Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: АХМОҚҚА КАЛТАК – АҚЛГА ИШОРА…

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

            АҚШ Ҳукумати Ҳисоботига бир назар….

Яқинда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси расмий веб.сайтини кузата туриб, “АҚШ Ҳукумати Ҳисоботлари”  рукунида 2013 йилнинг 22 май куни эълон қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича 2012 йилги ҳисобот: Ўзбекистон” сарлавҳасига кўзим тушиб қолди.

Ва табиийки, демократия бешиги бўлган АҚШ Ҳукуматининг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига оид фикр ва қарашлари менда катта қизиқиш уйғотди.

Фикру ожизимча, мазкур ҳисоботни 2012 йил давомида Ўзбекистонда бевосита  инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ рўй берган ҳолатларга АҚШ ҳукуматининг берган ҳолисона баҳоси дейиш мумкин.

Ва ўз навбатида, АҚШдек қудратли демократик давлат бошқарувининг Мустақил мамлакатимизда  инсон ҳуқуқларини ҳимоясига оид кечаётган жараёнларга бўлган муносабати, хулоса ва қарашларидан халқимизнинг зиёли қатламидан тортиб,  то саҳродаги чўлқуварлару, электрдан бебаҳра қолаётган дала-даштлардаги чўпонлар ҳам огоҳ бўлиши шарт деган ўй ўтди кўнглимдан.

7 бўлимни ўз ичига олган мазкур ҳисобот  инсон ҳақларига оид жамики жабҳаларни: Меҳнаткашларнинг ҳуқуқларидан тортиб камситиш, ижтимоий таҳқирлаш, одам савдоси, коррупция, ошкоролик, матбуот ва сўз эркнилиги, фуқаро эркинлигига риоя қилиш ҳолатлари, қочқинларни ҳимоялаш, шахс дахилсизлиги, қийноқ каби шавфқатсиз муносабат, ноҳақ жазо, қамоқхоналардаги шарт-шароитлар, асоссис ҳибсга олиш ёки ҳибсда сақлаш, Милиция ва хавфсизлик аппаратининг роли,   Одил ва очиқ маҳкама жараёнидан маҳрум этиш, Маҳкама жараёни, Сиёсий маҳбуслар ва муваққат ҳибсга олинганлар, Фуқаролик суд процедуралари ҳамда ҳуқуқни ҳимоя қилиш воситаларидан тортиб  то   Шахсий ҳаёт, оила,  уй ва ёзишмаларга асоссиз аралашувга оид инсон ҳақ-ҳуқуқларини чекловчи, таҳқирловчи барча-барча жабҳаларни  қамраб олган.

Шу ўринда, Ўзбекитон жамиятида кечаётган ҳеч бир воқеа-ҳодиса АҚШлик кузатувчилар назаридан четда қолиб кетмаганлигига қойил қолиш керак.

“Ўзбекистон авторитар давлат..” дея бошланган Ҳисобот “… Амалда эса президент Ислом Каримов бошқаруви остидаги ижроия ҳокимияти сиёсий ҳаёт устидан ҳукм юргизди ва бошқа ҳокимият тармоқларини деярли тўла назорат қилди…” деган ҳаққоний сатрлар билан давом эттирилади.

Очиғи, гарчи журналист бўлсам-да, ташкилот, муассаса, ҳатто Ҳукумат ҳисоботларини то охирига қадар чидам билан ўқишга  тоқатим йўқ. Бир хил қолипдаги ҳисоботлари ўқишга бардошим етмайди.

Мабодо, АҚШ ҳукумтаининг мазкур Ҳиоботини илк сатрлари “… Амалда эса президент Ислом Каримов бошқаруви остидаги ижроия ҳокимияти сиёсий ҳаёт устидан ҳукм юргизди ва бошқа ҳокимият тармоқларини деярли тўла назорат қилди…” деган мамлакатимиз ҳаётига оид холис ва адолатли жумлалар билан бошланмаганида эди, Ҳисобот мени оҳанграбодек ўзига тортмаган бўлар эди.

Эънг эътиборли жиҳати шундаки, ҳисоботни кўздан кечирган киши ватанимиз ҳаётида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ  содир бўлаётган барча жараёнлар, воқеа-ҳодисалар АҚШ Ҳукумати томонидан ўта диққат билан кузатиб борилганлиги, обдон ўрганиб чиқилганлиги ва ҳар бир ҳолатга адолат кўзи билан ёндашилганлигига гувоҳ бўлади.

Ўтган 2012 йил давомидаЎзбекистонда рўй берган “Энг жиддий инсон ҳуқуқлари муаммолари”га демократик давлат расмийлари нигоҳи билан қарайдиган бўлсак, Мустақил диёрда “…хавфсизлик кучлари томонидан маҳбусларни қийноққа солиниш ва тахқирлаш ҳолатлари; тегишли ҳуқуқий тартиб-қоидаларни қўллаш ва одил судловдан маҳрум қилиш; дин эркинлигини чеклашнинг кенг тарқалгани, жумладан,  камсонли диний гуруҳларга мансуб кишиларнинг таъқиб қилиниши ва барча динларга мансуб диндорлар қамалиши” билан боғлиқ аянчли манзараларнинг гувоҳи бўлишимиз мумкин.

Юқорида санаб ўтилган қусурлар, ҳали ҳаммаси эмас.

Мин афсуски, ўтган 2012 йилнинг 12 ойи давомида АҚШ Ҳукумати расмийлари қаршисида Инсон ҳақлари бузилишига оид кети кўринмас муаммолар кўндаланг бўлган.

Чунончи, мазкур ҳисоботда “… маҳбусларни якка ҳолда сақлаш ва қамоқда сақлаш муддатини чўзиш; оғир ва баъзан ҳаёт учун хавфли бўлган қамоқ шароитлари; асоссиз ҳибсга олиш ва қамоқда сақлаш (гарчи расмийлар йил давомида 5 нафар қамалиши кенг овоза бўлган маҳбусни озод қилган); сўз,  матбуот,  йиғинлар ўтказиш ва уюшмалар тузиш эркинлиги чеклангани;  фуқаролик жамияти фаолиятининг ҳукумат томонидан чекланиши; бир жойдан иккинчи жойга кўчиш эркинлиги чеклангани; аёллар нисбатан зўравонлик; пахта теримида ҳукумат ташкил қилган мажбурий меҳнат. Ҳукуматни танқид қилган инсон ҳуқуқлари фаоллари,  журналистлар ва бошқалар давлат идоралари вакиллари томонидан таъқиб этилганлар, асоссиз ҳибсга олинганлар, сиёсий сабаблар билан судланганлар ва мажбуран қамоқда сақланганлар. Бунинг оқибатида уч нафар фуқаролик жамияти фаоли йил давомида мамлакатдан чиқиб кетган…”лиги алоҳида қайд этиб ўтилган.

АҚШ  Ҳукумати мамлакатимиз ҳаётида кечган бир йиллик жараёнларни таҳлил қилар экан, ҳиоботнинг 1- бўлимида  Ўзбекистон расмийлари “Қийноқ ва бошқа шафқатсиз,  ғайри-инсоний ёки тахқирли муносабат..”лардан фориғ бўлиши шарт деб ҳисоблайди. Ҳисоботда жумладан шундай дейилади:

“…Конституция ва қонунчилик бундай амалиётни тақиқлашига қарамасдан, ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизлик ходимлари маҳбуслардан иқрорнома ёки айбнома олиш мақсадида уларни мунтазам равишда калтаклаганлар ёки бошқа кўринишдаги қўпол ҳаракатларни қўллаганлар. Манбаларнинг хабар қилишича,  қийноққа солиш ва таҳқирлаш қамоқхоналарда ҳам, суддан олдин сақлаш муассасаларида ҳам, маҳаллий милиция ва хавфсизлик хизмати участкаларида ҳам кенг тарқалган. Хабар қилинган қийноқ усулларига қуйидагилар киради: қаттиқ калтаклаш, овқат бермаслик,  жинсий таҳқирлаш,  нафас йўлларини тўсиш,  қўлларни боғлаб,  қўллардан осиб қўйиш ва электршок қўллаш. Шунингдек, мунтазам келиб турган хабарларга кўра, давлат идоралари вакиллари маҳбусларга руҳий босим ўтказганлар,  жумладан,  маҳбусларнинг оила аъзоларига таҳдид килганлар…” 

Доно халқимизда “Қуруқ қошиқ – оғиз йиртар” деган ибратли ибора бор.

Биз ўзбекларнинг мазкур мақоли мазмунини чуқур идрок қилган АҚШ Ҳукумати ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизлик хизмати ходимларининг кирдикорлари хусусида қуруқ иддао қилибгина қолмайди, балки ўз хулосаларини асосли фактлар келтириш орқали исботлаб ҳам беради.

Хусусан, АҚШ Ҳукумати ўз ҳисоботида “… Тошкент вилоят милицияси томонидан 5 ноябрь куни сўроқ қилиш учун ушланган 40 яшар Шавкатжон Нурматов ҳибсхонада вафот этган. Оила аъзоларининг билдиришича,  милиция вакиллари Нурматовнинг жасадини 14 декабрь куни Тошкент вилояти Зангиота туманидаги уйига олиб келиб берганлар. Милиция вакиллари, Нурматов “юрак ва қон-томир етишмовчилиги”дан ўлгани тўғрисида ўлим гувоҳномасини топширганлар ва маййитни кўрмасдан маҳаллий қабристонда икки соат ичида кўмишга оила аъзоларини мажбур қилганлар. Қариндошларнинг айтишича,  Нурматовнинг юрак хасталиги бўлмаган ва ҳибсхонада унга нисбатан нотўғри муносабатда бўлинган.

Ҳукуматнинг билдиришича,  дастлабки тўққиз ой мобайнида прокурорлар тўртта жиноий иш қўзғатган,  натижада,  етти нафар ҳуқуқ тартибот ходимлари маҳбусларни қийноққа солиш ёки бошқа шафқатсиз, ғайри-инсоний ёки таҳқирловчи муносабатда бўлгани учун судга тортилди. Уларга нисбатан қандай жазо ёки ҳукм тайинлангани тўғрисида маълумот йўқ.

2010 йил ҳисоботида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича қўмитаси Ўзбекистоннинг Жиноят кодексида қийноққа берилган таъриф  “Қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайри-инсоний ёки тахқирловчи муносабат  ёки жазолашга қарши конвенцияси”га мос келмаслигидан ташвиш изҳор қилди, гарчи,  Ўзбекистон ушбу конвенцияга аъзодир. Бир қанча фуқаролик жамияти ташкилотлари БМТнинг Қийноқ ва бошқа шафқатсиз,  ғайри-инсоний ёки тахқирловчи муносабат  ёки жазолаш бўйича махсус маърузачиси ташрифига ҳукумат рози бўлишига даъват билан чиқдилап. Махсус маърузачининг Ўзбекистонга оид энг сўнгги баҳоси 2003 йили эълон қилинган эди. 

Сентябрь ойи бошларида қароргоҳи Францияда жойлашган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари уюшмаси ўз  вебсайтида бир мактуб эълон қилган .Мактуб, “Жаслиқ” қамоқхонасида қийноқ қўлланилишига гувоҳ бўлган шахс томонидан ёзилгани айтилади.  Қамоқхонадан яширинча олиб чиқилгани айтилган мактубда маълум қилинишича,  2011 йил декабр ойида маърифат масалалари бўйича раҳбар Икром Бердибоевнинг кўрсатмаси билан қамоқхона ходимлари Ортиқали исмли маҳбуснинг товонига  тахминан  80 марта урганлар, бунга сабаб маҳбуснинг  президент Каримов ёзган китобни мажбурий ўқишда қатнашишдан бош тортгани бўлган.  Хабарни мустақил манбалардан тасдиқлаш имкони бўлмади, бироқ ундаги ҳолат  қамоқхоналардаги шунга ўхшаш қонунбузарликлар ҳақидаги бошқа хабарларда билдирилган маълумотларга тўғри келади”. 

26 июнь Қийноқ жабрдийдаларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари алъянси (ЎИҲА) тўққиз нафар қийноқ жабрдийдасига эътибор қилишга даъват этилган баёнотни эълон қилди,  бундай жабрдийдалар қаторига 20 яшар Антон Хишняков ҳам киради, март ойида Миробод тумани Ички ишлар бошқармаси ходимлари ундан жиноятни содир этганликда иқрорнома олиш учун қийноққа солганлари айтилади.  ЎИҲАнинг билдиришича, милиция ва шаҳар прокуратураси қийноққа солинган кишилар номидан берилган аризаларга жавоб бермаган” дея бир қатор фактларни санаб ўтадики, зеро бунингдек аниқ асосларни инкор қилмоқликнинг имкони йўқ. 

Биз учун қувонарли жиҳати шундаки, АҚШ Ҳукумати Ҳисоботида Дилмурод Сайид, Солижон Абдураҳмонов каби сиёсий маҳбус саналмиш ҳамкасбларимизнинг номлари алоҳида зикр этилган.

Бу ҳолат АҚШ Ҳукумати Ўзбекистондаги ҳеч бир фуқаронинг тақдирига бефарқ эмаслигидан далолатдир. Айниқса, Окиан ортидаги демократик диёр расмийлари ҳамон қамоқда қолаётган Ўзбекистонлик журналистлар – ҳамкасбларимиз тақдиридан ташвишда эканлиги кўнгилларга таскин-тасалли беради.

Мен Ҳисбототнинг  “Асоссиз ҳибсга олиш ёки  ҳибсда сақлаш” бобини ўқирканман, Ўзбекистонда кечаётган ҳеч бир жараён, воқеа-ҳодиса АҚШ расмийларининг назаридан четда қолмаслигига яна бир бор гувоҳ бўлдим.

“…Конституция ва қонунчилик асоссиз ҳибсга олиш ва қамоқда сақлашни тақиқлайди, аммо  давлат органлари бундай амалиётни давом этттирди.  Масалан,  июнь ойида Тошкент шаҳри милицияси Қирғизистон элчихонаси олдида намойиш ўтказмоқчи бўлган “Бирдамлик” ҳаракати фаолларини қўлга олиб,  10 соат давомида ушлаб турди” дейилади Ҳисоботда.

Мазкур тутқунликнинг гувоҳи сифатида Ҳисоботга шуни қўшимча қилмоқчиманки, 10 соат давомида ноқонуний ушлаб ўтирилган  14 нафар “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати фаолларидан 3 нафарига судья Ўзбекистон Республикаси номидан ғайриқонуний ҳукм чиқарди. Айбсиз айбор бўлиб қолган 3 нафар “Бирдамлик” фаолларининг ҳар бирига суд томонидан 5 миллон 200 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинландики, айни дамда суд ижрочилари суднинг ноқонуний қарори юзасидан жаримани мажбурий тарзда ундириш баҳонасида “Бирдамлик” аъзоларининг уйларини “ишғол” этиб, мол-мулкларини – уй жиҳозларини мусодара қилмоқдалар.

Шунингдек, Ҳисоботда ўқувчи эътиборини жалб қилувчи мана шундай муҳим факт ҳам келтирилади:

“…Ҳукуматнинг маълум қилишича,  давлат идоралари йилнинг дастлабки тўққиз ойида 375 нафар ҳуқуқ-тартибот орган ходимига нисбатан хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш,  совуққонлик,  товламачилик,  порахўрлик ва ўғирлик айбловлари билан 364 та жиноий иш очди. Қўлланган чоралар ёки суд ҳукми ҳақида маълумот йўқ…”

Ўзбекистон арбоблари орасида содир бўлаётган юқоридаги каби ўзибўларчилик, лоқайдлик, ижтимоий тенгсизлик каби ўта аянчли иллатларни кузатган АҚШ расмийлари қуйдагича тўхтамга келади:

“Ҳукумат амалдорлари орасида коррупция ҳолатлари кенг авж олган бироқ улар жазосиз қолган”.

Ва бу энг адолатли баҳо эди!

Маълумки, гоҳо Мустақиллик эълон қилинган кун, баъзида эса Конституция қабул қилинган кун муносабати билан Амнистия эълон қилинади, биласиз.

2012 йилнинг 5 декабрь куни одатга кўра Сенат маҳбусларни афв этиш тўғрисида қарор чиқарди.

Бироқ, ушбу Амнистия актидан барча маҳбус бирдек фойдалана оладими?

Бу саволга АҚШ Ҳукумати ўз ҳисоботтида қўйдаги мазмунда жавоб беради:

 “…Маҳаллий қамоқхона маъмурлари кимни озод қилишни маҳбус “тузалиб бораётгани” ёки қамоқхона қоидаларини “доимий тарзда бузаётгани”га қараб, ўз билганича аниқлайди.  Орган ходимлари кўпинча амнистияни қўлламаслик ва жазо муддатини чўзиш учун “қамоқхона ички қоидаларини бузиш”ни дастак қилиб олди.  Масалан,  4 декабрь куни Тошкент вилоятидаги Олмалиқ шаҳар суди Мурод Жўраевни қамоқхона ички қоидаларини бузганликда айблаб,  қамоқ муддатини яна уч йилга чўзди. Бу Жўраевнинг 1995 йили дастлаб 12 йилга маҳкум этилганидан бери шундай айбловлар билан қамоқ муддати бешинчи марта чўзилишидир. Орган ходимлари  кўпинча ушбу ҳолатларга асосланиб,  сиёсий ва диний маҳбусларнинг афв этилишга ҳаққи йўқ,  деб белгилади…”.

 

Ибораларга эътибор беринг: “…Маҳаллий қамоқхона маъмурлари кимни озод қилишни … қамоқхона қоидаларини “доимий тарзда бузаётгани”га қараб, ўз билганича аниқлайди…”   –  ё пирай? Бу нимадан далолат?

Наҳотки, АҚШ расмийлари Ўзбекистон шароитида ниҳоятда қаттиқ қўриқланадиган “ҚЎРҒОН” – қамоқхоналарнинг ўзига хос “ички сиру синоатлари”дан ҳам бохара бўлишса?

Тан олиш керак, Амнистия акти ижросининг қамоқхоналардаги кирдикорларидан юртдошларимизнинг барчасиям бирдек бохабар эмас.

Демакки, Амнистия билан боғлиқ юқоридаги сатрлар АҚШ сиёсатчиларининг нигоҳлари  ўта синчков эканлигидан далолат беради.

Шу ўринда, Ҳисоботда келтирилган қуйдаги сатрларни ҳам алоҳида урғулаб ўтишни истардим:

“…Гарчи Конституцияда мустақил суд ҳокимияти белгилаб қўйилган бўлса-да,  ҳокимиятнинг суд тармоғи кўпинча ижроия тармоғидан кўрсатма олиб турди.

Мавжуд қонунчиликка кўра,  президент барча судьяларни ҳар беш йилда тайинлайди. Олий Суд судьяларини ишдан бўшатишни парламент тасдиқлаши керак, зотан амалда парламент, умуман олганда, президент раъйига қараган…”

Мана, ҳақиқатни гапирса бўларкан-ку?

Афсуски, бу каби адолатли фикрларни ўзимизникилар, ўзбеклар очиқлай олмайди.

Бу каби ўктам, ўткир гаплар, фикрлар АҚШлик дўстларимиз – демократлардан чиққади!

Ўзимизда ҳам ана шундай ошкора фикр билдиришга изин берилса, қани эди?!

Суд тизими фаолиятини таҳлил қилган АҚШ Ҳукумати мана шундай хулоса ясайди:

“…Судга киритилган жиноят ишларининг аксарияти бўйича “айбдор” деган ҳукм чиқарилди.”…

Судлар фаолияти хусусида Ҳисоботдан ортиқча иқтибос келтириб ўтирмайман. Юқоридаги жумланинг ўзиёқ судларнинг қиёфасига кўзга тутиб турибди.

“Бошидан ўтганнинг – қошидан ўтма” дейди халқимиз. Судларимизнинг аҳволини бошидан ўтказганлар ва ўтказаётганлар жуда яхши билишади. Шу саба ҳам эл орасида “Дўхтир билан қозига ишинг тушмасин” деган ибора пайдо бўлган бўлса, ажаб эмас….

Шуниям алоҳида таъкидлаш керакки, Америкалик демократлар мамлакатимизда истиқомат қилаётган аҳолининг шахсий ҳаётига,  оила,  уй ва ёзишмаларига асоссиз аралашув масалаларида юзага қалқиётган муаммоларга ҳам бефарқ эмас эканлар.

Уммон орти дипломатлари ўз Ҳисоботларида

“Инсон ҳуқуқлари фаоллари ва сиёсий мухолифат вакиллари хавфсизлик хизмати идоралари махфий равишда уларнинг телефон орқали суҳбатларини яширин равишда эшитганини ва фаолиятларини кузатганини гумон қилишган. ..” дея қайд этиб ўтишни ҳам эсларидан чиқаришмайди.

Шунингдек, “…инсон ҳуқуқлари фаоллари Виктория Баженова, Чамангул Негманова ва ногиронлар ҳуқуқлари фаоли Ҳасанбой Бурҳоновнинг оила аъзолари таъқиб қилинганлар. ..” дея бонг урадилар.

Шуни ҳам ачиниш билан қайд этиб ўтишим керакки, биргина 2012 йил давомида эмас, балки Мустақилликнинг дастлабки йилларидан буён Ўзбекистонда мудом Тинч йиғин ўтказиш ва уюшма тузиш эркинлиги айнан ҳукуматнинг ҳуқуқ-тартибод идоралари ходимлари томонидан ўта қупол равишда бузилиб келмоқда.

АҚШлик рамсийлар тили билан айтганда: “…Конституция ва қонунчиликда тинч йиғин ўтказиш эркинлиги кўзда тутилган, лекин амалда ҳукумат кўп холларда ушбу ҳуқуқни чеклаб келди. Давлат органлари хавфсизликни таъминлашни важ қилиб, митинг, йиғин ва намойишлар ўтказишни тўхтатиш  ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга. Ҳукумат кўпинча намойиш ўтказишга рухсат бериш талабини бажармай келди. Фуқаролар ҳукумат рухсат этмаган митинг, йиғин ёки намойишларни уюштиришга ёрдамлашгани, жой, бино ёки материаллар бергани, шунингдек, йиғин,  митинг ва намойишларни ташкил этиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари содир этгани учун катта миқдордаги жаримага тортилади. 

Давлат органлари тинч норозилик намойишига йиғилганларни тарқатган ва баъзан ҳибсга олган,  баъзида эса норозилик ҳаракатлари учун маъмурий айблар қўйган..”

Маълумки, барча ривожланган димократик давлатларда мухолиф ташкилот фаоллари эркин ҳаракат қиладилар. Биргина бизнинг Ўзбекистонда мухолиф қарашдаги кишилар шавфқатсиз даражада қатағон қилинади, сиқувга олинади, қийноққа солинади.

АҚШ расмийлари мазкур муаммога ҳам муносабат билдиради.

Хусусан, Ҳисоботда  “…Конституция ва қонунчиликда фуқароларнинг тинч йўл билан ҳукуматни ўзгартириш ҳуқуқи белгилаб қўйилган. Амалда эса ҳукумат сўз эркинлигини кеcкин чеклаб қўйди ва сиёсий мухолифатни сиқув остига олди. Президент  фармон чиқаришнинг кенг ваколатлари, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишнинг асосий бўғини, ҳукумат лавозимларига тайинлаш, иқтисодиётнинг асосий қисми ва хавфсизлик кучлари устидан назорат қилиш орқали ўта марказлашган ҳукуматни бошқарди…” дея вазиятга ҳаққоний таъриф берилиши ҳақсевар кўнгилларни мунаввар этади..

Айниқса, АҚШ Ҳукумати Ҳисоботида сўнгги президентлик сайлови жараёнларига алоҳида урғу бериб ўтилганлиги эътиборга молик: “… Сўнгги сайлов: ЕХҲТ кузатув гуруҳи, халқаро демократик меъёрларига мос келмади,  деб ҳисоблаган 2007 йилги сайловдан  сўнг Президент Каримов президентликнинг учинчи муддатини ўташга киришди. Конституция президентнинг учинчи муддатга сайланишини тақиқлайди, ушбу аниқ зиддиятни ҳукумат очиқ эътироф этмади…”…

Шундай бўлди… Мамлакат раҳбарининг ўзи Ўзбекистон Республикаси Конституцияси талабларини ўта қўпол равишда бузди, айтиш мумкин бўлса, оёқ ости қилди.

Худди мана шу жиддий хато, айтиш жоиз бўлса, жиноят АҚШ дипломатлари диққат марказида эканлиги кишини қувонтиради, албатта…

Шунингдек, АҚШлик дипломатларни болаларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш муаммоси қаттиқ ташвишга солади.

Шу боис ҳам Ҳисоботда болалар меҳнати масаласига кенг ўрин берилган.

 

“…Болалар пахта етиштириш ва уни йиғиб-териб олиш вақтида ҳам ишлади.  15-18 ёшдаги минг-минглаб коллеж, лицей ва олий ўқув юртлари талабалари ҳукумат сафарбарлик эълон қилгани оқибатида йиллик йиғим-терим вақтида пахта далаларида меҳнат қилди…  Кузги йиғим-терим даврида  турли вилоятлардаги маҳаллий маъмурлар олти ҳафтагача коллеж ва университетларни ёпди ва талабаларни пахта далаларига олиб чиқди…” дея хавотир-ла хабар берилади мазкур Ҳисоботда.

Шу ўринда АҚШ Ҳукумати фактларга мурожаат қилади:

“Битта мисолга кўра, ЎИҲА вакиллари 23 октябрь куни Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Бешкалтак қишлоғидаги 70-мактабнинг 4-6-синф ўқувчиларининг пахта тераётганини кузатганини хабар қилди” дея ўз тўхтамларини далиллар асосида таъкидлайди.

Шу ўринда, АҚШ Ҳукумати ўз Ҳисоботида келтириб ўтган мазкур мисолида Альянс Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти лидери Елена Урлаева билан ҳамкорликдаги менинг журналистлик меҳнатларим маҳсулига  таянганидан бағоятда мамнун эканлигимни алоҳида айтиб ўтишни истардим.

2012 йилнинг октябр ойи учинчи ўн кунлигида Елина Михайловна билан болалар меҳнатига оид масалаларда мониторинг ўтказиш мақсадида Қашқадарё далаларида бўлган чоғимизда мазкур Ҳисоботда келтирилган мисолга оид фактлар тасвирга туширилган эди…

Мен журналистман. Шу боис ҳам АҚШ Ҳукумати Ҳисоботнинг сўз ва матбуот эркинлигига оид қисмини ўқиганимда, тан оламан, айниқса, жудаям роҳатландим. Касбимга оид муаммолар юзасидан айтилган ҳақ гаплардан қониқиш ҳосил қилдим.

“Конституция ва қонунчиликда сўз ва матбуот эркинлиги кўзда тутилган,  лекин, умуман олганда, ҳукумат сўз эркинлигини кескин чеклаб қўйиб,  ушбу ҳуқуқларни амалда ҳурмат қилмади” деган хулосага келинган Ҳисоботда.

Ва бу мутлақо тўғри. Аслида, амалда ҳам бизда – Ўзбекистонда шундай. Бу иддаога зиғирчаям бўҳтон ёхуд ёлғон аралашган эмас.

АҚШ Ҳукумати Ҳисоботида таъкидланганидек, бугунги Ўзбекистон матбуоти хусусида, мен ҳам, жумладан, айнан мана шу сатрларни ҳеч бир иккиланмасдан такрорлаган бўлардим:

 

“… Давлат назоратидаги газеталардаги мақолалар ҳукуматнинг нуқтаи назарини акс эттирди. Ҳукуматнинг бош газеталари танланган халқаро агентликлар хабарларини чоп этиб турди. Ҳукумат, реклама, гороскоп, ва баъзи долзарб маҳаллий янгиликлар, жумладан,  онда-сонда ҳукуматнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсатини танқид қилувчи мақолалар чоп этадиган бир қанча хусусий тиражи чекланган газеталарни нашр қилишга рухсат берди. 

Ҳукумат,  турли вазирликларнинг Интернет сайтлари орқали янгиликлар бериб борди.  Бир неча мустақил деб ҳисобланган вебсайтлар ҳукуматнинг нуқтаи назарини акс эттирди. 

29-30 январь кунлари давлат телевидениеси, профессионал даражаси паст, коррупция ва фирибгарлик билан машғул бўлган журналистларни  танқид қилиб, ҳукумат амалдорларининг таҳририятлар ишига аралашаётганини қораловчи кўрсатувни намойиш қилди.  Кўрсатув журналистларни “ташқи сиёсий кучларнинг ахборот ҳужумлари хуруж қилиб турган пайтда миллий мафкурани кучайтиришга эътибор қаратиш, миллий истиқлол ғоясини одамлар онгига сингдириш”га даъват қилди. 

Телеэфирда тўртта давлатга қарашли канал ҳукмронлик қилди..”  

Сўз ва матбуот эркинлигига оид юқоридаги кўргуликлар камлик қилганидек,  “…Журналистларни таъқиб қилиш давом этди. Милиция ва хавфсизлик кучлари матбуот ҳамда радио ва телевидение журналистларига нисбатан ҳибсга олиш, тахқиб қилиш, қўрқитиш ва зўравонлик қўллади, шунингдек, улар фаолиятига бюрократик чекловлар қўйди. 

Март ойида Тошкент шаҳридаги судлар мустақил журналистлар Интернетда чоп этилган мақолаларида Елена Бондарни “нафрат уйғотганлик” ва Виктор Кримзаловни “туҳмат қилганлик”да айблади, бироқ Бондар билан Кримзалов ўша мақолалар муаллифлари эканликларини рад этдилар. Ҳамза ва Юнусобод туманлари судлари Бондарга 6.92 миллион сўм (3460 доллар)  ва Кримзаловга 3.7 миллион сўм (1890 доллар) жарима солди.  Мустақил кузатувчиларнинг қайд этишича, Бондарни суд қилиш жараёнида процессуал ва ишни юритишга оид камчиликларга йўл қўйилган. Бондар қўшимча таъқиблардан сўнг июнь ойида мамлакатдан чиқиб кетди. 

Сўнгги йилларда бўлгани каби ҳукумат, давлат ва мустақил оммавий ахборот воситалари журналистларини чет эллик дипломатлар билан алоқа қилгани учун таъқиб этди,  журналистларни бундай алоқалари учун сўроққа тутди. Баъзи журналистлар чет эллик дипломатлар билан юзма-юз учрашишни истамадилар, чунки улар ўтмишда бундай қилгани учун МХХнинг таъқиби ва сўроғига дуч келган эдилар.

Цензура ва контент чекловлари: Давлат оммавий ахборот ташкилотларида хизмат қиладиган журналистлар ва етакчи муҳаррирлар  масъулият доирасига цензура ҳам кирувчи ходимлар борлигини маълум қилдилар. Баъзи келиб турган хабарларга кўра, хукумат расмийлари ва иш берувчилар   журналистларга хорижий давлатлар элчихоналари ҳомийлик қилган баъзи тадбирларни ёритмасликка оғзаки кўрсатма берди, айрим ҳолларда бунга риоя қилмагани учун ишдан ҳайдаш билан таҳдид қилди. Хабарларда айтилишича, ўтган йилларда бўлгани каби вилоятлардаги телевизион каналлар сув, электр ва газ етишмовчилиги, шунингдек, коррупция ва атроф муҳит булғаниши сингари маҳаллий аҳамиятга эга бўлган масалалар юзасидан енгил танқидий материаллар берди...”

Бироқ, сўз ва матбуот эркинлигини бўғиш юқорида санаб ўтилган бедодликлар билан тугаган эмас.

Янаям ачинарлиси, Ўзбекистонда интернетдан эркин фойдаланшига ҳам раҳна солинмоқда.

АҚШ Ҳукумати Ҳисоботи таъбири билан айтганда: “… ҳукумат Интернетга, жумладан, ижтимоий ахборот тармоқларига чиқишга рухсат берди.  Бироқ Интернет хизмати провайдерлари ҳукуматнинг сўровига кўра, ва ҳукумат наздида эътирозли деб ҳисобланадиган вебсайтларга ёки ўша вебсайтларнинг баъзи саҳифаларига кириш йўлини мунтазам тўсиб тургани хабар қилинди.  Ҳукумат бир қанча маҳаллий, халқаро янгилик вебсайтлари ва мухолифатдаги сиёсий партияларнинг вебсайтларига киришни тўсиб қўйди. Октябрь ойида мамлакатдан ташқарида жойлашган мустақил ОАВ, маҳаллий телекоммуникация компанияларининг номи айтилмаган ходимларига асосланиб хабар қилишича, ҳукумат, интернет фойдаланувчиларига мамлакатда тўсилган ёки тақиқланган вебсайтларга кириши имконини берадиган прокси-серверларни тўсиб қўйиш чораларини кўрди…” 

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, АҚШ Ҳукумати томонидан инсон ҳақлари бузилишига оид Ўзбекистонда рўй бераётган муаммолар ҳар томонлама атрофлича синчиклаб урганилган ва ҳолисона таҳлил этилган.

Мазкур Ҳисобот мазмунидан кўриниб турибдики, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таклаш масаласида қилинадиган ишлар бисёр.

Биз, Ўзбекларнинг  “Дўст – ачитиб, душман – култириб гапиради” деган хўп топиб айтилган ҳикматомуз мақолимиз бор.

Шу маънода, гарчи аччиқ бўлса-да АҚШ Ҳукумати Ўзбекистон мисолида асл ҳақиқатни очиқлади. Айтиш мумкин бўлса, Мустақил Ўзбекистон мулозимларининг юзига кўзга тутди. Ва сўзсиз ушбу ҳақиқат ойнасида амалдаги Ўзбекистон ҳукуматининг асл башараси, асл қиёфаси бор бўйича кўриниш берди: кўрдикки, тузим қинғирликка қурилган.

Халқимиз бекорга “Афтинг қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама” дейишмаган.

Демоқчи бўлганим, Ўзбекистон мулозимлари АҚШ Ҳукумати томонидан ғоятда аччиқ, аммо дўстона айтилган ушбу ҳаққоний танқидларга Акмал Саидов жаноблари каби столни муштлаш орқали жавоб қилиши эмас, аксинча, танқидлардан тўғри хулоса чиқаришга, Ўзбекистон аҳолисини фаровон турмушга олиб чиқишга, том маънода инсон ҳақларини тиклашга урунмоғи даркор.

Зеро АҚШ Ҳукумати Ҳисоботидан кўзланган асл мақсад-муддао ҳам ана шунда: дўстга кўмак қўлини чўзмоқликда.

“Ахмоққа калтак, ақлга ишора” дейишади.

Шу маънода, окиан орти дипломатлари томонидан Ўзбекистон расмийларига Ҳисобот мисолида ишорат берилди.

Бундан қандай хулоса чиқариш эса ҳукуматимиз тепасида ўтирган “ақл эгалари”га боғлиқ…

 

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

мустақил журналист

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares