Ўзбекистоннинг қонун қозонида: “Мингта сизу биздан – битта жизубиз”нинг қази-қартаси қайнамоқда!

 

Сурхондарё вилоят прокурориСурхондарё вилоят прокурори жиноятни яширган туман прокурорини “бошини силаган”….

Ўтган йили Жарқўрғон туман прокуратураси томонидан Жарқўрғон туман Ҳудудида жойлашган “Довуттранс хизмати” мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилганди.

 Мазкур жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари Сардор исмли терговчи томонидан олиб борилди.

Буни қарангки, катталардан кимдир бу ишда ниманингдир бадбўй “ҳидини” сезиб қолди чамаси, мазкур жиноят иши юзасидан хизмат текшируви бошланиб кетди.

Табиийки, хизмат текширувига Сурхондарё вилоят прокуратураси бакавуллик қилди.

Провардида, Сурхондарё вилоят прокуратураси тергов бўлими томонидан ўтказилган хизмат текшируви хулосасига кўра “Довуттранс хизмати” мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иш бўйича расмийлаштирилган процеесуал имзолар Жарқўрғон туман прокурори Фарҳод Қурбонов томонидан қалбакилаштирилган деб топилди ва мазкур жиноий ҳаракат юзасидан Сурхондарё вилоят прокуратураси томонидан Жарқўрғон туман прокурори Ф. Қурбоновга нисбатан 2013 йил 1-май куни Ўз.Р.ЖКнинг 228-моддаси билан ҳолат бўйича № 17-13-16950- сонли жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракати олиб борилди.

Тергов жараёнида Жарқўрғон туман прокурори Фарҳод Қурбонов ўзининг ёзма кўргазмасида ҳақиқатдан ҳам “Довуттранс хизмати” мансабдор шахсларига тегишли жиноят ишини суддан ўзи чақиртириб олиб, жиноят ишини Жарқўрғон туман прокуратура иш юритувчиси ва жаоматчи  ёрдамчисига бериб, бир ойлик ҳарбий хизматни ўтаётган Сардор исмли терговчига олиб бориб, ушбу жиноят иши бўйича айрим шахсларни қисми тугатилганлиги ҳақидаги ўзгартирилган бир нечта қалбаки қарорларга имзо  қўйдириб келишликни буюрганлигига, қўйилган имзолар терговчининг имзолари эканлигига иқрорлик билдирган.

Лекин ушбу ҳолат бўйича сўроқ қилинган Жарқўрғон туман прокуратураси иш юритувчиси ва жамоатчи ёрдамчилари ўзларининг ёзма кўргазмаларида ушбу жиноят ишининг туман прокурори Фарҳод Қурбоновдан олмаганлигини, шунингдек, бир ойлик хизмат ўтаётган терговчи Сардорга олиб бориб, имзо қўйдиришмаганлигини, прокурор Ф. Қурбонов нотўғри кўргазма берганлигини таъкидлаганлар.

Шунингдек, терговчи Сардор (прокуратура соҳасининг сири шунчалар сирли ва мавҳумки, шу боис терговчи Сардорнинг шарифини аниқлашнинг имкони бўлмади)  ҳам ҳолат бўйича, яъни Ўз.Р.ЖКнинг 228-модда билан қўзғатилган жиноят иши бўйича ўзининг ёзма кўргазмасида ҳарбий хизматга чақирилгунга қадарли “Довуттранс хизмати” мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят ишини датслабки тергов ҳаракатларини тугатиб, айблов хулосасини туман прокурори Фарҳод Қурбоновга тасдиқлатгандан сўнг, жиноят ишини жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон туман судига топширганлигини, жамоатчи ёрдамчи ва иш юритувчилар ҳарбий хизмат ўтаётган даврида “Довуттранс хизмати” мансабдор шахсларига тегишли жиноят ишини унга олиб келмаганлигини, ўзгартирилган қалбаки қарорларга имзо қўймаганлигини баён қилган.

2013 йил 1 май куни вилоят прокурори томонидан Жарқўрғон туман прокурори Ф. Қурбоновга нисбатан жиноят ишларини қалбакилаштирганлиги ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилган бўлса-да, Ф. Қурбоновни вилоят прокурори Р. Эшмирзаев 2013 йил 1- майдан 20-май кунига қадар Жарқўрғон туман прокурори лавозимида қонунга зид равишда ишлатиб келган.

Янаям қизиғи, жиноятни ҳаспўшлаган туман прокурори жиноятни яширганлиги учун Сурхондарё вилоят прокурори Р. Эшмирзаев томонидан яхшигина “сийланган”. Яъниким, “Довуттранс хизмати” мансабдор шахсларига тегишли жиноят ишини суддан чақиртириб олиб, мазкур жиноят иши бўйича айрим мансабдор шахсларни қисми тугатилганлиги ҳақидаги қалбаки қарорларни “ижод” қилган прокурор Фарҳод Қурбоновнинг “кашфиётчилиги” Сурхондарё вилоят прокурори Эшмирзаевнинг эътирофига сазовор бўлган. Натижада, вилоят прокурори Ф. Қурбоновни ўзига хос тарзда “мукофотлаган” десак ҳам муболаға бўлмас.

“Жиноят ишларини қалбакилаштиришда устамон”  ас бўлиб кетган прокурор тез кунда, яъниким, 2013 йилнинг 20 май куни Сурхондарё вилоят прокурори Эшмирзаев жанобларининг истак-ҳоҳишлари, амру фармонлари ила Денов туман прокуратурасига ёрдамчи прокурор сифатида амалга тайинланган.

Сурхондарё вилоят прокуратураси томонидан Жарқўрғон туман прокурори Ф. Қурбоновга нисбатан 2013 йил 1-май куни Ўз.Р.ЖКнинг 228-моддаси билан ҳолат бўйича № 17-13-16950- сонли жиноят иши очилганлиги тез орада унут бўлди, аниқроғи, сирли сандиқчага солинди – кўз очиб юмгунча тарихга айланди.

Сизнингча, жиноятчи прокурорнинг “қахрамонга” айланиши ниманинг каромати? Ҳа, тўппа-тўғри топдингиз!: “Сиздан у гина – биздан бугина!”

Бошқачароқ қилиб айтадиган бўлсак: “Мингта сизу биздан – битта жизу-биз афзал”-да!

Не ажабки, Жарқўрғон уман прокурори жиноят содир қилса-да вилоят прокурори Р. Эшмирзаевга ўхшаганларнинг ёрдами билан ҳозирги кунгача прокуратура тизимида ишлаб келмоқда.

Албатта, уларнинг бу сингари ишлари юқорида таъкидлаганимиздек, қандайдир манфаатдорликлар эвазига бўлаётганлиги ҳеч кимга сир эмас!

Минг афсус,  бу сингари жиноятларни Ўзбекистонда ҳеч ким очмайди.

2013 йил 1 май кунидан 20 май кунига қадарли , яъни 20 кун, сал кам бир ой давомида ўнлаб тугатилган жиноят иши бўйича айблов хулосалари жиноят содир қилган ваколатсиз  прокурор Фарҳод Қурбоновнинг жимжимадор имзоси ила ноқонуний равишда тасдиқланиб, вилоят прокурори Р. Эшмирзаевнинг ёрдами билан судларга ўтказилмади дейсиз?!

Ҳатто вилоят прокурори Р. Эшмирзаевнинг топшириғи билан ноқонуний бўлса-да ғайриқонуний тарзда судларга ўтказилган жиноят ишларида айбланган ўнлаб фуқароларга нисбатан жазо тайинлаш ҳақида адолатсиз ҳукмлари чиқиб кетди, натижада, аксарият фуқаролар айбсиз айбдорларга айланиб қолдилар.

Бу фактлар бўйича вилоят ва Жарқўрғон туман прокуратураларидан 2013-йил 1 майдан то 20 май ҳолатлари бўйича чиқарилган жиноят ишлари олиб урганилса, албатта, ҳаммаси ўз  тасдиғини топишига, адолат юзага чиқишига ишончимиз комил.

Вилоят миқиёсида қунт билан текширилгудек бўлса, вилоят прокурори Р. Эшмирзаев томонидан ноқонуний тарзда қўзғатилган саноқсиз жиноят ишлари асосида кўплаб фуқаролар айбсиз жиноий жавобгарликка тортилганлигига ойдинлик киритилган бўларди.

Қани энди шундай бўлса…

Вилоятимизда содир этилаётган ноқонуний ишларни Республика прокуратурасининг айрим ходимлари билишсалар-да, “Қарға-қарғанинг қўзини чўқимайди” деган қабилида иш тутмоқдалар.

Бунинг оқибатида маъмурий орган ходимлари томонидан оддий фуқароларнинг ҳуқуқлари очиқчасига паймол қилинмоқда.

Ҳақ-ҳуқуқлари топталаётган фуқаролар қайси органдан ва кимдан нажот излашлари керак?

Хабарни Орзигул ХУДОЁРОВА тайёрлади.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares