'Барчани кулдириб ўзи йиғлаган санъаткор' оламдан ўтди

 

Образец Web-страницы

hojiboy.gif
Ҳожибой Тожибоев

Ўзбекистон ва Тожикистон халқларининг энг суюкли санъаткорларидан бири, кулги устаси Ҳожибой Тожибоев ўзи туғилиб ўсган Тожикистоннинг Жаббор Расулов тумани Янгиқишлоқ қишлоғида тупроққа топширилган.

52 ёшида оламдан ўтган санъаткор жанозасига юзлаб одамлар жам бўлишган.

Хабарларга кўра, Ҳожибой Тожибоев 24 июл куни тушликдан кейин Тошкент шаҳридаги марказий шифохоналаридан бирида оламдан ўтган.

Яқинлари унинг жигар циррози билан оғриганини айтишади.

Санъаткор жанозасида нутқ сўзлаган Тожикистон халқ артисти Жўрабек Набиев Ҳожибой Тожибоевнинг ўзбек ва тожик халқлари санъатига қўшган ҳиссаси беқиёс бўлганини айтган.

У санъаткорнинг «халқ дарди билан» яшаганини айтган.

«Ҳожибой жамиятимиздаги баъзи камчиликлар, норасоликлар, ноқисликлар ва баъзи адолатсизликларни ҳажвга оларди. Халқни кулдирса-да, у ичидан ёниб, куйиб гапирарди.
У халқ дардини гапирарди. Барчани кулдириб, ўзи йиғлаб ўтди» – дейди ҳофиз Жўрабек Набиев.

«Ўзбекнинг ўзи қизиқ, тожикнинг туриши қизиқ»

Ҳожибой Тожибоев Ўзбекистон ва Тожикистонда 1980-чи йилларнинг охирида танилди.

Унинг «ичак узди» аския ва ҳангомалари халқ орасида тез шуҳрат топди.

Ҳожибой Тожибоев Ўзбекистонда ўтказилган илк қизиқчилар конкурсида ғолиб келиши билан кулгисеварлар назарига тушди.

У барча аския ва кулгили ҳикояларини ўйлаб топмай «халқ ичидан» олишини айтарди.

Кўплар Ҳожибой Тожибоевнинг «Автобус ҳангомалари», «Келинг бир кулишайлик», «Ўзбекнинг ўзи қизиқ, тожикнинг туриши қизиқ», «Ўзбек футболчилари», «Ўзбек аскарлари» номли концертларини ҳамон яхши эслашади.

Ҳожибой Тожибоевнинг шогирди Ғайрат Ҳамроқулов «устозининг кучи унинг халқчиллигида» бўлганини айтди.

«Шу халқдан олиб, халққа берарди. Халқ сўзларига озгина пардоз бериб, халқнинг ўзига қайтариб берарди. Том маънодаги буюк санъаткор эди,» – дейди Ғайрат Ҳамроқулов.

Ҳожибой Тожибоевни яқиндан танийдиганлар санъаткор сўнгги пайтларда ўзининг ижтимоий ва иқтисодий соҳадаги сатирик чиқишлари билан баъзи ўзбек мулозимлари «жиғига текканди» дейишади.

BBCUzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares