҳоҳ ишонманг Олий суд раиси Бўртош мустафоев 7 йил давомида бирор маротаба фуқароларни қабул қилган эмас. Улар лоақал битта аризачини қиёфасини ҳам кўрмаган ҳатто, – дея ҳайратини яшира олмай гапга қўшилади олий суд эшигида амалдорларнинг рухсорини бир кўришга интизор бўлиб ўтирган яна бир шикоятчилардан бири, – Масалан, ҳар ойнинг биринчи жума куни шахсан Мустафоев жанобларининг қабули деб ёзиб қўйилган бўлишига қарамасдан, 7 йил давомида ҳали бирор бир банда Мустафоевнинг шахсан ўзлари фуқароларни қабул қилиш учун қабулхонага кирганига гувоҳ бўлган эмас.

– Ўзингиз ўйлаб кўринг, бир йилда неча ой бор? Етти йилдачи? Амалдор деганини бир марта иши чиқиши мумкин, борингки, 10 маротаба банд бўлиб қолиши мумкиндир, бироқ 7 йил давомида фуқароларни қабул қилиш мақсадида қабулхонага бир бора ҳам қадам қўймаслиги мумкинми?- дейди Қашқадарёдан арз-дод қилишга келган шахслардан бири, – Бу нимадан далолат беради? Демак,  Бўртош Мустафоев деганларини умуман элнинг дарди қизиқтирмайди. Шундай экан, у одам элни эриклаб нима қилади? Ундан кўра, қариб қолиб, раҳбарликка мадори етмаётган бўлса, амал курсисини бўшатиб қўймайдими?

– Амал ширин, – дейди Бухоро вилоятидан келган жабрдийдалардан бири, – То оёғи гўрнинг лабига боргунига қадар жонидан кечса, кечар, икки дунёдаям амалидан кечмас-ов. Яхшиси, лоақал вилоятдаги фуқароларни қишнинг совуқ кунларида овора-ю сарсон қилмаслик учун, йўл харажатларига туширмаслик, одамларни алдамаслик учун “Олий суд раиси Бўртош Мустафоевнинг қабули ҳар ойнинг биринжи жума куни” деган ёзувни  “график”дан ўчириб ташлаш керак, тамом-вассалом. Нима қилади халойиқни алдаб, шундан барака топишармиди? Ўша ёзувларнинг ўрнига “Олий суд раиси ниҳоятда банд одам, фуқароларни мутлақо қабул қила олмайди” деган ибораларни киритиб қўйиш керак….

Қисқа қилиб айтганда, Олий суд биносининг қабулхонасига киришингиз билан аҳолининг юқоридаги каби нолиш-номаларидан кўнглингиз хира тортиб кетади.

Бугун, 2014 йилнинг 14 февраль куни Ўзбекистон Олий суди остонасида яна бир кутилган томоша рўй берди.

Халқимизда “Катта карвон қаердан юрса, кичиги ҳам шу ердан юради” деган мақолнинг ҳақиқат эканлиги икки ойдирки Олий “қозихона” биносида ўз исботини топмоқда.

Яъниким, Бўртош Мустафоевдан ўрнак олган Ўзбекистон Республикаси Олий суд раисининг 1-ўринбосари Ш. Газиев ҳам қабул куни бўлишига қарамасдан, турли вилоятлардан келган фуқароларни қабул қилмасдан, маҳтал қилиб қўйди.

– Ҳар ойнинг иккинчи пайшанба кунлари Олий суд раисининг 1-чи ўринбосари Газиевнинг қабули. Буни қарангки, ўган ойнинг иккинчи пайшанба куни Газиевнинг қабулига киришга илҳақ бўлиб, совуқни совуқ демай, Бухородан келгандим. Қабулхонада 30 га яқин одам қабул бошланишига зор бўлиб ўтирибди, 1-ўринбосарнинг ўзларидан эса, дарак йўқ. Мана, бугун ҳам тонг саҳарлаб навбатга ёзилиш учун Олий суд биносига келиб олгандик. Соат 15.00 да қабул бўлади дейишганди. Ўшандан бери чумчуқнинг боласидек тизилиииб ўтирибмиз, аксига олиб, мана, бугун ҳам қабул бўлмади. Газиевнинг ўзлари қорасини ҳам кўрсатмади.

Инсоф билан айтганда, узоқ-яқиндан келган аҳолининг ёзғиришларида ҳам жон бор. Кимдир Сурхондарёдан, яна кимдир Хоразм, бириси Самарқанду Бухоро, Намангану Фарғонадан болаларининг оёғига пойабзал олиб бериши лозим бўлган соққасини чойчақа қилиб, бир дунё орзуларини опичлаб, Тошкент қайдасан дея кимсан Бўртош Мутафоев, раис ўринбосари Газиев деганларининг қабулларига келиб ўтиришса-ю, ул жаноблардан йиллаб дарак бўлмаса, рухсорларини элга бир ров кўрсатишга ярашмаса,  атрофдагиларга алам қилмайдими? Бунингдек адолатсизликлардан жонлари кекирдакларига келмайдими?

Биз, ўзбекларда хўп топиб айтилган ажойиб ибора бор: “Отангни қози ўлдирса, арзингни кимга айтасан?” дейишади.

Во ажаб, замонанинг зайлини қарангки, бугун турли вилоятлардан келиб, 1-ўринбосарнинг қабулига кира олмасдан  иккинчи бор саргардон бўлиб қайтишга мажбур бўлган фуқаролар нима қилишди денг?

Нима ҳам қилишарди, Олий суд раиси Бўртош Мустафоев номига бир эмас, икки гал ҳам “ТАЛАБНОМА” ёзишга мажбур бўлишди: Нима эмиш, “Газиев бизларни қабул қилишини талаб қиламиз” эмиш.

Яна кимнинг номига? 7 йилдирки бир бор фуқароларни қабул қилишга ярамаган Олий суд раиси Мутафоев номига!

Энди Мустафоев Газиевга не дерди? “Нега авомни овора қиласан, муттаҳам” дея қулоғидан бураб қўярдими, шундай қила олармиди? Шунга маънан ҳаққи бўлармиди?

Унда Мустафоев жанобларининг ўзларини аҳолининг арзи кирмас қулоқларини ким “бураб” қўяди?

Халққа қўйиб беришганларида-ку, бу гап кирмас қулоқларни аллақачонлар кесиб олишган бўларди-я!

Юқоридаги каби бедодликлар нимадан далолат беради?

Бу каби ўзибўларчилик суд ҳокимияти мутлақо мустақил эмаслигидан ва суд тизими жиддий ислоҳотларга, фидойи раҳбарга муҳтожлигидан далолат беради, шундай эмасми?

 

Орзигул ХУДОЁРОВА

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекитсон бўлими фаоли

СУДЛОВ ТИЗИМИДАСУДЛОВ ТИЗИМИДА 1

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares