Қамоқдаги битиклар: Мамадали Маҳмудов. Ой нури – иккинчи қисм

 

"Қамоқда мени ёзувчилигим асраб қолди", деб айтганди адиб Би-би-си билан суҳбатида.
«Қамоқда мени ёзувчилигим асраб қолди», деб айтганди адиб Би-би-си билан суҳбатида.

Би-би-си Ўзбек Хизмати атоқли адиб Мамадали Маҳмудовнинг қамоқхонада ёзилган туркум асарларини эълон қилишни режалаган. Эътиборингизга ҳавола қилинаётган «Ой нури» романини адиб 2012 йилда, Чирчиқдаги жазо муассасасида ёзиб тугатган.

(Воқеий роман. Иккинчи қисм)

– Шундай десам ҳам бўлади, Ойнур опа. Мен эшитганларимни ўзимча “сиқиб-сиқиб, суви”ни чиқариб, “қолип”га солганман. Йўқса, у бир қисса бўлади. Чунки уни ҳар ким ҳар хил талқин этади. Ўзидан қўшиб-чатиб ҳикоя қилганлар ҳам бор. Аммо моҳият дегани бир хил.

– Бу воқеа таъсирида, Ойнур, Кантнинг ушбу сўзи эсимга келади: “Изтироб чекмаганлар ҳаёт сирларини тўлалигича тушуна олмайдилар”. Энди билдим, Ойнур, Лочин оға бежиз табиб бўлмаган экан. Лочин табибда бир хислат бор. Унинг кечинмалари – бунинг исботи. Ҳу, боя, сўрида Лочин табибнинг сўзларидан сўнг менда ишонч учқунлари пайдо бўлувди. Энди бу учқунлар аланга олаётгандай. Мен соғайишни ҳис этаётгандайман, Ойнур.

– Сен яқинда ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб кетасан, Лола.

Ойнурнинг ишонч руҳи билан суғорилган сўзидан Лоланинг ёноқлари лоладай ёнди.

– Тилингга бол, азизим! – у Ойнурнинг ўзига ўхшаш қизғиш нурлар билан тўйинган қўнғироқгулранг юзига куйдиргувчи дудоқларини босди. Кейин мендан сўради:

– Сенам ишонасанми, Эврил?

– Юз фоиз, Лола опа.

Лола мени ўтли бағрига босди, манглайимдан ўпди. Мен ундан Ойнурникидек бўйу ҳароратни туйдим.

Қандоқ лазиз ўхшашлик!

Одамни ўзига сеҳрловчи ўхшашлик!

Ойнурни билмадиму мен Лолага “юз фоиз” десам ҳам, бу сўзимга ўзим унча ишонмадим. Зотан, бунга Ойнур ё менинг эмас, Лоланинг ишончи муҳим. Шу ишонч уни соғайтиради. Ойнур билан мен уни руҳан қўллаймиз. Бу Лолага таянч бўлади. Мен шундай фикрдаман. Фаҳмимча, Ойнур ҳам.

30

Сўқоқ сув тегирмонига келиб тақалди. Биз беихтиёр тўхтадик. Тегирмоннинг сирли, мунгли, ҳорғин ғир-ғирлари чакалакнинг (сойнинг сўл томонида) бўғиқ гувуллашларига қотилароқ сукунатни бузмоқда ва ўзлари ҳам зулматга қорилиб бормоқда.

– Эврил, бу ер менга қўрқинчли кўринаяпти, – Ойнур менинг ўнг қўлимдан тутди, – шитир-шитирларни эшитаяпсанми?

– Ҳа, ўзи тунда бу ерда ҳамиша шундай. Шамолда ўтлар чайқалади, шитирлайди. Тулкилар ҳам кезади…

– Мени ҳам ваҳм босяпти. Анави қоронғиликдан, – Лола чакалакка ишора қилди, – худди иблислар чиқиб келишаётгандай.

– Тегирмон остида ҳам жодугар юргандай, – ваҳима қилди Ойнур. – Ҳар тарафимизда қандайдир шарпалар изғиб юрганга ўхшаяпти.

Шу он, кутилмаганда, уй билан тегирмон ва сойни боғловчи тик, тор сўқмоқдан Чингизхон чопиб энди. Бундай айтганда, зулматдан учиб чиқди. Ва ўзига хос мардона овозда:

– Шаҳарликларга шундай туюлади-да, – деди. Сўнг ғилофдан пўлат ханжарни чиқараркан, қўшимча қилди. – Бу ерда ҳамма махлуқ мендан қўрқади.

Қизлар бу содда кўнгил, ботир боланинг самимий мақтанишидан яйраб кулишди. Аслида, Бек бу сўзни мақтаниш учун эмас, қизларни хотиржам қилиш учун айтди. Мен буни илғадим. Яна шуни туйдимки, қизлар Бекдаги ғайритабиий куч, ғайритабиий шижоатни ҳали фан ўрганмаган сезги билан сездилар. Мен бундай қувондим.

Чингизхон мени қувватлаш учунми, тағин гап тизгинини тутди:

– Эврил менинг яқин дўстим ҳам узоқроқ қариндошим бўлгани учун Сизлар “қўрқинчли” деб ўйлаётганингиз: бу қутлуғ ерлар менга азиз. Ҳозир “Эрксиз замон” деб аталаётган у эски замонда бу чакалакзор, ёнғоқзор, олмазор, ўрикзор, тутзор… лар ҳамда ўнлаб ботмон экинзорлар Эврилнинг ота-боболарининг мулклари бўлган. Мана бу тегирмон ҳам. Уни Эврилнинг улуғ отаси Аҳмат Оқсақол тошдан қурган. Ҳозир “Ҳур замон” деб аталаётган бу замонда бу мулклар Совет ҳукуматиники. Киров совхозиники…

Қизлар бир сўз демадилар. Орага ноқулай жимлик чўкди. Шунга Чингизхон ҳазиломуз оҳангда гап йўналишини бурди:

– Кўраяпсизларми, ҳув юксакда икки юлдуз ёнма-ён порлаб турибди, – у уй ёққа ханжарини нуқди.

– Юлдуз эмас, шекилли, – ишонқирамади Лола.

– Фонусларми, Бек? – сўради Ойнур.

– Ҳа, фонуслар, Ойнур опа.

31

Тик сўқмоқдан ҳаллолслаб юқорига – уйга ўрладик. Супага шолча тўшалган. Ўртада ғариб хонтахта. Супа четига иккита йиғма кароват (раскладушка) қўйилган. Ўчоқда ўт тутаяпти. Булар тут оғочи шохига илинган фонусларнинг (кўчма чироқлар) хира ёғдуларида хира кўринмоқда.

Шундай бошимизда ғуж-ғуж юлдузлар сайр қилмоқда.

Тиниқ юлдузлар.

Ёрқин юлдузлар.

Одамзотга сирли юлдузлар.

Шамолда япроқлар шитирлайди.

Гўё кўзга кўринмас қўл тебратаётгандек.

Шох-шаббалар, фонуслар тебранади. Дев-дев кўланкалар худди алвастилардек одам кўнглига қўрқув солиб, лопиллаб ўйнайди.

Қизлар жунжикадилар. Буни сезган Чингизхон “Ўрол” қутисидан кичик “бўғча” ва Лоланинг улкан жомадонини олиб келди. Тугунчадан иккита чойшаб олди ва уларни қизларнинг елкаларига ташлади. Қизлар раҳмат айтишди.

– Мен ҳозир чой дамлаб келаман, Ойнур опа, – Бектемир ўчоқ сари йўналди.

– Ҳаво анча салқин, Бек, қаҳва ичақолайлик, – Лола Ойнур ўрнига жавоб қайтарди.

Шу кеча Бек ва мен умримизда илк дафъа бир пиёладан қаҳва ичдик. Бундан ўзимизни киборлардек ҳис этдик. Севиндик. Қизларнинг ҳам руҳиятлари кўтарилди. Қаҳва таъсирида ҳаммамиз қизидик.

Лола чаман-чаман юлдузларга

Суқланиб боқди.

Энтикиб боқди.

Ҳайратланиб боқди.

Сўнг беқиёс ҳаяжон билан сўзлади:

– Биргина бизнинг галактикамизда юз миллиард юлдуз бор, Ойнур!

Юз миллиард!..

Ақл бовар қилмайди.

Бу юлдузлар тақрибан ўн беш миллиард йилдан бери оламга нур сочиб турибди.

Ўн беш миллиард йил!..

Ҳар бир юлдуз еримиздан миллион-миллион марта катта. Ва юз миллионлаб чақирим узоқда сузаяпти.

Лекин, қара, Ойнур, бу юлдузлар шундай бошимизда порлаяпти.

Мунчалар яқин!

Мен ҳеч ерда юлдузларни бундай яқин кўрмаганман. Ҳеч ерда, Ойнур. Қандай гўзал, қандай бетакрор манзара! Сезаяпсанми, бундан қалбим қанчалар яйраяпти.

Қанчалар лаззат олаяпти!

Ойнур қариндошининг болаларча севинганидан бениҳоя қувонди. Бек билан мен ҳам.

Шу сония менинг хаёлимдан ўз-ўзидан ушбу сўзлар кечди: “Юраги тоза одамгина табиатдан шундай таъсирланади, шундай завқланади”.

Лоланинг эсига бир нима тушдими, юз-кўзларида қандайдир бесаранжом, аммо мардона ифодалар кеза бошлади. У ўйланиб қолди. Афтидан кўнглига келган гапни айтиш, айтмаслик устида бош қотирарди. Лаҳзалар кечди. Ёрилди:

– Бу айланувчан очун, Эврил.

Лола нима учун менинг отимни айтиб сўз очди? Мен бундан ҳайрон бўлдим.

– Ҳа, бу айланувчан очун, – такрорлади у. – Мана шу юлдузлар, сайёралар, Ой, Қуёш, умуман бутун осмон жисмлари Тангри Қонунияти асосида айланади.

Ўзгармай айланади.

Ер ҳам шундай.

Бироқ… бироқ… Ер устида одам тузган, тўқиган Салтанатлар, Қонунлар, фирқалар, оқимлар, динлар ўзгариб айланади.

Ҳатто миллатлар ҳам…

Бир-бирини инкор қилиб айланади.

Бир-бирини булғаб айланади.

Бир-бирини янчиб айланади.

Бир-бирини алдаб айланади.

Бир-бирини еб айланади…

Қани Искандар ва ёки Чингизхон салтанатлари?

Қани бутпараст ва ёки ўтпараст динлари?

Ҳеч бир империя, партия абадиймас.

Вақтинча…

Бунга тарих шоҳид.

Дарёни тўсиш мумкин.

Вақтинча.

Сўнг яна оқади.

Тўсиқларни бузиб оқади.

Тангри Қонунияти асосида:

Ўз Ўзанида оқади.

Лола ўз фикрини тўсма[1]га ўраб-чирмаб баён этса ҳам, мен уни уқдим. Бекнинг тегирмон олдидаги гапига жавоб эди бу.

– Сенга совғам бор, Эврил, – Лола жомадонини очди. Ундан академик Лев Гумилевнинг рус тилида ёзилган “Хунлар”, “Оқ хунлар”, “Турк ҳоқонликлари”, “Кўк турклар” китобларини олди ва менга узатди. – Бек билан бирга ўқинглар. Буларда миллатимиз кечмиши битилган.

Мен бундан бир кўза олтин топган кимса мисол қувондим:

– Раҳмат, Лола опа!

Бек ҳам севинчга лим-лим овозда унга миннатдорчилик билдирди.

– Бу китоблар Сизларнинг ички дунёларингизда тўнтариш ясайди, деб ўйлайман, – деди жиддий оҳангда Ойнур. – Кечмишимиз нечоғлик улуғлигини билиб оласизлар. Сизларда сохта ғояларга қарши беқиёс нафрат уйғонади.

Ойнур хиёл тин олди. Сўнг қўшимча қилди:

– Лоладан ҳам кўп нарса ўрганасизлар.

Биз (Бек ва мен) китобга ҳаводай ташна эдик. Баъзан юмушлардан қочардик, оғоч шохлари, бутоқлар оралари ва ёки қабристон хилватгоҳларида, хусусан, Ўғиртош[2]кавакларида китоблар ўқирдик.

Бек Ўғузхондек буюк инсон бўлишни орзу қиларди. Темур ҳоқон салтанати тикланиши тўғрисида ўйларди. Чингизхонни ҳавас этарди. Лекин мен каби дард, алам, мақсадларини (тўсмага ўраб) қоғозга тўкмасди. Ҳеч бир кас ёки ҳайвондан чўчимайдиган Бек чамаси замондан қўрқарди. Менимча, қамоқдан кўпроқ. Қўрқишини яширарди. Унинг энг мўрт жойи ҳам шунда эди. Шунга истеъдод туғёнлари ичида қайнаб, ичида сўнарди. Балки бу ўткинчи ҳолдир? Балки мен янглишаётгандирман? Бу менинг нисбий фикрим, албатта.

Лола Ўғузхон (Матэ – Ботир Тангриқут) ҳақида узоқ сўзлади. У ўгай онасидан жабр кўргани, туман Тангриқут (отаси) уни (хотинининг гапига кириб) Улуғ Ёвчилар Юрти ҳукмдорига гаров сифатида бергани, Матэ у ердан Буюк Саҳро (Тангриқум) орқали қочгани ва Туманбалиққа (Хун давлати бошкенти) зўрға етиб келгани тўғрисида сўзлади. Сўзлаганда ҳам Лола ачиниш аралаш ҳаяжон билан сўзлади.

У нафасини ростлаш учун бир дақиқа тин олди. Биз (Бек, мен) бўронли қисса давомини эшитишни орзиқиб кутдик. Лола чумома гулли оқ, нафис рўмолчаси билан қуёшранг дудоқларини оҳиста-оҳиста артди ва сўнг фахр туйғусига тўла овозда яна гап тизгинини тутди. Яъни:

Ота-ўғил ўртасида кечган жангда (эрадан олдинги 210 йил) Ботир Тангриқутнинг қўли баланд келгани, шундан кейин у ўнлаб мамлакатларни, жумладан, Хитойни ҳам бўйсундиргани, Марказлашган Буюк Хун Салтанатига (Империясига) асос солгани, Бойкўлдан (Байкал) Улуғ Денгиз (Тинч океани)гача Ер унинг қамровида бўлгани, бу чексиз ҳудудда бир бўри сурати акс эттирилган туғ ҳилпираб тургани, қарам давлатлар юз йиллар мобайнида унга ўлпон тўлагани, у (Ўғузхон) 36 йил (210–174 йй.) салтанатни бошқаргани хусусида гапирди.

Лола Ўғузхоннинг ўлимини ички бир дард билан ҳикоя қилганда, Бекнинг кўзига ёш қалқди. Менинг юрагим эзилди. Мен ихтиёрсиз бир тарзда, одам уруғига номаълум куч, янглишмасам, қандайдир “Осмоний ундов”да Ойнурга қарадим. Шунда унинг мунгли кўзларидан: “Ўғузхондек беқиёс даҳо бизда яна туғиладими?” деган саволни ўқидим.

Лола бу ифодани илғадими, йўқми, билмадим. Лекин худди илғагандай деди:

– Бизнинг қонимизда бор: даҳолар, доҳийлар туғилади:

Чингизхон,

Салжуқ,

Ғазнавий,

Темур,

Бобур…

Илмда ҳам шундай:

Хоразмий,

Беруний,

Таробий,

Сино,

Улуғбек…

Лола Ўғузхонни ўғли Кунхон (Кун – Қуёш) тўғрисида энди оғиз очганда бўрилар увлаб қолдилар. Лола сескандими, хавотирли овозда мендан сўради:

– Бу яқин атрофда сизларникидан бошқа уй ҳам йўқ шекилли, Эврил?

– Йўқ, Лола опа, қишлоқ биздан анча узоқда. Онамнинг айтишича, бобом Аҳмат Оқсақол шу овлоқни яхши кўраркан.

– Бўрилар…

– Қўрқманг, Лола опа, – Бек унинг сўзини бўлди, – бўрилар ёруғликка йўламайдилар. Бунинг устига Чингизхондан ҳам ўлгудай қўрқадилар.

– Чингизхоннинг “ҳиди”ни сезишса, қочишади, – мен ҳазиломуз оҳангда дўстимни қувватладим. – “Чингизхон бизни еб қўяди”, деб тирақайлаб қочишади.

Қизлар гулдек супа ўртасида йиғма каравотларда ётдилар. Бек ва мен супанинг икки томонига – шолча устига тўшалган кўрпалар орасига шўнғидик. Тошдек қотибмиз. Қуёш супани қиздираётганда уйғондик. Сойда яйраб ювиндик. Шундагина чинордек улкан, киши белидек йўғон-йўғон шохлари атрофни тутган ёнғоқ остида ўтирган Оймомога кўзимиз тушди. Уни куттириб қўйганимизга хижолат чекдик. Лола ундан узр сўради.

Ойнурнинг таклифи билан шу ёнғоқ[3]остига жой қилдик. Бек ва мен тош ўчоқ ясаб, чой қайнатдик. Бунгача Оймомо Лолани (бизнинг уйда) эмлади. Сойга қайтиб энишгач, Оймомо тугунчасидан тўртта нон ва бир банка қаймоқ олиб, тергига қўйди. Бундан қизлар қизардилар.

– Одамни…

– Ош бўлсин, болаларим, – Оймомо Лолани сўзлашга қўймади ва очиқ юз билан бизларни тергига ундади.

32

Нонуштадан кейин Ойнурнинг топшириғи билан биз (Бек ва мен) туман марказидаги бозордан бозор қилиб қайтдик. Қизлар тушликка ош қилишди. Помидор, бодринг, пиёз, кашнич, туз, қалампирлардан аччиқ-чучук ҳозирлашди. Яна қизилча, карамни қирғичдан ўтказишди, уни уксус билан қориштиришди ва устига ип-ип қилиб тўғралган пиёз сепиб, салат тайёрлашди.

Лочин табиб билан Оймомо гапимизни ерда қолдиришмади. Ошга етиб келишди. Сой бўйига, ёнғоқ кўланкасига ястандик. Икки лаган палов едик. Аччиқ-чучук билан салатни ҳам паққос туширдик. Эр-хотин тергига фотиҳа ўқиб қалқишаркан, қизларни олқишлашди:

– Қўлларингиз дард кўрмасин!

– Ошмисан ош бўлибди!

Ош тараддуси: югур-югур билан терга пишганимиз учун Бек ва мен қора қоя ила чакалакни оралаб оқаётган хилватгоҳда яйраб чўмилдик. Сўнг қизларга ҳам киши кўзи тушмас бу овлоқни кўрсатдик. Ўзимиз ёнғоқ остида очунни унутдик.

Кўзимизни очганимизда кеч кираётганини пайқадик. Қизлар кўринмадилар. Шошилинч уйга ўрладик. “Эгизак”лар тут тагида, йиғма каравотларда ором олардилар. Бизнинг оёқ товушимиздан уйғондилар. Мен ўчоққа ўт ёқдим. Сўнг ҳаммамиз сойга эндик. Юз-қўлларимизни ювиб, изимизга қайтдик. Шоколад билан қаҳва ичдик. Шу орада қовоқ идишни бошида кўтарганча Оймомо кўринди. Биз уни ўрнимиздан туриб қарши олдик.

– Мен сизларга, болаларим, макка гўжаси олиб келдим, – деди у содда, мулойим овозда қовоқни терги четига чайқалтмасдан секин қўяркан, – уни тўнғич қизим Ўғулжон ўғирда туйиб, пиширган. Гўжа иссиқни кесади ҳам бир ҳавасакда, болалар.

Қизлар хижолат чекдилар. Алвон тусга кирдилар.

Оймомо Лолани “тимсоҳ” ёғи ва талқони билан эмлагунча, биз (Бек, мен) қовоқни сой четига, сокин оқимга қўйиб қайтдик.

– Эрталаб менсиз нонушта қилманглар, болалар, – дея Оймомо биз билан хайрлашди. Чингизхон уни “Ўрол”да уйига кузатиб, қайтди.

Тун чўкаётганда қалампир сепиб, бир косадан муздек гўжа ичдик. Сўнг Лола алла-паллагача Кунхон тўғрисида ҳикоя қилди. У отаси Ўғузхондек адолат билан Эл-юртни бошқаргани, давлат чегараларини кенгайтиргани, будун[4]га рўшнолик бергани ҳақида тўлиб-тошиб сўзлади.

Ойнур ва менга Оймомо билан нонушта қилиш насиб этмади. Биз эрта тонгда ишга жўнадик. Ойнур:

– Ҳар шанба, бозор кунлари келиб турамиз, – деди Лолани ўпиб, – агар иш бўлмаганда, сенинг олдингдан бир қадам ҳам жилмасдим, азизим!

Чингизхон бизни “Ўрол”да Учқулочга ташлаб, тез ортига қайтди.

33

Шу куни жизғанак чўлда туш чоғи муздек айрон ичарканмиз, мен чиндан ҳам (ўзимча ном қўйганим) “Осмоний ундов” бор, йўқлигини билиш мақсадида Ойнурдан сўрадим:

– Ўтган куни тунда Ўғузхоннинг ўлимидан ўкинганингизда, нимани ўйладингиз?

Ойнур жавоб берди:

– Ўғузхондек беқиёс даҳо бизда яна туғиладими?

Балки Ойнурнинг кўнглидан кечган бу фикр Лолага ҳам “Осмоний ундов” орқали етгандир? Бу менга қоронғи. Бу ёлғиз Тангрига аён.

Суҳбатимиз энди қизиётганда қаршимизга енгил машина (Вильс) келиб тўхтади. Ундан узун-узун бўйли уч ўрис тушди. Бири жувон. Салом-аликдан кейин ўзбек тилида, ширин, юмшоқ овозда:

– Ойнур хоним, Сизни бир минутга безовта қиламан, узр, – деди назокат билан.

Мен Ойнурнинг кўзларига шубҳа оралаганини, юзлари оқарганини сездим. Сездим-у кўнглимдан шу сўз ўтди: “Булар бежиз келишмаган… Булар… булар… КГБ!..”

Шунда жувоннинг мулозамати сохтадек, унинг тагида илон ўрмалаётгандек туюлди менга.

Жувон ва Ойнур саксовулзор оралаб юришди.

Узунлар менга бир лаҳза кўз қирлари билан қараб туришди. Сўнг оғзи катта, боши тақир ўрис илжайиб, мени саволга тутди:

– Русчани биласанми?

– Эплайман.

– Комсомолмисан?

– Ҳа, – дедим ёлғондан ва ногаҳон онамнинг ўгути эсимга тушди: “Ўзини сенга яқин олувчи, шу йўл билан ичингга кириб олувчи кимсалардан қўрқ. Ким билан бўлмасин, ўғлим, ҳар бир сўзни ўйлаб сўзла. Ҳеч кимга ичингни очма”.

– Молодец! – деди тақир бош кўзимдан кўзини узмай, – ота-онанг борми?

– Отам урушдан қайтмаган.

– Онанг нима иш қилади?

– Супурувчи.

– Пролетарман дегин.

– Шундай.

– Бу иш сенга оғирмасми?

– Оғир, аммо бундан ўзга мавсумий иш топмадим.

– Ёрдам берайми?

– Энди кеч, икки ойдан кейин мактаб.

– Ўқиш қалай?

– Уч…

– Бу болакайга кўмаклашмаймизми, Паша? – сўради оғзи катта, сийрак қошли, оч кўк кўзли, афти-ангори келишган шеригидан.

– Савоб бўларди, Дима, – у сочилган сариқ сочларини ўнг қўли билан текислади.

Бу сўз менга оғир ботса ҳам, дамимни ичимга ютдим.

– Биздан Ойнур хафа бўлмасмикан?

– Бунинг ўзи нима дейди, Паша?

Мен Ойнурга яқинлигимни сездирмаслик учун жавоб қайтардим:

– Агар енгилроқ иш бўлса, яна маоши…

– Енгил иш, – гапимни бўлди Дима, – пули ҳам икки баравар кўп.

– Ў! – дедим жўрттага ҳаяжонланган оҳангда.

– Тағин бир ўйлаб кўр, болакай, биз ҳам ўйлаб кўрамиз, – Дима Пашага маъноли қаради.

Шу аснода жувон билан Ойнур қайтишди. Жувоннинг “мойил…” деган сўзи қулоғимга чалингандай бўлди. Мен унга сездирмай разм солдим. Жувоннинг кулранг кўзларида сезилар-сезилмас совуқ нурлар йилтирамоқда. Бу оқ-сариқдан келган дилбар ҳуснига бир қадар путур етказаётгандек туюлди менга. Елкасига ёйилиб тушган сочи макка кўпиги рангида қизғиш. Негадир менинг кўнглимдан: “Унинг табиий сочи қорамтир тусда”, деган гап кечди.

Жувон менга бошдан-оёқ синчиклаб қараган ҳолда мурожаат этди:

– Ойнур хоним, биз бир соатга қолмай қайтамиз. Ҳозирлик кўриб турарсиз.

Ойнур бошини эгиб, кўтарди. Вильс шувоқзор оралаб Хонбанди[5]томонга кетди.

– Бундайда одамнинг қўли ишга бормайди, – деди Ойнур беихтиёр ўзига-ўзи аламли овозда. Кейин айтган гапидан пушаймон еди, шекилли, “хатосини” тузатган бўлди. – Мен нималар деб валдираяпман ўзи?

Саксовул кўланкасига беҳол ўтирдик. Мен кечган “ҳангома”ни оқизмай-томизмай Ойнурга айтдим.

– Менинг зийрак дўстгинам! – Ойнур юзимдан ўпди. – Агар сезгим алдамаса, сени менга айғоқчи қилиб қўяди.

Мен ўтли, тотли бўсадан ёнарканман:

– Мен ҳам шундай фикрдаман, Ойнур опа, – дедим.

– Нима деса кўнгин, ақлингни, китобга қизиқишингни яширгин, оз сўзла, фақат саволига жавоб қайтар. Ўзингни гўл ҳам пулга ўчдек кўрсат. Пул берса, ол. Бўлмаса ишонмайди. Ўзингни мени ёмон кўргандай тут.

– Мен, Ойнур опа, киноактёрликка ҳам қизиқаман.

– Сенга ишонаман! – Ойнур менинг сочимни силади, – бугун мен Тошкентга кетаман.

– Тинчликми, Ойнур опа, – менинг юрагим “шув” этди.

– Мени ҳар замонда йўқлаб туришади. Москвадан “Қўноқ” келармиш.

– Ҳалиям назоратдамисиз?

Саволим жавобсиз қолди. Мен Ойнурнинг ҳолатини тушунганим учун ундан хафа бўлмадим. У хаёлга ботди. Анчадан сўнг:

– Ўзбекчани бинойидай билади, – деди худди ўзига-ўзи гапираётгандек жуда паст, хомуш ҳам фаромуш овозда. – Аммо…

Негадир сўзини давом эттирмади.

– Аммо, – мен унинг фикрини илғадим, – ўзбеклигини яшириш учун (сочини бўяб) ўрис қиёфасига кириб юради. Унинг отаси ўзбек, онаси, балки, ўрисдир?

– Тахмининг тўғри, Эврил. Унинг туғма оти Гулнора. Тўғрироғи, Гулнора Эгам қизи. Ота-онаси ажрашиб кетган. Шунга ҳозир у онасининг номида: Галина Антоновна.

– Ҳар қалай, у ўзбекчани билади. Ўзбек тилига бошқа дурагайлардай юқоридан қарамайди.

– Йўқ, янглишяпсан, Эврил. У мени ўзига тортиш учун ўзбекча сўзлади. Аслида…

– Балки, ҳақдирсиз, Ойнур опа, – дедим мен ўйлаб туриб, – агар адашмасам, унинг чиройли кўзлари гоҳида илонникидек совуқ йилтираб кетади. Бунда, балки, ота уруғига нафрат бордир?

– Менсимай қараш дегин. Асл ўрисларга қараганда чала ё сохта[6]“ўрис”лар минг чандон шовинистроқ бўладилар. Мен буни амалда кўп марта кўрганман, Эврил.

Мен индамадим. Чунки ҳали бундай ҳолга дуч келмаганман. Ойнур ўйчан нигоҳ билан менга боқиб, маъюс овозда деди:

– Юқорида айтганимиздай, айланмачак дунё бу. Пушкин замонларида, ундан кейин ҳам, ҳатто яқин-яқинларгача рус киборлари ўз тилларида гапиришга ор қилганлар, французча ёки инглизча сўзлашганлар. Энди, замона калтаги айланиб келиб, бизнинг бошимизда ҳам синаяпти.

Мен маврудини топиб, Ойнурдан сўрадим:

– Галина Сизга “мойил” сўзини бир-икки марта айтгандай бўлдими? Бу…

Ойнур гапимни бўлди:

– Энди шунча замон ўтгандан кейин мени ажнабийга мойилликда айблаяпти.

– Ким?

– Москва.

– Асоси борми?

– Агар мен “Ватан хоини”га мойил бўлмасам, Ботир билан Парижда гаплашмаган, ундан уй манзили-ю кўк пул олмаган бўларканман.

– Ҳадеб бир гапни чайнайвераркан-да, – дедим. Дедиму негадир бирдан кўнглимга ғулғула энди. Ойнур юзимдаги ўзгаришни сезди. Менга тасалли берди:

– Мени тор тушовлаб, узун арқонлаб қўймоқчи. Шунга холислигимни билса ҳам, чумолидан туя ясаяпти. Аммо, барибир ёқимсиз даъво бу.

Шу дам миямга ушбу сўз келди: “Хавфли даъво!”

Мен сескандим.

Мен қоронғи тунда, тоғда аёзда қолган йўловчидай музладим.

Мен титрадим.

Бу ҳол кутилмаганда, оний тезликда юз бердики, мен ўзимни эплолмай қолдим. Буни Ойнур сезди.

– Нега юзинг қордай оқариб кетди, инигинам? – дея мени бағрига олди ва муздек тер босган манглайимдан ўпди, – агар мен учун бўлса, ташвиш чекма. Ўзинг ҳам, балки биларсан, мени вақти-вақти билан чақириб туришади…

Мен Ойнурнинг руҳини кўтариш ўрнига уни баттар ташвишу тушкунликка ундаганимга ўзимдан нафратландим:

“Аҳмоқ!”

“Қуш юрак!”

Мен бор куч, иродам билан ўзимни қўлга олишга киришдим. Бунга қисман эришдим ҳам. Бироқ машъум ғулғуладан тўла қутулолмадим.

– Мен уч-тўрт кун ичида қайтаман, Эврил, – деди Ойнур. – Сен Лоланинг олдига борма. Мен унинг хавотирга тушишини истамайман.

– Биладими?

– Билади.

Вильс қайтди. Лаш-лушлар билан унга чиқдик. У чанг-тўзон кўтариб, Учқулочга учди.

34

Онам билан мен Ойнурнинг ой бориб, омон келишини Тангридан ёлвориб сўрадик.

Шу куни шомда мени ранги ўлимтик, руҳсиз бир ўрис бола қудуққа бошлаб энди.

Пичадан сўнг озғин, ихчам, эчкиэмарга ўхшаш бир кас олдимга келди. Сўрашдик. Унинг устидаги жигарранг спорт форма ўзига ярашиб, кичик жуссасига қапишиб турибди. Ёши ўттизларда. Уни ўзбек ҳам, ўрис ҳам, тожик ҳам, деб бўлмайди. Балки, у Галинага ўхшаш чатишма маҳсулидир? Қайдам?

Бу ер тоғ оралиғи бўлгани учун қоронғи. Лой қорув цехи чироқлари кимсасиз, сокит теграни хира ёритаётир. “Чатишма”нинг имоси билан бола кетди. У чўнтагидан “Казбек” ва гугурт чиқарди. Тутатди. Шунда мен унинг кўзи эчкиэмарникидек ёвузона бир чақнаб, сўнганини кўрдим. Бундан юрагим увушди.

“Галинанинг ҳам кўзларида шундай ўлим учқунларини кўрувдим”, дедим ичимда.

– Менинг исмим Тельман, – дея таништирди ўзини “Чатишма”. – Сени нега чақиртирганимни биласан-а?

У сирли илжайди. Бироқ кўзи кулмади. Негадир мен ундан гўр совуғи “ҳиди”ни туйдим. Кейин: “Жуда оширвордим-да, – деб ўзимдан-ўзим ижирғандим. – Ундоқмас. Янглишаяпман. Ойнурга босимлари учун бу тоифа кишилари менга ёмон кўринаётир”.

Тельман қудуқ супачасида турган қора дермантин дипломатини очди. Ундан қалин дафтар олди ва жиззахча шевада деди:

– Бунга ҳар кунги воқеалару гап-сўзларни ёзиб борасан. Бир сўзни ҳам туширмай ё қўшмай ёзиб борасан. Мутлақо ёлғон аралашмаслиги шарт. Уқдингми, мутлақо!

– Фаҳмимча, онам билан менинг орамизда бўлгувчи гапларнинг бунга дахли йўқ.

– Онангми, бошқами, ёзавер, ҳеч кимни унутма, ҳатто Ойнурни ҳам…

– Онамни қўшмайман, бошқаларни, майли. Ойнурдан қўрқаман. У жуда қаттиққўл бошлиқ. Агар буни сезиб қолса, мени ишдан ҳайдайди.

– Сездирмайсан! Ҳеч кимга сездирмайсан. Ҳатто онангга ҳам! – Тельманнинг кўзи оч бўрининг кўзидек совуқ йилтиради.

“Ўлимдан совуқ!” деб ўйладим мен. Гўё баданимда қорақурт ўрмалади. Борлиғимни муз тер босди.

– Уқдингми?! – қатъий оҳангда таъкидлади у.

– Ҳа.

– Гап онанг билан Ойнурга тақалса, онанг, менимча, покиза аёл, ўз ҳалол меҳнати билан тирикчилик қилаётган одамни ёмон демайман. Ойнурга келсак, у рус тарбиясини олган ажойиб қиз. Яхши геолог. Унинг ақли, одоби ҳам жойида. Сен Ойнур билан яхшимисан?

– Фақат иш бўйича гаплашамиз.

– Сен ким билан қўнишсанг ҳам, барига ўзингни яқин тут. Жумладан, Ойнурга ҳам. Шунда сен билан очилиб гаплашадилар.

Тельман менга қалин дафтар билан уч юз сўм пул берди.

– Бир ой муҳлат… Кейин дафтарни оламан. “Иш”инг ёқса, яна “Иш”лайсан… Ойига уч юз сўм… Юрагинг билан “Иш”ла.

У маврудсиз ва шавқсиз тиржайди. Мен ихтиёрсиз бир тарзда: “Бўри ҳам шундай тиржаяди”, дедим ичимда.

– Хўп.

У қўлимни сиқиб, қоронғиликка юрди.

35

Илтижомиз вожиб бўлди.

Бешинчи куни (жума) мен “Хунну” китобини энди ўқиб тугатганимда, Ойнур кулбамизга кулиб кириб келди. Биз (онам, мен) уни кўриб, гўё отамиз Оврўпадан қайтгандек севиндик. Кўнгли бўш онам йиғлади. Менинг ҳам кўзим ёшга тўлди.

Ойнурнинг кайфияти яхши, бўёқ тегмаган юз-кўзлари тиниқ эди. У қора чарм жомадонини очди. Ундан инглизча ёзги оқиш костюм-шим, шу рангда туфли ҳамда Фитрат билан Чўлпоннинг китобларини олди ва менга узатди.

– Яхши кунларингга буюрсин, инигинам! – Ойнур кўзимга тик боқиб, елкамга кафтини қўйди. – Бу китобларни ҳеч кимга кўрсатмай ўқи. Мағзини чақиб ўқи. Уқдингми?

– Ҳа, Ойнур опа.

Онам билан мен бу совғалардан ноқулай аҳволга тушдик. Онам алвон тусга кирди. Менимча, мен ҳам. Буни сезган Ойнур:

– Мени қизим деб ўйласангиз, асло хижолат чекманг, она, – деди, – бўлмаса, мен хафа бўламан.

– Хўп, гўзал қизим.

– Сен-чи, Эврил?

– Раҳмат.

Ойнур паловга масаллиқ ҳам олиб келибди. Яна нок, мева-чева, помидор, бодринг, пиёз, турли кўкатлар.

Тошкентча ош қилди. Уни иштаҳа билан ерканмиз, онам Ойнурга теран меҳр билан боқиб деди:

– Жуда мазали бўлибди, гўзал қизим, еб, тўймайсан! Сиз бизни сийлаяпсиз, Сизни Тангри сийласин!

Ой-юлдузларга ғарқ шу оқшом Ойнур ва мен (Ойнур таклифи билан) теграсида ўрис оғочлари бўй чўзган “Маданият уйи” саҳнига – рақс майдонига йўл олдик. Мен инглизча костюм-шим, туфлида ўзимни бошқача, гўё ўзга олам кишисидай сезяпман. Ёнимда Ойнур. Ушбу сўзлар юрагимни ёқади:

Бу қандоқ бахтли онлар!

Бу қандоқ тотли онлар!

Мен ўзимни ҳеч замон бундоқ бахтиёр ҳис этмаганман!

Ушбу тотли онда, кутилмаганда эсимга Тельман тушди. Ойнурга пул, дафтар, кечган ҳар бир сўзни айтдим. У:

– Тельман устаси фаранг нусха экан, – деди, – энди сен баргида юр.

Бир пасда “Маданият уйи”га етдик. Танца майдонида Оврўпача мусиқа гумбирлаётир. Ясанган-тусанган йигит-қизлар “Шейк”ка тушмоқдалар. Ойнурдан ўзга ўзбек қизи йўқ. Йигитлари бор. Чўлда Ойнур мени “Шейк”, “Твист”, “Танго” каби ўйинларга ўргатган эди. Мусиқага эриб ўйнай кетдик. Шунда мен балоғат ёшига етиб қолганимни илк дафъа ҳис этдим. Яна Ойнурдек сулув қиз билан “Шейк”ка тушаётганимдан фахр туйдим. Ғаройиб бу лаҳзада ҳамманинг кўзи гўё бизда эди.

Бироқ бу майдон жанжал уяларидан бири ҳам эди. Ўзбек йигитлари рус хонимлари билан ўйнардилар. Келгиндилар буни кўролмасдилар. Баъзан яширинча, баъзан очиқча ерликларга оғули тошлар отардилар:

– Чучмеки!

– Чурки!

– Барани!

– Дикари!

Ерликлар ҳам қараб турмасдилар:

– Тўнғизлар!

– Келгиндилар!

– Ювуқсизлар!

– Нонкўрлар!

Мен бунинг кўп марта гувоҳи бўлганман. Гоҳ-гоҳида ўсмирлар билан бирга келиб турардик. Пастак темир тўсиқлар ортидан телбаларча ўйнаётганларни томоша қилардик. Бундай онларда аччиқ-аччиқ гапларни кўтара олмайдиган кимсалар оёқ-қўлларига эрк берардилар.

Мен бундай ирқчилик бутун СССР бўйлаб кенг қулоч ёйганини, Улуғ рус шовинизми ўз гегемонлигини мустамлака миллатларга пеш қилароқ заҳар сочаётганини кейинча билдим. Буни ўз кўзим билан кўрдим, ўз қулоғим билан эшитдим, ўзим ҳам бунинг “туз”ини “татиб” кўрдим…

Бу даҳшат эди.

Бу тузалмас яра эди.

Бу офат эди…

Аммо СССР сиртига сув юқтирмасди. Ўзбекда: “Иштонсиз иштони йиртиқдан кулади” деган мақол бор. СССРда чоп этилаётган ҳамма газеталар ҳар куни бир гапни сақичдек чайнардилар: “АҚШда ирқчилик авж олмоқда. Қора танлилар қаттиқ сиқув остида”.

Лекин бу кеча тинч кечди. Мен Ойнурни уйига кузатиб борарканман, у:

– Уч юзни нима қиласан? – деб сўради қўққис.

– Чингизхонга бераман, Ойнур опа. “Ўрол”нинг каробка, балўнлари чарчаган.

Ойнур ниманидир бошида пишитиш учунми, то остонагача бир сўз демади. Эшикни очаркан, фикрини айтди:

– Балки, Бекка янги “Ўрол” олиб берармиз. Лола билан маслаҳатлашиб кўрайчи-а, Эврил.

Хайрлашдик.

Қалбим қувончдан ёрилай дейди. Ухлолмадим. Ўзбекнинг, умуман, бутун Турк дунёсининг энг ватанпарвар ўғлони, лекин Москва томонидан: “Ватан хоини” сифатида отилган Абдурауф Фитратнинг китобига шўнғидим. Мана бу шеърни ўқиганимда, юрагим эзилди:

Гўзал Юлдуз

Гўзал юлдуз, еримизнинг энг қадрли тувғони!

Нега биздан қочиб мунча узоқларга тушибсан?

Тувғонингга нечун сира гапирмасдан турибсан?

Сўйла юлдуз, ҳолинг надир? Нечук топдинг дунёни?

Бизнинг ерда бўлиб турган тубанликлар, хўрликлар

Сўйла, юлдуз, сенинг даҳа қучоғингда бўлурми?

Борми сенда бизим каби инсонлар,

Икк юзли ишбузарлар, шайтонлар,

Ўртоқ қонин қонмай ичган зулуклар,

Қардош этин тўймай еган қоплонлар?

Борми сенда ўксиз, йўқсулнинг қони,

Гурунглашиб чағир каби ичганлар?

Борми сенда бутун дунё тузугин

Ўз қопчиғин тўлдиргани бузганлар?

Борми сенда бир ўлкани ёндириб,

Ўз қозонин қайнатгувчи ҳоқонлар?

Борми сенда қорин, қурсак йўлида

Элин, юртин, борин-йўғин сотганлар?

Фитрат

Шу тундан бошлаб мен (ҳар кеча) Фитрат, Чўлпон асарларини яширинчи ўқийдиган бўлдим. Эрта тонгда уларни қора чармга ўраб, ертўла остига кўмиб қўярдим. Кундузлари академик Лев Гумилевнинг китоби қўлимдан тушмасди. Кимсасиз саҳро четидаги яйдоқ чўлда бу асарлар ҳақида Ойнур билан фикрлашардик.

36

Тангрига шукр, энди уйимизда нонимиз ҳам бор, қозонимиз ҳам қайнамоқда. Уст-бошимиз ҳам деярли бут. Ҳатто радио ҳам сотиб олдик. Онам яшарди. Эгила бошлаган қад-қомати қайта тикланди.

Шанба, бозор кунларини Ойнур ва мен Боғдонда ўтказа бошладик. Ҳа, айтгандай, Бек қизлар таклифини рад этди:

– Раҳмат, опалар! Мен ўз аравамга ўрганиб қолганман.

Мен унга мажбуран ўша уч юзга “Ўрол”нинг чарчаган қисмларини янгилатдим. У ўзига яраша тўғри бола эди. Бундан икки йилча олдин Қизилбулоқда олтин узук топиб олгани, уни эгасига қайтармагунча тинчимагани эсимда.

Биз тўртовлон “Ўрол”да тоғ тўрига ёнардик. Уни Боғдонсойнинг бошланиш ерида қолдириб, қояларга чиқардик. Дараларни кезардик. Булоқларга нон ботириб ердик. Ёввойи чечаклар терардик. О, бундан қанча-қанчалар лаззат олардик!

Бизга (Бек, мен) эсимизни таниганимиздан бери бу дилбар ошён қадрдон эди. ҳар тонгда тоққа югурардик, терга ботиб машқ қилардик: қояларга тирмашиб чиқиб-тушардик. “Қилич-қилич” (таёқларда) ўйнардик, курашардик, йилқиларни дараларга сиқиб бориб, яйдоқ отларни тутиб, уларда учардик. Сўнг сойда қийқириб чўмилардик. Эсимда, бирда биз ёввойи қора тўнғизга дуч келганмиз. У менга ташланган. Мен ёнғоққа қочиб чиққанман. Шунда Бек уни тош билан уриб ўлдирган.

Бир ойдин кеча супада тоза Бразилия қаҳвасини ичиб ўтирарканмиз, Ойнур ушбу гапни айтди:

– Инсон ўз юртини тугал билиши керак.

Инсон дунёни кўриши керак.

Бу одамга роҳат беради, унинг ақлини қайрайди.

Бу сўзлар кимга қандай таъсир этганини билмадиму аммо менинг миямда муҳрланиб қолди.

Шу сўзлар сабаб биз (Ойнур, Лола, Бек, мен) Самарқанд, Бухоро, Хива кентларини бориб кўрдик.

Шу сўзлар сабаб мен ўзимга-ўзим сўз бердим: “Келажакда очунни кезаман”.

37

Вақти билан юракдаги ҳасрат доғлари кетганидек, Лоладаги “оқ чечаклар” ҳам мавҳ бўлди. Фақат биттаси қолди.

Шанба тонгида Оймомо Лочин табибнинг сўзини Лолага етказди: “Ярим ойда у чечак”дан из қолмайди”.

Бундан Лоланинг боши осмонга етди. Руҳияти юлдуз мисол юксалди. У шу икки ой ичида жуда унумли ишлади ҳам. Хун тарихи бўйича номзодлик ишини охирига етказди. Энди, Ленинградда, академик Лев Гумилев бошчилигида ёқлаши қолди. Лола ҳеч замон бундай мўл-кўл ишлаганини эслолмайди. Устига-устак ҳориш нималигини билмай ишлади. Ўз ишидан завқ олиб ишлади. Шунда, ўзича бундай ўйлади: “Тоза ҳаво, эркин, қувноқ, иноқ давра, тинч, сокит, тиниқ муҳит инсон руҳиятини мислсиз кўтараркан, унга беқиёс куч, қувват бахш эатркан, уни зўр илҳом билан ишлашга ундаркан”.

38

Шанба ёхуд бозордан ўзга кунлари, кўнгил хушлаган тунлари Ойнур билан танцага ҳам бориб турардик. Бугун учинчи (чоршанба) кун. “Маданият уйи”га ёндик. Одам қайнаб-тошмоқда. Бир сариқ ўғлон Ойнурни “Твист”га таклиф этди. Ойнур рад қилди.

– Не ломайся! – сариқ унинг билагидан тутди.

– Убери свою грязную лапу! – Ойнур қўлига ифлос нарса ёпишгандек, Сариқни силтаб ташлади. Унинг оғзидан ароқ аралаш сассиқ ҳид келмоқда. У тағин Ойнурга ёпишди:

– Не ломайся, курва!

Мен сариқни итариб юбордим. У йиқилди. Унинг жўралари бизни ўраб олишди. Яхшиям шу он милиция пайдо бўлди. Ур-йиқитнинг олди олинди.

Бироқ, танцадан сўнг Учқулоч қудуғига етганимизда, биз туйқус бешта келгинди қуршовида қолдик. Сариқ кутилмаганда менинг бошимга қаттиқ нарса билан урди. Ва:

– Это тебе мало, чурбан! – деб хириллади.

Мен қонга қорилиб йиқиларканман, Ойнурнинг қаттиқ чинқириғи ва келгиндиларнинг тасир-тусир қочишганини туйдим.

Ертўлада ҳушимга келдим. Онам бошимда парвона ўлароқ куйиб-пишиб зорланарди:

– Чўчқалар! Боламни майиб қилиб қўйишди. “Ҳамма эл тенг, тотув”миш!.. Чўчқалар!..

– Секин, Она, секин.

Онам тинчимади:

– “Улуғ оға”миш… оёғидан бошигача миллатчилик оғусига ботган…

Менинг юз-бошим дока билан танғилган ва зирқираб оғриётса ҳам, мен Ойнур билан Онамнинг кўзларида нималар кечаётганини уқиб ётдим.

Ойнур кечинмаси:

“Улуғ оға”миш…

Хоразмда муқаддас китоблар онаси: АВЕСТО[7]оламга нур таратганда, қаерда эди у?

Хамири йўғрилганмиди?

Ўғузхон Тенгсиз Давлат қурганда, қаерда эди у?

Туғилганмиди?

Хоразмий алгебра фанига асос солганда, Беруний Ернинг “олтин белбоғи”ни очганда, Улуғбек Ҳисоблаш Марказини яратганда қаерда эди у?

Бормиди?

Чингизхоннинг тўрт юз йиллик салтанати унутилган кўринади.

Темурнинг Елецда от сургани унутилган кўринади.

Энди…”

Онам кечинмаси:

“Барча миллат тенг, тотувмиш… Оламга аён: ўрисга ортиқ имтиёз берилган. Ҳамма бало шунда…”

Ойнур кечинмаси:

“Ҳамма миллат тенг, тотув бўлса, йигирма тўрт соат ичида бутун бошли халқлар (Чечан, Ингуш, Қирим, Ахси Турклари)… бадарға этилармиди?

Йигирма тўрт соат ичида?..

Уларнинг қанча-қанчаси йўлларда, ёт элларда, очлик, азоб-уқубат, қайғу-ҳасрат, қийноқ, зулм, совуқ, безгак, ўлатлардан ўлиб кетдилар. Тангри берган азиз Юртлари, уй-жойлари, мол-мулкларини эса “Улуғ оға” эгаллади.

Менимча, бу хил ёвузликни ҳали тарих кўрмаган”.

Онам кечинмаси:

“Кўза кундамас, кунида синади”. Бу кетишда Учқулочда бир бало бўлади…”

Мен Онам ва Ойнурнинг кўзларидаги ифодаларни тўла уқдим, деб айтолмайман. Лекин шу пайтгача сезгим алдаганини эслолмайман ҳам. Яна Тангри билгувчи.

39

Ҳар галгидек бу жума оқшоми ҳам Бек бизни Боғдонга олиб кетиш учун энди. У мени аянчли ҳолда кўриб, жунбушга келди. Мўғулча юзидан қон қочди. Қалин дудоқлари асабий титради, қошлари учди. Суриштиришга тушди:

– Ким урди? Қачон? Қаерда? Нимага?

Мен дўстимнинг жангари феълини билганим учун ёлғон сўзладим:

– Қоронғида чуқурга йиқилдим.

– Алдама?

– Чин.

Чингизхон Ойнурни Лоланинг олдига элтади. Йўлда ундан воқеани билиб олади.

Ойнур сўзи сўнгида Чингизхонга “Уюштирилган…” деган фикрни ҳам айтади. Чингизхон асабий ҳолатда бўлгани учун бунинг мағзини чақмайди. Тезлик билан Учқулочга қайтади. “Ўрол”ни биринчи шахтадан чиқарилган “Тош қир” этагига – кўз илғамас хилватга қўяди. Ойнур чизгиси бўйича малла соч, мушук кўз, ўнг жағида тиртиғи бор кимса – Сариқни танца майдонидан топади. “Сени чақираяпти”, дея уни “Маданият уйи” орқасига олиб ўтади. Бу ерда ҳеч ким йўқлигини кўрган Сариқ Чингизхонга кескин қарайди. Ва унинг аждарҳодек қўрқинчли ҳам ғазабнок важоҳатига дуч келади. алданганини сезади. Пўлатга урилиб, дами қайтган пичоқдек унинг дами ичига қайтади. Рангида ранг қолмайди, тиззалари ўзига бўйсунмайди.

Чингизхонда шундай туғма хусусият бор: ғазаби қайнаганда унинг олдига одам-ку одам, ҳатто йиртқич ҳайвон ҳам йўлолмайди. Ҳеч лофсиз, қийиқ кўзларида ажал ўтлари ёнади. Ўша қадим, қудратли адаши Чингизхондек в

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares