
Мен қишлоқда ўсган одамман.
Ҳамма қишлоқилар қатори елкаларим оғир меҳнатдан яғир, қўлларим кетмону ўроқ, болта дастасидан қавариб кетган. Кафтларимда ҳали-ҳамон қадоқ излари бор….
Эсимни танибманки, меҳнат, меҳнат бўлгандаям машаққатли меҳнат, кулфат, умр бўйи ғам-ташвиш ҳамроҳлик қилгани-қилган…
Қайдам, эҳтимол, эсимда қолганлари фақат шулардир – тортган азоб-уқибатларимдир балки, ким билсин?…
Бахтдан масрур кунларим хотирамдан фаромуш бўлгандир эҳтимол?…
Бироқ ҳозир гап менинг меҳнат-ла чақилган болалигим хусусида эмас….
Умр бўйи енгилнинг остида, оғирнинг устида эмас, аксинча, оғирнинг остида, енгилнинг устида умргузорлик қилганлигим учунми, билмадим, мени унча-мунча нарсалар, воқеа-ҳодисалар ҳайратга сололмайди…
Одатда, ҳаётдаги ҳар қандай воқелик, буюм ва ҳолатларга табиий жараёндек қарашга ва шундай қабул қилишга урганиб қолганман….
Балки, 2014 йилнинг 11 январь – офисда ўғирлик содир бўлган куни ярим тунда содир бўлган воқеага ҳам айнан ўша феълим сабаб, эътибор бермагандирман….
Мабодо, ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов “Бу ҳолат -Сизнинг ҳаётингизга тажовуз ҳам бўлиши мумкин. Бу ҳақда зудлик билан жамоатчиликни хабардор қилиб қўйишингиз зарур” демаганларида эди, ҳамон бефарқ ва беғам юрган бўлармидим….
Аслида, воқеа мана бунлдай бўлган эди:
Офисга ўғри тушиши муносабати билан балконнинг панжараси қўпорилди, дераза ойнаси чил-чил этилди, хуллас, бир одам бемалол сиғадиган туйнук очилди.
Бу нарса кишини хавотирга соларди, албатта.
Қолаверса, мазкур хонадаги жиҳозларнинг моддий жавобгарлиги менинг зиммамда бўлса…
Ҳарҳолда, офисимизни “яланғоч” қилиб кетишларини умуман истамаган бўлардим. Бунингдек кўргуликни ким ҳам хоҳларди дейсиз?!
Табиийки, балконнинг ўғри томонидан маҳорат-ла “ўпирилган” – кесилган панжарасини “ямаш”га ўша куни улгурмадик. Ўз навбатида, деразаларга ҳам ойна ўрнатилмади.
Бир сўз билан айтганда, хафвсизлик таъминланмади. Бу ҳолатлар хавфлилик даражасини оширарди, албатта.
Халқимизда бир гап бор-у: “Ўзингни эҳтиёт қил – қўшнингни ўғри тутма” дейишади…
“Ўғри битта – гумондор мингта” бўлмаслиги ва оқибатда, бор-будумиздан айрилиб, чапак чалиб қолмаслик учун ҳам офисга тунги қаровуллик қилишни ўз зимамга олдим.
Бу мен учун янгилик эмасди.
Офис ўзбекона жиҳозланганлиги сабабли ҳам, аксарият ҳолларда меҳмонларимни кўпинча шу ерда кутардим. Турли кечалар, тадбирлар уюштириб турардим…
Хуллас, 11 январь куни хизмат вазифам – қоровуллик фаолиятимга киришиш мақсадида Ал-Хоразмийда қолдим.
Кичик қизим вазифамни уддалашимда кўмакчи – тунда менга ҳамроҳлик қиладиган бўлди.
Қизим соат тунги 22.00 бўлмасдан уйқуга кетди.
Ҳайҳотдек хоналар сукунати ютаман дейди.
Ёз-чиз қилган киши бўлиб, тунда узоқ ўтирдим…
Гапнинг рости, биринчи қават, устига устак, куни кеча ўғри оралаган уй – балконининг панжараси “ўйилган”, ойналари “ўпирилиб” – тўйнук очилган хонадон қоронғулик қаърида – тунги зулмат оғушида шу қадар ваҳимали – қўрқинчли бўлади деб ҳечам тасаввур қилмагандим.
Ўғри балконнинг ошхона томонидан ўзига “эшик” очволиб, хонадонга ошхонадан “қадам ранжида” қилганди…
Шу сабабми, айнан ўша томонга – ошхонага ўтишга ҳоҳиш, аниқроғи юрак йўқ. Тиқ этса – атрофга аланглайман. Аксига олиб, итларнинг вовуллашига мушукларнинг муёви жўр бўлгандан жўр бўлди….
Сўнгги бор сув, газ, музлатгич ҳолатини обдон кўздан кечиргач, ошхона эшигини маҳкамлаб кўйиб, “ижод хонам”га қайтдим….
“Тиқ этган” шубҳли товуш эшитилса, “меҳмонхона”га чопаман..
Гуё хаёлимда кимдир балкон тагида тургандек, деразадан уйни кузатаётгандек, кимнингдир хавотирли нафас олиши юзимга уфирилаётгандек, “тиқир-тиқир, ғимир-ғиимир”и эшитилаётгандек. Ўтакаси ёриларкан киши. Шундай бўлса-да, бор журъатимни тўплаб, зал деразасидан қарадим:
“Ҳа, ўғри, ярим тунда касалинг қўзийдими дейман? Яна келдингми? Кеча уйни тит-питини чиқариб, ҳеч нарса топа олмагансану? Яна нега келасан? Бу ер санга уймиди? Идора-ку, ахмоқ. Тезроқ кет, акс ҳолда яна “02” чақираман” дедим овоз чиқариб.
Ўғри билан гаплашдимми ва ё ўзимга-ўзим дедимми, хуллас, кўнглимдагиларни айтиб олдим-да… Қўрқувга тўла юрагимни шу зайилда ўзимча бўшатиб ҳам олдим. Қўрқмаслигимни ўғрига кўз-кўз қилиб қўдим ўз кўнглимда. Ким билсин, эҳтимол, дераза ортидан кимдир эшитса эшитгандир ҳам….
Гап бунда ҳам эмас…
Бор гап….: Ўзи қуш уйқуман. Аниқроғи, уйқусизлик дарди кўпдан қийнайди… Шу сабаб алламаҳалгача компьютер қаршисида ўтирдим…. Бироқ шу куни тун ва кун бўйи мижжа қоқмаганлигим сабаб бўлса керак, кўзимни уйқу элитган экан…. Ярим тунда ёқимсиз ҳиддан буғилиб уйғондим… Аввалига “Бу нима бўлди?” дея бироз англолмай ётдим… Кейин кўзим ачишди… Ана шундагина аниқ билдим: газ ҳиди!
Журналистлик фаолиятим давомида газдан портлаш содир бўлган оилаларнинг аянчли, фожиали қисматлари хусусида кўп бор кўрсатувлар тайёрлаганман: биламан.
Чироқни ёқишга чўчидим: портлаб кетмайлик тағин?!
Шу ўйда қоронғилик қарида темтиниб – ошхона томон йўл олдим…
Не ажабки, газ қулоғи охиригача “бураб” қўйилган. Ёнмаётган газ плитасининг битта “кўзи”дан “вашиллаб” газ чиқиб ётарди. Овози осуда қоронғулик сукунатини бузар – илондек “вишиллаши” – аниқ эшитилар эди.
Бундай вазиятда ўғрининг ваҳимаси ҳам унут бўлиб кетар экан.
Дарҳол газни ўчириб, ошхона ва балконнинг деразаларини ланг очиб юбордим….
Деярли барча хоналар газ ҳидига тўлиб бўлган экан ўзиям… Ҳавонинг совуғида, қоронғуда газ ҳидининг чиқиб кетишини қарйиб ярим соатлар давомида кутиб ўтирдим…
Менинг талабаликдан қолган бир “касалим” бор. Ҳамкурсларим шу қилиғим учун “назоратчи” деб лақаб қўйишганди.
Тунда сув, газ, чироқ, музлатгич ҳолатини кўздан кечирмасам, болишга бош қўя олмайман. Ҳечам уйқум келмайди. Буни оиламдагилар ҳам яхши билишади. Одатим шунақа. Бу ўта иқтисодчилигимдан бўлса керак:
Биласиз, газга ҳам, чироққа ҳам электр ҳисоблагичлар ўрнатилган. Тунда газ ё бирор бир чироқ ёниқ қолиб кетмасин деб кўздан кечиришга мажбурман. Негаки, ҳечам ортиқча чиқимга тоқатим йўқ!
Сувда-чи? Ҳисоблагич ўлгурни сувгаям ўрнатишганларига кўп йиллар бўлган-у? Бир томчиси фалон пул – айниқса, иссиқ сувнинг! Нафақат тунлари, ҳатто кун бўйи ҳам умрим жумракларни назорат қилиш билан ўтади! Сувим ҳам, пулим ҳам увол бўлмасин, давлатимиз зарар кўрмасин, табиий газ, сув заҳирамизга путур етмасин дейман-да…
Қизларим болалигида музлатгичимнинг эшигини яхши беркитишмасдан, “аризасини” ёздиришган. Ўшанинг алами ҳалигача кўнглимдан кетмайди. Шунга ҳамиша музлатгичнинг эшиги ҳалак, мен ҳалак….
Шу боис ҳам турмуш ўртоғим менга “Садриддин Айний” деб “тахаллус” қўйганлар… Нима учун бундай дейишларини мен ҳам, ўйлайманки, аксарият иждкорлар ҳам жуда яхши биладилар: айтишларича, раҳматлик тожик ёзувчиси ўта тежамкор, қаттиқ ва ниҳоятда зиқна одам бўлган эканлар….
Шу боис ҳам менинг феълимни Айнийга қиёслаб, ҳазил-ҳузул қиладилар: “Айний хоним” деб…
Қизиқ, азалий одатимга кўра, нафқат ошхона, барча хоналарни шахсан ўзим бирма-бир диққат билан назоратдан ўтказгандим. Қолаверса, шу куни кечаси бу хонадонда овқатланган эмасмиз. Шуҳрат Рустамов билан кўришгандим. Кўчада тамадди қилиб, офисга тун қоронғусида қайтгандим… Бир сўз билан айтганда, ошхона газининг ёниқ қолиши мутлақо мумкин эмасди…. Ажбо, бу қандай рўй бериши мумкин?: Ҳарҳолда, арвоҳлар газ “қулоғини бураб” кетишмагандур?….
Тунда “қўрқмасин” дея, безовта қилмадиму, тонг отгач, “Газга тегмаганмидинг?” дея қизимни камида ўн бор сўроққа тутгандирман! Йўқ, тунда у бир бора ҳам уйғонмаган…
Уйқусизлик касалим, қуш уйқулигим умримда бир мартагина бўлса ҳам наф берди: Беш дақиқа кам муқаррар портлаб кетишдан асраб қолди. Акс ҳолда, ким билсин, мендан бир сиқим кул қолган бўлармиди?…
Дарвоқе, ёлғиз ўзим бўлганимда ҳам кошки эди! Ахир ёнимда фариштадек маъсума, бегуноҳ қизим ҳам бор эди-ку? Балки шу боланинг беғуборлиги учун ҳам Худо бир асраб қолгандир?!…
13 январ куни Учтепа туман прокуратурасини “саёҳат” қилишга борганимда юқоридаги бўлиб ўтган воқеалар хусусида менга ҳамроҳлик қилган Шуҳрат Рустамовга ҳикоя қилиб бергандим.
Кўпни кўрган тажрибали ҳуқуқ фаоли “Бунақанги бепарво бўлманг. Бу ҳолат сизнинг ҳаётингизга тажовуз бўлиши ҳам мумкин. Тем более, балкон панжараси бузилган, дераза ойнаси синдирилган, ёмон нитиятли касларга истаган пайтларида кулбага киришларига кенг йўл очиб қўйилган бўлса…. Тунда ҳайҳотдек уйда – биринчи қаватда бир аёл ёш қизи билан ёлғиз қолган бўлса… Сиз билмайсиз, бу режимдан ҳамма нарсани кутиш мумкин… Ўзлари устамонлик билан уюштиришади-да, яна “Бахтсиз ҳодиса туфайли фалокатдан фожиали ўлим топди” деб қўя қолишади. Бу ҳақда зудлик билан хабар тарқатинг, жамоатчиликни бахабар қилиб қўйинг. Токи одамлар воқеликдан воқиф бўлишсин” деб маслаҳат бериб қолдилар….
Рутамовнинг гапларидан кейин ўйланиб қолдим.
Бўлиб ўтган воқеани кўз ўнгимда қата-қайта жонлантириб, узоқ мулоҳаза қилиб кўрдим….
Ҳамма нарса мавҳум. Ҳеч нарса аниқ эмас. Шундай экан, ортиқча шубҳага ҳам берила олмайман. Негаки, гумон – иймондан айиради дейишади!
Биргина аниқ билган нарсам шуки: 11 январ куни тунда ошхона газ плитаси мен томонимдан ёниқ қолдирилмаганди. Бу ҳақиқат…
Яна бир билган ҳақиқатим шундаки: онамнинг дуолари мени асраб қолди.
Негаки, аниқ бир балодан омон қолдим. Бу гал ажал мени четлаб ўтди…
Ким билсин, “Қирқ йил қирғин бўлса – ажали етган ўлади” деганлари шудир эҳтимол….



