(7- декабрдаги тутқунлик тафсилотларининг давоми)

Бугун, 7 декабр куни мени тахминан соат 14.30 ларда 5 декабрдаги каби яна Учтепа туман Ички ишлар идорасига келтириб, орқа томондан учинчи қаватга олиб чиқишди.
Шанба бўлгани учунми, бугун бу ерда ходимлар “қайнамас”, сийрак эди.
Ўша – мени “никоҳлаб” қўйишган хонага киритишди.
Хонанинг дераза томон қисмига ўртадан парда тортилган, парда ортига ётоқ вазифасини ўтовчи жой ҳозирланган (назаримда, навбатчи ходимларга кўрсатилган “шароит”, адашмасам). Оёқ остидаги линолеуми “титилиб”, ўқ еган вужуддек илма-тешик бўлиб кетган хонада тифал пайдо бўлган, иситиш тизими ҳам ишга туширилган, хона ҳарорати 5 декабрдагига қараганда бирмунча илиқ эди.
Мени хонага бошлаб келган болам қатори ходим, “Бемалол ўтириб олинг опа, чой ичасизми?” дея илтифот кўрсатди.
– Йўқ, раҳмат, “Бемалол” дейишингизга қараганда у кунгидек яна 10 соат ўтирадиган кўринаман. Тобим йўқ, бошим отилиб кетай деяпти. Мана, жой ҳам ҳозирланган экан, яхшиси эшикни ортидан қулфлаб кетаверинг, озроқ мизғиб олмасам, бошим қоқ ёрилади, касримга қолиб ўтирманг яна, – дедим ярим ҳазил оҳангида.
– Сизни ёлғиз қолдираолмайман, – деди ёш ходим қаршимдаги стулга чўкаркан.
– Нима қилади ёлғиз қолсам? Панжарани синдириб, деразадан ўзимни отмасам керак? Ҳали ҳаётда умидларим бор, хавотир олманг, одобли бўлиб ўтираман, -дедим ИИБ ходимига…
Яна охири кўринмайдиган суҳбат бошланди. Сўроғу саволлар моҳияти ўша-ўша:
“Нега оқ шарф боғладингиз? Бугун неча кишини таклиф этгандингиз? Оқ либоснинг моҳияти нима? Асл муддао нимадан иборат? Нега эл тинчлигини кўра олмайсиз? Нега халқ халоватига раҳна солмоқ истайсиз? Нега ҳориждаги раҳнамоларингизнинг арзимаган садақаси эвазига халқингизга хоинлик қиласиз?” деган такрорий саволлару, “Сизларнинг ҳориждаги раҳнамоларингиз сизларни намойишларга бошлаб қўйиб, сизларга мушук офтобга чиқмайдиган садақа бериб қўйиб, сизларнинг ортингиздан ўз ҳомийларидан миллард-миллиард маблағ ўндираётганини, сизларнинг ҳисобингизга бойиб, ким ошди савдосида шахсий кўчмас мулк, фирмалар сотиб олаётганини билмайсиз-да, мана, биз биламиз…” қабилидаги “қиздириш”га қаратилган тагдор гаплар…
– Яқингинада Баҳодир Чориев АҚШдаги ким ошди савдосида жуда катта маблағга кўчмас мулк сотиб олди…, – деди ходим ер остидан мени зимдан кузатаркан.
– Битта ўзбек АҚШда шундай муваффақиятга эришган бўлса, бундан қувонишимиз керак. Мен эшитмаган эканман, – дедим бепарвогина. – Гулнора олса, майли, Лола олса майли-ю, битта ўзбек деҳқонининг боласи олса, машмашами?
– Тўғри, лекин сиз “Севиниш керак” деб бепарво бўлманг, Чориев қайси пулига олди, ҳамма гап мана шунда? Сизларни “ОШ”га, намойишга, ОҚ либосга деб кўчага отлантириб қўйганлиги учун ҳомийларидан айнан сизларнинг хизматларингиз учун ундирилган пулларга олган-да… Сизларга эса бермайди. Берсаям, номигагина бериб қўяди…, – деди у.
“Куни кечагина биттанг “Баҳодир орқасини тозалаб олсин олдин, АҚШ ҳукуматидан катта солиқ даромадини яшириб қолгани учун боши ғалвада қолганмиш, ишлари пачавамиш?” деб юракка ваҳима солиб ётганди, бугун эса бошқа биринг “Баҳодир еб, сен қуруқ қолдинг” дея юрагимга ғулғула солмоқчимисанлар? Қани бу ерда мантиқ?” деган ўй ўтди кўнглимдан. Лекин тилимга чиқаришни лозим топмадим.
– Бор гаплардан гаплашайлик, бекорчи гапларни қўйинг. Чориев АҚШдан 100 миллион долларга кўчмас мулк олса, бундан мен фақат мамнун бўламан, холос, – дедим жилмайиб…
– Майли, унда, асосий мавзуга қайтайлик, – деди ёшгина ходим , – Нима қилдик, бизниям ўйлайсизми-йўқми? Бугун шанба. Одамдек эртароқ уйга бориб, ҳордиқ чиқармоқчи эдим… Сизни деб бола-чақанинг олдига бораолмасдан ўтирибман…
– Мен бўлмаганимда, ишсиз, зерикиб қолардинглару? – суҳбатдошимга ҳазиломуз жавоб қилдим.
– Сизсиз ҳам ишимиз бошимиздан ошиб-тошиб ётибди. Россиядан оммавий қайтаришаяпти…. Иш кўп…
– Ҳали бир-иккита мен кабиларга шунча “дод” деб безор бўласиз, Россиядаги муҳожирларимиз оммавий қайтиб келишса, нима қиласиз?
– Тушунмадим?
– Нимасини тушунмайсиз, Россиядаги мардикорларимиз қайтишса, мен кабилар сони ошиб, ишингиз янада кўпайиб кетади-ку, – “шунақа” дегандек киприк қоқдим, – Билмасмидингиз?
– Сиз “тўпалон” кўтармасангиз бўлди, бошқасини эплаймиз… Нега Россиядан қайтганлар “қитмирлик” қилишади деб ўйлайсиз?
– Афтидан, Ўзбекистон тузимини ўзгартиришни биргина мен истамайман-ов. Ҳамюртларимизни оммавий равишда изига, Россиядан Ўзбекистонга қайтариб юборишга азму қарор қилганига қараганда, Путин ҳам бизга ҳайриҳоҳ кўринади… – дедим табассум билан. – Ҳеч эътибор берганмисиз, мультимиллиардер Алишер Усмоновнинг асранди ўғли Бобурнинг Ўзбекистонга келиб ўлим топиши ортидан Россиядан ўзбекларни қува-қув бошланиб кетганди. Бобурнинг ҳалокатидан 3 кун ўтиб мардикор ватандошларимиз Россия кўчаларида сазойи қилинганди. Нега шундай бўлди? Сизнингча бу бир тасодифми? Ёки “Ўзбекистондаги Президентликка давогар асосий “фигура” билан мультимиллиардер Усмоновнинг қуда-андачилигига раҳна солиш учун Ўзбекистон “қора куч”лари атай ёш Бобурнинг жонига қасд қилишди, қотилликка қўл уришди” деган мазмундаги матбуотда чиққан узуқ-юлуқ тахминий фикрларга Путиннинг жавобими? Ўзбекистон расмийларидан қасд олиш мақсадида миллатдошларимизни оммавий қува-қув қилаётган бўлса-чи? Нимага? Чунки, Россияда 10 йиллаб яшаган муҳожир ўзбекларимиз оз бўлсаям ўзга отмосферадан нафас олиб кўрган, «эркинлик» ҳавосига ўрганишган. Дунёқарашларида оз бўлсаям ўзгариш шаклланган бўлиши ҳам мумкинми, йўқми? Айтингчи, Россиядаги мардикор ҳамюртларимиз сони қанча? 5 миллион нафарми? Онгида ўзгариш рўй бера бошлаган 5 миллионта одам Ўзбекистонга оммавий тарзда қайтиб келса, нима бўлади? Битта одам лоақал 3 нафар кишига таъсир ўтказа олиши мумкинми-йўқми? Ана шунда онги, дунёқараши “уйғониб” қолган одамлар сони қанчага етади? Ўзбекистон аҳолисини қамраб олиб қўяди-ю? Эҳтимол Путин Ўзбекистонда ўзгариш, инқилоб қилишни режалаштирганлиги учун ҳам муаммоларни келтириб чиқариш, ишсизликни авж олдириш илинжида оммавий равишда ўзбекларни ўз юртига қува-қув қилишга тушгандир? Шу ҳақдаям ҳеч ўйлаб кўрганмисизлар? Оқибатда, ҳаял ўтмай мен кабилар сони кескин ошиб кетса, нима қиласизлар? Биздақалар билан қандай курашасизлар? – билса ҳазил, билмаса чин қабилида ўз фаразларимни тўкиб солдим ИИБ ходимига.
– У-буни қўйинг, эртагаям Олойга чиқасизми, йўқми? Шундан гапиринг? – деди гуё у менинг тахминларимни эшитмагандек гап мавзусини ўзгартириб.
– Қайдам…., – елка қисиб, атай мужмал жавоб қилдим.
– Ана кўрдингизми, сиз яна чиқиб, бизни овора қиласиз. Шу сабаб, сизни эртагача шу ерда олиб ўтириш топширилган менга. Ҳозир бирор егулик келтираман. Навбатма-навбат Сизга қоровуллик қилиб чиқамиз энди шу кеча. Йўқ, агар бу ерда ўтиришни истамасангиз, “Эртага Олойга чиқмайман” деб менга сўз беринг, – деди ИИБ ходими.
– Сўз беролмайман-да…
– Нимага? Ўзингизга ишонаолмайсизми? Ваъдангизнинг устидан чиқа олмайдиган принципсиз аёлмисиз? Шунга сўз бераолмайсизми? – тагдор савол қилди у.
– Принципиал аёл бўлганлигим учун ҳам сизга сўз бера олмайман-да. Негаки, 8 декабргача Олойга Конституцияни байрам қилишга чиқаман деб сўз берганман. Ўша ваъдамни бузиб, ортидан сизга сўз берсам, шу принципиалликка кирадими?
– Кимга сўз берганасиз, Чориевгами? Чиқмасангиз, тўламайдими, пулсиз қоласизми?
– Нега ҳадеб гапни маблағга келиб тақайверасиз-а? Мен ўзимга ўзим сўз берганман. Негаки, “Бирдамлик”нинг Ўзбекистон бўйича етакчиси менинг ўзимман. Одамларни Олойга чорлаётган, “Конституция кунини кенг нишонланг, ўқинг, урганинг, Олойга келинг, биз билан бирга бўлинг”, деётган одам ўзимман. Шу гапни эшитмоқчи эдингизми мендан. Айтмасам ҳам, интернет орқали барчасидан бохабарсизку? Фақат ўз оғзимдан эшитмоқчи эдингиз-а? Аҳолини Олойга чорлаб туриб, сўзимдан қайтсам, яхши бўладими? Имконсиз нарсани сўраманг мендан, илтимос, – дедим ИИБ ходимига.
– Бўлди, унда то эртагача шу ерда қоларкансиз-да… Менга фарқи йўқ, ўзингиз шуни танладингиз, – деди ИИБ ходими.
Иккимиз ҳам ўз хаёлимиз билан қанча ўтирдик, билмайман. Хонадаги сукунатни ходимнинг қўл телефони жаранги бузди.
Менга пойлоқчилик қилаётган йигит сакраб туриб, телефон суҳбатини эшитмаслигим учун ташқарига “учди”. Қўнғироқ қилган одам билан ўрталарида нима гап ўтди, билмадим, ИИБ ходими қайтиб келгач:
– Малоҳат опа, агар битта тилхат ёзиб берсангиз, уйингизга жавоб тегади, – деб қолди.
– Қайси мазмунда?
– “Эртага уйдан ҳеч қаерга чиқмайман, Олойга бормайман, ҳеч қандай тадбир ва намойишларда қатнашмайман. Мабодо қатнашгудек бўлсам, судга тортилишим хусусида ИИБ ходимлари томонидан огоҳлантирилдим” деган мазмунда тилхат ёзсангиз, уйингизга кетаверасиз…
Бу пайтда соат 18.00 дан ўтиб бўлганди, адашмасам… Негаки, аниқ вақтдан бехабар эдим. 5 декабрь куни мобил телефон аппаратим билан видеофотоаппаратимни суд ижрочилари давлат фойдасига мусодара қилишганларидан бери, телефонсиз эдим. Сим картам қизимнинг қўлида…
Бундай вазиятда ким қандай йўлни танлайди, билмадиму, бироқ 5 декабр кундаги каби яна такрор 10 соат қоқилиб ўтиргим йўқ эди… Шусиз ҳам тутиб келтиришганларидан буён орадан қарйиб тўрт соат ўтиб бўлган эди…
Мабодо, тилхат ёзиб бермагудек бўлсам, 8 декабр куни ҳам кун бўйи тутқунликда тутиб туришлари муқаррарлигини билардим.. Шу боисми, айтилган мазмунда тушунтириш хати ёзиб бериб, ИИБ қутқусидан бугунча қутилиб қолдим…
Мени кузатиб қўяётган ИИБ ходими “Малоҳат опа, бу ёғини ўйин деб билманг энди. Эртага Олойга чиқа кўрманг. Чиққудек бўлсангиз, биздан ўткаламанг. Қўлимизда тилхатингиз бор, судланишингиз ҳақида огоҳлантириш олгансиз…. Эртага Олойга борсангиз, ишингиз судга оширилади. Ё 15 суткага қамаласиз, ёки сизга яна катта миқдордаги жарима жазоси тайинлашади. Бунисини суд ҳал қилади. Шу муаммолар керакми сизга? Ўйлаб кўринг” деди ўта мулойимлик ва ҳайриҳоҳлик билан…
Учтепа туман ИИБ дарвозаси ёнида ўзини таништирмаган ёшгина ходим билан хайрлашиб, тун қоронғусида ўз уйим томон бурилдим…
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ҳукумати халққа Контитуция кунини нишонлашга изин бермайдиган кўринади….
(ИИБ ходимлари билан бўлган тўқнашув давомида ўртада бўлиб ўтган икки кунлик суҳбатлар умумий ва мухтасар қилиб ёзилди. Суҳбатлар мазмуни ўша-ўша. Фақат куни, вақти ва ходимлар шахсида тафоввут бўлиши мумкин….)