Ўғрини қароқчи урди!..

 

Ўғрини қароқчи урдиҚўқон шаҳрида яшовчи Валихонов Мансурхон Россия Федорациясида анча муддат ишлаб, топган даромадларини уйига жўнатиб турган ва дадаси Камолхон Валихонов тўплаб, унинг ўзига ҳовли-жой сотиб олиб бериш ниятида эди. Уйига қайтгач, унинг каттагина даромади борлигидан хабар топган Қўқон шаҳар прокуратураси қошидаги солиқ ва валютага  оид жиноятчилик билан шуғилланувчи куч ишлатар тизим ходимлари жиноий режа тузишган. Шаҳар ички ишлар ходимларини жалб қилган ҳолда, қандай бўлмасин Мансурхоннинг қўлларидаги Россиядан ишлаб топган пулларинининг ҳаммасини эгаллашга қасд қилишган. Бунинг учун махсус тайёрланган шахс орқали тинимсиз Мансурхон Валихоновга телефон қилдириб, доллор креаклигини, ўзбек пулини доллорга алмаштиришини илтимос қилаверган. Уларнинг ғаразли мақсадларини англамаган йигит унга бозорга боришини айтган ва ўша ерда майли, озгинасини алмаштириб беришига розилигини билдирган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари “ёлланган” шахсга айнан уйингда алмаштираман, деб туриб олишини тайинлашган. Бир кун аввал ҳовли-жой сотиб олиш учун маблағлари етмаётганлиги учун Камолхон Валихонов жияни, Россия Федорациясида ҳудди ўғли сингари ишлаб пул жамғарган Валихонова Мастурахондан қарз олган эди. Умумий қўшилган маблағлари 25000 АҚШ доллори бўлган ва бу пулларни уйда сақлашган. “Тадбир”ни ўйлаб топганлар ўз ишларининг ноқонуний эканлигини ҳис этганлар чоғи бунга Миллий Хавфсизлик Хизмати Қўқон шаҳар бўлимининг икки нафар ходимини ҳам жалб этишган. Аммо, биронта ҳуқуқ-тартибот идораларининг валламатлари ҳаёлига келмаганки, Валихонов Камолхон уйига бостириб киришлари лозим бўлиб қолса, тегишли тартибда   тинтув ўтказиш учун санкция керак бўлади. Нотаниш шахс келиб, дарвозалари олдида 400 АҚШ доллори миқдоридаги валютага ўзбек пули 1 104 000 сўмга  алмаштираётганида ушланган. Мазмун-моҳиятига кўра, жиноят шу жойда тугалланган. Ҳуқуқ-тартибот идораларининг ўндан ортиқ ходдимлари ишни шу ердаёқ расмийлаштириб, жиноят иши очишлари мумкин эди, агар Мансурхон Валихонов муқаддам худди шундай жиноят учун маъмурий жавобгар қилиниб, бир йил давомида такроран содир этаётгани аниқланса. Аммо, зудлик билан ҳовли-жойга бостириб киришиб, дарвозага қулф солиб Мансурхондан уй ичкарисидан  яна пулларини олиб чиқиб бермаса, оғир бўлишини айтиб қўрқитишган. Гап нимада эканлигини тушуниб етмаган, ҳуқуқий ҳимояси таъминланмаган йигит қўрққанидан 13 яшар синглисига уйдан пул олиб чиқиб беришини сўраган. Вояга етмаган, ўн уч яшарлик Валихонова Ҳадича уй ичкарисига кириб, 25000 АҚШ доллорини иштони ичига яшириб, сақлаб қолишга уринганида, ортидан пойлаб кирган “Тадбир”чилар уйни ичкарисидан қулфлаб олиб, уни ерга ётқизиб олиб, уриб-дўппослаб ва ички кийимлари ичларига қўлларини суқишиб доллорларни тортиб олишган.  Уларнинг ортидан  кириб қолган Мансурхоннинг иккиқат хотини, ётти ойлик ҳомиласи бўлган Олмосхон Валихонова улардан қайнсинглисини ажратиб олишга уринганида, унинг оғироёқлигига ҳам қарамасдан уни ҳам йиқитиб, тан жарохати етказишиб, уриб-дўппослашган. Қонун талабига кўра, аёл кишини тинтув қилиш учун фақатгина ўша жинсдан бўлган шахсгагина рухсат берилади. Вояга етмаган қизалоқнинг ички кийими ичига қўл тиқиб тинтув қилган ходимлар эса жинсий эркинлигига тажавузда айбланиши лозим эди. Маҳалла  фуқаролари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг маҳалладошлари уйини ичидан қулфлаб олганликларидан нохушликни тушуниб қолишган ва тўпланиб норозилик билан дарвозаларни очишларини талаб қилишган. Бир-иккитаси девордан ошиб ўтиб дарвозани очиб юборишгач, ёпирилиб кирган оломон улардан санкция талаб қилиб туриб олишган. Худди шу пайтда, МХХ Қўқон шаҳар бўлинмаси икки нафар ходими ишлари пачава эканлигини тушуниб қолишиб, силлиққина сирғалиб чиқиб қочиб кетиб юборишган. Бўлиб ўтган адолатсизликдан норози бўлган оила бошлиғи ўзининг уйда йўқлигида содир бўлган босқинчилик ва қизи, келинига нисбатан ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари жиноий қилмишларига жавобгарлик талаб қилиб ёзмаган идоралари қолмади. Президентдан тортиб вилоят прокуроригача  унинг аризаси бўйича ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари хатти-ҳаракатларида жиноий аломатлар борлиги таъкидланиб, такрор ва такрор айнан Қўқон шаҳар прокурорига  “чора кўриши”  сўралиб юборилаверган. Шаҳар прокурори жон-жаҳди билан жиноий ишни “Жиноят аломати йўқ!” деб ёпишга мажбур. Чунки МХХ ходимлари “аралашиб” қолган эмиш!  Ваҳоланки, уларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан ҳам Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ҳарбий прокуратураси текшириши лозимлиги, шаҳар прокурорининг “тиши ўтмаслиги”  ҳеч кимнинг ҳаёлига келмаган. Қўқон шаҳар жиноят ишлари бўйича суд Валихонов Мансурхонни ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилган. Энг шармандалиси, “тадбир”  вақтида аҳоли томонидан департамент ходимларининг қўлларидан тортиб олинган ва уй       ичкарисидасақлаб қолдирилган пуллар  10 000 АҚШ доллори бўлган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ноқонуний равишда, уй-жой дахлсизлигини бузиб, зўравонлик билан олиб чиқиб кетилган 15 000 АҚШ доллори миқдоридаги пулларнинг бор-йўғи 11 400  АҚШ доллори “мусодора учун” расмийлаштирилгани барчани ханг-манг қилиб қўйган. Хўш, қолган 3 600 АҚШ доллори қаёққа ғойиб бўлган?!!  Нимага “тадбир” иштирокчилари ҳақ бўлишса, уйдан 25000 АҚШ доллорининг ҳаммасини олиб чиқиб кетишолмаган ва маҳалладан ёпирилиб кирган фуқароларнинг тортиб олишларига ғинг дейиша олишмаган, санкция ва бошқа ҳужжатларини кўрсатиб “тушунтириш ишлари” олиб бориша олмаган?

      Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 177-моддасига кўра айблаш учун валюта қимматликларини қачонки ноқонуний сотиб олганликда, сотилганида ва алмаштирилганида жиноий қилмиш юзага келади. Бошқа тарзда олиш, масалан, сақлаш учун, қарзга, совға тариқасида ва вақтинча фойдаланиш учун олинганлик жиноят таркибини ташкил этмайди. Уйда сақланиб турган шахсий маблағларини мусодара қилишга ҳуқуқ-тартибот идораларининг мутлақо ҳақлари йўқ эди. Судъя эса буни адвокатлар томонидан тушунтирилиб, эътирозларини ҳуқуқий асослантириб борсалар ҳам пинак буза олмади. Ваҳоланки, судъянинг ҳам, бошқаларнинг ҳам қилмишлари одил судловга қарши жиноят ҳисобланади.

    Бўлиб ўтган судда Мансурхоннинг уйидан тортиб олинган пулларнинг ярми ўзиники эканлигини Валихонова Мастурахон исботлаб берган ва Россия Федорациясидан юборилган ўз пулларини банк “маълумотномаси” билан ҳуқуқий асослантириб берган. Босим остида қолган суд ҳақиқатдан кўз юмишга ва Ўзбекистонда судялар мустақил бўла олмасликларини исоботлашга мажбур бўлган. Уриштирув – тергов жараёнларидаги қилмишларнинг эса нақадар шармандали бўлганлигини тушунтириб ўтирмадик. Биргина мисолнинг ўзи етарли – гўёки Мансурхон Валихоновнинг ноқонуний валюта алмаштириш билан шуғилланаётганлиги ҳақида номидан “хабар” ёздириб олиган шахс наркоман ва муттасил эс-хуши ўзида бўлмаган алкаш бўлган. Бир хушига келганида, нималар ёзилгани ва нима учун ўзига имзо чектиришганига ҳанузгача тушунмаслигини жабрланувчи – Валихоновнинг оила аъзоларидан сўраб юрганига нима дейсиз?!   Хўш, ўғри ким, қароқчи-чи? Прокуратура  қошидаги “валютчиклар”-ми? Ёки уларни ҳам “тунаган”  қароқчилар-ми?

 

     Латиф  Ҳўқандий

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares