Газ идорасини танқид қилманг, тавон тўлайсиз!

Газ идорасини танқид қилманг, тавон тўлайсиз!Нима қилсангиз қилингу, қаронғи қиш қахратонида милтираб турган газимдан ҳам мосуво бўлиб, савуқ қотиб ўлмай десангиз, зинҳор ба зинҳор Учтепа туман газлаштириш идораси ҳақида танқидий фикир билдира кўрманг, нақд тинкангизни қуритишади.

Нега дейсизми?

 

Гап шундаки, “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг Ахборот Маркази birdamlik.info сайтининг шу йилнинг 7 феврал  кунги саҳифасида   эълон қилинган “Совуқ ҳатто пойтахт аҳолисининг ҳам силласини қуритди….”  (http://www.wdscode.guru/birdamlik/blog/2014/02/07/) сарлавҳали хабарда пойтахт Тошкнетнинг Учтепа туман  Газлаштириш идорасига “тил теккизилган” эди. Янаям аниқроғи, Учтепа туманининг айрим ҳудудларда, жумладан, Ал Хоризмий мавзесининг 30-даҳасида табиий газ кескин пасайиб кетганлиги ҳақида гап борганди.

Во ажаб, Учтепа туман газлаштириш идорасининг ходимлари бунчалар тезкор бўлишмаса!

Негаки, дейлик, “Совуқ ҳатто пойтахт аҳолисининг ҳам силласини қуритди….”  номли хабар 6 февралдан 7 февралга ўтар кечаси ярим тунда сайт юзини кўрган бўлса, Учтепа туман Газлаштириш идораси ходимлари қасд олишни кўпам узоққа чўзиб ўтиришган эмас.

Очиғи, Тошкент шаҳар газ идорасидагиларнинг тезкор ва “топқирлиги”га қойил қолиш керак!

Вой, шаввозлар-ей, бу ГАЗчилар birdamlik.info сайти айнан “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг Ахборот Маркази эканлигини-ю,  “Бирдамлик”нинг Ўзбекистон бўлими офиси айнан Учтепа туманига қарашли Ал Хоразимий мавзеси, 31- даҳада жойлашганлигини қаердан бу қадар аниқ ва тиниқ билишади,  шунисига лол қоласан киши!

7 феврал куни соат 17.30 ларда офис эшиги “жиринглади”. Эшикни очсам, оғир “хўржун”ини елкасига илган ёшгина бир йигит турибди. У ўзини “Учтепа туман газлаштириш идорасиданман” деб таништирди. “Опа, бизда “рейд” ўтказилмоқда. Газингиз жойидами? Кўриб қўйсак бўладими?” деди-да, ўзбекона мулозамат кутиб ўтирмасдан,  у ўзини ичкарига урди. Кўча совуқ, чақаман дейди, устига-устак соат 18.00 ларга яқин Тошкентда кеч тушиб, қош қорайиб қолган, ҳаво ҳарорати янада совуган бўлади. Шу боис ҳам совуққотган ходим таклифсиз ўзини ичкарига олган бўлса ҳам ажабмас.

Хуллас, манзиратсиз остонага қадам қўйган газ идораси вакилини ошхонага бошладим. У газ плитасини кўздан кечираркан, “Э-я, кеннайи, газга шланг ўрнатган экансизлар-у?! Бу мумкинмас! Ҳиммм, энди газингизни узишга мажбурман. Шланг улаш мумкинмас, труба ёрдамида уланиши керак, тушунарлими?” деганча, “Ҳай-ҳай”лашимга қарамасдан, бир зумда газ плитасини трубадан “жудо” қилди – газни “кесиб” қўйди. Яна камига газга уланган шлангни ҳам э йўқ, бе йўқ, гапу сўзсиз қачон “ола хўржин”ига солиб олган, бунисидан ҳам бехабарман.

Учтепа туман газлаштириш идорасининг ходими табиий газимни “узиб қўйгач”, бир зумда АКТ  – “Газдан ўчириш ҳақида ҳужжат” – далолатнома тузиб, имзолади. Далолатнома орқасига исми ва тел рақамини қайд қилишниям унутган эмас.  “Эртага шанба – ярим кунлик иш куни, эртароқ, соат 10.00 дан кечикмай зудлик билан идорага бориб, менга учрашинг” деди.

Далолатномага кўз югуртирдим, ходимнинг исм-шарифи : “Мансуров А.” экан. У қолдираётган “ҳужжат”нинг орқасига қарадим: “2-қават, 13-хона… Тел: 601-07-05. Азиз”

 

“Азизбек, қаранг, отоплениеларга қўл қўйсангиз, кафтингизни ҳам илитмайди. Хоналар жудаям совуқ. Шундай совуқда лоақал чой ичмаслик мумкинмас-ов. Бош Вазир Мирзиёев нима деганидан хабарингиз борми? Улар “Бирорта одамни совуқдан қотиб ўлди!” деган гапни эшитмай!” деганлар. Нима, сиз Мирзаёвга қаршимисиз? Бизни совуққоттириб ўлдирмоқчимисиз, нима бало? Шунай       совуқда газни ўчириб қўйганингиз нимаси? Шусиз ҳам огоҳлантирдингиз, бўлди. Душанбагача газга труба улатаман, одатда, бир-икки бор “огоҳлантириш” бериларди-ю? Ташқарига қаранг, қорнинг қалинлиги нақд бўғзингизга келади-ку, шу совуқдаям газ ходими газни узиб қўядими? Халқда қасдингиз борми, ё ҳукматдами?” дедим ҳазиломуз.

Азизбек менга қош қоқиб “Закон есть, закон” деб қўйди-да, чиқиб кетди.

У кетгачгина, қиммат-қиронга олган шлангимни олиб кетганини пайқаб қолдим-да, (очиғи, қайта улатиб қўймоқчи эдим) дарров у қолдирган рақамга қўнғироқ қилдим: “Азизбек, сиз қанақанги ходимсиз? Фуқаронинг хонадонидан моддий қийматга эга бўлган буюмни ҳеч бир гап йўқ, сўз йўқ, индамасдан, уй соҳибига маълум қилмасдан, кўтариб кетаверасизми? Мен “мана шундай сўммали, мана шунақанги шлангни “мусодара қилдим” деб далолатнома тузмасдан олиб кетаверасизми? Ахоротингиз учун бизнинг газ плитага уланган шланг энг “олий нави” эди, шуни биласизми?  Тезда шлангни қайтаринг, акс ҳолда устингиздан раҳбарингизга арз қиламан” дея пўписа ҳам қилиб қўйдим. “Шлангни эртага оласиз” деди ходим Мансуров.

Эртаси куни Азизбек айтган соатда Учтепа туман Газлаштириш идорасида бўлдим.

Мени Учтепа туман Газлаштириш идорасидаги эшиклардан бирига   “Бош муҳандиси Б. Исроилов” деган ёзув битилган хонага киритишди.

Афтидан, бош муҳандис мендан “Тушунтириш хати” ёзиб беришимни талаб қилди.

Ёздим. Кейин ходимлардан бири “Сизга жарима қўллашга мажбурмиз. Ҳозир, сиз бизга охирги тўлов квитанциянгизни берсангиз, сизга жарима сўммасини ёзиб берамиз, тўлаб қўясиз. Кейин эса газингизга труба улаб, суратини келтирасиз. Шу билан олам гулистон, бор муаммодан қутиласиз-қўясиз” деди хушмуомилалик билан.

“Бирдан жаримами? Биринчи мартага огоҳлантириш берилмайдими?” сўрадим ҳайратланиб.

“Опа-ааа?” деди мулойим ходим норози оҳангда  чўзиииб, “ Жарима аслида 360 000 сўм. Биз сизга бор йўғи 96 000 сўм жарима солаяпмиз, холос. Шукур денг”.

“Шукур, шукур” дедим шошилиб. Негаки, хушмуомила ходим бу рақамларни бекорга таъкидлаб айтган эмас, булар билан камгина тортишадиган бўлсангиз, 96 000 сўм рақамлари ўрнига 360 000 деган ёзувни битиб қўйишлари ҳам ҳеч гап эмас-да! Шу керакми менга?!

“Мана, мана шуни тўлаб, тўлов қоғозингизнинг нусхасини ва газингизнинг труба уланган ҳолатинининг расмини келтириб, кўрсатасиз, келишдикми?” деди газ идорасининг ўзини таништирмаган ходими.

Улар билан “келишмай” ҳам кўрингчи, бутун қиш газсиз қўйиш ҳам қўлларидан келади-да.  Ахир, ҳозир уларнинг оёғи узангида пайти бўлса!….

Идорадан чиқиб кетаётиб, офис газини “кесиб кетган” Мансуровга “Шлангимни бермайсизми, ҳали 6 ой ҳам ишлатмагандик, яп-янги эди” дея қилган “хархаша”мга Азизбекдан “Кеннайи, олдин газ плитангизга труба ўрнатинг, бизга уратини клетириб кўрсатинг, кейин оласиз шлангингизни” деган жавоб олдим. Барибир, бермади-я, номард….

Мен ҳам “Капитан Колумбо” сериалидаги эски чакмонини қўймайдиган полициячига ўхшайман ўзи. Газлаштириш идораси ходими газимизни узиб кетганидан кейин, кўнглимга шубҳа оралади:

“Кеча сайтда чиққан танқидий хабар учун ўч олишди” деган гумонда, “дом”даги ўзимга таниш “қўни-қўшни”ларнинг эшикларини қўнғироқ тугмасини босиб кўрдим. Ана-айтмадимми!

Не кўз билан кўрайки, аксарият танишларимнинг хонадонида бизнинг офисдагидақа Туркияда ишлаб чиқарилган газ плитаси ўрнатилган. Барча хонадонлардаги ана шундай газ плиталари ярим метрдан узунроқ, 1 метрдан камроқ махсус газ учун мослаштирилган шланг кўмагида  газга улаб қўйилганди.  Қаранг-а,  қарйиб Тошкентдаги аксарият аҳоли Туркияда ишлаб чиқарилган газ плиталарини шланг орқали газга улашган, бироқ улардан бирортасини ҳам газларини “кесиб кетишмаган” экан! Фақат “Бирдамлик” офисидан бошқа бирорта банданинг гази  узиб қўйилмаган!!!

Буни қандай тушиниш мумкин?!

Ҳа, майли, бунисини қўя туринг, ана энди, энг қизиғини эшитинг:

Мен газ идораси ходими ёзиб берган “жарима”ни тўлаб, тўлов қоғозини олгач,  газ истеъмоли учун тўланган ўзга тўлов қоғозлар билан солиштириб кўрдим.

Тўғри, мен “бош бухгалтер” ва ё “иқтисодчи” эмасман. Болалигимдан математикага хушим келмайди. Ҳисоб-китоб ишларига, узундан-узоқ ҳисоб рақамларига тоқатим йўқ.  Лекин, менинг билишимча, Газлаштириш идораларида “Газ истеъмоли” учун мутлақо бошқа бир ҳисоб рақами, газдан тотўғри фойдаланганлик учун қўлланилган жарима учун алоҳида ўзга бир ҳисоб рақами мавжуд бўлиши керак, шундай эмасми?

Уйга келиб, нафасимни ростлаб, тўлов қоғозларининг ҳисоб рақамларини солиштириб кўрсам, буни қарангки, Учтепа туман газ идораси ходимлари 96.000 сўмлик “жарима” “квитанцияси”ни ҳам “газ истеъмоли” учун тўланадиган “ҲИБОБ РАҚАМИ” га ёзиб беришган экан. Ажабо, мен эса  бир пайтнинг, бир дақиқанинг ўзида бира-йўла газ идорасининг айнан битта ҳисоб рақамига иккита тўлов қоғози орқали тўловни амалга оширибман: (Тошкентшаҳаргаз филиали. Р/с: 22604000804551104092).

8 феврал куни кун бўйи лайлак қор тўхтамади. Қорли бўрон туриб, кўз очишга қўймади. Шундай об-ҳавода – шанба бўлишига қарамасдан – қайдасан Учтепа туман газ идораси, қайдасан банк деб совуққотиб юрганларим қаерда қолди?

Нега шундай? Нега энди ҳисоб рақамлари бир хил?

Наҳотки, Тошкентшаҳаргаз филалидаги газ истеъмолига ва жаримага тўланадиган ҳисоб рақамлари битта бўлса?

Учтепа туман газлаштириш идораси ходимлари бу билан кимни масхара қилишмоқчи бўлишди? Ва нима учун?  Бунингдек масхарабозликнинг сабаби “Бирдамлик” сайтида чиққан танқидий хабар эмасмиди, мабодо? Ёхуд, бу шунчаки тасодиф эди дейсизми?

Йў-ўўўўқ. Назаримда, Гулнора Каримованинг «Интернет тизимини 30 мингдан ортиқ одам назорат қилиб боради» деган гапида жон бор, шекилли-да…

 

Қиссадан ҳисса шуки, Учтепа туман газлаштириш идораси ходимлари қандай камчиликка йўл қўйишмасин, уларнинг мушугини “пишт” деманг, танқид қилманг, нақд тинкангизни қуритишади!

 

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси

Газ идорасини танқид қилманг, тавон тўлайсиз!5

Газ идорасини танқид қилманг, тавон тўлайсиз!1 Газ идорасини танқид қилманг, тавон тўлайсиз!2 Газ идорасини танқид қилманг, тавон тўлайсиз!3 Газ идорасини танқид қилманг, тавон тўлайсиз!4

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares