МУЛОҚОТ, БАҲС, ЯКУН

Қўлланма (иккинчи)нинг муҳокамаси!

getImage (2)Улуғбек Бакиров: Айбимиз – биз ишонувчанмиз!

Ўзбекистоннинг энг янги тарихи

Маълумки, “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати ўн йилдан зиёд вақт мобайнида нозўравон кураш усули орқали Ўзбекистон ҳукуматига келишни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйган. Бу йўлда Ҳаракат ҳукуматга мухолиф ташкилот сифатида фаолият олиб бормоқда…

Ўзбекистон Республикаси собиқ Шўролар Иттифоқидан кейин мустақилликка эришди. Мустақил Давлат сифатида дунёга танилди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Шўролар Иттифоқидан мустақилликни талаб қилиб, бу йўлда курашиб истиқлолга эришган мамлакат эмас. Ўша замон давр талаби ва қолаверса, собиқ Иттифоқнинг парчаланиши оқибатида Ўзбекистон ўз-ўзидан мустақилликка эришди.

Ўтган асрнинг бошларида ва кейинги Сталин ҳукмронлиги даврида Озодлик ва Мустақиллик учун бел боғлаб, бу йўлда қурбон бўлган ота-боболаримиз, аждодларимизнинг мардонавор қутлуғ курашлари бундан истисно, албатта.

Қолаверса, Горбачёвнинг “Ошкоралик” ва “Қайта қуриш” сиёсати даврида шаклланган Ўзбек Ойдинларининг Истиқлолга эришиш ва Ўзбек тилини Давлат тилига айлантириш учун курашлари ҳам бундан мустасно, албатта.

Ҳар икки авлоднинг мустақиллик йўлидаги курашлари самарасиз якун топди, деган фикрдан йироқман. Уларнинг мардонавор курашлари тарих сиҳифаларига муҳрланган, ҳар бир ватандошимизнинг хотираси ва қалбидан жой олган.

Аммо, энг янги тарихимизда Ўзбекистон ҳудудида мустақиллик қаҳрамони, буюк ва доно Юртбоши, дея кўкларга кўтарилаётган Президент Ислом Каримовнинг аслида мустақилликнинг душмани бўлганлиги ва бу борадаги қатор ҳаракатларини яқин тарихимиздан яхши биламиз.

Соҳта мустақилликка эришган Каримов бошчилигидаги ҳукумат Ўзбекистонни чорак аср давомида мисли кўрилмаган даражада таназзулга дучор қилди. Энг бошида у миллатимиз ойдинларини алдаб, чалғитди. Кейин эса, ўлкада бош кўтараётган Ислом дини раҳнамоларини лақиллатди. Ҳар икки қарашдаги динпарвар ва ватанпарварларни фитна орқали йўқ қилгач (айримларини эса, сотиб олгач), фақат халқни ёлғон сиёсати орқали то шу кунгача алдаб, авраб келмоқда.

Бугун И.Каримовнинг фитналари ва алдовларидан бехабар бўлган одам қолмади. Унинг ва оиласининг ўзбек халқига нисбатан қилган ва қилаётган ёвузликларини сир сақлашнинг мутлақо имкони қолмади. Сўнгги вақтларда, ҳар ҳолда, президент оиласининг Гулнорадек махсус “мухбири” оламга жар солишидан буни яққол англаш мумкин.

Ўзбекистон янги келажак бўсағасида

Айни кунда Ўзбекистон тарихий бурилиш ва янги келажак бўсағасида турибди.

Бу бурилиш яна эврилишларга, йўқотишларга, бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилишига олиб келмаслиги керак. Бунинг учун эса, барчамиз, Ўзбекистон халқи бир тану бир жон бўлиб уюшишимиз керак.

Бирлашиш, уюшиш, қўлни қўлга бериш каби ғоялар ўзбеклар учун умуман ёт тушунчадек, назаримда. Йиллардан буён мухолифат томонидан кенг равишда олға сурилиб келаётган ғоя бўлишига қарамай, бу йўлда ютуқларга эришдик, дея олмаймиз.

Айни дамда, аҳволимиз шу экан-да, бошга тушганни кўз кўради, биз нима ҳам қила олардик, “катталар” қила олмаган ишларни биз оддий одамлар қилишга йўл бўлсин, сиёсатга аралашмай, оч қорним тинч қулоғим, дея яшаверайчи бир гап бўлар, дея қўл қовуштириб ўтиришимиз ҳам адолатдан, ҳам инсофу иймондан эмас!

Ўзбек халқи азал-азалдан тинчликни севадиган, қадрлайдиган миллат. Ҳар икки гапининг бирида “тинчлик бўлсин”, дея ният қилиб, дуо қилади. Халқнинг зеҳниятидаги бу олий қадриятни суистеъмол қилиб, унинг устидан кулиб, уни хорликка, жар ёқасига олиб келганларнинг куни битмоқда.

Ўзбекистондаги бугунги тинчлик абадий тинчлик эмас. Бу тинчлик кучли бўрондан олдинги сукунат. Бўрон келмасдан аввал тайёргарлигимизни кўрайлик!

Тинчлигимиз бузилмаслиги, турли сиёсий ўйинлар гирдобида халқимизнинг қони тўкилмаслиги, фарзандларимиз қулу мардикор, аёл-қизларимиз хору зор бўлмаслиги, нуроний оталаримиз, мунис онахонларимиз осуда умр кечиришлари ва жонажон она Ватанимиз Ўзбекистон том маънодаги мустақилликка эришиши, юртимиз фаровон бўлишлиги учун ҳам бугун ҳар бир Ўзбекистон фарзанди улкан масъулият қаршисида турибди.

Масъулият шуки: даврлар ўтади, замонлар ўзгаради, ҳукумутлар алмашади, лекин, Ватан ватанлигича қолади. Шу Ватанни келажак авлодларга муносиб равишда асраб-авайлаб етказмасак бизларни, бугунги Ўзбекистон аҳлини келажак авлод лаънатлаб ўтади. Бугун биз юртни босқинчиларга бой бериб, улкан меросимиздан, маънавий қадриятларимиздан, ўзлигимиздан айрилишимизга сабаб бўлган бепарво ва нодон аждодларимизни лаънатлаётганимиз каби.

Лаънатга гирифтор бўлмаслигимиз учун биз бугун тўғри ва оқил кураш йўлини танлашимиз зарур.

… Аччиқ бўлса ҳам айтаман. Зотан, дўст ачитиб гапиради, душман кулдириб. Мен кулдиришни  истамайман ҳозир. Ҳозир ялло қилиб, кулдирадиган давр ҳам эмас.

Фақат ва фақат ЎЗИМИЗ АЙБДОРМИЗ!!!

Буюк Соҳибқирон Темурнинг, коинот олими Мирзо Улуғбекнинг, сўз мулкининг султони Ҳазрат Навоийнинг, назм ва султонлик салтанатининг Султони Бобур Мирзонинг авлодлари нечук бугун ўзга юртларда бир парча нон топиш учун қулу мардикор бўлди?

Нега унинг хорликда ўлган жасадлари темир тобутларда келмоқда? Нега ўзбекни ҳар ким оёқ ости қилиб, хўрламоқда? Нега ўз юртининг зиндонларидан хор бўлган ўликлар чиқмоқда? Нега бугун ўзбек ўзбекка тоқат қилмай қолди? Нега ўзбек ўзлигини буткул йўқотди?!

Нега Увайсий-ю Нодирабегим, Бибихонимларнинг фарзандлари ёт элларда ўз танини сотиб кун кўришга маҳкум этилди? Нега аёл-қизларимиз, фарзандларимиз ҳам мардикор ва қулларга айлантирилди?

Бугун ўзбек деса, нега фақат қулу мардикор тушуниладиган бўлиб қолди? Нега, нега, нега???

Жавоб жуда оддий ва аччиқ: Бундай бўлишимизга фақат ва фақат ЎЗИМИЗ АЙБДОРМИЗ!!!

Нега бошқа халқ бундай аянчли ҳолга дучор бўлмади? Ахир, Ўзбекистонда қўшни Афғонистонда бўлгани каби йиллаб уруш бўлмаётган бўлса. Юртимиз қашшоқ, гиёҳ ўсмайдиган саҳро бўлмаса. Жаннатмакон юрт десак, ариқларимиздан зилол-зилол сувлар оқса, пахтаю олтинларимиз ва бошқа табиий бойликларимиз ўзимиздан чиқса, еру заминимиз бебаҳо, халқимиз меҳнаткаш ва қўли гул бўлса. Нега бугун биз – ўзбеклар хароб бўлдик?

Саволлар кўп, жавоб эса, яна ўша оддий. Бундай бўлишимизга фақат ЎЗИМИЗ АЙБДОРМИЗ!!! Нега айбдормиз? Айбимиз нима?

Айбимиз – биз бефарқмиз! Айбимиз – биз ишонувчанмиз! Айбимиз – биз содда ва гўлмиз! Айбимиз –зеҳниятимизда. Зеҳниятимиздаги энг аянчли бўлган – “оч қорним тинч қулоғим” ва “ўйнашмагин арбоб билан арбоб урар ҳар боб билан” каби қулликка ва мутъеликка элтувчи ажиб “ўгит”ларимиздир.

Ҳамма нарсага бефарқ қарадик, Каримовга ва бошқа каримовчаларга ишондик, соддадиллик қилдик, қорнимизни оч қўйдик, қулоғимиз эса, афсуски, кўп ҳам тинч бўлмаябди, арбоблар билан ўйнашмасак ҳам улар шундай урябдики, бу зарбдан ерга қуладик. Хуллас, нима бўлсак бўлдик, топганимиз ҚУЛлик бўлди, холос!

Қулликдан қутилишни истасак бирга курашайлик! Қуролимиз НОЗЎРАВОНЛИК бўлсин!

Ҳеч ким курашсиз, меҳнатсиз ЗАР ҳадя этмас!

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати йиллардан буён Ўзбекистон халқини озодликка ва фаровонликка олиб чиқиш йўлида изланиб, курашиб келмоқда.

“Бирдамлик” Ҳаракати куч қўлланишига, қурол-яроғдан фойдаланишга, халқнинг қони тўкилишига мутлақо қарши. Бундай ғоядаги экстремистик мафкураларга ҳамиша қарши курашиб келади ва бу жабҳада ўз аҳдига ҳамиша содиқ.

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Сизга, азиз ватандошим нозўравонлик йўллар орқали тинч кураш йўлларини таклиф этади. Унутманки, курашсиз ҳар замонда ҳам ҳеч нарсага эришилмаган ва эришилмайди ҳам. Лекин, курашнинг ҳам йўллари, усуллари ва ғоялари бор.

Бугунги кунда фаровон ҳаётда яшаётган ҳар бир халқнинг яқин ўтмишига назар солиб кўринг, улар шу фаровонлик учун курашиб, ўз мақсадларига эришган.

Зеро, ўзбек шоираси Саидахоним Зуннунова айтганидек:

Курашсиз, меҳнатсиз шодлик, кулгуни

Ўғрилик мол дейман, қиламан ҳазар.

Қалбимнинг парчаси сингмаса агар

Розимасман биров ҳадя этса зар.

Аминманки, бизларга ҳеч ким курашсиз, меҳнатсиз ЗАР ҳадя этмас! Танлаш йўли эса, ҳамиша ўзимиздадир!

Улуғбек Бакиров

мустақил журналист                                        

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares