1974 йилда туғилган Эркин Мардонов Жиззах вилоятининг Ғалларол тумани Ғубдин ҚФЙ Бўстон қишлоғида истиқомат қилади.
Эркин ҳам олам-олам орзулар билан оила қурди, умр йўлдоши Мардонова Соҳиба билан не-не умидларда бир ёстиққа бош қўйди.
Турмушлари тотлигина кечаётганди. 3 нафар фарзандларини оқ ювиб, оқ тараб, эл корига ярайдиган инсонлар қилиб тарбиялаш илинжида тер тўкиб юришганди.
Иссиқ жоннинг истимаси бор дейишади.
Кутилмаганда рафиқаси Соҳибанинг киндигида қандайдир шиш пайдо бўлди.
Гарчи шиш кичик бўлса-да, Эркин турмуш ўртоғини ўз вақтида даволатишни ният қилганди.
Ана шу мақсадда у болаларининг онаси Соҳиба Мардоновани тажрибали шифокорларга кўрсатиш илинжида 2010 йил 29 ноябр куни Самарқанд вилоятига йўл олди.
Ўша куниёқ Соҳиба Самарқанд Давлат Тиббиёт институти қошидаги Республика шифохонасининг хирургия бўлими шифокорларига учрашди.
Бу пайтда Соҳиба Мардонова тажрибали жарроҳларнинг эмас, қассобларнинг қўлига тушгантдан мутлақо бехабар эди.
Сулайманов Салим, Сулханов Алишер Азимович, анестезиолог Бобоёров Шуҳрат, Жаббаров Бегмамат Тошмазович, Расулий Ориф Яхёвич каби оқ халатли қассоблар ҳеч гапдан ҳеч гап йўқ Соҳибани зудлик билан жарроҳлик столига ётқизишди.
Беморнинг умумий аҳволини назоратдан ўтказиш, қон, пешоб таҳлилларини олиш ва натижасини билиш шифокорларни қизақтирмади ҳам.
Бемор танасига тиғ теккизмасдан, аввалига дори-дармон билан даволашга ҳам уриниб кўришмади.
Операция қилиш шарт. Тамом-вассалом.
Ҳатто нега бу қадар шошилинч операцияга ётқизишганларининг сабаби ҳам на беморга ва на унинг қариндошларига изоҳлаб берилмади.
Самарқанд шаҳридаги Република шифохонаига ўз оёғи билан юриб борган Соҳиба Мардонова иштфокорларнинг жарроҳлик амалиётини ўтказишга розилик билдирганида ўз ихтиёри-ла тўрт мучасининг тугаллигидан воз кечаётганлигидан мутлақо хабарсиз эди.
Буни қарангки, анестезиолог Бегмамат Жаббаров Соҳиба Мардановага наркозни керагидан ортиқ бериб юборганлиги учун бемор аёл комага тушиб қолган.
Бу ҳам камлик қилганидек, операция жараёнида жарроҳлар Соҳибанинг нерв томирини кесиб қўйишган.
Хатоларидан чўчиб кетган шифокорлар қўрққанларидан жарроҳлик хонасидан қочиб чиқиб кетишгача ҳам боришган.
Нега?
Негаки, айнан ўша паллада юқорида номлари тилга олинган шифокорларнинг барчаси ширакайф бўлишган.
Операция давомида бемор С.Мардонованинг юраги уришдан тўхтаб колган.
Шифокорлар эса жарроҳлик амалиётини 15-20 дақиқалик “танаффус”дан сўнг яна давом этиришган.
Ширакайф шифокорлдар ўтказган “тажриба” Соҳибага ниҳоятда қиматга тушди.
Ўз касбига нолойиқ жарроҳларнинг лоқайдлиги туфайли оёғи билан шифо истаб касалхонага борган Мардонова бир умр тушакка михланиб – ногирон бўлиб қолди.
Эркин ҳали вояга етмаган фарзандларига қараб, кўзлари ёшга тўлади. Ҳали улар жуда ёш: болаларнинг энг каттаси 12 ёшда. Ўртанчиси эндигина 9 га кирди. Кенжатойлари 6 ёшга қадам қўймоқда.
Мурғак норасидаларнинг тушакка михланган оналарига термулиб ўтиришдан, қўлларидан кўз-ёш қилишдан бошқа юмуш келмайди.
– Болаларимнинг онасини ногирон қилиб қўйган шифокорлар Жаббаров Бегмамат ва Сулайманов Салимлар уйимга бир сетка пул кўтариб келишди. Мажбуран пулларни оёқларим остига ташлади. Мақсадлари, шу қоғозлар билан менинг оғзимни ёпмоқчи бўлишди. Даъвойимизни қайтариб олишимизни исташди. Бироқ биз уларнинг харом пулларига қайрилиб қарамадик. Негаки, мажруҳ бўлиб қолган аёлимга ачинаман. Одамнинг саломатлигини соққага алмаштириб бўлармиди? Соғлиққа нима етсин. Бу шифокорлар ўз касбига нолойиқ. Мақсадим, улар ўз вазифаларидан зудлик билан четлатилишлари шарт. Акс ҳолда ногиронлар сони яна ортиши, мен каби яна қайсидир оила қон қақшаб қолиши мумкин, – дейди Соҳибанинг умр йўлдоши Эркин Мардонов.
Даъвогар бемор пора сифатида тутқазилган пулларни олмагач, шифокорлар ноилож ортларига қайтишга мажбур бўлишди.
– Афтидан, ўша порани оладиган одам топилганга ўхшайди, – дейди ўкинч билан Эркин Мардонов,- негаки, соппа-соғ аёлга мастликда тиғ тортиб, мажруҳ қилиб қўйган шифокорлар айни кунда сувдан қуруқ чиқишди…
“Ўша воқеадан кейин Самарқанд шаҳар прокурори Элмурадов врачларга чора кўрмасдан амнистияга илдириб берган. Суд ҳам бу ҳақда қарорини чиқариб бўлган” дейди Эркин изтироб билан.
Бироқ Эркин Мардонов тушкунликка тушган эмас, адолат излаб, бир зум ҳам ариза ёзишдан тўхтамади.
Натижада, Ўзбекистон Республикаси
бош прокуратурасидан Э.А.Таджиев 12/768-2013 рақамли хатида мазкур иш Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан урганилиш даврида терговга қадар текширув жараёнида бир қатор камчиликларга йўл қўйилганлигини таъкидлаб ўтган ва суд қарорини бекор қилиб, 22.07.2013 йилда протест киритган.
Афсуски, Ўзбекистон Республикаси бош прокуратурасидан протест киритилган бўлса-да ҳамон қассоб шифокордарга нисбатан Самарқанд вилоят прокуратураси ҳеч қандай чора кўрмасдан келмоқда.
Эркин Мардонов 2013 йил 22 декабр куни Олий мажлис, бош прокуратура, президент И.Каримовга ариза ёзишга мажбур бўлди.
– Врач Жабборов Бегмамат “Қўлингдан нима ҳам келди? Ишимиздан бўшата олмадинг, қамата-олмадин-ку? Бизга деса президент Каримовга ёзмайсанми? Барибир барча уринишларинг самарасиз!” дея очиқдан-очиқ мени масхара қилди. Бу нарса нафсониятимга жуда оғир ботди. Ёзиш керак бўлса, Каримовга ҳам ёзаман дедим-да, арз қилдим, – дейди Эркин алам-ла.
Бир сўз билан айтганда, Эркин Мардонов қидираётган адолатнинг жамолини кўриш қийин бўлиб турибди, мастликда бемор бўғизлайдтган жарроҳлар эса кайфу-сафо қилиб юрибди!
Қонунчиларчи? Улар нимани кутишмоқда?
Салим, Сулханов, Шуҳрат, Бегмамат, Расулий каби жарроҳлар яна қайсидир бир беморни мажруҳ қилиб қўйишларини кутишаётган бўлишса керак, ҳой-наҳой….
Ўктам ПАРДАЕВ




