«Бирдамлик»чилар ўз лидерларининг тақдиридан ташвишда

«Бирдамлик» Халқ Демократик Ҳаракати    Б   А   Ё   Н   О   Т   И

 Logo

10 йилдирки Ўзбекистоннинг диктатор президенти  Каримов режимига қарши тинч, нозўравон йўллар билан курашиш, инсон ҳуқуқлари ҳимояланган, тинч, тўкин жамият барпо этиш, ўз ватандошларини фаровонликка олиб чиқиш истагида тинимсиз кураш олиб бораётган “Бирдамлик” Халқ Демократик Мухолиф Ҳаракатининг лидери Баҳодир Чориев элдошларига тилаган эзгу орзулари ортидан амалдаги ҳокимият тазйиқига учраб, бундан 9 йил муқаддам АҚШ давлатидан сиёсий бошпана олишга мажбур бўлган эди.

Биз, “Бирдамлик” фаоллари Ҳаракатимиз етакчисини Каримовнинг таҳдид ва қутқуларидан қутқариб қолганлиги,  Чориевни қучоқ очиб кутиб олганлиги, унга ва оиласига сиёсий қочқин сифатида бошпана бериб, юзлаб ватандошларимиз каби Баҳодир Ҳасаннинг ҳам бошини силаганлиги учун бағри дарё АҚШ ҳукуматидан беҳад  мамнунмиз, албатта.

Саноқсиз юртдошларимиз қаторида “Бирдамлик” Халқ” Демократик мухолиф Ҳаракати раҳбари Баҳодир Чориевга илтифот кўрсатганлиги учун АҚШ давлатига ўзимизнинг чексиз миннаддорчилигимизни билдириш бизнинг бурчимиз.

Тан олишимиз керак, демократия бешиги бўлган АҚШ давлати Ҳаракатимиз етакчиси, унинг оила аъзоларини қатор йиллардан буён моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Америка ҳукумати ўз ҳотомтойлиги, инсонпарварлиги ортидан Баҳодир Чориевни нафақат моддий ва маънавий жиҳадан ўз ҳимоясига олди, балки “Бирдамлик” лидерининг дунёқараши шаклланишида, демократик жамият моҳиятини чуқур англаб етишида ҳам жуда катта ҳаёт мактаби вазифасини ҳам ўтади.

Чунончи, АҚШдаги давлат бошқаруви, сиёсий қочқин сифатида қўним топган диёрда кенг қулоч ёйган том маънодаги демократик тамойилларининг ҳаётга тадбиқ этилиши, инсон ҳуқуқларининг таъминланиши, улуғланиши каби жиҳатларга  бўлган ҳавас “Бирдамлик” етакчиси Баҳодир Чориевга гарчи ватандан олисда бўлса-да  Ўзбекистон халқининг ҳақиқий ҳурлиги учун курашишга куч берди. Бунинг самараси улароқ, айни дамда Баҳодир Чориев ўз юртошлари ҳам америка аҳолиси каби тинч, осойишта, дорилоамон кунларни кўриш орзусида кураш олиб бормоқда.

Минг аффсуски, айни дамда ўзбекнинг халқпарвар, миллатпарвар фарзанди бўлган Баҳодир Чориев мусофир юртда, АҚШнинг Флорида штати, Маями шаҳрида тўрт кеча-кундирки оч-наҳор ўтирибди.

Халқимизда “Гўшт суяксиз, гуруч курмаксиз бўлмайди” деган ибора бор. Бу бежиз эмас.

Шу маънода,  АҚШдек демократик давлатнинг  8425 NW 13th Ter,Miami,Fl 33126, манзилида жойлашган  6217-cонли  Sam’s Club  савдо маркази мулозимларининг ўз хизмат вазифасини ситқидилдан уддалаётган ватандошимиз, “Бирдамлик” лидери Баҳодир Чориевга нисбатан қилган бюрократларча муносабати, нописанд муомиласи, камситишли қарашлари донишманд ўзбек халқи мақолининг нечоғлик ҳаётий ҳақиқат эканлигининг далилидир.

Тўғрисини айтганда, камситилиш,  таҳқир таъми Баҳодир Ҳасаннинг ёт элларда яшашга маҳкум этилган минглаб ватандошларига ҳам бегона эмас, тан олинг.

Кўп узоққа бормайлик, Ҳамдўстлик деб аталувчи – Россия, Қозоғистон, Қирғизистон каби мамлакатларини олайлик.

Куни кеча Россиядаги юзлаб муҳожирлар Россия полицияси томонидан фашистлар концлагеридаги каби  кўп сони маҳаллий аҳоли кўз ўнгида – куппа-кундуз кунида кўчада “сазойи” қилинди.

Урусияда қайсидир қишлоқ аҳолисининг эчкиси эгиз туғаолмасдан қийналиб қолса ҳам, ким айбдор – муҳожир ўзбек гуноҳкор.

Айбдор – бор.

“Йилнинг энг яхши одами” деб эътироф этилган жаноб Путин ҳам Каримов билан “гапи қочиб қолди” дегунча Ислом отанинг гирибонидан эмас,  қасдини – ўзбекистонлик мардикордан олади, эринмасдан эрмакка ўзбек шўрликни қузғин қувгандек қувлайди, олапарни ҳайдагандек ҳайдайди. Ваҳоланки, ўзи кучукчаларни юмшоқ тушагида қучоқлаб ётади, лекин элдошларимизни эзади, қувлаб солади.

Дайди кўппак каби қувилган ўзбек бечора беркингани жой топа олмай, сичқон ини минг танга бўлиб қолган ана шундай пайтларда инсон шаъни, қадр-қимматининг топталиши, таҳқир, камситилиш алами нима эканлиги бир мусофир миллатдошимизнинг ўзига аён бўлса, бир Худогагина аён.

Бироқ, таассуфлар бўлсинки, бирорта элдошимиз “Э-я, нега бундай?” демайди, дея олмайди, ўз ҳақини, ҳуқуқини  талаб қилишни билмайди,  “Ўзбекистонда 30 миллион балиқ яшайди” дея таъриф беришганлари ҳақиқатдек, гуё.

Шу ўринда асл ҳақиқатни айтадиган бўлсак, “Нима учун?” деган саволни бера олмаганлиги сабабли ҳам айни дамда худди ана шулар – ўзбекнинг 8 миллионга яқин аҳолиси ёт элларда юрт соғинчида кўзларини ёшлаб юрибди!

Қани, айтингчи, ўз элида қадр топмаган банданинг бегона юртда баҳоси бўладими?

Қозоғистон чўлларининг ҳар бир саксовулига  “Ўзбекка пул керак, қозоққа  қул керак!” деган таҳқирловчи шиорлар ёпиштириб ташланган. Бунингдек калом ўзбек ғурурини ерга “ёпиштиради”, ер билан яксон қилади, аслида.

Мазкур ёзувларга ҳар гал кўзи тушганида ғурури ер билан битта бўлган, шаъни топталган, қадр-қиммати камситилган ўзбек мардикорининг кўнгли қанчалар озор топади, бу ҳам энди ёлғиз Худогагина аён, бандасига гумон….

Лекин барибир ўзбек жим, ўзбек сақов, ўзбегимиз гунг.

Гуёки дўкон растасидан миллатдошларимизга ғурур деган “мол” етмай қолгандек,  одамийликнинг олағовур бозоридан биргина бизнинг ўзбекка иззат-нафс отлиғ “маҳсулот” топилмагандек, орият деб аталмиш бисотдан биргина бизнинг халқимиз қуруқ қолгандек, фақат бизгагина ҳамият отлиғ “мато” камлик қилгандек….

Баҳодир Чориев мисолида кўрдикки, бу каби камситишлар АҚШ деб аталмиш океан ортидаги мамлакат аҳолисига ҳам ёт эмас экан.

Ўзга элларда ҳар куни, ҳар сонияда таҳқирланиш таъмини татиб кўраётган мусофир ўзбек мардикори ўзига нисбатан қўлланилаётган ҳақсизликларга қарши “Ҳай!” демаслиги мумкиндир, бироқ биргина ўзини ёхуд оиласинигина эмас, бутун бошли ҳалқининг, Ўзбекистон аҳолисининг, ватандошларининг ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш учун тер тўкаётган “Бирдамлик” етакчиси Баҳодирга бунинг каби бепарволик мутлақо ёт нарса.

Аслида ҳам шундай бўлиши керак. Инсон ҳақ учун курашишни энг аввало ўзидан, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан бошламоғи лозим. Зеро, ўз ҳуқуқи, шаъни, ғурури учун кураша олмаган киши бутун бир бошли халқнинг ҳақи, эртаси, ойдин кунлари учун кураша олармиди?

“Бирдамлик” етакчиси Чориев шундай қилди. Флорида штатининг Маями шаҳридаги 8425 NW 13th Ter,Miami,Fl 33126, манзилида жойлашган  6217-cонли  Sam’s Club  савдо маркази менеджерларининг камситишларига лоқайд қараб тура олмади. Ғурури баланд инсон сифатида у бунингдек таҳқирлар юкини ортмоқлаб, тақдирга тан бериб кета олмас, бепарво қўл силтаб, минг бир аламини ичига ютолмасди ҳам….

Шундай ҳам бўлди.

Шу кеча кундузда Ўзбекистоннинг халқапарвар бир ўғлони 8425 NW 13th Ter,Miami,Fl 33126, манзилида жойлашган  6217-cонли  Sam’s Club  савдо маркази менеджерларининг камситишларига қарши ўз норозилигини очлик акцияси орқали намойиш қилмоқда.

Ажаб, Россияда, Қозоғистон каби ўзга юртларда тер тўкаётган мардикор юртдошларимиз  ҳуқуқлари аёвсиз оёқ ости қилинишига қарамасдан “миқ” этмаса, таажжубга тушамиз, ёқа тутамиз.

“Халқимиз қорнига эмас, қадрига йиғлашни қачон ўрганар экан-а?” дея ажабланамиз, ҳақ-ҳуқуқи учун куйинмайдиган кишиларни лоқайдлик қули деб айблаб ҳам қўямиз.

Гоҳида муҳожиротдаги бепарво мардикор ҳамюртларимизни ўз ҳуқуқлари учун курашишга чорловчи чақириқлар билан чиқишни ҳам унутмаймиз, ўз ўрнига қўямиз.

Қизиқ-да, мана тўрт кундирки бир ўзбек – ватандошимиз мусофир юртда манманликка, камситишларга қарши  ўзбеклигини – ўз-ўзига беклигини намойиш қилмоқда, ички “мен”ини кўз-кўз қилмоқда. Маблағ, сармоя уммонида ҳукмдорликка даво қилувчи, наҳанг балиқдек сузувчи гиганд савдо тармоғидаги ўзибўларчилик, ҳақсизлик, камситишларга қарши курашишга ўзида куч топмоқда.

Бу гал эса – биз жим.

Ҳа, ҳа, куни кечагина муҳожиротда юрган мардикор миллатдошларини ҳуқуқ талашмасликда қоралаб, гарданларига ғурур ва ҳамиятсизлик, ҳуқуқ илмини билмаслик, лоқайдлик каби бир олам айбловларни ортмоқлаётган инсон ҳуқуқ фаоллари, мухолифат вакиллари, эркин минбар эканлигини тинимсиз иддао қилишдан эринмайдиган матбуот бугун мум тишлаган. На Ўзбекистон ичкарисидаги ва на ташқарисидаги миллатпарвар ватандошларимиз бир оғиз сўз демайди, ўз элдоши тақдирига муносабат билдиргиси келмайди. Мусофирчиликдан ўзи янглиғ кўнгли мажруҳ бўлган миллатошимни қўллай, бир банданинг кўргуликлари учун куйинай демайди. Нега?

Нега-а? Нега энди биз шунақамиз? Нима учун ўзбек миллати шундай қусурнинг қули? Наҳот ўзимиздан ўзгани одам ўрнида кўрмаслик, менсимаслик  – манманлик дардига мубтало бўлган бўлсак? Наҳотки, биз учун  бир миллатдошимиз ҳаётининг хасчалик қадр-қиммати бўлмаса?

Нима бўлган тақдирда ҳам, биз – “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг кўп сонли фаоллари ўз етакчиси Баҳодир Чориевнинг тақдиридан ниҳоятда ташвишда.

Биз АҚШ ҳукуматидан, Флорида штати, Маями шаҳар мэридан Ўзбекистоннинг инсонпарвар фуқароси Баҳодир Чориевнинг тақдирига бефарқ бўлмасликларини илтимос қиламиз.

Умид қиламизки, Америка ҳукумати, Флорида штати, Маями шаҳар бошқарувидаги мутасаддилар “Бирдамлик” Ҳалқ Демократик Ҳаракати етакчиси, сиёсий қочқин Баҳодир Чориев билан боғлиқ инсон шаънини камситишдек кўнгилсизликларга оид муаммоларнинг ижобий ечимини топиш, 8425 NW 13th Ter,Miami,Fl 33126, манзилида жойлашган  6217-cонли  Sam’s Club  савдо маркази ходимларининг фаолиятига танқидий назар ташлаш орқали АҚШ  чин маънодаги демократияга асосланган, инсон ҳуқуқлари кафолатланган  давлат сифатида тан олиб айтилган эътирофларнинг ҳаётий ҳақиқат эканлигини яна бир бор амалда исботлаб беради.

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares