ЎЗБЕКИСТОН: ҚОЗИ ЎҒРИ-МУТТАҲАМ БЎЛСА, АРЗИНГНИ КИМГА АЙТАСАН?…

7 0027 003(Оҳангарон туман ўрта мактабида содир бўлаётган хўжасизликлар хусусида ҳангома)

Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани пойтахтнинг шуноққина биқинида жойлашган.

Шундай бўлишига қарамасдан туман мактабларида ҳўжасизлик ҳукмрон.

Хусусан, Қандолат Мухторова директорлик қилаётган 52-ўрта мактаб ўқувчилари шу кеча-кундузда аросатда қолган.

Гап шундаки, мазкур мактаб директори Мухторова ўқитувчиларни 100 фоиз пахта йиғим-теримига сафарбар қилган. Яъниким, Мухторова хонимнинг “ватанпарварлиги” туфайли айни дамда 65 нафар ўқитувчи пахта далаларида жавол уришмоқда.

Бу дегани Оҳангарон туманидаги 52-ўрта мактабнинг 1200 нафардан ортиқ ўқувчилари қаровсиз қолган деган гап.

2013 йил бошидан буён мактаб директори вазифасида жавлон ураётган Қандолат Мухторова бошқарувда ўзи хон, кўланкаси майдон раҳбарлардан.

Мазкур йилда мамлакат раҳбарияти пахта йиғим-терим компанияси даврида болалар меҳнати ва ўзга касб эгалардан ишчи кучи сифатида фойдаланишга барҳам бериш борасида куйиб-пишиб қарорлар қабул қилган бўлишига қарамай, муҳтарама Мухторова “элпарварлиги” (!)ни намоён қилмоқда.

Мухторованинг ташаббуси билан 16 сентябрдан буён  пахтакорга айлантирилган ўқитувчиларга мавсум бошида кунлик терим режаси 65 клограмм қилиб белгилаб қўйилган эди.

– Пахта теримига қувилганимизга ҳам бир ойдан ошиб кетди. Теримнинг дастлабки кунларида кунлик режани уддалашимизни талаб қилиб, қонимизни ичишарди. Ҳозир эса учинчи терим. Далаларда пахтанинг чўғи ниҳоятда камайиб кетган. Ўқитувчилар кун бўйи зўрға 10-15 клограмм пахта терадилар, холос. Тўғри, эндиликда режани бут қилиш қатъий талаб қилинмайди. Бироқ, бечора ҳамкасбларимнинг умри пахта даласида бесамар ўтмоқда, – дейди номини ошкор қилмаслигимизни сўраган ўқитувчилардан бири, – Ўзингиз ўйланг, кун бўйи 10-15 клограмм пахта териш юмушини мактабдаги билим олиши керак бўлган 1200 нафар ўқувчига сабоқ бериш масъулияти билан алмаштириб, бу вазифаларни бир-бири билан таққослаб бўладими?  Бу ҳолатда ўқувчиларимиз эртага ким бўлиб етишишади? Пахтакор бўлибми?

– Наҳотки, ўқитувчилар оммавий равишда пахтага сафарбар қилинганлиги сабаб мактаб дарвозаси тақа-тақ ёпилган, дарс машғулотлари тўхтатиб қўйилган бўлса? – сўраймиз қизиқсиниб.

– Йўқ, мактаб ёпилган эмас. Бироқ бечора ўқувчиларимиз ҳам биз каби умрларини бесамар ўтказишга маҳкум этилмоқда. Ҳар куни гарчи белгиланган дарс соати ўтилмаса-да, сумкаларини кўтариб, номигагина мактабга келиб-кетишга мажбур бўлишмоқда.

Мактабимиз батамом ўқитувчисиз қолган деб ҳам бўлмайди. Негаки, айрим аёл ҳамкасбларимизнинг турмуш ўртоқлари “Боаларни олдида бўлишинг керак, рўзғорга, оилага ким қарайди?!” дея пахтага боришларига монелик қилишган.

Пахта йиғим-теримига чиқиш имконияти бўлмаган ҳар бир ўқитувчи ўттиз кунлик терим учун ҳар кунига 20 минг сўмдан  – жами 600 минг сўм тўплаб, ўз ўрниларига пахта теришлиги учун мардикор бозордан  “ҳашарчи” ёллашган.

600 минг сўм эвазига ёлланган мардикорлар айрим ҳамкасбларимиз ўрнига пахта теришмоқда.

Мактабимизда бор йўғи 5-6 нафар ўқитувчининг 600 минг сўмга ишчи кучи – “ҳашарчи” сотиб олишга имкониятлари етди, холос.

Биз каби пулсиз ўқитувчилар мардикор сотиб ололмаганлигимиз сабабли, бир ойдирки ўзимиз пахта даласида саргардонмиз, – дейди болаларини 30 кундан ортиқ қаровсиз қолдиришга маҳкум этилган устозлардан бири, – Бу кўргуликларимизнинг барчасига директоримиз  Мухтарова сабабчи. Оҳангарон туманидаги ўзга мактаб ўқитувчилари пахта теримида биз каби қаттиқ қийноқ-қистовга олинмаган, биргина бизнинг маатабимизда шу аҳвол…

– Ўғри бўл, инсофи билан бўл дейишган, – дея аламзадалик билан гап бошлайди кейинги ўқитувчи – пахтакор суҳбатдошларимиздан бири, – Мухторова аслида қонунан ўғри деб эътироф этилган. Лекин инсофи йўқ ўғрилардан.  Чунки, мана, шеригим юқорида маблағи бор айрим ўқитувчилар ўз ўрниларига 600 минг сўмга бир ой муддатга  мардикор сотиб олиб, “ҳашарчи” ёллашганларини айтиб ўтдилар.

Энди амалда пахта теримига “сафрабар” этилган ўқитувчи, ўз ўрнига теримчи ёлладими, бир ой мактабга чиқмасдан, ишламасдан уйида ўтириши лозим, негаки, у бунинг ҳақини тўлаб қўйган. Лекин директор Мухторова нима қилмоқда?  Ана шу нақд пул тўлаб қўйиб ишчи кучи ёллаган ўқитувчиларни мактабга чиқишга, ўқувчиларга дарс беришга мажбур этмоқда.

Мухторова ўқитувчиларга “Мабодо, дарс бериш учун мактабга чиқмасанглар, сизларга “прогул” ёзаман, ишдан ҳайдатаман!” деб дағдаға қилади.

Директорнинг таҳдидидан ҳайиққан ўша 5-6 нафар ўқитувчи пахта даласига ҳайдалган биз каби 65 нафар ҳамкасбларининг ўрнига 1200 ўқувчига бир ойдирки дарс ўтишмоқда. Демак, бир пайтнинг ўзида бир ўқитувчи икки ҳисса ишламоқда. Ҳам пахтада “мардикор” – “ҳашарчи”, айни дамда мактабда мударрис.

Дейлик, гарчи у ўқитувчининг мутахассислиги  ўзбек тили ва адабиёти фанидан бўлса ҳам фарқи йўқ, соати белгиланган пайтда тилчи муаллим физика, математика, тарих, география, биология, рус тили ва адабиёти, физкультура каби мутахассислиги бўлмаган  жамики фанлардан дарс ўтишга мажбур этилмоқда. Бир сўз билан айтганда, пахта мавсумида ўқитувчи шўрлик кўп тармоқли ихтисослашган мутахассис рабортга айлантирилган-қўйилган. Она тили ўқитувчиси физика қонунларини дарс соатида ўқувчиларга тушинтириб бера оладими-йўқми, бу муҳим эмас. Мактаб директори Мухторова учун муҳими, бир соат дарс давомида ўқувчиларни хўроз қанд билан алдагандек авраб ўтирса бўлгани. Ўқувчиларнинг келажаги, билим доирасининг кенгайиши Мухторовани мутлақо қизиқтирмайди.

– Ҳаммаси тушунарли. Фақатгина бир калом мени ўйлантириб қўйди. Ҳали сўзингиз бошида “Мухторова қонунан ўғри деб эътироф этилган” деган иборангиздан таажжубдаман. Бу билан нима демоқчисиз, тушунтириброқ айтинг, илтимос, – изоҳ талаб қилдим суҳбатдошимдан.

– Минг марта эшитгандан – бир марта кўрган афзал дейишади. Яхшиси, мана буни ўқиб кўрганингиз маъқул. Барчасини ўзингиз тушуниб етасиз, – деди Оҳангарон туманидаги 52- мактаб ўқитувчиси икки варақ қораланган қоғозни узатаркан.

Суҳбатдошим қўлимга тутқазган нарса Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди кассация инстанцияси томонидан  2012 йилнинг 18 сенябр куни чиқарилган ҳукм нусхаси экан.

Буни қарангки, 52-сон мактаб директори муҳтарама Қандолатхон Мухтарова ўз  раҳбарлик  фаолияти давомида муқаддам бир эмас, уч бор судланганлардан экан.

1956 йилда туғилган Мухторова илк бор Жиноят ишлари бўйича Оҳангарон шаҳар  судининг 2007 йил 14 март кунидаги ҳукмига кўра Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 186—1- моддаси 2-қисмининг “б” бандида  (  Этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш, 2-қисм –“б” банди – уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган) кўзда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган.

Қаранг-а, куни кеча алкоголли ва тамаки маҳсулотларни ноқонуний ишлаб чиқариш ва ўтказиш билан машғул бўлган муттаҳам бугун зиё масканининг МАЛИКАСИ! Қалай, яхши-а?

Яхши-да, энди ғайриқонуний ишлаб чиқарилган алкоголли ва тамаки маҳсулотларини “беҳижолат, беталофат” ўтказиши учун Маҳкамова хонимнинг қўл остида унга сўзсиз истоат этувчи нақд 65 нафар муаллиму, 1200 та ўқувчи имосига – хизматига маҳтал!

Мана, сизга Ўзбекистонда ноқонуний “тадбиркорлик”ни ривожлантиришнинг энг пухта  безнис РЕЖАСИ!

Нега шундай? Нега кечаги қонунбузар бугун маънавият ўчоғининг бакавули?

Бундан кимга қандай манфаат?

Оҳангарон туман ҳокимиятигами, қонунни назорат қилувчи прокуратура идоралари мутасаддиларигами? Эҳтимол, Мухторова хоним “тадбиркорлигидан” тушган тангасини Оҳангарон Халқ таълимининг мудири билан баҳам кўришар?  Ким билсин, ҳарҳолда, “еган оғиз уялар” қабилида қаллоблик қилмаган бўлса, Оҳангарон прокуратурасидагилар бу синоатнинг сирини фош қила олар деган фикрдамиз…

Ажабо, Оҳангарондаги 52- маткбнинг при мадоннаси – Мухтарова хоним ЎзРесЖКнинг 186-1- моддасида назарда тутилган жиноятни содир этгану, мамлакат раҳбариятининг амминистия актига асосан, жазодан осонгина қутилиб қўя  қолган.

Бу ҳолат Мухторовага илҳом берган кўринади, акс ҳолда, мактаб директори курсисида ўтирган Қандолатхон Эргашевна Жиноят ишлари бўйича Оҳангарон туман судининг 2010 йил 15 февраль кунидаги ажрими моҳиятига кўра, ЖКнинг 167-моддаси 2-қисмининг “а, г” (Айбдорга ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш:  а) жуда кўп миқдорда; г) компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб содир этилган…) бандлари ва Ўзбекистон Республикаси жиноят Кодекси  168-моддасининг 1-қисми (Фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш) бандлари билан такрор-такрор жиноят содир этмаган бўларди.

Буни қарангки, бу гал ҳам ўғри-муттаҳам опамизга омад кулиб боққан ва муҳтарама Мухторовага марҳамат кўрсатилган: суд ҳукми билан Олий Мажлис Сенатининг 2009 йил 28 август кунидаги аминистия тўғрисидаги Қарорига асосан Қандолатхон Эргашевнанинг гуноҳлари яна “махфират” этилган.

Афтидан, Қандолатхон Мухторова Ўзбекистон ҳукуматининг ҳимматини суиистеъмол қилишни хуш кўради, чамаси.

Ҳа, нима, “Бу мамлакатда ҳамма ўғри – менми тўғри?!” деган иборани шиор қилиб олган бўлсалар ҳам ажаб эмас. Балиқ бошдан дейишади-ку, ушовига қараб – тушови-да!

Энгг қизиғи, Қандолат Мухторова юқорида санаб ўтилган жиноятларни Оҳангарон туман  Халқ таълимига қарашли 8-мактабда директор лавозимидаги фаолияти давомида амалга оширган.

Ўзбекистон педагоги, устози, яна ким – бутун бошли мактаб директори қонун тили билан айтганда “фирибгар”, “ўғри” – муттаҳам бўлса-я?

Ана, энди айтингчи, Мухторовага ўқитувчилар жамоаси тақдирини, мингдан ортиқ ўқувчилар келажагини ишониб топшириш мумкинми?

Тўғри, Мухторова хонимнинг жиноятлари  ҳукумтанинг хотомтойлиги билан ауф этилган.

Лекин бу дегани, маънавияти ва ахлоқи бузуқ бўлган шахс, такрор-такрор ғайриқонуний ишга қўл уришдан тап тортмайдиган жиноятчи яна қайта амал курсисига ўтириши, маърифат ўчоғига раҳбар бўлиши мумкин дегани эмас.

Қизиқ, яқин тарихда, раҳбарлик фаолияти даврида – Оҳангарон туманидаги 8-мактаб директорлиги лавозимидан фойдаланиб  бир эмас, уч бор жиноят содир этган шахсни ҳаял ўтмай яна қайта катта бири илим даргоҳига – 52- мактабга бош қилиб қўйишга ким “фатво” берди экан?

Жиноятчидан жасорат соҳиби – қахрамон яратишга уринган кимса ким бўлдийкин?

Истаймизми, йўқми, келиб-келиб гап яна Тошкент вилоятини бошқариб турган ҳоқонларга, Оҳангарон туман ҳокимияти, қонун идоралари-ю Халқ таълимидаги мутасаддиларга бориб тақалади.

Мухторовани ким кўтар-кўтар қилаётган бўлса, демак, билингки, бундай амалдор Қандолатхон опанинг жиной ишларидаги шериги, жиноий тушумдан манфаат кўриб келаётган арбоб бўлгандирки, кети очилиб қолишидан қўрқиб, фирибгар шеригига қайта амал инъом этган.

Оҳангарон туманидаги 52- мактабда содир бўлаётган қиссачадан ҳисса шуки, бугунги кунда Ўзбекистоннинг куни ўғри-муттаҳамларга қолган! Шунақа!

Тўғрими? Ёки мушоҳода юритиш бобида қаттиқ кетдикми, хато қилдикми?

Сиз нима дейсиз?

Мурод ҲАКИМ

 

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Тошкент вилоят бўлими  фаоли…

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares