Баҳодир ЧОРИЕВ: Ўзбекистон қамоқхоналарида ҳам маҳбусларга одамлардек муносабатда бўлинса қани эди?

20131109_122733Қамоқдан халос бўлгач, рафиқамни қидиришга тушдим,  унинг қўл телефон рақамини қайта-қайта тердим, жавоб бўлмади. Чор-атрофда  ҳам кўринавермагач, қамоқда у билан бирга ўтирган аёллардан суриштиришга тушдим. Собиқ маҳбус аёлларнинг ҳеч биридан Феруза ҳақида аниқ бир жавоб ололмадим.

Бир соатлардан кейин қамоқхона маълумотхонасидан турмуш ўртоғимни суд ниҳоясига етгач   «TGK- Turner Guilford Knight Correctional Center» га яна қайтариб олиб кетишганлари  ҳақида маълумот олдим.

Ҳамёнимда нақд пул йўқлиги боис манзилга қандай етиб олиш ҳақида бош қотириб, бироз айланиб юрдим. Аксига олиб, телефонимнинг ҳам қуввати тугаб борарди.

Нима қиларимни билмай турган маҳалимда бир қора танли эркакга дуч келдим. У ўз тилида нималардир деди, аввалига унга эътибор қилмадим. Кейин ундан буюртма қилиш мумкин бўлган такси хизмати рақамини биласизми, деб сўрадим.

Қора танли киши бир эмас, иккита телефон рақамини берган эди, бироқ бу рақамлардан ҳам нажот бўлмади.

Сўнгра қора танли мени бир киракаш йигитга рўпара қилди.   Мушкулимни осон қилиш учун улар билан савдолашишга тўғри келди.  ТГКдан пулларимни олгач, қора танлига 10$, киракашга  20$ беришга рози бўлдим.

Киракаш қўмагида “ТГК” биносига етиб келдим. Назорат пунктининг текширувидан ўтиб   ичкарига, залга кирдим.

ТГК ходимлари ўзимга тегишли бўлган 239$ни қайтаришди.  Ваъда қилинган 30$ни киракашга  бериб, у билан хайрлашдим. Қарзимдан қутилгач, яна қайтиб ичкарига кирдим. Девордаги рўйхатда, адашмасам, яна  100га яқин «Bail Bond» – гаровга озод қилувчи фирма ва фуқароларнинг номлари қайд қилинган эди.

Шу ернинг ўзида турмуш ўртоғимни  қамоқдан олиб чиқиш учун 1000$, менга ёрдам бераётган фирмага 10% ҳақ, яъни 100$, жами, 1100$ тўладим. Тўлов қоғозларини олгач, бира-тўла телефонимни ҳам  қувватлаб олдим.

Одатда, гаров пули тўлангач, маҳбуснинг қамоқхонадан чиқиши 6-8 соат вақт олади дейишди.

Феруза ҳадемай  қамоқдан қутилади деган комил ишонч билан полиция трокимни қай бир компанияга “towing” қилганлигига аниқлик киритиш ва  ноутбукимни қайтариб олиш мақсадида Дорал полиция участкасига учрашдим.

Полиция идорасида  троким “towing” қилинган манзилга аниқлик киритдим.  Компьютермни сешанба куни қайтариб олишим мумкинлигини  айтишди. Негаки, байрам бўлганлиги  боис душанба иш куни эмас экан.

Алмаштиришим керак бўлган кийим-бошларим, телефонни қувватловчи ускуналар, қўйингчи, барча зарурий анжомларим трокда бўлганлиги сабабли, ҳозир жудаям абгор ҳолатда эдим.

Ювиниб-тараниш, одамдек дам олишимиз учун бошпана керак эди. Уйга, ўғлим Давронбекка сим қоқиб, қамоқдан чиққанлигимиз ҳақида фарзандларимни хабардор қилдим.   Давронбекдан икки кун тунаб қолиш учун меҳмонхона топишда кўмаклашишини сўрадим. Ўғлимнинг ёрдамида ТГК қамоқхонасининг яқинида қад кўтарган   «Мотел 6» меҳмонхонасига жойлашдим.

Ўша ердаги кичиккина газ қуйиш шаҳобчасининг савдо дўконидан телефонни қувватловчи янги ускуна сотиб олишимга тўғри келди.

Ювиниб, соч-сақолимни тартибга келтириб, эндигина ҳордиқ олишни мўлжаллаб турган эдим ҳамки, турмуш ўртоғим қўнғироқ қилиб, қамоқдан озод бўлганлиги ҳақида хабар бериб қолди.  Дарҳол бориб, Ферузани ҳам меҳмонхонага олиб келдим.

Эртасига дўкон айландик, янги либоcлар харид қилдик, эскиларини чиқинди челакка улоқтирдик.

АҚШда душанба –  Хотира куни байрам сифатида нишонланди. Шу сабаб душана куни ҳеч бир давлат ташкилотлари, банклар ишламади. Ниҳоят, “towing” қилинган компанияга 411$ тўлаб трокимни қайтариб олдим. Қолган вақтимизни дам олишга сарфладик.

Бугун 12 ноябр, 2013 йил.  Эрталаб соат 9.00ларда Дорал полиция участкасидан ноутбукимни қайтариб олдим. Уларнинг ҳамроҳлигида мен очлик эълон қилган Sam’s Klub майдонидан траиллиримни олдим. Ҳозиргина Маями шаҳаридан юк олиб, Иллиноис шатига қараб йўл олдик.

Шу ўтган бир ҳафта мен учун ниҳоятда нохуш, кўнгилсиз воқеаларга бой бўлди. Асабларим жудаям толиқиб кетди.

Мен  «Miami-Dade Counte Jail», яъни Маями шаҳрига қарашли Дэд шаҳарчаси суди судьялари томонидан   бир ҳафта ичида гаров пулини тўлаш шарти билан қамоқдан чиққандим.

Бироқ, шу қисқа фурсат ичида –  қамоқда кечган дамларимда   полиция ва қамоқхона маъмурияти ишлари аъло даражада йўлга қўйилганлигига гувоҳ бўлдим.

АҚШдаги қонун устиворлиги, орган ходимларининг ўз вазифаларига масъулият билан ёндашишлари, маҳбус ҳуқуқини топтамасликлари, қамоқхонадаги тартиб-интизом кўнглимда ҳавас уйғотди.

АҚШ полицияси билан тўқнаш келганимда, Маями қамоқхонаси ходимлари билан рўпара бўлганимда, у ердаги тиббиёт ходимлари кўригидан ўтаётган кезларимда Ўзбекистон хибсхонасида хўрлигу адолатсизликда ўтказган оғриқли дамларим кўз ўнгимда худди кинолентадек бирма-бир ўтиб, кўнглимни ўртаб турарди.

Яратганга беҳисоб шукурки, Худо менга Ўзбекистон қамоқхонасидан қутилиб кетиш бахтини насиб этган. Бироқ, ҳали ҳануз Каримовнинг қамохоналарида айбсиз айбдор этилган минглаб маҳбуслар мисилсиз қайноққа солинмоқда. Қамоқхона ходимлари – ўз миллатдошларимиз саноқсиз ватандошларимизга ваҳшийларча муносабатда бўлишмоқда. Ноҳақ қамалган юртдошларимиз милиция ходимлари томонидан аёвсиз калтакланмоқда, вужудлари қайноқ сувда “пиширилмоқда”.

Мен Маямида ўтказган кўнгилсиз кунларим давомида Ўзбекистон қамоқхоналарида жабру жафо чекаётган ватандошларимга тузим тиладим. Ва айни дамда АҚШ қамоқхоналарида йўлга қўйилган шарт-шароит, маҳбусларга нисбатан бўлган муносабат, полиция ходимларидаги тартиб-интизом, улардаги фуқарога, маҳбуслар ҳуқуқига  бўлган ҳурмат, буларнинг барча-барчаси Ўзбекитон қамоқхоналарида ҳам ўрнатилишини, хибсхоналарда ҳам адолат ҳукм суришини, маҳкумларни таҳқирлаш тўхтатилишини ич-ичимдан жуда-жуда истадим.

Мамлакатимиз, миллатдошларимизнинг адолатли кунларга етишлари учун кучли бўлишимиз кераклигини, олдинда ҳали бизни кескин курашлар, машаққатли меҳнатлар кутаётганини ботинан ҳис қилдим.

Минг афсуски, АҚШдек адолатли ўлкада Sam’s Klub  юк қабул қилиш бўлими менеджеринининг мени дескриминатция қилиши, қасддан юк топшириш вақтимни бекор қилиб ташлаши кўриниб турган ҳақсизлик эди. Насиб этса, Sam’s Klub  ходимлари билан судда кўришамиз.

Баходир ЧОРИЕВ

Катта юк машина ҳайдовчиси,

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати раҳбари

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares