Биласизки, бир танадан иккинчи бир танага инсон органини тиббиёт йўли билан кўчириш Ўзбекистонда қонунан таъқиқланган.
Ўқиган ва эшитганимиз бор, тиббиёт йўли билан инсон танасининг соғлом органини ўзга бир вужудга кўчириш амалиёти ҳорижий мамлакатларда ниҳоятда қиммат туради….
Эҳтимол, шу боисдир, кейинги пайтларда Ўзбекистонда инсон органини ўғирлаш урчиб қолди.
Асосан ёш болалар 2013 йилнинг баҳор ва ёз ойларида Қашқадарё воҳаси аҳолисини ваҳимага солган “тирик жон” овчиларининг асосий ўлжасига айланди.
Йил бўйи Қашқадарё вилоят миқиёсида қаровсиз қолган болаларни ўғирлаш суръати жадаллик билан ўсиб борди. Йил охирига келиб, бозор, мактаб ва кимсасиз кўчаларда “қассоблар” “қопқони”га тушган болалар сони 20 нафардан ошиб кетди.
Бироқ, қизиғи шундаки, замонавий қассобларни қўлга олиш бобида Қашқадарё вилоят ҳуқуқ-тартибод идоралари ходимлари ҳар доимгидек ожизлик қилишди.
Мазкур мудҳиш жиноят илдизини мантиқан таҳлил қилиб кўрадиган бўлсак, болаларни ўғирлаш кимга ва нимага керак? Мурғак вужудларнинг юрак, буйрак каби соғлом органларини ўмариш ва бели бақувват мижозга пуллаш учун, тўғрими?
Бунингдек тиббиёт амалиётини ўтказиш Ўзбекистонда қонунан таъқиқланган экан, демакки, у ҳолда бу каби болалар танасидан ўмарилган “товар”ларни қайсидир ҳориждаги мижозга элтиш даркор.
Товар товар бўлгандаям унча-мунча “мол” эмас. От ё қўй гўшти ҳаммас. Ниҳоятда тез айнийдиган маҳсулот – инсон органи-я!
Биласиз, инсоннинг соғлом органи ўзга вужудга кўчириб қўйилгач, ўзга танга ҳаёт бахш эта олиши учун яшовчанлик қобилиятини сақлаб қолиши – “сифати бузилмаслиги” лозим.
Юрак, буйрак деганлари вужудимизда уриб турганидагина қимматли мол-маҳсулот бўлиши мумкин. У танамиздан айро олинганида эса бир тоғара гўшдан фарқи йўқ. Айниқса, у ўз мутахасисининг қўлига тушмаса, ит ҳам қайрилиб қарамайдиган матоҳга айланади.
Бола органи ўғрилари нима қилишди. Қашқадарёнинг 50 даражали исиғида сифати бузилиб қолишидан қўрқмасдан кўз тиккан молларини ўмаришга киришишди. Демак, билингки, бу шунчаки ҳасаки ўғриларнинг иши эмас.
Бу каби катта қабохатнинг ортида казо-казо одамлар – тиббиёт мутахассислари, юк ташиш транспорт хизмати (эҳтимол, аэропорт хизматидир? Ҳарҳолда “товар”нинг сифатини бузмасдан эгаларига элтиш ҳам керак-ку?!) турганлигига шубҳа йўқ.
Шу боис ҳам Қашқадарё вилоят суд, прокуратура, миллий хавфизлик, милиция хизмати ходимлари бу каби жиноятни фош этишга ожизлик қилишгандир эҳтимол…
Балки, бунингдек “оламшумул” ишда айнан ўша соҳа ходимларининг ҳам ўз улуши, муносиб “хизмати” бордир?
Эҳтимол, шу боис ҳам жиноятнинг иссиқ изи очилмас…
Нима бўлган тақдирда ҳам ўтган йилнинг ёзи Қашқадарёлик амалдорлар учун кўнгилсизликларга бой бўлди.
Аввалига Қашқадарё вилоят прокурори, вилоят МХХ хизмати раҳбари, Вилоят прокуратурасининг айрим терговчилари, Қамаши туман ИИБ бошлиғининг ўринбосари, алал-оқибат Қашқадарё вилоят ҳокимининг ўзлари ўз хизмат ўрни билан хайрлашишларига тўғри келди.
Шунинг ўзи бўлса, кошки.
Юқорида номлари тилга олинган амалдорларнинг барчаси айни дамда тергов хибисхоналарида сўроқ-савол беришмоқда…
Билганлар Қашқадарё вилоят прокурори “Хизбут-таҳрир” оқимига алоқадорликда айбланганмиш” деса, кимлардир “Бола органи ўғрилари билан ҳамтавоқ эмиш” дея ром очишмоқда.
Бизнингча, иккинчи вариант ҳақиқатдан узоқ.
Негаки, Қашқадарё вилоят прокурорининг бола органи ўғирилари билан шериклик қилганлиги ўз исботини топганида эди, орган ўғрилари ўз овларини айни дамда Самарқандда давом эттирмаган бўлишарди…
2013 йилнинг ноябр ойи охирларида Самарқанд шаҳридаги 37 мактабнинг қуйи синф ўқувчиларидан бири тасодифан ғойиб бўлди.
Кутилмаган бу ҳолдан бутун бир маориф тизими оёққа турди… Барча илим гўшалари, мактаб, болалар боғчаларида хушёрликка даъват этувчи йиғинлар авж олдирилди.
Орадан кўп ўтмай шаҳардаги 3-тўғриқхона ҳудудидан ёшгина келинчак ўғирланди.
Бу гал “одам орган савдоси” бизнесменлари “жентльмен” чиқиб қолишди. Бир буйрагини жарроҳлик йўли билан ўмариб олишган ёшгина жувоннинг қўлига икки миллион ўзбек сўмини тутқазишди ва “Бўлиб ўтган воқелик ҳақида ҳеч кимга чурқ этмаслик” ҳақида огоҳлантиришган ҳолда, хонадони жойлашган кўча муйилишига элтиб ҳам қўйишди…
Ўзбекистон расмийлари эса инсон танасини ўғирлаш билан боғлиқ муаммоларга кўз юмишмоқда.
Нега шундай?
Айтганча, “бола органини ўғирлаш” билан боғлиқ бу каби “тадбир”лар ўмаравериб бўшаб қолган давлат ғазнасини тўлдириш мақадида ҳукумат миқиёсида ўйлаб чиқилган режа асосида амалга оширилаётган жиноят бўлмасин тағин….
Мақсуда КАМОЛОВА



