«САМАРҚАНДДА ЎТ ЧИҚСА – ЖИЗЗАХДАДУР ТУТУНИ…. »

UKTAM PARDAEVКейинги пайтларда одамлар орасида бир гап болалаб қолди: Нима бўлганмиш? Эмишки, 2013 йилнинг декабр ойи бошларида Самарқанд шаҳрининг “чорний парк”ида бор йўқ чўнтакларини михга тўлдирган  ёшгина йигитча ўзини портлатган.

Кўрган-кўрмаган, гувоҳ бўлган-бўлмаган, орқаворотдан эшитганларнинг хабар беришича, йигит ўша заҳотиёқ тил тортмай жон таслим қилган.

Ачинарлиси шунда бўлганки, ўз жонига қасд қилган ёш йигитнинг чўнтагига солинган михлар портлаш маҳалида атрофга сачраб, милиция ходимларига, ўткинчи одамларга жароҳат етказган.

Одатдагидек, нафақат ҳорижий, балки Ўзбекистоннинг маҳаллий матбуотида ҳам акс эттирилмаган ушбу “мудҳиш воқеа” гарчи Самарқандда “содир бўлган” бўлса-да, Жиззахликларнинг ҳаловатини бузиб қўйди.

Гап шундаки, ушбу узуқ-юлуқ гаплардан кейин  Жиззах шаҳрида кечки соат 19. 00даноқ
патрул автомашиналар ва ДАН ходимлари шаҳарнинг ҳар бир катта ва кичик йўллари, жин-гадойтопмас кўчаларида тинимсиз айланадиган одат чиқарди.

Баҳонада текшир-текшир, тинт, “ахтар-қидир!” ишлари авж олиб кетди.

 Йўл патрул автомашинасидагилар-у ДАН ходимларига Худо бергандан берди. Улар ҳаттоки йўл чекасида тўхтаб турган машиналарни ҳам ўз ҳолига қўйишмади. “Зудлик билан машинангизни олинг!” дея карнай кўмагида ўтакани ёргудек даражада кекирдакларини йиртиб бақиришга тушиб кетишди….

Патрул ходимларининг бўронидан хусусий такси ҳайдовчилари ҳам омон қолмади. Улар  шоҳ ва кичик бекатлар (петаклардан) хусусий такси ҳайдовчиларини ўз хонадонларига қадар қувиб боришдан ҳам тойишмадиям, толишмадиям.

Худди шаҳарда уруш даврларидагидек комендантлик соати жорий қилингандек эди гуё….

Йўл патрул хизмати, ИИБ ходимлари қош қорайди дегунча то тонггача йўлдаги йўловчиларни тўхтатар, ҳужжатларининг “авра-астарини ағдарар”, кимлиги, қаердан эканлиги, қаёндан қай томонга келиб-кетаётганлигини суриштирар ва бу билан тинч аҳолининг жонини халқумига келтиришарди.

Янги йилнинг илк кунларида ҳам Жиззах вилоятининг ҳокимияти қаршисидаги безатилган арча ҳузурига келган халойиқнининг йўлини тўсган  4-5 нафар милиция ходимлари уларнинг сумкалари, қўлларида борини титкилашиб, кучли назоратдан ўтказиб туришди.

ИББ ходимларининг бу каби ҳаракатларидан халойиқ ўзларини янги йил арафасида асрдаги одамлардек ҳис этишди.

Ўктам ПАРДАЕВ

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares