Куни кечагина эмасмиди 2013 йил остонасида энтикиб турганимиз?!
Кечагина эди-ку, Янги йил тилаклари учун жом уриштирганимиз?
Кечагина эди-я?…
Киприк қоққулик фурсат ичида бир йил деганлари ҳам ўтиб кетибдими?
Наҳотки яна кейинги йил бўсағасидамиз?
Ариқдаги жилға мисол вақт деганлари бунчалар илдамламаса, жадал ўтмаса?
Бунчалар тез?!
Умр деганлари олдга қараб бунчалар шошмаса, елмаса-югурмаса?….
Қизиқ?…
Ротсанам қизиқ-да….
Ҳеч эътибор берганмисиз, болалигимизнинг беғубор, шаффоф оламида вақт деганлари ҳечам шошилмасди. Ҳафталар, ой-у йиллар ўта вазминлик билан одим отарди… Кунлар бир-бирларини қувиб ўтишга ҳечам шошмасди, шошилмасди… Йиллар асрларга тенгдек эди гуё…
Нега шундай?
Балки нуроний йиллар, қимматли онлар болаликнинг мусаффо осмонини эрта тарк этиб кетишни истамас, соддадил болалик билан тезда хайирлашгиси, қўл сермагиси келмас…. Ким билсин…
Ростанам ғаройиб-да… Эсингни таниб, оқни қорадан ажрата бошлаганингда, атрофга синчков, тейран нигоҳ ташлаганингда соатлар асов от мисол елгани-елган… Гоҳо вақт деганларининг ортидан қувиб, югуриб, елиб ҳам етаолмасдан қоласан киши….
Мана, қаранг, вақтнинг учқур оти бугун сизу бизни яна янги йилнинг олтин отонасига ҳаш-паш дегунча элтиб қўйибди….
Ниҳоят, 2014 йилнинг бўсағасидамиз!
Сизу биз нима ҳам дердик!
Етказганига беҳисоб шукур деймиз, кўрсатганига беадад шукур қиламиз-да…
Ваҳоланки, Янги йил дийдорига етганлар бор, етмаганлар бор…
Зеро ҳар бир ўтаётган лаҳзамиз Яратганнинг бандасига кўрсатаётган беҳисоб инъоми, тақдирнинг тилло бир туҳфаси…
Муҳтарам дунё аҳли!
Ватандан олисда ва юрт ичида умргузорлик қилаётган азиз юртдошлар!
Ана шундай беназир тортиқ – Янги йил билан юзлалиш бахти барчангизга муборак бўлсин!
Қадрли дўсту ёрлар, муҳожир биродарлар, қадрдонлар!
Оилавий бахт, омад, иқбол, рўзғору дастурхон тўкинлиги, тан сиҳатлиги, кўнгил хотиржамлиги умрий ҳамроҳингиз бўлсин! Янги йилда жамики орзуларингиз рўёбини берсин!
Умр жомингиздан жой олган барча-барчаси қўлингиздаги қадах мисол мусаффо, тиниқ ва лиммо-лим тўлиқ бўлсин! Бироқ асло талху тахир эмас, ҳаётнинг хуштаъм ва лаззатли таъмидан бошингиз айланиб, кўзингиз тинсин!
Умр бўйи севинчдан сармаст бўлиб юринг!
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Сиз азизларни эшик қоқаётган янги йилингиз билан самимий қутлайди!
Янги йил муборак!
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати




