Баҳодир Чориевнинг туғилган куни муносабати ёзилаётган табрик хатларини ўқиб, бундан бир неча йиллар олдин устозлар ёки тенгдошларнинг туғилган кунларида айтиладиган гаплар эсимга тушиб кетди. Кўнглида эҳтирослар барқ урган шоирлар ва журналистлар юбилярни мақташ учун сўз бойлигини аяшмас, юбилярга кўнглидаги эзгу ҳисларини билдиргиси келарди… Аммо бу гаплар, аксариият пайтларда сал баландпарвозроқ, мубалағадорроқ бўларди…
Бирдамликчиларнинг табрикларини ўша пайтлардаги ҳамду саноларга тўла ўхшатмоқчи эмасман. Дўстларимизнинг жуда кўп гапларида, хусусан Баҳодирнинг қўли очиқлигию, кўплаб ночор кишиларга ёрдам бераётгани ҳақидаги (ва бошқа қатор) фикрларида, диктатурага қарши ўзига хос йўл билан курашаётгани айтилганида ҳақиқат бор.
Аммо мен бирдамликчиларнинг ишларидаги моҳиятга эътибор беришни ҳоҳлардим. Баҳодирни шунчаки ҳотамтойлик, бировларнинг қаро қозонини қайнатиш учун саҳоват қилаётганлар даражасига туширгим келмайди…
Республика ҳукуматининг бошида турганлар халқнинг асосий қисмини бечораҳол бўлишини исташади, бечароҳол одамлар фақат ўз қозонини қайнатишни ўйласин, сиёсатга аралашмасин, дегандай иш тутишади. Шу йўл билан фаол одамларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун курашишига, элдошларимизнинг сиёсий онги юксалишига монелик қилишади.
Менинг назаримда Баҳодир Ҳасан элдошларимизга: “Сизлар халқ бахт саодати учун курашинглар, мен Сизларнинг ҳукуматга иқтисодий қарам бўлмасликларингизни таъминлайман”, деяётганга ўхшайди…
Худди шу хил орзулар туфайли “Бирдамлик” сайти қатор қаламкашларнинг минбарига айланиб, Малоҳат Эшонқулова сингари жасоратли журналистлар пайдо бўлди, уларнинг ижодида янги қирралар кўз очди.
Сайтнинг кундан кунга мазмундор ва журъаткор бўлаётганида, интернет телевидениясининг очилишида, Ўзбекистондаги қатор дўстларимизни мамлакат ичкарисида кўрсатаётган жасоратларида, турли вилоятларда ва туманларда фаолият олиб бораётган фаолларнинг сиёсий онгини ўсишида Баҳодирнинг ўзига хос ҳиссаси бор…
Ҳар бир кишига шахсий фикр билдирар эканмиз, унинг ўзимизга қилган ҳимматига эмас, халққа, бахт-саодат йўлида курашаётганларга қилган яхшилигига қараб баҳо берганимиз яхши!
Бир пайтлар Юсуф Жума қамоқда эканида (бошқа сафдошлар қатори) Баҳодирнинг ҳам елиб югурганларини, унинг озодлиги учун пикетлар уюштирганини, шоирнинг оила аъзоларига ёрдам берганини яхши эслаймиз. Наманганлик журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Носир Зокирни ҳам оғир пайтларда қўллаб келди. Елена Урлаева, Алиқул Саримсоқов, Шуҳрат Рустамов, Саиджахон Зайнабиддиновларнинг фаолиятлари бошқа ташкилотлар қатори Баҳодир Чориев билан ҳам ҳамкорлик қилаётганлари туфайли намунали бўлмоқда.
Мен бир пайтлар халқимизнинг онгини ўз шеърлари билан уйғотган шоир-ёзувчиларимизни, ўзбек тили давлат тили бўлсин, дея майдонларга чиққан кўплаб дўстларимизни, ўша даврдаги курашларимизни мақолаларига жойлаган, кино ленталарига туширган биродарларимизни, зулмнинг механизмини очиб беришга интилган бугунги журналистларимизни жасорат эгалари, дегандим.
Шу маънода Баҳодирни саҳоват эгаси, кишиларни зулмга қарши ўзига хос йўл билан курашишга чорлаётган, уларга озми кўпми иқтисодий имкониятлар яратаётган лидерлардан бири дегим келади…
Баҳодир Чориев курашаётганларга иқтисодий ва маънавий кўмаклар бериш билан бирга маълум бир ғояларни, хусусан, нозўровон кураш ғоясини тарғиб қилиб келмоқда… Бу ғоя халқ онгига сингиб, одамларни курашга бошлашини орзу қилмоқда.
Ҳаракат биздан, натижа Аллоҳдан, дейди оталаримиз. Кимни қай даражада муваффақиятга эришишини келажак кўрсатади. Нима бўлгандаям, келажакда яхши кунлар келаркан, ўзининг ҳаракатлари ва маблағи, матонати ва саҳовати эвазига халқимизнинг маълум бир қисмини бўлсада иқтисодий қўллаш ва курашга тортиш билан сиёсийлаштиришга ҳисса қўшган Баҳодир Ҳасаннинг хизматларини тарих ҳам, элдошларимиз ҳам унутмайди…
Ҳали ҳаёт олдинда, келажакда Баҳодирнинг сиёсий курашда янада кенгроқ йўл тутишига, тажрибаси янада ошишига, бошқа лидерлар ва бирдамликчилар билан ҳам дипломатик йўсинда фаолият олиб боришига… ишонгим келади.
Ботир Норбой.