АҚШда чет эллик трок ҳайдовчилар дескриминация қилинмоқда

 20131105_071547Трок(юк машинаси) ҳайдовчилик касби сермашаққат ва шарафлидир.

АҚШ истеъмолчиларининг деярли барча маҳсулотлари трок ҳайдовчиларининг оғир меҳнати  ортидан етказиб берилади.  Масофалар гоҳо яқин, гоҳида олис бўлиши мумкин.

Биз – трок (юк машинаси) ҳайдовчилари, истаймизми-йўқми, деярли ҳар куни Брокерлик (даллол) компанияси мутахассислари, деспитчерлар, юк ортувчи ва юк қабул қилиб олувчи корхона ходимлари, турли ташкилот вакиллари билан рўпару бўлишга, сермашаққат сафаримиз давомида эса  ДОТ (йўл транспорт назорати) инспекторлари,  йўловчилар, енгил машина ҳайдовчилари билан тўқнашишга, бир сўз билан айтганда,  катта-кичик муоммаларга дуч келишга мажбур бўламиз.

Касбимиз ҳамиша хушёрлик ва диққатни талаб қилади.  Ҳатто бир сониялик эътиборсизлик ҳам бир неча инсоннинг ҳаётига зомин бўлиши мумкин.

Олис масофани  минг бир машаққатлар билан босиб, кўзланган манзилга толиқиб  етасиз ҳам. Бироқ  келган даргоҳингизда эса ҳар гал сизнинг қаршингизда навбатдаги муаммо – трокингизни жойлаш(паркинг) масаласи кўндаланг бўлиб туради.

Одатда, трок ҳайдовчи учун юкни қабул қилиш муддати белгилаб қўйилган бўлади.  Ҳайдовчи эса ана шу вақтни мўлжллаб йўлга отланади.

Эрталабки соат 6.00 дан то 10.00 га қадар, тушликдан кейинги 15.00 дан 19.00 гача бўлган соатлар оралиғида Нью Йорк, Лос Анжлес, Сан Франсиско, Сиетл, Даллас, Маями, Чикаго, Атланта каби катта шаҳарларга кириш ёки чиқишнинг ўзи камида икки, гоҳида 4-5 соат вақтингизни ўғирлайди.

Фақат ярим тундагина мазкур шаҳарлар орқали ўтиш ҳайдовчининг 20-30 дақиқа вақтини олиши мумкин, холос.

Трок ҳайдовчилари сафарга отланар экан, юқорида номлари тилга олинган транспорт ҳаракати серқатнов  шаҳарлардан иложи борича тун ярмида ўтиб олишни мўлжал қилади.

Мабодо, юкини шу шаҳарлардан бирортасига тушириш ёхуд ортиш лозим бўлган тақдирда ҳам  трок ҳайдовчиси тунги пайтда шаҳарга кириб олишни режалаб қўяди.

Кундуз куни эса трок ҳайдовчисига, албатта,  транспорт серқатнов бўлган бир пайтда тиғиз  йўллар орқали шаҳардан чиқиб олишига тўғри келади.

Негаки, шаҳар  ичкарисида юк тушириш ва бошқа  мижоз юкини ортиб, йўлга отланишнинг ўзига энг камида 4-8 соат вақт керак бўлади.

Мана шу ҳолатнинг ўзиёқ  Трок ҳайдовчисини тушликдан кейинги транспортлар серқатнов бўлган – қиём пайтида ҳаракатланишга маҳкум қилиб қўяди.

Шаҳар ичида, етиб броган манзилингизда эса сизни  янада каттароқ муаммо кутиб турган бўлади.

Трокни жойлаштириш масаласи аксарият ҳолларда трок ҳайдовчисига бош оғриқ бўлади.

20 метр атрофидаги трокни жойлаштириш учун трок ҳайдовчисига  камида 25 метр жой керак.

Ярим тунда бу жуда катта муаммо туғдиради.

Ҳар қадамда паркинг тақиқиланади деган белги туради. Эрта тонгдан полис ёки паркинг хизматчилари ўз ишларини трок ҳайдовчисига катта-катта жарималар солишдан бошлаб юборишади: Бу ерда ҳам  яна трок ҳайдовчилар айбдор бўлиб қолишади. Калтак яна биз каби ҳайдовчиларнинг бошида синади.

Сабаби, белгиланмаган жойда паркинг қилинди деган важ кўрсатишади.

Бу борада юк олувчи компанияга шикоят қилгудек бўлсангиз, улар мавжуд муаммодан ўзларини олиб қочадилар.

Улардан “Биз сизга юкни тушириш ёки ортиш учун вақт берганмиз, сиз белгиланган муддатда етиб келишингиз ва ишингиз тугаши билан корхона майдонини тарк этишингиз керак” деган мазмундаги совуққонлик билан қилинган қисқа жавобни эшитасиз, холос. “Қолган муммолар сизга таъллуқли, бизга эмас” дея елка қисишади.

Гоҳида ярим тунда кўзимизни уйқу элитишига қарамасдан таъқиқловчи белгиларга ҳам итоат қилмаган ҳолда трокни паркинг қилишга мажбур бўламиз.

Эрта тонгда етиб  келган бизнес соҳиби эса трок ҳайдовчиларини гуё дайди кўппакни қувгандек олдига солиб ҳайдайди.

Ана шундай вазиятларда  вақтимиз етиб келгунга қадар  кўзда  уйқу билан ёқилғини бехуда сарфлаб  шаҳарда  тентираб юришга маҳкум бўламиз.

Юк ортиш ёхуд юк тушириш вақтларида ярим соат, бир соатгина мизғиб олишга фурсатимиз бўлади, холос.

Яна йўлга чиққудек бўлсак, 3-5 соатлаб серқатнов транспортлар қуршовида қолиб кетамиз.

Бир томондан  Брокерларнинг  “Юкни етказишда кеч қолаяпсан!” деган таънаси, иккинчи томондан уйқусизлик, йўл-йўлакай эса енгил машинали ҳамкасбларимизнинг турфа инжиқликлари,  нописанд муомиласи трок ҳайдовчиларининг тамомила тинкасини қуритади.

Шунча кўргуликлар камлик қилганидек, узоқ масофали сермашаққат йўлда трок ҳайдовчиларини транспорт назорати(ДОТ)лар керагидан ортиқ назорат остига олишади.

Боз устига кейинги ватқларда ҳукумат томонидан касбимизга доир  қўшимча талабларнинг киритилиши трок ҳайдовчиларни янада қаттиқроқ изтиробга солиб қўйди.

АҚШда рақобат жуда кучли. Катта гигант транспорт компанияларда тўғридан-тўғри юк берувчи ва олувчи ўртасида ўзоро шартномалар мавжуд. Қолаверса, уларнинг хизмат ҳақи ҳам келишувга кўра  жуда юқори нархларда баҳоланади.

Биз каби кичик транспорт корхоналарида эса вазият бошқача. Юк берувчи корхона билан биз тўғридан- тўғри шартнома қила олмаймиз.

Юк берувчилар Брокерлар(даллоллар) билан шартнома имзолаб қўйишади.  Брокерлар бизга ўзлари истаган баҳода юк беради, белгилаган нархлари ниҳоятда паст. Энг ачинарли томони,  аксарият ҳолларда Брокерлар юкларини бизга алдаб, кўзбўямачилик қилиб ўтказишади.

Мана, мен икки кундан буён АҚШнинг Флорида штатидаги Маями шаҳарида жойлашган  6217-сонли “Sam’s  Club” савдо марказига юк олиб келиб, айни  вақтда навбатдаги алдов ва деcкриминатция қурбони бўлиб ўтирибман.

Бу ердаги  инсон ва меҳнат ҳуқуқларини топтовчи қалтис мавжуд вазият мени ҳақсизликларга қарши жиддий чоралар қўллашга мажбур этмоқда.

Оқибатда, мен 2013 йилнинг 4 ноябр куни, маҳаллий вақт билан соат 17 дан 20 дақиқа ўтганда  ушбу 6217-сонли “Sam’s Club” савдо тарямоғи”даги НОҲАҚЛИКЛАРГА  қарши очлик эълон қилишга мажбур бўлдим.

Кейинги чиқишларимда  кечаги бесамар ўтган кунимда кечирган саргардонликларимга оид воқеалар тафсилоти,  Очлик эълон қилишимнинг сабаблари ва менинг ҳақли талабларим билан  танишишингиз мумкин.

Баходир Чориев,

АҚШ трок ҳайдовчиси.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares