АЙБСИЗ АЙБДОРЛАР СОНИ ОШМОҚДА

OLYMPUS DIGITAL CAMERA“Авлод-аждодлари ёки ўзлари ўтмишдаги фожеали воқеалар сабабли хорижга кетиб қолишга мажбур бўлган ўзбеклар ҳам бемалол республиканинг фуқароси бўлишлари керак. Ўзбекистон ҳудуди ўзбекларнинг миллий давлатчилиги бўлган бирдан-бир ҳудуд эканлигини эътиборга олиб, республика ўзбеклар қаерда яшамасин, уларнинг ҳаммаси учун маданий ва маънавий марказ бўлиб қолиши лозим”. Бу сўзлар шахсан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг юртимиз ўз мустақиллигини қўлга киритган дастлабки йилларида “Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли” деб номланган нутқида айтган сўзларидир. Каримовнинг ушбу сўзлари, ҳатто унинг 1992 йилда “Ўзбекистон” нашриётида чоп этилган шу номли асаридан ҳам жой олган.

Халқимизда “Айтилган сўз – отилган ўқ” деган пурмаъно нақл бор. Бу нақл замирида “ваъда вафоси билан гўзал” деган маъно мужассам топгандек, гўё. Айниқса, бундай сўзлар сизу биз каби оддий одамлар томонидан эмас, балки шахсан давлат раҳбари томонидан айтилганидан кейин у амалиётда, албатта, ижро этилиши керак. Бундай бўлмаган тақдирда, президент нуфузига путур етибгина қолмай, балки халқнинг унга нисбатан ишончи  йўқолади. Халқ президентнинг ҳар бир сўзларини, гарчи президент томонидан “мавриди келганда шунчаки айтдим-қўйдим” қабилида айтилган бўлса-да (диққат билан кузатсак, президентнинг жуда кўп сўзлари ана шундай қабилда айтилгандек гўё), зинҳор-базинҳор унутмайди, аксинча унинг ҳар бир сўзларини, берган ваъдаларини мушоҳада қилиб боради,  ижобий натижалар кутади.

Бугун Президент томонидан ушбу сўзларнинг айтилганига қарийб 22 йил бўлибди. Бироқ, бу сўзларга боғлиқ реал ҳаётда қандай ўзгаришлар рўй берди, яъни авлод-аждодлари ёки ўзлари ўтмишдаги фожеали воқеалар сабабли хорижга кетиб қолишга мажбур бўлган ўзбеклар республиканинг фуқароси бўла олдими?! Йўқ, асло бундай бўлгани йўқ, аксинча айрим сабабларга кўра хорижий давлатларда қолиб кетган, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан қувончлари еру осмонга сиғмай шошилинч равишда ўз юртига кўчиб келган “ажнабий” ўзбеклар ҳам юрт фуқароси бўла олмади. Бундан ташқари, Ўзбекистонга собиқ СССР таркибига кирувчи айрим давлатлардан 1988 йилдан кейин ўқиш, ишлаш, доимий яшаш мақсадида келиб, шу ерда муқим яшаб қолган ва бундан кейин ҳам яшаш истагини билдирган шахсларга, ҳатто ўзбек миллатига мансуб кишиларга ҳам Ўзбекистон фуқаролиги берилмади ва улар бугунги кунгача мамлакатда фуқаролиги йўқ шахс сифатида яшаб келмоқда. Ваҳоланки, қонун бўйича мамлакат ҳудудида доимий 5 йил яшаган ҳар қандай шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўла олиши керак. Бироқ айни кундаги фуқаролиги йўқ шахслар гарчи мамлакат ҳудудида 20 ва ундан кўп йилдан бери, яъни қонунда белгиланган 5 йил муддатнинг тўртта-бештасини босиб ўтган, яшаб келаётган бўлса-да, ҳамон фуқаролик ололмасдан сарсону саргардон. Энг ачинарлиси, 1992 ва ундан кейинги йилларда айнан Ўзбекистонда туғилган ва паспорт олиш ёшига етган, бироқ ота-оналари фуқаролиги йўқ шахс бўлган кишилар фарзандларига ҳам Ўзбекистон Республикаси фуқароси берилмаётир.

Норасмий маълумотлар бўйича, (мавзуга оид тегишли ташкилотдан статистик маълумот олишнинг уддасидан чиқа олмадик) айни пайтда Ўзбекистонда тахминан 600-700 мингга яқин фуқаролиги йўқ шахслар, яъни собиқ СССР фуқаролари истиқомат қилмоқда. Уларнинг 70-80 фоизи миллатига кўра ўзбеклардир. Гарчи СССРнинг парчаланганига қарийб 24 йил бўлса-да, Ўзбекистоннинг (Каримовнинг) ундан қолган фуқароларни сақлаб келиши сабаби ҳеч кимга тушунарли эмас. У ҳолда Каримовнинг “биз танлаган йўл ойдин йўл, орқага йўл йўқ! дея жар солишини қандай тушуниш мумкин? Каримов томонидан олиб борилаётган бундай сиёсат эса, нафақат фуқаролиги йўқ шахсларга, ҳатто кенг халқ оммасига, халқаро ҳамжамиятга ҳам ёқмаслиги шубҳасиз, аниқ.

Фуқаролиги йўқ шахслар, гарчанд қонун бўйича президент сайловида иштирок этишдан ташқари барча сайловларда қатнашиши, Ўзбекистон Республикаси фуқароси билан бир хил имтиёзларга эга бўлиши белгиланган бўлса-да, амалда бундай эмас. Улар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси, МХХ ва партия ташкилотлари ҳамда бошқа бир қатор ташкилот ва идораларда ишлаш ҳуқуқига эга эмас. Бундан ташқари фуқаролиги йўқ шахслар ҳар қандай ташкилотда раҳбар лавозимида ҳам ишлай олмайди. Бу эса уларни касб танлаш, ўзи танлаган касби бўйича карьерага эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилмоқда.

   Назаримизда, республикадаги қонун ҳужжатлари инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро меъёрлар ва стандартларга мувофиқ келмайди. Инсон ҳуқуқларига риоя этилиши устидан мониторинг ва назоратни таъминловчи идоравий тузилмалар тегишли равишда барпо этилмаган. Агар бундай камчиликларга барҳам берилса (бироқ назаримизда амалдаги ҳукмрон доира вакиллари, бундай ҳолатни камчилик деб ҳисобламайди) сон-саноқсиз кишилар ҳуқуқлари поймол бўлишига барҳам берилармиди. Фйбсиз айбдорлар сони камаярмиди?

Асил ЭЛЎҒЛИ   

http://mulkdor.com/news/айбсиз-айбдорлар-сони-ошмоқда/

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares