Россиялик миллиардер Алишер Усмонов Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг меросхўри бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни рад этган.![]()
У на Президент Каримов ва на унинг қизи Гулнора Каримова билан алоқаси йўқлигини айтган.
Усмоновнинг эътирофлари
«Гардиан» рўзномасида чоп этилган икки саҳифадан кўпроқ мақолага жаноб Усмоновнинг рўзнома билан электрон ёзишмалари ва «Гардиан» олиб борган журналистик тадқиқот асос қилиб олинган
![]()
Менинг Президент Каримов
ва унинг оиласидан бирон киши билан
ҳеч қандай муносабатим йўқ. Мен
ҳеч қачон Президент Каримовга
меросхўр бўлмайманАлишер Усмонов
Мақолада Британиядаги «Арсенал» футбол клубининнг қарийб чорак қисмини сотиб олган жаноб Усмонов ғарб матбуотида ўзига қарши илгари сурилган айбларга биринчи марта очиқ бир шаклда жавоб берган.
Жумладан, у ҳеч қачон зўрлаш айби билан маҳкум этилмагани ва шу йил бошларида ўлдириб кетилган россиялик журналист Иван Сафроновнинг ўлимига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтган.
Рўзноманинг ёзишича, асли ўзбекистонлик Усмонов, шунингдек, КГБ ва «ўзбек мафияси бошлиғи» деб таърифланган Ғафур Раҳимов билан алоқаси борлиги ҳақидаги иддаоларни ҳам рад этган.
«Қоронғу ўтмиш»
«54 ёшли Усмонов, – деб ёзади рўзнома, 80-йилларда давлат мулкини ўғирлаш ва фирибгарликда айбланиб, олти йил қамоқда ўтирган.
Россия матбуотида унинг зўрлаш айби билан маҳкум этилгани ҳам ёзилган ва ушбу иддаолар бундан ўн ҳафта муқаддам жаноб Усмонов «Арсенал» ҳиссаларини сотиб олиши ортидан бир қатор интернет саҳифаларида ҳам такрорланган.
«Гардиан» рўзномасига йўллаган электрон мактубида, жаноб Усмонов ўзининг айбсиз эканини айтган.
«Менга қарши барча айбловлар тўқиб чиқарилган эди. Истасангиз, мен сизга айблов хулосасининг нусҳасини беришим мумкин ва сиз менинг нимада айбланганимни кўрасиз, у ерда зўрлаш айби йўқ» деб ёзган жаноб Усмонов.
Алишер Усмоновнинг ҳимоячилари унга қарши айблар совет даврида ташкил этилгани ва жаноб Усмоновнинг Михаил Горбачев даврида тамоман оқланганини айтишган.
Аммо айбловлар юзасидан мустақил тадқиқот олиб борган «Гардиан» жаноб Усмоновнинг 2002-йил июлида, яъни Горбачев ҳокимиятдан кетганидан 9 йил ўтиб, Ўзбекистон Олий маҳкамаси томонидан оқланганини ўрганган.
Айни пайтда рўзнома миллиардерга нисбатан илгари сурилган «зўрлаш» ҳақидаги айбни тасдиқловчи бирон бир далил топилмаганини ёзади.
Ўзбек мафияси ва Каримов билан алоқалар
Жаноб Усмонов берган раддиянинг катта қисми Оврўпо парламентида янграган айбловларга жавобдир.
Парламентнинг британиялик аъзоси Том Вайз Алишер Усмоновнинг «бандит ва рэкетчи» деб даъво қилингани ва «Ўзбек мафияси бошлиғи ва гиёҳванд моддалар корчалони Ғафур Раҳимов» нинг ёрдами билан оқланганини айтган.
«Гардиан»нинг ёзишича, жаноб Усмонов Ғафур Раҳимовни 20 йилдан буён билиши ва ундан икки бор гиёҳванд савдосига алоқаси бор-йўқлиги ҳақида сўрагани, жаноб Раҳимов бу иддаолар асоссиз, деб айтганини билдирган.
«Мен уни ота-онамга қўшни бўлгани учун таниганман.У билан ҳеч қандай бизнес алоқаларим бўлмаган ва йўқ» деб айтган жаноб Усмонов.
Рўзномага кўра, сўнгги ҳафталарда Усмонов ўзи туғилиб ўсган ва дунёда инсон ҳуқуқлари энг кўп поймол этилаётган давлатлардан бири сифатида кўриладиган Ўзбекистондан ўзини узоқроқ тутишга ҳаракат қилмоқда.
«Гардиан»га йўллаган мактубида Алишер Усмонов Ўзбекистонда ҳеч қачон бизнес қилмагани ва Каримов билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтган.
«Менинг Президент Каримов билан ҳеч қандай муносабатим йўқ» деган жаноб Усмонов.
Ўтган йили Америкада чиқадиган «Форбс» журнали Алишер Усмоновни дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида 142- ўринга қўйган.www.BBCUzbek.com



