Жанубий Кореянинг жамоат ташкилотларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга асосланган “Apil” адвокталар асоссациясининг бир гуруҳ вакиллари Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Кореялик адвокатлар бир неча кундирки Ўзбекистон вилоятларида бўлиб пахта йиғим-терим мавсумида болаларни мажбурий меҳнатга жалб этилиш масалалари юзасидан мониторинг ўтказишмоқда.
Бугун, 1 октябр куни “Apil” адвокатлар уюшмасининг 4 кишидан иборат делегацияси Тошкентлик ҳуқуқ фаоллари ва мухолифат вакиллари билан учрашди.
– Бизнинг “Apil” адвокатлар асоссациямиз сиёсий қочқинлар масаласини урганади ва уларни ҳимоя қилиш ишлари билан шуғулланади. Шунингдек, инсон ҳуқуқларининг бузилишига оид ҳар қандай ҳолат бизни бефарқ қолдирмайди. Жамоат ташкилотларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи ҳам уюшмамизнинг ҳамиша диққат марказида туради, – дейди танишув жараёнида сўз олган Жанубий Кореялик ёш адвокат Sejin Kim, – Айни дамда биз Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ масалалар, болаларни мажбурий меҳнатга жалб этилиш ҳолатлари ва Корейс компаниялари ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ жиҳатлар юзасидан мониторинг ўтказиш мақсадида юртингизга ташриф буюрдик.
Ҳамкасб ҳамроҳларим IL LEE, Tong-chul-tim ва Min-chul Kim лар билан Қашқадарё, Бухоро, Самарқанд каби вилоятларда бўлиб у ердаги мавзуга оид умумий аҳвол билан танишдик. Пахта далаларида бўлдик. Маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари билан учрашдик. Бугун сизлар билан дийдорлашувимиздан ҳам асл муддао сизларнинг фаолиятларингиз билан яқиндан танишиш. Умид қиламанки, юртингизда бизни қизиқтирган масалалар юзасидан олиб бораётган тадқиқотларингиз, изланишларингиз натижасида юзага келган билим ва фикрларингиз, фактларингизни биз билан ўртоқлашасиз.
Қисқа танишувдан кейин тилмоч кўмагида Корейс адвокатлари билан маҳаллий ҳуқуқбонлар ўртасида қизғин суҳбат авж олди.
“Альянс” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти етакчиси Елена Урлаева, “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси Малоҳат Эшонқулова, ҳуқуқ фаоллари Шуҳрат Рустамов, Абдураззоқ Содиқов, Адилаида Ким, Турсунхўжа Идрисхўжаев каби бир қатор миллат жонкуярлари пахта йиғим-терими мавсумида болаларни мажбурий меҳнатга жалб этилиши билан боғлиқ муамммолар, инсон ҳуқуқларининг бузилишига оид фактлар хусусида меҳмонларга ҳикоя қилиб беришди.
– Мамлакатимизда “Соғлом она ва бола” дастури доирасида иш олиб борилаётган айни бир пайтда ҳадемай кузнинг ёмғирли кунларида коллежларнинг 1-,2-, 3- курс талабалари бўлган 16-17 ёшли қизалоқлар ёмғирга букиб қолган пахтазорда белларига этак боғлаб, шалоба бўлиб, пахта теришга мажбур этиладилар. Мана шундай бир ҳолатда соғлом она ва соғлом бола хусусида қандай гап бўлиши мумкин? Сиз Ўзбекистондаги пахта-йиғим теримига оид муаммоларни астойдил урганиш мақсадида бўлсангиз, мавсум охирига қадар Ўзбекистонда қолиб, воқеаларни кузатувчиси бўлмоғингиз керак, шуни таклиф қилган бўлардим, – деди суҳбат чоғида ҳуқуқ фаоли Турсунхўжа Идрисхўжаев.
– Ҳозир ҳар бир маҳалла раислари шаҳар аҳолисидан, ўз ҳудудидаги маҳалла аҳлидан пайта йиғим-терими учун маблағ йиғиш билан овора. Ҳар бир фуқаро ё 10 кун давомида далага чиқиб, пахта териши керак, ёинки, 400 минг сўмдан бериши шарт.
Ҳатто шаҳардаги ҳар бир корхона, ташкилот, мактаб, боғча ходимлари ҳам пахта йиғим-теримига жалб этилган. Уларга бир кунда 70 килограмм пахта териш мажбурияти юклатилганки, бу клограмм уларнинг пахтага бориш йўл харажатлари ва кундалик 3 маҳал овқат пулини зўрға қоплайди, холос. Негаки, пахтанинг килосига жуда кам миқдорда ҳақ тўланади. Натижада ишидан ҳайдалмаслиги учун ҳар бир ходим пайта даласига чиқишга ва йиғим-теримда иштирок этишга мажбур. Бироқ бир тийин ҳам ҳақ олмасдан қайтишади. Пахтага чиқмаган ходимлар эса ҳали айтганимиздек, 400-500 минг сўмдан пул беришлари керак. Бу ҳолат пахта масаласида ҳамон қўшиб ёзиш иллати мавжудлигидан далолат, – дейди ҳуқуқбон Абдураззоқ Содиқов.
“Альянс” инсон ҳуқуқлари ташклиоти фаоли Шуҳрат Рустамов мамлакатдаги мавжуд вазият хусусида шундай ҳикоя қилади:
– Мамлакат порахўрлик комига тушиб қолган. Суд-ҳуқуқ тизимида ҳақиқат анқонинг уруғи. Инсон ҳуқуқлари ҳар қадамда қўпол равишда бузилади. Масалан, ҳар бир фуқаро, ҳатто ҳашарчи билан пахта даласининг соҳиби ўртасида меҳнат шартномаси бўлиши шарт. Токи шартнома бўлмас экан, кишига бирор бир мажбурият юклаш кулгули ҳолат. Бизда эса нима қилишади, маҳалла идоралари раҳбарлари ҳокимиятга бориб, хўжакўрсинга тузилган шартномаларга кўзлари юмуқ ҳолда имзо чекиб келадилар, маҳалла фуқаролари эса бундан мутлақо бехабар. Пахтага сафарбар этилаверадилар… Номигагина тузилган сохта шартномалар эса чет элдаги халқаро ташкилотларга кўз-кўз қилиш учунгина, кўзбойлоғичлик учун тузиб қўйилади, холос….
– Биз айни дамда Ўзбекистонда болалар мажбурий меҳнатга жалб этилмаган деган иддаони илгари сура олмаймиз, – дейди “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекитсон бўлими етакчиси Малоҳат Эшонқулова, – Нега? Чунки, дейлик, боланинг 6-7 ёшидан мактабга боришини инобатга оладиган бўлсак, ўқувчи 15-16 ёшида мактабнинг 9-синфини тамомлаб, коллежга равона бўлади. Бу дегани коллежларнинг 1-, 2- курс талабалари ҳали балоғат ёшига етмаган бола, ўспирин ҳисобланади деган гап. Айни дамда эса, пахта далаларидаги асосий терим кучи мана шу коллежларнинг 1-, 2-, 3- курс ўқувчилари ҳисобланишади.
Мaдомики, 9-синфни битирган ва коллежга кирган 15-16 ёшли балоғат ёшига етмаган бола пахта даласида жавлон урар экан, қандай қилиб биз Ўзбекистонда болалар мажбурий меҳнатга жалб этилмаган дейишимиз мумкин.
Энг ёмони, гарчи бугунги кунда мактаб ўқувчилари пахта даласига чиқарилмаган тақдирда ҳам, уларнинг ўқитувчилари ёппасига йиғим-теримга ҳайдалган. Натижада ўқувчиларни ўқитиш учун ўқитувчи йўқ. Болалар мактабда дарс соатларида сабоқ олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлишмоқда. Бу эса ўқувчи пахта даласига чиқарилса ҳам билимдан бебаҳра қолади, пахта даласига сафарбар этилмаса ҳам илимдан бенасиб қолади деган гап эмасми?
Гарчи мактаблардан ўқувчиларга пахта теримига жавоб бериб юборилмаган бўлса-да, халқ шунчалар қашшоқки, улар бир йилда бир марта – у ҳам бўлса пахта йиғим теримида бериладиган нақд пулга эга бўлиш истагида мактабдан сўнг, тушликдан кейин болаларини ота-оналарнинг ўзлари пахта теришга мажбур этмоқдалар. Бу ҳам жамиятдаги бир иллат, энг оғриқли нуқталардан бири.
Шу боис ҳам бизнинг “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати тўрт томонлама таназзул батғоғига ботиб бораётган мамлакатни нурафшон кунларга олиб чиқиш ва Каримов диктатурасига барҳам бериш истагида тинч, нозўравон йўллар билан рангли инқилоб қилиш ғоясини илгари сурмоқда. Аҳолини сиёсий фаолликка ундамоқда.
Токи ҳукумат ўзгармас экан, мамлакатимизни иқтисодий, сиёсий, ижтимоий жиҳатдан ўнглаб бўлмайди, – дейди Эшонқулова.
“Альянс” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти етакчиси Елена Урлаева мамлакатда адолат учун курашаётган инсон ҳуқуқлари фаоллари ва мухолифат аъзоларига куч ишлатар тизимлари томонидан қўлланилаётган кучли босим ва таъқиблар ҳақида тўхталди.
Учрашув сўнгида Жанубий Кореянинг “Apil” адвокталар уюшмаси вакиллари Ўзбекитсонда сиёсий ва ҳуқуқий жиҳатдан сергак ва уйғоқ фуқаролар борлигидан мамнун эканликларини билдирди.
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими матбуот хизмати



