
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати ҳар йили мунтазам равишда “Оммавий шикоят”, “Оммавий Шодлик”, “Оқ Саройга Шошилинг” – “ОШ” акциясини ўтказиб келади, биласиз.
“ОШ” тадбирида иштирок этишнинг асосий талаби диктатор Каримов режимига қарши киши ўз норозилигини оқ либос кийиш торқали намойиш қилиши эканлигидан ҳам хабарингиз бор.
Шунингдек, ҳар йили “ОШ” тадбири доирасида Расмлар танлови ҳам эълон қилинадики, бунда Каримовнинг ноинсоний бошқарувига қарши оқ либос кийган фуқаролар ўз суратларини расмлар танлови ҳайъатига тақдим этишлари сўралади.
Мазкур тадбирни ўтказишдан мақсад Ўзбекистон аҳолисини ўз кўнглига ин қурган қўрқув ҳиссидан ғолиб келишга ундаш, фуқароларимизни лоқайдлик уйқусидан уйғотиш, сиёсий сергакликка чақиришдан иборат.
Ушбу йилнинг 1 сенябридан то 10 сентябрига қадар 10 кун мобайнида ўтказилган “ОШ” тадбирида “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати бошқаруви ҳотамтойлик қилди десак, муболаға бўлмайди.
“ОШ” тадбири доирасида ташкил этилган расмлар танлови ғолибларини рағбатлантириш мақсадида Ҳаракат Бошқаруви мукофот пулига 16 минг АҚШ доллари миқдорида сармоя ажратилди.
Бироқ, шуни афсус билан маълум қиламизки, “ОШ” расмлар танловининг 1-ўринга муносиб деб топилган ҳуқуқбон Нодир Аҳатов ва 3- ўрин шоҳсупасини забт этган қизимиз Хуррамова ғолиблик мукофотидан маҳрам этилди. Демак, айни дамда 16 минг эмас, балки 14825 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот пуллари ўз ғолибларига етказилган.
Қашқадарёлик ҳуқуқ фаоли Нодир Аҳатов 1-ўрин соҳиби деб эълон қилинган бўлишига қарамасдан, ҳуқуқбон Ҳаракат Бошқаруви қарорига кўра 1000 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот рағбатини олишга номуносиб деб топилди.
Шунингдек, 3- ўринни эгаллаган синглимиз Хуррамова ҳам 175 доллар миқдоридаги мукофот рағбатидан маҳрум этилди.
Нега?
Бу саволга жавоб беришдан олдин, эътиборингизни муҳим бир масалага қаратишни истардик:
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати томонидан “ОШ” тадбирини ташкиллаштириш ва расмлар танлови ғолибларини йирик миқдордаги мукофот билан тақдирлашдан кўзланган яна бир бошқа, ўзга муҳим мақсад ҳам борки, у ҳам бўлса, Ҳаракат “ОШ” акцияси ва расмлар танлови тадбирларидаги фаол иштироки сабаб юзага қалқиб чиққан халқимизнинг фидоий инсонларини, ўзларидаги қўрқув ҳиссини қува билган, қўрқувларидан ғолиб кела олган, диктатор Каримовнинг ноинсоний бошқарувига қарши курашга қайсидир маънода қодир кишиларни шунчаки қўлларига пул тутиб, шунчаки хурраб қилиб қўйиш эмас, энг асосий муддао – ҳурфикрли инсонларни бир жойга тўплаш, элпарвар фуқароларни бир-бирлари билан таништириш, дийдорлаштириш баҳонаи сабаб ўзоро фикр ва тажриба алмашишлари учун имкконият яратиб бериш, тарқоқ халқимизнинг бошини қўшиш, бир муш тўлиб тугилиши, бир ёқадан бош чиқаришлари, ҳамжиҳат бўлишларига қайсидир маънода ўз ҳиссасини қўшиш каби бир қатор эзгу истаклардан иборат.
Айни ана шу эзгу ниятда ҳар йили “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Бошқаруви “ОШ” расмлар танловининг ғолибларини бир жойга тўплаш, жамулжам қилиш мақсадида “Ғолибларни тақдирлаш” тадбирини ташкиллаштиради.
Бу йил ҳам шундай бўлди.
Навбатдаги “ОШ” расмлар танловининг 31 нафар ғолиби пойтахтга, ғолибларни тақдирлаш тадбирига таклиф этилди.
Ҳар доимгидек, ғолибларга тарқатилган таклифномадан шундай жумлалар жой олганди:
“Ғолиблик муборак!….. Тақдирлаш тадбирига келмаган ғолиб мукофотдан бош тортган ҳисобланади ва рағбат пули меҳрибонлик уйларига ҳадя этилади. Тошкентга келиб кетиш харажатларингиз Ҳаракат томонидан тўлиқ қопланади…” .
Бу сафар ҳам ғолибларнинг оилавий иқтисодига зиён етказмаслик мақсадида вилоятлардан Пойтахтга келиб-кетувчиларнинг барча сарф-харажатларини Ҳаракат Бошқаруви ўз бўйнига олган бўлишига қарамасдан, айрим ғолиблар тақдирлаш тадбирига ташриф буюрмади.
Очиғи, ҳар бир ташкилот, ҳар бир муассасанинг ўз ички тартиб-қоидаси, ўз ички интизоми мавжуд. Шундай ҳам бўлиши керак. Бекорга халқимиз “Сўз боши – салом, иш боши –интизом” дейишмаган.
Шу маънода, Ҳаракат Бошқаруви ғолибларда масъулият ҳиссини уйғотиш илинжида ички қарор қабул қилган: “Тақдирлаш тадбирига келмаганлар –мукофот пулидан маҳрум этилади”. Ҳаракатнинг ушбу ички қарори мазмун-моҳиятидан ғолиблар таклифнома орқали ўз вақтида воқиф этилган.
Шунга қарамасдан, ҳали айтганимиздек, тақдирлаш тидбирига ташриф буюрмаганлар кўп бўлди.
Албатта, Ҳаракат Бошқаруви ички қарорига асососан тадбирда иштирок эта олмаган барча ғолибларни мукофот рағбатидан маҳрум этишга аҳд қилган эмас.
Аввало, ғолибларнинг тақдирлаш тадбирида иштирок эта олмаганлик сабаблари Ҳаракат Бошқаруви томонидан обдон урганиб чиқилди ва ҳар бир ғолибнинг Тошкентга кела олмаганлик ҳолатларига ҳолисона баҳо берилди.
Аксарият ғолибларимиз – коллеж ўқувчиларига пахта даласидан жавоб тегмаган, яна қай бир ғолибларимизнинг ёшлари 80 га етган – узоқ йўл толиқтириб қўяди, айрим ғолиблар ўзга мамлакатда – халқаро сименарда, таклифномалар қайсидир ғолибнинг қўлига ўз вақтида бориб етмаган. Бошқа бирларининг оилавий шароити оғир, гўдаги бетоб бўлган.
Юқорида келтирилган важларнинг барчасини узурли деб топган Ҳаракат Бошқаруви ғолибларни тақдирлаш тадбирига кела олмаган аксарият ғолибларга ўз совринларни ҳадя қилишни лозим деб топди.
Яна бир гап, кўпнинг дарди, элининг эртаси, бахти учун курашга киришган киши қалбида, энг аввало, ўша кўпга нисбатан, жамоага, тадбир иштирокчилари-ю ғолибларга нисбатан оз бўлсада ҳурмат бўлиши керак деган фикрдамиз.
Аждодларимиз “Айтмаган ерга боргувчи бўлма, айтган ерндан қолгувчи бўлма” дея огоҳлантирганида, ўша – ўзоро иззат-ҳурмтани назарда тутган бўлса, ажаб эмас.
Бир сўз билан айтганда, 1- ўрин шоҳсупасидан жой олган Нодир Аҳатов ва 3- ўринни қўлга киритган Хуррамоваларнинг тақдирлаш тадбирда иштирок этма олмаганликлари важи узурли деб топилмаганлиги сабабли ҳам, юқорида номлари тилга олган дўстларимиз ғолиблик туҳфасидан маҳрум этилдилар.
Аниқроғи, улар ота-боболаримизнинг “… айтган жойдан қолгувчи бўлма” деган ўгитига амал қилмаганликлари сабабли ҳам, насибаларидан қуруқ қолишди.
Аммо, лекин, бироқ…
Батамом эмас, ҳамма гап мана шунда.
Юқорида мукофот пулидан маҳрум этилган ғолибларимизнинг ютуқлари ўз номларида –банк ҳисобита турибди.
Ҳаракат Бошқарувининг қарорига кўра, мукофотдан маҳрум этилган ғолибларимизнинг навбатдаги “ОШ” акциясидаги фаол иштироки бугунги ғолиблик совринларининг тақдирини ҳал қилиб берадиган бўлди.
Таниқли ҳуқуқ фаоли Нодир Аҳатов, Самарқандлик қизимиз Хуррамоваларга бугунги совринлари навбатдаги “ОШ”да қўлга киритган ғолиблик мукофот пуллари билан қўшиб тортиқ қилинадиган бўлди.
Эҳтимол, орангизда “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Бошқаруви ички қароридан энсаси қотгувчилар ҳам кўп бўлар.
Ким қандай ўйлашидан қатъий назар, Ҳаракат Бошқаруви ўз қарорида собит қолиш фикрида.
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати матбуот хизмати