Ўзбекистон: Амалдаги ҳукумат каби қиш ҳам кишиларни қийнаб қўйди….

 

Ўзбекистон- Амалдаги ҳукумат каби қиш ҳам кишиларни қийнаб қўйди....2014 йилнинг қиши амалдаги ҳукуматга қўшилиб, табиий газ ва электр токи бўлмаган Ўзбекистон аҳолисини икки карра қийнашга бел боғлаган чоғи, бугун, 1 февраль куни кун бўйи кутилмаган қор ёғиб берди.

 

Айни дамда қорнинг қалинлиги тизза бўйи. Бироқ қор тинай демайди.

 

Натижада, совуқ ҳароратдан кўчалар музлаб, яхмалак тусини олди.

 

Кексаларнинг гувоҳлик беришларича, “1972 йилдан буён бунингдек қаттиқ қишни кўрмаган” Ўзбекистон аҳолиси ўтин ва кўмир йўқлигидан саросимада. Аксига олиб таппи ҳам камёб бўлиб қолган…

 

Яхмалак йўлда транспорт қатнови қийинлашган.

 

“Йўллар ёмонлиги сабабли 31 январ куниёқ водийда пойтахтга олиб ўтувчи давон беркитилган эди. Мана, 1 февралдан бошлаб Жиззах давони маҳкам бўлди. Республика миқиёсида автобуслар қатнови то 10 февралга қадар тўхтатиб қўйилди” дейди навоийлик автобус ҳайдовчиларидан бири.

 

Оқибатда вилоятларга элитадиган поезд чипталари қўлдан-қўлга тегмай, талаш бўлиб қолди. Чипталар нархида хиёл кўтарилиш сезилди. Янаям аниқроқ қилиб айтганда, олибсотарлар қўлига ўтиб кетган чипталарнинг баҳоси эса осмонга чиқиб кетди.

 

Айниқса, Сурхандарёдан то Тошкентгача бўлган қорли, яхмалак автомабил трассасида автоҳалокатлар сони кескин ўсиб кетди.

 

Шундай бўлишига қарамасдан, оиласини боқиш, рўзғорини тўкин қилиш илинжидаги такси ҳайдовчилари ҳаётларини хатарга қўйиб бўлса-да, ўз маршрут йўналишлари бўйича, йўловчиларни олиб, “шумахер”лик қилишмоқда.

 

“Ушовига қараб –тушови” деганларидек, илгари бир йўловчига 30-35 минг сўмни ташкил қилган Самарқанд-Тошкент йўналишининг таксикироси шу кеча кундузда 100-120 минг сўмга сакраб кетди.

 

Шунга қарамасдан иш юзасидан пойтахтга келиб-кетувчилар ҳисобига такси харидорлари сони сийраклашган эмас.

 

Бироқ, юқорида айтилган нарх-наво аксарият такси ҳайдовчиларига, аниқроғи яхмалак йўлда хиёл чалғиган ва эҳтиётсизликка йўл қўйган “шумахер”ларга ниҳоятда қимматга тушиши – ҳайдовчилар ҳаёт билан хайрлашишлари ҳам мумкин.

 

 

Ўзини таништирмаган Самарқанд вилоят ҳокимият вакилларидан бири “Ҳозиргина ҳокимиятнинг мажлисидан чиқдим. Вилоятда вафқулодда ҳолат. Самарқанда карантин эълон қилинди. Мактаб ва боғча биноларини истишнинг имкони йўқлиги сабаб, жамики ўқув ва тарбия масканлари 10 февралга қадар беркитилди  Ўқувчилар 10 кун давомида мактабга қатнамайдиган бўлишди.

 

Айни дамда Навоий вилоятида совуқ ҳаво ҳарорати -28 градусни, Самарқандда эса – 23-24 градусни кўрсатмоқда.

 

Бу вақтинчалик қўлланилган чора. 10 февралдан кейин вазиятга, ҳаво ҳароратига қараб иш кўрилади.” дея хабар берди.

 

“Камбағални туянинг устидаям ит қопади деганларидек, қишнинг қаттоллик қилишига нима дейсиз энди. Тўғриқхоналар музлаб ётибди. Уйларимиз Тундира тусини олган. Бу алфозда Ўзбекистон аҳолиси қишда кўп қурбонлик берадиганга ўхшайди” дея дийдиё қилади Марварид момом. 

 

“Совуқ баҳонасида бутун Самарқанд туманида икки кундирки электр чироғи бир лаҳза ҳам йилт этган эмас. Газ ва токнинг йўқлигидан аҳоли чарчаб кетди. Бу туришда яқинда Самарқанд туман аҳолиси ҳам катта трассани тўсишга мажбур бўллишади. Ҳокимият биносини вайрон этишади. Бу нима деган гап? Ичимлик суви йўқ, газ йўқ, свет йўқ, ўтин, кўмир йўқ. Яшашга шароит йўқ. Энди одамлар ҳам ўлиб кетиши, ҳукумат фуқаролари ҳам йўқлик қарига сингиб кетиши керакми?” дея оташин бўлмоқда нафақадаги ўқитувчи Рафиқ домла.

 

Бир сўз билан айтганда Ўзбекистонликларнинг паймонаси кун сайин тўлиб бормоқда.

 

Бу масалада амалдаги ҳукуматга қиличини қайраган қиш ҳам кўмаккка келмоқда.

 

Хабарни Орзигул ХУДОЁРОВА тайёрлади.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares