Ўғригина болам-а!

Ўғригина болам-а!

Вой судья бўлмай ўлгур болам-а!.. Пулни кучи билан ўқиган экансан-да, а?! Билиминг чатоқ-ку?! Ё судъяликка ўқиш даврингда  домиллаларингга сарфлаган пулларингни чиқариб олай, деганмидинг?

         Мен не дейману, қобизим не дейди, деганларидай, сенга “она-болалик фактимни белгилаб бер” деб даъво қисам, сен саводсиз “уй-жойдан кўчириш иши”ни кўриб чиқибсан-ку, а?!

        Мен фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судига мурожаат қилиб,    Ўз.Р. ФПКнинг 274 ва 283-моддалари тартибида юридик аҳамиятга эга бўлган фактни белгилаш хусусида даъво қилганман.

                  Мен, 1930 йилнинг 17 декабрида Андижон тумани, Пахтаобод қишлоғида туғилганман. Онам Тохирова Қундузхон бўлган, отам Содиқов Тохир бўлган. Мен онамнинг яккаю ёлғиз фарзанди бўлганман. Мендан бошқа фарзанд бўлмаган.

         Менга туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома берилганида, Содиқова Адашхон деб ёзилган. Онамнинг исми-фамилияси ҳам Омонбоева Қундузхон деб ёзилган. Бу тўғри ёзилган бўлиб, аммо онамнинг паспорти  бизга маълум бўлмаган қандайдир сабаблар билан янглишилиб, хатога йўл қўйилган ва Тохирова Қундузхон тарзида ёзилиб қолган. Онам Омонбоева (Тохирова) Қундузхон 1987 йил 7 декабрида вафот этган. Унинг фамилиясидаги икки хилликни бугунга  келиб тузатиш учун тегишли ташкилотлар мавжуд эмас.

         Омонбоева Қундузхон ва Тохирова Қундузхон аслида битта шахс бўлиб, бу исм-фамилияларда бошқа ҳеч ким бўлган эмас.  Буни мен мавжуд бўлган юридик аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлар: Андижон тумани, Хакан қишлоқ, Зангибоббо маҳалла фуқаролар йиғини далолатномаси; маҳаллада онамни яхши таниган-билган фуқароларнинг тушунтириш хатлари, туғилганлик гувоҳномам, ФИБ Андижон туманлараро судининг 2011 йил 24 август кунги ҳал қилув қарорининг баённомасидаги гувоҳларнинг гувоҳлик кўрсатмаларида ҳам менинг Оманбаева Қундузхоннинг ва айни пайтда Тохирова Қундузхоннинг қизи эканим исботланган. Ҳар икки фамилиядаги шахс бир киши – Омонбоева Қундузхон эканлигини баён этишган. Мен суддан ана шу юридик аҳамиятга эга бўлган фактни белгилашини сўраганман.

         Айнан шу даъво предметига нисбатан чиқарилган ФИБ Андижон туманлараро судининг 24.08.2011 йил кунги ҳал қилув қарорини бекор қилиниб, ФИБ Андижон туманлараро судининг кассация ҳайъати  01.08.2013 йилдаги ажрими билан қайта кўрилиши учун юборилган. Бунга Андижон шаҳар прокурорининг келтирган №14-13 сонли протести асос бўлган. Мазкур даъво юзасидан ишни 2013 йил сентябр ойида №3306 сонли   хат (ажрими) билан ФИБ Андижон туманлараро судининг судъяси Н.Н.Шамсидинов ўз иш юритувига қабул қилиб олганлигини маълум қилган ва 2013 йилнинг 18 август кунги соат 16-00 га (бир ой орқага қайтиб, яъни эртаклардагидай-ўтмишга қайтиб, сентябрда эмас, балки августда) ишни кўриш тайинлангани ҳақида тарафларга хабарномалар юборган. Ана шундан буён то “адашиб кетиб”  2014 йил 15 январ кунги ҳал қилув қарорини чиқаргунга қадар сарсон-саргардон этиб ишни кўриб чиқмай келган.

         Фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди судъяси Н.Н.Шамсиддинов даъво предметидан четга чиқиб, менинг айнан шу даъвоимга нисбатан “ФИБ  Андижон туманлараро суди иш юритувига таалуқли эмас” деган важ билан даъво аризамни кўрмасдан қолдирган. Бу билан  Ўз.Р. ФПКнинг 147-моддаси талабига зид иш тутган: Иш бир суддан бошқасига суднинг ажримига асосан, бу ажрим устидан шикоят бериш ёки унга нисбатан протест келтириш муддати ўтганидан кейин, шикоят берилган ёки протест келтирилган тақдирда эса, шикоятни ёки протестни қаноатлантирмай қолдириш ҳақида ажрим чиқарилганидан кейин ўтказилади.

                Мутлақо бошқа судья М.Ш.Юлдашева томонидан кўрилаётган айни бир даъво предмети ва айнан бир хил тарафлар иштирокидаги суд ишига ҳал қилув қарори чиқаргани эса кишини ханг-манг қилиб қўяди. Ахир Н.Шамсидиновнинг иш юритувида бундай даъво талаби, яъни “Уй-жойдан кўчириш ва киритиб қўйиш” бўйича ариза мавжуд эмас! Айни бир даъво предмети, айни бир хил тарафлар ва айнан бир низо юзасидан иккита судья мустақил равишда иш кўриб, бир ойнинг ичида икки хил ҳал қилув қарори чиқариши бутун дунёни лол қолдирадиган кашфиёт деб баҳолайман! Бу кашфиётни бутунжаҳон ҳуқуқ институтларига расман эълон қилиб, тажрибасини “кенг ёйиш”  лозим деб ҳисоблайман! Қарангки, айни бир даъво предмети, айни бир тарафлар ва битта низо объекти бўйича айни бир инстанция судининг икки судъяси икки хил тўхтамга келган. Қойил қолиш керак! Инсоният тарихида бунақаси бўлмаган, деб ўйлайман!

           Судъя М.Ш.Юлдашеванинг 8 январ 2014 йил кунги ҳал қилув қарори билан бизни уйга киритиб қўйиш ҳақидаги даъвоимиз қаноатлантирилиб,  Ўзбекистон Республикаси Олий Судининг ҳал қилув қарорида Солижон Мамадалиев, Шерзод Мамадалиев ва бошқаларнинг уй-жойдан мажбурий кўчириш хусусидаги чиқарилган ҳал қилув қарори ўз кучида эканлигини важ келтириб, даъвонинг айнан шу қисмини хатто суд баённомасида кўрсатмай четлаб ўтган. Ваҳоланки, мен Ўз.Р. Олий суд қарорларини бажаришда суд ижрочилари томонидан сансалорликка йўл қўйганлиги оқибатида,  уй-жойдан мажбурий кўчирилган жавобгарларим яна менинг мулкимга  кириб олганликларини, бунга суд ижрочиларининг нохолислик билан ўз мулкимни тасарруф қилишимга йўл қўймасдан муҳрлаб қўйиш, жавобгарларим билан жиноий тил бириктириб, “Ижро бир марта амалга оширилади. Яна кириб олаверасиз” дея,  С.Мамадалиевнинг “рағбат”и эвазига  берган жиноий маслаҳатлари сабаб бўлганлигини кўрсатганман. Суд хусусий ажрим чиқариши ва уларнинг жиноий ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилишини сўраб прокуратурага тақдимнома юбориши шарт бўлган.

            Судъя Н.Н.Шамсиддинов эса ўзининг 15 январ 2014 йил кунги ҳал қилув қарори билан атиги бир ҳафта муқаддам, 2014 йил 8 январ кунги ҳал қилув қарорига зид, яъни хатто Ўзбекистон Республикаси Олий Судининг 15 июл 2013 йил кунги ҳал қилув қарорини ҳам  “тепиб ташлаганлиги” диққатга сазавор бўлган. Биринчи иснтанциядан туриб, Олий Суднинг чиқарган ҳал қилув қарорини “бекор қилиб”  юборган судьянинг профессионал ҳуқуқшунослигига тан бериш лозим! Энг қизиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 15 июл 2013 йил кунги ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун айнан биринчи инстанция судининг, яъни ҳали кучга ҳам кирмаган ФИБ Андижон туманлараро судининг 2013 йил 3  октябр кунги ҳал қилув қарорини асос қилиб кўрсатган. Ваҳоланки, бу ҳал қилув қарори ҳуқуқий кучга кирмаган  менинг кассация тартибида берган шикоятимга кўра  кўриб чиқилаётган пайтда, яна Андижон шаҳар прокурори томонидан 29 январ, 2014 йил кунги 14-14 сонли “Кассация протести” ҳам киритилган.

               Қолаверса, суд Ўз.Р. ФПКнинг 92-моддаси талабига кўра, қуйидаги ҳолларда иш юртишни тўхтатиб туриши лозим бўлган:   4) фуқаровий, жиноий ёки маъмурий суд ишларини юритиш тартибида кўрилаётган бошқа иш ҳал қилинмасдан олдин кўришнинг имкони бўлмаса.

   Натижада, ҳали қонуний кучга кирмаган ва низолашилаётган  ФИБ Андижон туманлараро судининг 2013 йил 3 октябр кунги ҳал қилув қарорини суднинг тўхтамга келувини асослантиришда суд баёнига киритиб процессуал талабнинг бузилишига йўл қўйган. Шунингдек, атиги бир ҳафта олдин чиқарилган ФИБ Андижон туманлараро судининг 2014 йил 8 январ кунги ҳал қилув қарорига зид тўхтамга келган.

Бундай алкаш-чалкашликларнинг сабаби нима, десиз-ми?!  Пулда, болаларим, пул ўлсин! Юртимизда фуқаролик ишлари судларининг судъялари порахўрликдан ҳеч ўзларини тийиб олишолмаяпти. Бўмасам, мендай саксон иккига кирган кампирнинг дуосини олиб, 1987 йилда вафот этган онамнинг яккаю ягона фарзанди эканлигимни белгилаб бергин, деб судга ариза берсам, “уй-жойдан кўчириш ҳақидаги даъвоси рад қилинсин” деб ҳал қилув қарори чиқарармиди?! Жавобарим Мамадалиев Солижоннинг пулига қарабдию қўлидаги қоғозларнинг мазмунига қарамабди-я. Ҳа, ўғригина судья болам-а!!!

                                                               Адашхон Урайимова, Андижон вилоят,Хўжаобод тумани

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares