ЎЗБЕКИСТОНДА САЙЛОВОЛДИ «ТОЗАЛАШ» КОМПАНИЯСИГА СТАРТ БЕРИЛГАН…

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

Ҳеч бир мамлакатда, ҳатто, энг ашаддий диктаторлик тузумларида ҳам мухолиф ҳаракат намоёндалари Ўзбекистондаги каби қийноқ-қистовга, сиқувга олинмаса керак деган фикирдаман.

Таъқиб ва таҳдид сели остида “ивиш” бўйича Ўзбекистонлик мухолиф ҳаракат фаоллари қаторнинг энг биринчисини эгаллаб турибдилар десам, адашмаган бўламан.

Аслида, илгарилари ҳам мухолифат аъзоларининг тақдирига ҳавас қилиб бўлмас эди-ю,  айниқса, сайлов олди бўлганлиги учунми Каримов ҳукуматидагиларнинг бугунги кунда еган-ичгани батамом ичларига тушмай қолган кўринади.

Негаки, сир эмас, кейинги 6 ой давомида инсон ҳуқуқлари фаоллари, ҳур фикрли журналистлар, айниқса, мухолиф ташкилот вакилларини қув, ушла, қама-қамалар болалаб қолди….

“Қува-қув, сурҳа-сур ўйини” авж олгандан авж олмоқда.

Бунинг натижаси ўлароқ, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидан бир нафар, Бухоро вилоятидан битта, Қашқадарёнинг Шаҳрисабзидан бир нафар кекса мухолифат вакиллари ва ҳуқуқ фаоллари Каримов ҳукуматининг сайловолди компаниясига қурбонлик келтирилди – ғайриқонуний тарзда қамоққа киритилди.

Ҳукумат ўз мухолифларига бўлган кин ва адоватини шу билан ҳам бас қилиб қўя қолган эмас.

Таъқибу таҳдидлар кун сайин кучайса кучаймоқдаки, асло босим кўлами камайган эмас.

Хабарингиз бор, кейинги пайтларда кимдир қаттиқ кекириб, ёхуд кучлироқ акса уриб қўйса ҳам Ўзбекистонда  ўша шахсга ЖКнинг 159-моддасини, яъни “Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга ёхуд қонуний равишда сайлаб қўйилган ёки тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлигини Конституцияга хилоф тарзда бузишга очиқдан-очиқ даъват қилиш, шунингдек, бундай мазмундаги материалларни тарқатиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш “ айбловини ёпиштириш урф бўлган.

Қўйингчи, мақсад, бир амаллаб зиндонбанд этиш…

Биласиз, кейинги 6 ой давомида “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Жиззах вилоят бўлими етакчиси Алиқул Саримоқовни 159- модда билан “сийлашган” эди.

Кейин навбат мухолифат ва ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамовга етди. Шуҳрат ака ҳам 159- модда “маза”сидан бебаҳра қолган эмас…

Ҳатто суд жараёнида прокурор Рустамовга олти ярим йил қамоқ жазосини тайинлаш талаби билан чиқишгача бориб етганди…

Инсонда еттинчи сезги бор дейишади…

Эҳтимол, шу боисдир, Шуҳрат Рустамовдан кейин навбат менга келишини ич-ичимдан сезиб турардим…

Бироқ, ички сезгим бирозгина хато “айтган” экан….

Ўртада Фахриддин Тиллоев ва Нуриддин Жуманиёзовларга ҳам “боққан бало”  бор экан.

Дўстдан бўлдими, душмандан бўлдими, хуллас, ҳукумат бу икки мухолифат вакилининг гарданига ҳам айни дамда 135- модда – одам савдоси жиноятини илиб ўтиришибди.

Яна камига  уларнинг ҳар иккаласини эҳтиёт чораси сифатида енг ичида хибис этишганларига нима дейсиз?

Куч ишлатар тизими ходимлари шунақа: ўзлари истаган жойларига бир киритиб олгунларича. Киритиб олишдими, тамом, кейин минг бир мақомига йўрғалатишга ўриниб кўришади.

Шўрлик мухолифат вакилларининг ҳозирги ҳоли не кечдийкин? Буниси  биргина Худогагина аён, бандасига гумон,…

Ўйлайсизки, улар Ўзбекистонликларни қул қилиб сотганлиги учун ҳам хибс этилганми?

Тахминимча, бу бир баҳона, ҳукуматнинг навбатдаги нағмаларидан бири ҳам бўлиши мумкин…

Гапнинг қисқаси, таъқиб ва таҳдид навбати “Бирдамлик” Халқ Демократик мухолиф ҳаракати фаолларига етиб келган кўринади.

Илгариги хабарларимдан бирида ҳам қистириб ўтгандим: Бекзод Чориевнинг номидаги  Ал Хоразмий мавзеси, 31-даҳа, 4-уй, 19-хонадондан Ҳаракатнинг офиси сифатида фойдаланиб турамиз.

Аслида, бу масканга бир ой –  30 кунда уч бор ё келаман, ё йўқ. Айниқса, қиш мавсумида.

Тўрт томони бетондан иборат бўлган биринчи қаватдаги бу хонадон таги ертўла. Эҳтимол шу боисдир, қишда тўрт томони изиллайди. Иситиш тизими ҳам номигагина қиздиради холос. Совуқдан тишингиз тикирлайди…

Исиқмижоз бўлганлигим учун ҳам ғиштлик, поллик Фарҳоддаги уйимдан чиққим келмайди, аслида….

Ажабланарлиси шундаки, гарчи, бир ойда бир-икки қадам ранжида қилишимга қарамасдан, негадир 9-10 январ кунлари айнан мана шу Ал-Хоразмий мавзесидаги 31-даҳа, 4 уйга ёши 50 лардан ўтган, қалин “дело” қўлтиқлаган икки нафар прокуратура ходимлари айнан мени – Малоҳат Эшонқуловани қидириб келишганмиш.

Бу ҳақда шу бугун, офисга ўғри тушган маҳали ЖЕК бошлиғи Дилором опа деган аёл орқали хабар топиб қолдим.

Подъездга кираверишдаги сабзавот дўкончаси қаршисида рўпару келган Дилором опа мени кўриши билан негадир ранги бўз тусини олди.

Бу масканга кам келганлигим сабабли, бу опа билан деярли ҳамуҳбат бўлмаганман ҳисоби… Фақат мажбурий тўловлар юзасидан бўлиб ўтган бир-икки мулоқотни ҳисобга олмаганда, гапхона қилган жойимиз йўқ.

Бир маҳал мен билан синашта бўлмаган Дилором опа “дом” ҳовлисининг қоқ ўртасида: “Ҳой, сиз, манга қаранг! Эшонқулова Малоҳат деганлари Сизмисиз?” деб совуқ қараш-ла совуқдан-да совуқ оҳангда “сакраб” қолсалар бўладими?

Бошим билан тасдиқ ишорасини қилдим.

–  Айтингчи, қандай жиноятга қўл ўргансиз? – чимрилди опа.

–  Бу нима деганингиз, тушунмадим? – елка қисдим.

–  Нега сизни икки кундирки прокуратурадан бирамас, иккита прокурор келиб, қидириб юрибди? Қўлларига паспортингизнинг нусхасини ҳам олволишган. Кўрсатишди. Мана шу аёл сизларнинг “дом”ларингизга келиб тураркан, топиб беринг, дейишди. Прокуратурадан кимларни қидириб келишади, жиноятчиларни-да! Тек аёлга ўхшамайсиз Сиз! – дея Дилором опа гап билан силтаб кетсалар бўладими?

–  Адашаётгандирсиз… Қай бир прокуратурадан экан? Учтепа туманиданми, Чилонзорданми? Тошкент шаҳар прокуратурасимикин ва ё Руспубликаданмикин? Нима мақсадда қидиришаётганмиш? Қизиқ, мен бу ерда яшамасам, нега мени бу “дом”дан излашади? Ахир яшаш манзилимни жумлаи жаҳон билади-ку? Уйимга ит ҳам сўраб борган эмас. Сизни тушуна олмай қолдим. Келган кишилар “Мана бу манзилга зудлик билан учрашсин” дея қоғоз қолдириб кетишмадими? Эҳтимол, телефон рақамларини қолдиришгандир? – суҳбатдошимни саволларга кўмиб ташладим.

–  Ман қаттан билай? Улар “Биз фалончи, палон иш билан келдик” дея манга ҳисоб беришармиди? Бошқасини билмайман. Билганим шуки, сизни прокуратура қайсидир қилмишингиз учун қидириб юрибди… Мана, куни кеча, 10 январ куни соат 12.00 ларга яқин иккитаси яна келишди, манга “Эшонқуловани топиб бер” дейишди.  19-хонадонга олиб бордим. Эшикни урдик, қўнғироқни чалдик, уйда ҳеч ким йўқ экан, бир гап демай, орқасига қайтиб кетишди…. – деди Дилором опа энсасини қотириб.

–  Ҳойнаҳой мени ишга таклиф қилиш учун келган бўлишса керак, – дедим одатимга кўра, вазиятни юмшатиш учун кулиб, гапни ҳазилга бурдим, – Анчадан буён ишсиз юрганимни билишиди-да…

–  Шунча қилғиликни қилиб қўйиб, кўнглингизга мутойиба сиққанига куяйми?, – опа лабларини ғалати буриб, чўччайтирди-да, – Қўйинг-э, – дея ҳафсаласизлик билан қўл силтади, – Боринг, мен билан гапирманг…

–  Қанақа қилғилигим ҳақида гап кетаяпти ўзи? – сўрадим.

–  Яна ўзини билмасликка солади-я? Ман билармидим? Ўзийиз биласиз-да не қилғиликлар қилганингизни? Боринг, боринг, мени ҳеч гапдан хабарим йўқ. Яхшиси, мен билан гаплашманг, ундан кўра тезроқ ЖЕКнинг қарзларинидан қутилиб қўйинг, – деганча иддаоли оҳангда жавраб-жавраб нари кетди…

 Дилором опадан гап ололмаслигимга амин бўлгач, подъездга кираверишдаги сабзавот                          дўкончасига қайрилиб, сотувчи аёлни саволга тутдим:

–  Сизнинг хабарингиз йўқми, мабодо? Мени прокуратурадан суриштириб келишганмишми?

–  Ҳа, 10 январ куни тушликка яқин ёши 50 лардан ошган, тўладан келган, бири кўзойнак тақиб олган, қўлларида ўқимишли одамларникидақа қилин-қалин “дело”лари бор икки киши ЖЕК бошлиғи Дилором опа билан келиб, сизни қидиришганди…  Мен билан гаплашишган эмас, фақат сегарет сўрашди. Мен “Бизда сотилмайди” дедим. Бўлди. Эшик қаршисида туриб-туриб, қайтиб кетишди. Вўўййй, прокуратура сизни қидирб келадиган бўлса, ёмонсиз-у Сиз, хаплиякансиз…, – бош чайқади у.

Одатий қизиқувчанлигимга кўра, мен албатта бу жумбоқнинг тагига етишим керак эди.

Шу боис 11 январ куни ўша заҳотиёқ масалага ойдинлик киритиш мақсадида “09” – маълумотлар бюросидан Учтепа туман прокуратурасининг  – 2715202 – рақамини, ҳамда Учтепа туман ИИБ бўлимининг – 272 8079 рақамларини олдимда, ҳар иккала рақамга қайта-қайта қўнғироқ қилдим….

Бироқ бирор бир жонзот гўшакни кўтарай демади…

Бу пайтда соат 16.00 дан ўтиб бўлганди… Эҳтимол, шанба бўлганлиги боис, гўшакни кўтарадиган ходим топилмагандир?….

Кейин ҳуқуқшуносларга мурожаат қилдим.

“Мени яшаш манзилимдан эмас, мутлақо бошқа бир манзиллардан прокуратураданмиз деб қидириб юришганмиш. Туман, вилоят, Республика – қай бир прокуратурадан эканлиги ҳам номаълум. Қандай йўл тутсам бўларкин?” деган саволимга, юристдан “Ўз ҳудудингиздаги прокуратурага бориб учрашиб боқинг. Истасангиз, душанба куни ўзим Сиз билан бирга бораман” деган жавобни эшитиб, кўнглим анча таскин топди-ю, барибир юрагимдаги хижиллик тарқаган эмас….

Ёши 50 лардан ошган бир эмас  икки нафар прокуратура ходимининг “дело”ларини қўлтиқлаб олиб, икки кундирки “яланг оёқ бўливолиб” мени қидириб, кезиб юрганликларига қараганда, масала мен ўйлаганимдан ҳам жиддийроқ бўлиши мумкин…

ЖЕК бошлиғи ва 4- “дом”даги аёлларнинг мени кўришлари билан докадек оқариб, ўзларини четга олиб-қочиб қолишаётганликларига қараганда, қонун идоралари ходимлари омма орасида ноқонуний тарзда мен ҳақимда “тушунтириш, тарғибот ва ташвиқот” ишларини бошлаб юборишган кўринади….

Қизиқ, прокуратура “Эшонқулованинг эсини киритиб қўйиш” хусусида қаердан ва кимдан қандай фатво олдийкин?

Президент аппаратиданми ва ё МХХданми?

Бу қандай махфий ва махссус топшириқ бўлдийкин?

“Душанбагача омон бўлсак, кўрармиз”….  Нима дедингиз?

Бироқ, шу нарса аниқки, Ўзбекистонда сайловолди мухолифат вакилларини ТОЗАЛАШ компанияси аллақачонлар бошланиб кетган….

Айни дамда ҳукуматнинг бор диққат-эътибори  “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати фаолиятига халал бериш ва Ҳаракат аъзоларини руҳан синдириш, эл олдида обрусизлантириш, “Бирдамлик”чиларни қамоқ билан қўрқитиш, тазйиқ, таҳдид ва кучли босим ўтказишдек мутлақо ғайриқонуний масалаларга қаратилган.

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares