Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: КОНСТИТУЦИЯМИЗ ХАЛҚ ТОМОНИДАН ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН ҚОНУН ЭМАС…

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

Азал-азалдан “лобовое”га уриш одатим бор. Гапни ҳеч  айлантириб, андова тортиб ўтира олмайман. Шартта айтаман-қўяман. Бу одатим қишлоқ кишиси бўлганим учундир эҳтимол: жайдарилигимга борсам керак-да…

«Ё ўзлариям АНАВИЛАРданми дейман-да, шунга қўрқмайсизми, кексин гаплар қиласизми?” дея кинояли кулганлари қанча…

Бунингдек қочиримларини  писанд  ҳам қилмайман. Мен ўзимни тамомила  ҳукумат томонда   деб билмайман. Мен бор йўғи фақат ва фақат  халқ томонда туриб ҳаракат қиламан, холос.Тамом!

Гоҳида эса  атрофимдаги айрим одамлар “Нега ҳукумат миқиёсида, давлат даражасида қаттиқ кетиб қолаяпсиз? Биз ўйлашга ҳам қўрқадиган баъзи гапларни тилга олиб қўйаяпсиз? Бошингиз ўзингизга керак эмасми? Уч бошли аждар эмассизки, бирини олиб ташласа, кейингиси ўсиб чиқаверса?” деб қолишади ҳаётимдан ташвишга тушиб….

Нима қилай, мен ҳам тилимни тишлагим келади: елкамда бошим бор йўғи битта. Кесишгудек бўлишса, қайтиб кўкармайди – оғзидан олов пуркайдиган кўп каллали аждар ҳам эмасман…

Бироқ, бу жамиятда шунақанги баҳсли, мунозарали мавзулар кўпки, айтмасанг, кўксингга  ўт тушиб, куйиб кетасан киши….

Бугун ҳам бир мақола юзасидан бўлган баҳсли суҳбат кўпдан бери кўнглимни кемириб келаётган фикрларни ёзишга туртки бўлди.

Эҳтимол, хабарингиз бордир, яқингинада “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг ахборот маркази  www.Birdamlik.info  сайтида Ҳаракат фахрийси Ёдгор Турлибековнинг Ўзбекиcтон аҳолисига мурожаати эълон қилинган эди.

Мақола муаллифи ёшига монанд гапни узоқдан, аниқроғи II жаҳон уруш оловларидан бошлаб келаркан, ниҳоят мурожаатининг ҳотима қисмида мақсадга кўчади:

“Баҳодир Чориев диктатор Каримовнинг  ўрнига сайлашга  арзийдиган йигит.

Ишонаманки, у бобоси Амир Темур  шаънига асло доғ туширадиган амалларга қўл урмайди.

Унинг ҳақиқий мард, меҳнаткаш, элим деган йигит эканлигига ишонганлигим учун ҳам келгуси умумхалқ сайловларида ҳаммангизни Баҳодир Чориевга якдиллик билан овоз беришга чақираман” дея Ўзбекистон раҳбарлигига номзод кўрсатади.

Мақола сайтга қўйилган куннинг эртасига ўзим ҳурмат қиладиган инон ҳуқуқи фаолларидан бири билан бўлган мулоқот чоғида, улар шундай деб қолдилар:

“Ёдгор Турлибековнинг мақоласини ўқидингизми? Жуда
кулгили-ку-а? У одам Ўзбекистон Республикаси Кониституцияси моддалари талабидан бехабармидики, аҳолини  Баҳодир Чориевнинг номзодини президентликка тавсия қилишга чорласа? Ёдкор ака қонунни билмаса,  Конституцияни тарғибот қилаётган мухолифат номоёндаси сифатида Баҳодирнинг ўзи   Конституция талабини яхши билади-ку, билиб туриб, нега шунақанги ахмоқона мазмундаги мақолани эълон қилади? Жуда
кулгига қолишди-ку» деб қолдилар.

Суҳбатдошим бу гапларни Конститутциясининг “Ўзбекистoн Республикaсининг Президенти”деб номланган XИX Бoб, 89-мoддaси мазмунига таяниб айтаётган эди.

Очиғи, суҳбатдошимнинг таъна-ю дашномларини эшитиб қаттиқ хафа бўлиб кетдим.

Йўқ, улардан эмас…  Ҳақиқатга зид келувчи қонунлардан…

Аслида, мен бу борадаги фикрларимни анча илгари баён қилиш истагида эдиму, лоқайдлигим боисми, ҳафсаласизлигим сабабми, ва ё журъатим панд бергани учунми, мазкур мавзуда ёзиш учун то шу кунга қадар қунт қилиб қўлимга қалам олмагандим…

Шу бугун мавриди шекилли?…

Конститутция хусусида қаттиқроқ гап қилишдан олдин, ўзим муҳим деб билган яна бир жиҳатни урғулаб кетишни истардим:  айрим танишларим менга “Кескин мақолаларингизни тахаллус билан эълон қилинг” дея дўстона маслаҳат  беришади.

Менинг хавфсизлигим учун қайғуришаётганликлари учун улардан чексиз миннаддорман, албатта.

Бироқ, биласизми, бир махсус хизмат ходими менга шундай деганди: “Бошқа ном билан чиққан тақдирингизда ҳам мақолангизни стилингиздан таниб оламан”…

Яқинда Гулнора Хукуматга оид қандай сирни очиқлаганидан ҳам хабарингиз бор: Хотирам панд бермаса, “Ўзбекистон бўйича 30 минг ходим аҳоли сўзлашувлари, интернет ёзувларини назорат қилиш билан шуғулланиши”га ишора қилмаганмиди?

Яқингинада Елена Бондарнинг “ёзганлари” “нафрат ўйғотиш”га қаратилган, Виктор Кримзаловнинг “эълон этганлари” “туҳмат” ҳиси билан “йўғрилган” дея баҳолаган Ўзбекистон “одил” суди ҳар икки журналистни айбдор деб топди.

Гарчи журналистлар суд тергови  жараёнларида мазкур мақолалар муаллифи эмаслигини, суд назарда тутаётган “ашъор”лар ҳеч қачон ўзларининг қаламига мансуб бўлмаганлигини қайта-қайта такрор қилсалар-да, суд уларни жазога тортди.

Шундай бўлди.

Негалигини биласзими?

Негаки, ўша, Гулнора Каримова тилга олган 30 мингдан ортиқ Ҳукумат хуфясининг “беминнат хизмати” туфайли, судья мазкур ишга тааллуқли керагидан ортиқ маълумотларни қўлга киритган бўлса ҳам ажаб эмас-да…

Акс ҳолда қози журналистларни айблашда  қандай асосларга таянган? Буни айта олармиди? Нима дейди? “Айғоқчилар орқали” демайди-ку, Ҳукуматнинг орқасини очмайди-ку, очаолмайди-ку…

Демоқчи бўлганим, бошқа давлатларни билмадиму, бироқ, бизнинг мамлакатимиз хуфялари ҳар бир фуқаронинг қадамини “қаричлаб туради”…

Шу маънода, Каримов ҳукумати “ер тагида илон қимирласа – билиб ўтиради” демоқчи эдим….

Шундай экан, пистирмада турволиб нишонга олишга уриниб нима қилдим? Бу билан кимни алдайман? Ўзимними?

Бошқаларни билмадиму, мен журналист сифатида «маска» тақиб олишни мутлақо истамаган бўлар эдим.

“Ана у Усмон Ҳақназар деганларининг қиёфаси қанақа экин?» дея бош қотирганлари каби, ўқувчиларимни «Бу ниқоб остидаги журналист ким бўлди экан?» дея ўйга толдиришни ҳечам ҳоҳламасдим…

Менимча, оқибати нима бўлишидан қатъий назар айтар гапини ҳар бир шахс ўз сўзи ва ўз қиёфаси билан айта олиши шарт ва бу ўта муҳим деб ҳисоблайман.

Эҳтимол бу янглиш фикирдир. Бироқ, мен тўғри деб билган энг охирги тўхтам бу.

Шу боис ҳам, ўз “ғоям”дан келиб чиққан ҳолда, «Ўзбекистон Конституциясига «тил теккизиш» “хавфли ўйин” эканлигини билиб турсам-да, ана шу “хатарли оловли халқа”дан ўз номимни ортмоқлаб ҳатлаб ўтмоқ истадим….

Биласиз, Конституциямиз халқ томонидан қабул қилинган қонун эмаски, уни таҳрир қилиб, ўзгартириб бўлмаса?

“Модомики, мухолифат Каримов олиб бораётган янглиш сиёсат билан келишаолмас экан, нега энди Ислом Абдуғаниевич тамонидан имзоланган Конституцияга тамомила итоат қилишлари керак экан?” деган “шаккок” ўйлар ўтади гоҳо кўнглимдан.

Тўғри, ривожланган демократик давлатлар, Ҳалқаро ташкилотлар, хусусан,  Инсон Хуқуқлари Умумжахон Декларацияси талабларидан келиб чиққан ва андоза олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Коснтитуциясига асос солинди.

Конституция ижодкорлари демократик принципларга қаттиқ риоя этган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конcтитутуциясини мукаммал яратишга уринганлар ва маълум маънода бу эзгу мақсадларига эришганлар ҳам, бу ҳақиқатни инкор қилиб бўлмайди, албатта.

Бироқ, биласиз, бандаси қусурлардан ҳоли эмас. Шу боис ҳам инсон амалга оширган ҳар бир иш, юмушни камчиликлардан тамомила мустано деб ҳам бўлмайди.  Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ҳам мутлақо мукаммал яратилган дея “ташҳис” қўйишга ҳали эрта.

Истайсизми, йўқми, мамлакатимиз Коснтитуциясида   айрим моддалар мавжудки, мазкур моддалар билан мутлақо келишиб бўлмайди.

Шу ўринда мен ўзимни ўта ўйга солиб қўйган, ташвилантираётган биргина модда миослида фикрларимни асослашга уринаман.

Ўзбекистон Бош Қомусига мурожаат қиламиз.

Конституцияда жумладан шундай дейилади:

“XИX Бoб. Ўзбекистoн Республикaсининг Президенти

89-мoддa. Ўзбекистoн Республикaсининг Президенти Ўзбекистoн Республикaсидa дaвлaт вa ижрo етувши ҳoкимият бoшлиғидир.  Ўзбекистoн Республикaси Президенти aйни вaқтдa Вaзирлaр Мaҳкaмaсининг Рaиси ҳисoблaнaди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яxши биладиган, бевосита сайловгача камида ЎН ЙИЛ Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти беш йил муддатга сайланади…”…

Назаримда, бу моддага ўзгартириш киритиш керак. Аниқроғи, “ЎН ЙИЛ Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин.” деган жумлаларни олиб ташлаш лозим, нима дедингиз?

Юқоридаги 89-модда мазмуни қачон, қаердан ва қайси мақсадда пайдо бўлганини наҳотки билмасангиз? Би-ла-сиз! Барчангиз жуда яхши англаб турибсиз!

Каримов бугунги кунда мамлакат ичкарисидаги “тўртта тозиси”дан ташқари, Ўзбекистон перзидентлигига пичоққа илинадиган номзод топилмаслигига, даъвогар йўқлигига ишончи комил. Буни жуда яхши билади. Мабодо, топилгудек бўлса, итдек қувиб солиш ҳам қўлидан келади, бундан кўнгли тўқ.

Президентликка лойиқ асосий давогарлар ҳорижий давлатларда. У буни ҳам яхши билади.

Нима деб ўйлайсиз,  ҳорижий мамлакатларда яшашга мажбур этилган – “пичоққа илинадиган”,  қўлидан иш келадиган мусофиротдаги билимли, миллатпарвар ўзбекларнинг номзоди президентликка қўйилиб қолишидан қўрққани учун ҳам Каримов Конституциянинг  89-мoддaсида зикир этилган “…Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига …  ЎН ЙИЛ Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин.” деган мазмундаги “ШАРТ”ни атай зўрма-зўраки киритиб қўймаганмикин?

Ҳорижда истиқомат қилишга маҳкум этилган  зиёли мухолиф намоёндаларининг йўлига тўғаноқ бўлиш илинжда ана шу “ўйин”ни ўйлаб топмадимикин?

Мамлакат Конститутциясида қайд этилган айнан мана шу мазмундаги талаб боис қўшни Озор ўлкасида қандай ҳангомалар кечганидан хабардорсиз.  Уларни қўя турайлик, ўзимизга қайтайлик.

Мен юқоридаги бу фаразни нима учун айтаяпман?

Ўзингиз би-ииир ўйлаб, таҳлил қилиб кўринг: Мустақилликдан кейинги 23 йил давомида мамлакатда нима юз берди?

Каримов президент сифатида ўз юмушини нимадан бошлади?

Ўзига “саперник” деб ҳиоблаган ўзбекнинг зиёли, оқил, асл ватанпарвар фарзандларини таъқиб қилмадими, адоғсиз босим ўтказиш орқали уларни ҳорижга чиқиб кетишга, ватангадо бўлишга мажбур этмадими?

Шундай бўлди.

Қўлга олган ҳақпарварларни эса умирбод қамоққа равона қилди, қийноққа солди, хонумонига  ўт қўйди, тириклай куйдирди-ку, ёлғонми?

Бир сўз билан  айтганда, Каримов ярим аср давомида ўзбекнинг асл ўғлонларини “чеканка” қилиб ташлади. Бошқачароқ қилиб айтганда эса, элимизнинг гул кишилари қайчиланди, йўқ, бутунлай  каллаклаб ташланди.

Мухолифатнинг ҳисобсиз намоёндалари, ўнлаб инсон ҳақлари ҳимоячилари ёт элларга кўнгилхушлик қилиш, яхши яшаш илинжида “суриворган” деб ўйлайсизми?

Ўйлайсизки, “оғзи шалтоқ” Абдураҳмим Пўлатни, кибир кишиси деб аталмиш Солиҳни, Санжар Умаров, Бобур Маликов, Ҳазратқул Худойберди, Толиб Ёқубов, Абдужалил Бойматов, Баҳодир Чориев,  Юсуф Жума, “қулоқ”лиги иддао қилинаётган Камолиддин Раббимов,   (бу номларни ҳали узоқ давом эттириш мумкин!) каби мен таниб-танимайдиган, ҳали номларини ҳам билмайдиган юзлаб халқимизнинг энг сара, бебаҳо, оқил  ўғлонларини халқ тили билан айтганда, “ити адашганмиди” ёт ўлкаларга?   Шундай деб ўйласангиз, адашасиз!

Минг афсуски, мана-ман деган ватандошларимиз, қарйиб барча мухолифат намоёндалари ҳориждан сиёсий бошпана сўрашга мажбур этилди. Ақл нури элнинг эртасини ёритишга қодир кишилар атай ўзга эллар эшигида дарбадар бўлишга маҳкум қилинди….

Айни дамда ҳорижий ҳаёт “хибсхонаи”га “зиндонбанд” этилганлар, юрт соғинчидан кўкси алам ўтида ўртаниб ўтаётганлар – улар Ўзбекистон эртаси учун чин маънода куювчи мухолифат кишиларми ва ё ҳукумат томонидан мухолифатга қўйилган “қулоқ”ларми, ким бўлишларидан қатъий назар – Каримов тузимининг қурбонларидир: тириклайин сихга тортилганлар, кўкси кабоб этилганлар… Ватандан айро яшашга гирифтор қилинганлар…. Шундай эмасми?

Ватан ҳокини бир бор кўзга суртишга, тавоф этишга маҳтал юрган ҳориждаги юртдошларимизнинг ўзларига қўйиб беришганларида, ота юрт айрилиғига кўнишармиди, дарбадарлик, ватангадоликни ихтиёр этишармиди?

Ҳечам!

Улар ҳорижда яшашга ҳавасман эмасдилар! Бўлмаган ҳам!

Шундай экан, нега энди Каримов ўзи ҳорижга бадарға қилган тирик қурбонларини Конституциянинг  89-мoддaсида зикир этилган “ЎН ЙИЛ Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин” деган мазмундаги “найранг”и билан икки карра мот қилиши керак экан?

Муҳожир юртдошларимизнинг, шўрликларнинг ёзиғи не? Ватангадо қилингани етмайдими?  Жаноб Каримов томонидан комил инсонларимизнинг ҳорижий давлатларга сургун қилингани каммиди?

Аслида,   ҳориждан қўним топган ватандошларимиз Каримов тузимининг жабирдийдалари эмасми?

Каримов эса  уларга тавон тўлаш ўрнига, нима қилмоқда?

Аксинча, “Ўзбекистонда 10 йил муқум яшамаганлигинг учун президент бўлишга лойиқ эмассан, ҳақинг йўқ” дея писанда қилмоқда, чет элларда яшашга мажбур бўлаётган зеҳниятли элдошларимизнингнинг ҳақларини паймол этмоқда,  ҳуқуқларини топтамоқда-ку.

Шу инсофданми?

Нима қилиш керак?

Каримовнинг навбатдаги найрангига жимгина томошабин бўлиб туриш керакми?

Ва ё Конституциянинг ҳаётий ҳақиқатга зид келувчи, фуқаролар ҳуқуқини топтовчи мазкур сатрларга ўзгартириш – тузатиш киритиш керакми?

Ҳа, дарвоқе, яна бир гап:

Дастлабки даврларда, Конституциянинг мазкур  моддасида, “БЕШ ЙИЛ Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин” дея қайд этилмаганмиди?

Бунингдек “ултюматум”нинг 5 йилдан 10 йилга айланиб қолишининг сабаби не? Эҳтиёжи нимада? Кейинги кунларда жаноб Каримов қандай хатарнинг ҳидини сездики, ҳорижлик ватандошларимиз ҳуқуқларини таҳқирловчи 5 йилга яна 5 йил қўшиб бериб қўйди? Нега?  Конституциянинг мазкур моддасидаги 5 йиллик
муддатга кейинчалик 10 йил дея «тузатиш» киритдиб қўйдилар, “азамат”лар, кўрдингизми сиёсат ўйинини?

Нега энди Конституцияга ўзгартириш киритиш тор доирадаги одамларга мумкину, халққа мумкин эмас экан?

Шахан мен Ўзбекистон аҳлини Конституциянинг мазкур моддасига қайта тузатиш ва ўзгартириш киритиш талаби билан чиқишга чорлаган бўлардим!

Азиз юртдошлар, биродарлар!

Конституция Қурону Карим эмаски, уни «қайта ишлаб» бўлмаса?

Мен бутун ўзбек халқини, ўзбекистон аҳолисини ватангадо бўлишга мажбур этилган юртдошларимизнинг ҳақ-ҳуқуқларини паймол қилувчи – Конституциянинг 89-моддасида акс этган  “…Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига …  ЎН ЙИЛ Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин.” деган  ҳақоротомуз, таҳқирловчи, “ультиматум”ни эслатувчи сатрларни олиб ташлаш  талабини амалдаги ҳукумат олдига қатъий қўйишга чақираман.

Келгусида Каримовнинг қайсидир арзандаси яна ярим аср тепамизда ёнғоқ чақмасин десангиз, ҳаётингиз азиз, болаларингизнинг эртаси қадрли бўлса, одамдек умргузорлик қилиш ўйида ўртансангиз, ҳорижий давлатларга ҳайдалган ҳамюртларимизнинг ҳақларини топтовчи ҳақсизликларга карши курашинг.

Конститутциямизга ўзгартириш, тузатиш киритишга урининг ва шунга эришинг.

Ана шундагина тўкин ҳаётингиз учун тамал тошини қўйган бўласиз.

Шошилинг, зеро, сайловнинг сиёсий ўйинлари бошланишига ҳам  саноқли кунлар қолди!

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

мустақил журналист

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares