Ўзбекиситонда фуқаролик ишлари бўйича судларда судъяларнинг аҳволи жуда ачинарли тус олиб бормоқда. Таъма ниятида, пора эвазига судъялар адолатсиз тўхтамга келишлари одатий ҳол. Бунинг бирдан-бир сабаби, ҳали бирон бир фуқаролик ишлари бўйича судъянинг жиноий қилмиши учун жавобгарликка тортилмаганлигидир. Фуқаролик ишлари бўйича судларда судъялар ишни кўришда даъво аризасидан кимдан манфаат кўриши ва қандай усулда ўша манфаат учун йўл топиши хусусидагина ўйлаб чиқадилар. Улар ўзларининг қилмишлари пировард натижаси жиноят эканлигини, тарафлардан судъяни “рағбатлантирмаган”лиги учун судда ютқазиб қўйиш эҳтимоли юқори эканлигини аввалдан яхши билишади. Бундан бошқа жиноий қилмишга олиб борадиган сабаб борки, “босим” аталмиш тегирмон тоши. Тарафлардан бири ҳов, қайси бир “катта”га қарашли бўлиб чиқади. У ноҳақ бўлса ҳам, унга имконият, имтиёз яратиш лозим бўлади. Қарабсизки, вилоят судининг раиси унга “тушунтириш” бериб ўтади. Хатто, ишни ноқонуний ҳал этишнинг “ҳуқуқий асослантиришлари” хусусида ўз тажрибасидан, “билимидан” келиб чиқиб, консультантлик қилади.
Аслида-ку Ўз.Р. ФПКнинг 7-моддасига кўра, Фуқаролик ишлари бўйича одил судловни амалга оширишда судьялар мустақилдирлар ва фақат қонунга бўйсунадилар. Судьялар ишларни қонун асосида, ишнинг ҳолатига мувофиқ, судьяларга четдан таъсир кўрсатиш мумкин бўлмайдиган шароитда ҳал қиладилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Афсуски, ҳудди ана шу талабни уларнинг фаолиятида кўрмай доғдамиз.
Жиноий ҳодиса юз беришининг яна бир оддий имконияти апелляция, кассация ва назорат инстанцияларининг борлиги. Ҳуқуқ билимдонлари бу тарздаги ишни такрорий кўриб чиқилиш имкониятларини адолат, ҳақиқат қарор топиши ва ишни кўришда хатоликка йўл қўйган судъяларнинг камчиликларини тузатиб кетиш, деб тушунтиришади. Амалда, аксарият судъяларнинг хатоларини эмас, балки жиноий қилмишларини хаспўшлаб яшириб кетиш имконияти ҳам эканлиги ҳақида ўйлаб кўрмайдилар.
Ўзбекистон Республикасининг Ҳарбий судида ишловчи бир судья тамшаниб шундай деган экан: Фуқаролик ишлари судининг судъяларига маза. Пичоқлари мой устида. Кунига ўнта бўлсаям суд ишини кўриб ташлашади. (Ваҳоланки, иккитадан ортиқ суд ишини кўриш мумкин бўлмайди. Чунки, диққатини жамлаш тугул, кўрилаётган иш мазмунини хотирлаб қололмайди. Мияси чарчаб, ишларни чалкаштириб ташлайди-ю юмалоқ-ёстиқ қилиб тугатвораверади.) Топадиган даромадларининг чеки йўқ. Биз эса, ойда бир ёки иккита суд ишини қўлга оламиз. Пашша қўриб ўтиришга тўғри келади…
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексидаги 231-моддасидаги адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқарганлик учун жавобгарликни ифодаланганлик ҳолатига эътибор беринг: Олдиндан била туриб, адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқариш – беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Судъяларнинг қилмишлари хусусида аввалроқ ҳам Андижон вилоятидан бир аёлнинг “Ўғригина болам-а” дея ёзган интернет материалини эслаб кўринг. Айнан ўша Адашхон Урайимованинг ишларини кузата туриб, адвокатларнинг берган фикридан шу нарсани тушуниб олдик:
Ҳудди ўша мақолада ёритилган фуқаролик судининг судъяси Н.Шамсидинов томонидан чиқарилган 15 январ 2013 йил кунги ҳал қилув қарорига нисбатан бундан манфаатдор бўлган шахс сифатида Адашхон Урайимова эртасигаёқ, яъни 16 январ кунида почта орқали “Апелляция шикояти” киритган, ҳал қилув қароридан норозилигини баёнот бериб, ҳал қилув қарори кучга кирмаслик чораларини кўрган. Демак, ҳал қилув қарори кучга кирмаслиги ва апелляция судининг ажрими чиқмагунича ҳуқуқий аҳамияти йўқ ҳисобланади. “Апелляция шикояти”нинг тўлиқ матнини эса ҳал қилув қарори нусхаси қўлига тегиши билан, барча процессуал талаблар доирасида топширишини писанда қилиб қўйган. Шикоятчининг ҳаракатлари ҳуқуқий жиҳатдан пухталикни билдиради. Чунки, судъя сунъий равишда суднинг ҳал қилув қарорини бермасликка, қонуний кучга киришини пойлаб, ўзи манфаатдор бўлган жавобгар томонга имтиёз яратишга тиришишини тушунгани боис шундай йўл тутган.
Бундан ташқари, судлашувчи тараф сифатида А.Урайимова апелляция шикоятини 5 феврал 2014 йил кунида процессуал муддат ва қонун қоидаларига амал қилган ҳолда топширади. Судъя Н.Шамсидинов шикоятни шахсан қабул қилиб олади ва котиби Л.Шомуродовага тегишли тартибда расмийлаштиришини буюради. Аммо, судъя Н.Шамсидинов олдиндан била туриб жиноий ишга қўл уради, яъни эртасигаёқ, 6 феврал 2014 йил кунида жавобгарлар Мамадалиев Шерзод, Мамадалиев Муборакхон ва бошқа оила аъзоларини низоли уй-жойга киритиб қўйиш хусусида ижро учун ажрим юборади. Унинг жиноий қилмиши хусусиятлари шундан иборатки, жавобгарлар Мамадалиев ва бошқалар уй-жойдан ноқонуний эгаллаб олиб яшаб келяптилар. Кириб яшаб турган шахсларга “Киритиб қўйилсин” дея ҳал қилув қарори чиқарилгани даъво предметини тушунмаганлик оқибатидан-ми? Йўқ, пора эвазига ва ёки босим туфайли ўзи тушуниб етмаган низо мазмунига нисбатан янглиш ва ноқонуний ҳал қилув қарори чиқаришга мажбур бўлган. Бунинг натижасида эса, судъялар мустақилдирлар улар фақатгина қонунга бўйсунадилар, тамойили бузилишига олиб келган.
Бундан ташқари, судъянинг жиноий қилмиши яна шуниси билан характерлики, Фуқаролик процессуал кодекснинг 348-6 моддаси талабига кўра, суднинг қарорига нисбатан шикоят тушган тақдирда, биринчи инстанция суди суд қарори ижросини (агар у ижро этилмаган бўлса) иш кассация тартибида кўрилгунига қадар тўхтатиб қўйиши ва бу хусусда манфаатдор шахслар, ташкилотларни хабардор этиши шарт бўлади. Суд ишни кўрганидан сўнг, унга нисбатан шикоят қилиш муддати ўтмагунича, биринчи инстанцияси судидан суд ишини талаб қилиб олиш таъқиқланади.
Ваҳоланки, атиги бир ҳафта муқаддам Айнан ўша фуқаролик судининг бошқа судъяси М.Юлдашева томонидан 8 январ, 2014 йил кунида “Урайимова Адашхонни жавобгари Андижон туман суд ижрочилари бўлимига нисбатан “Уйга киритиш ҳақида”ги даъвоси қаноатлантирилсин” дея ҳал қилув қарори чиқарилган ва бу ҳал қилув қарори ҳуқуқий кучга кирган. Одил судловга қарши жиноятлар занжирини қарангки, қонуний кучга кирган 8 январ 2014 йил кунги ҳал қилув қарори бажарилиши учун судъя 29 январ, 2014 йил кунида № 1-544 сонли ижро ишини суд ижрочилари Андижон туман бўлимига юборилган. 6 январ, 2014 йил кунида айнан ўша судъя – М.Ш.Юлдашева “Ижро варақасини ижросиз қайтариш ҳақида” ҳужжатни сохталаштириб юборган. Ҳужжат сохталаштирилганлигига шу ҳужжат амалда, 6 январ 2014 йил куни тайёрланган бўлсада, унинг 31 январ 2014 йил куни санасига ва айнан аввалги (қайтариб олинаёган) ҳужжатнинг қайд рақами – №1-554 белгиси қўйилганга эътибор қаратилса кифоя!
Судъялар суд қарорларини ижро этиш департаменти Андижон туман суд ижрочисини ҳам одил судловга қарши жиноят қилишга мажбур қилганлар. Суд ижрочиси Х.С.Қўлдошев ижро варақа қўлига келиб тушган 6 феврал, 2014 йил куниёқ “Ижро ишини бажарганлиги” хусусида ўзининг ҳужжатларини сохталаштирган. Амалда, ҳеч қандай ижро иши мавжуд бўлмайди – жавобгар Ш.Мамадалиев ва бошқалар аввалдан ўзбошимчалик билан, Ўзбекистон Республикаси Олий Судининг 15 июл, 2014 йил кунги ҳал қилув қарори бажарилишига зид равишда кириб олиб яшаб келмоқда эканлиги эътиборга олмасдан “Киритиб қўйиш” амалга оширилгани хусусида ҳужжат сохталаштириб, судга тақдим этилиши учун топширган.
Хулласи калом, судъялару қонун пешволари, ҳуқуқ-тартибот идоралари жиноий қилмиш ботқоғига тобора ботиб бораётгани – факт! Акс ҳолда, юқоридаги ҳолатда, ўзларини оппоқ қилиб кўрсатиш учун сохтакорликка эмас, кечирим сўраб, адолат устуворлигини таминлаб қўйиш ва қонун барчага баробарлигини кўрсатишга ружу қилишган бўларди.
Гули Жаҳон қизи.



