Чегараларимиз кўзгумиз, уни шаффоф асрайлик!

Чегараларимиз кўзгумизЎзбекистонда “милицияга ишинг тушмасин” деган сўз кенг оммалашган. Милициянинг ички ишлар ходими эканлиги эса ҳаммага яхши маълум. Назаримизда ушбу жумла дабдурустдан эмас, балки кўп йиллик “тадқиқотлар” натижасида вужудга келган. Дарҳақиқат, юртимизда бу соҳа вакиллари билан тил топишиш ниҳоятда қийин. Сиз уларни, улар эса сизни тушунишмайди. Гарчанд, ўртамизда бир-биримизни яхши англашни таъминлайдиган, ўзаро муомалаларимизни тартибга солиб турадиган “қонун” дея аталмиш “чиройли” ҳужжат бўлса-да, бироқ афсуски, бундай ҳужжатлар қанчалик “савлатли” ва “келбатли” бўлишига қарамасдан кўп ҳолларда айнан “қонун посбонлари” қўлида қўғирчоққа айланади, қолади…

 Бундан бир-икки йил олдин қонунларимизни кўздан кечириш асосида ёзилган:

“Қонун – қора халқ-чун кўргулик,

Қонун – нигоҳи мажруҳ битик.

Қонун – амалдор-чун қўл сочиқ,

Ва авомни калтаклаш-чун зўр чивиқ”,

деган тўртлик шеърим кўп йиллик кузатишларим маҳсули эканига  эндиликда иқрор бўлаяпман…

         Биз мақоламизни беҳудага ички ишлар ходимларидан бошламадик. Ички ишлар идоралари ходимлари ҳақида гап очиларкан, беихтиёр қонун атамаси тилга олинади. Чунки халқимизни қонунларга итоат қилдиришда ички ишлар идоралари ходимларининг ҳиссаси беқиёс. Шундан келиб чиққан ҳолда, юқорида келтирганимиздек, “қонун посбонлари” таърифи кўпроқ ана шу соҳа вакилларига тегишли бўлиб чиқади. Ва яна бир соҳа вакиллари борки, уларнинг мажбуриятлари ҳам ички ишлар ходимлари вазифаларига монандроқ. Улар чегара қўшинлари ходимларидир.

Бизнинг қонун атамаси ва қонун посбонлари номини аташимизга  жорий йилнинг 6 февраль куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга чиқиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори туртки бўлди. Мазкур қарор биометрик паспортга тааллуқлидир. Биометрик паспортлар фуқароларга ички ишлар органида, яъни Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимида берилади, чет элга чиқадиган биометрик паспортлар эгалари эса чегара қўшинлари ходимлари “ғалвири”дан ўтишади. Айнан шунинг учун ҳам биз ўз мақоламизда ҳар икки соҳа вакиллари фаолиятлари хусусида тўхталишга жазм қилдик.

Шу ўринда эслатиб ўтамиз, биометрик паспортлар юртимизга 2011 йилнинг 1 январидан киритила бошланган ва 2015 йилнинг охиригача барча паспортларни алмаштириш кўзда тутилган.

 “Замонавий халқаро стандартлар ва талабларни ҳисобга олган ҳолда паспорт тизимини янада такомиллаштириш, халқаро ўтказиб юбориш чегара пунктларида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг паспорт назоратидан ўтиш тартиб-қоидасини соддалаштириш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида” қабул қилинган ушбу қарор жорий йилнинг 1 июлидан эътиборан амалиётга тўлалигича тадбиқ этила бошланади.

Ҳужжатда айтилишича, ҳаво ва темир йўл транспортларида чет элга чиқувчи фуқароларнинг авиа ва темир йўл чипталарини расмийлаштириш ва сотиш биометрик паспортлар асосида амалга оширилиши белгиланган.

Биз шу ўринда Ўзбекистон давлат чегараси ҳисобланмиш Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Ғишткўприк ўтказиб юбориш чегара пунктида ўзимиз бир неча марта гувоҳ бўлган воқеаларга умумий турда баҳо бермоқчимиз.

Мазкур пунктда фаолият юритаётган чегарачилар чегара хатлаб қўшни давлатга ўтувчи фуқаролардан аллақачон биометрик паспорт талаб қилишга ўтиб олган. Агар кимда-ким Қозоғистонга Ўзбекистон Республикаси Фуқаро паспорти асосида ўтиш учун шайланса, у ҳолда улар чегарачиларнинг ҳар хил фириб ва найрангларига дуч келади. Йўловчи билан чегарачи ўртасида чинакам баҳс-мунозара вужудга келади. Бундай тортишувлар кўп ҳолларда чегарачи ғалабаси, йўловчи – чегарадан ўтувчининг мағлубияти билан интиҳо топади. Алал-оқибат йўловчи “хатога йўл қўйганини”, “қонунга хилоф иш тутганини тан олади” (аниқроғи, тан олдиради) ҳамда чегарачиларга “кейинги сафар албатта биометрик паспорт асосида ўтишга ваъда беради” ва шу тариқа йўловчилар чегарачилар қўлидан фуқаро паспортини олиб, унинг ичига “атагани”дан солади, яна такроран қўлларига тутқазади. Чегарачилар қўлларига “аталган нарса” теккач, улар “қонунбузарлар” паспортларига чегарадан ўтганлигини тасдиқлайдиган штамп босиб беради ҳамда сохтачасига “танбеҳ” берган кўйи, оқ йўл тилаб, кузатиб қўяди. Агар кимки баҳсга киришгудек бўлса, ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилса, қонуний манфаатларига путур етказилаётганини тилга олса, у ҳолда унинг бўйнига “қонунбузар” тамғаси осилади ва чегарадан ўтишдан масуво бўлади. Шу тариқа қонун оддий халқ томонидан эмас, балки “қонун посбонлари” томонидан бузилади. Бу эса ҳар қадамда оддий халқнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлаётганидан далолатдир.

Ҳукуматимиз мазкур қонун орқали халқаро ўтказиб юбориш чегара пунктларида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг паспорт назоратидан ўтиш тартиб-қоидасини соддалаштириш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишни таъминлаш каби эзгу ишларни ўз олдига мақсад қилиб қўйган экан, биз бундан фақат қувонишимиз керак. Чунки бу каби мақсадлар том маънода замонавий халқаро стандарт ва талабларга тўлиқ жавоб беради. Агар қонунда белгиланган чора-тадбирлар амалиётга жорий этилса, у ҳолда чегара хатлаб ўтувчиларнинг қишнинг қаҳратон совуқлари-ю ёзнинг жазирама иссиқларида турнақатор навбат кутиб туришларига, уларнинг ҳар хил сунъий сабаблар туфайли, жумладан, жамоа-жамоа бўлиб ишга кетаётганлар эвазига азият чекишларига чек қўйилса керак. Чунки бошқа давлатга жамоа бўлиб иш излаб кетаётганлар (асосан ёшлар)дан, гарчи улар ҳужжатларида чегарадан ўтишга монелик қиладиган ҳеч қандай камчиликлар бўлмаса-да, чегарачилардан тайинланган масъул шахс улардан олдиндан мажбурий турда мўмай пул ва паспортларини йиғиб олишади, “ичкарида” иш битгандан кейин навбат кутиб турган омма олдида уларни ҳеч қандай навбатсиз асосий назорат постидан олиб ўтади ҳамда юртимиз сарҳадидан ўтгач 10, 15, 20 нафар киши паспортларини улар орасидаги бир кишига, яъни жавобгар шахсга топшириб, ҳеч нарса билмаган ва ҳеч нарса кўрмагандек ишига шўнғиб кетади. Жамоага жавобгар шахснинг одам савдоси билан шуғулланаётган шахс бўлиши эҳтимоли чегарачиларни заррача қизиқтирмайди…

Ҳар не бўлган тақдирда ҳам Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга чиқиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда қабул қилинаётган бошқа қарорлардек халқпарвар, инсонпарвар қарордир. Агар мазкур қарор қоғозларда қолиб кетмаса, амалиётга кўнгилдагидек даражада тадбиқ этилса, у ҳолда юртимиз шаънига шаън, нуфузига нуфуз қўшилиши, шубҳасиз. Зеро, ҳар қандай чегара пости миллату халқнинг асосий кўзгуси ҳисобланади. Асосий дарвозамиз орқали юртимизга ташриф буюрган меҳмонлар бизни ўзимизнинг ана шу кўзгумиз орқали томоша қилади ва шу асосда маданий, маънавий, руҳий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа жиҳатларимизга баҳо беради. Кўзгумиз тиниқ бўлса   барча инсонлар қалбига хушнудлик бағишлайди, хира бўлса бебурдлик. Ахир дунёга ўзимизнинг яхши томонларимизни намоён этганимизга нима етсин!

Асил ЭЛЎҒЛИ         

http://mulkdor.com/news/чегараларимиз-кўзгумиз-уни-шаффоф-ас/

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares