Аттанг, аттанг, қахратон қишнинг совуқ нафаси ҳатто Ўзбекистон пойтахти Тошкентдаги кўпқаватли уйларда ҳам уфириб қолди.
Аксига олиб, қиш ҳам қасдлашгандан қасдлашмоқда – бугун, 7 феврал куни тунги соат 22.00 ларга яқин яна саховатли само майда-майда қорчаларини “совға” сифатида соча бошлади….
Не ажабки, ҳавонинг кескин совуши оқибатида ҳатто пойтахтда ҳам табиий газ кескин пасайиб кетди.
– Айниқса, кундуз кунлари табиий газ деярли йўқ ҳисоби: милтиллаб турибди, холос. Мана, бугун бир чойнаккина чойни газда қайнатиб олиш учун нақд 6 соат кутишимга тўғри келди, – дейди Ал Хоразимий мавзеси, 30-даҳа 14-уйда истиқомат қилувчи Зулхумор опа.
– Газни иқтисод қилиш илинжида ўзлари атай кам беришмоқда. Нимагаки, поллар бетон, уй деворлари бетон, жудаям совуқ. Иситиш тизимлари – отоплениелар яхши қиздирилмайди. Қўл теккизсангиз, совуқдан бармоқларингиз отоплениега ёпишиб қовотти-ю. Бу аҳволда бетон ўйлар гўрда исисинми?, – гапга қўшилади Зулхумор опанинг қўшниси, – Отоплениелар хонадонларимизни иситишга қурби етмаганлиги учун ҳам аҳоли табиий газни ёқиб, жон сақлашга мажбур бўлишмоқда. Газни куну-тун ёқиб қўйиш ҳам хавфли, ўчиб қолиши бор, ахир. Лекин мажбурликдан одамлар нималар қилишмайди. Негаки, ҳар бир оилада ёш болалилар бор… ЖЕКдагилар эса мажбурий тўловларни йиғиб, ўз чўнтагига уришдан ўзгасига ярамайди. Аҳоли уззу кун табиий газни ёқишга мажбур бўлганлиги сабабли ҳам, тежаш мақсадида атай газни ўзлари тортиб – милтиратиб қўйишди. Гапнинг дангали, уйимиздан кўча бироз илиқроқ. Нимагаги, кўчада йилт этсаям қуёш бор. Уйларимизнинг ости-ю усти, тўрт томони бетон – шунақанги совуқки, тунларини қўя туринг, ҳатто кундуз кунлари ҳам қалин кўрпаларга ўраниб ўтиришга мажбур бўлаяпмиз.
– Эййй, нимасини айтасиз? Яна бу йил “Соғлом бола йили” эмиш. Бу аҳволда гўдаклар саломат улғайиши мумкинми? Аслида “Бемор бола” деб қўйишса дурустроқ бўларди, – дейди Нилуфар норози оҳангда.
Ҳали бу биргина мавзеда бўлаётган ҳангома. Очиғи, пойтахтнинг Сирғали, Чилонзор, Учтепа каби туман ҳудудларида ҳам худди шунингдек кўнгилсиз гаплар ва ҳолатларнинг гувоҳи бўлишингиз мумкин.
Мухтасар қилиб айтганда, қишнинг қаро совуғи ҳатто Тошкент шаҳар аҳолисини ҳам сил қилмоқда. Ростиям шу-да. Бунингдек изғиринли, аёзли кунларда, музлатгични эслатувчи бетон уйларда ўпкасини совуққа олдирган одамлар сил бўлмай нима ҳам бўларди?!
Хабарни ОРЗИГУЛ тайёрлади



