НАТО: 'Қирғиз ҳукуматининг қарори якуний эмас'

Нато Бош котиби Яп де Хоп Схеффер Россияни Қирғизистондаги АҚШ базасини сақлаб қолишда қирғиз ҳукуматига таъсир ўтказишга чақирган.
«Эхо Москвы» радиоси билан суҳбатда жаноб Схеффер «агар НАТО ва Россия бу масалада ҳамкорлик қилса, Қирғизистон ҳукуматининг қарори якуний бўлмайди», деб айтган.

Чоршанба куни Президент Қурмонбек Бакиев ҳукумат АҚШ ҳарбий базасини ёпишга қарор қилгани ҳақида баёнот берган.

Ушбу баёнот Москвада Россия билан кўп миллиард долларлик ёрдам шартномасининг имзоланиши ортидан янграган.

Бу эса Москванинг Қирғизистонга ёрдами у ердаги АҚШ базасининг ёпилишига боғлиқ экани ҳақидаги тахминларни пайдо қилган.

Қирғиз расмийлари Америка томони билан базанинг тақдири борасида музокаралар бораётганини рад этишган ва қарор якуний эканини таъкидлаганлар.

Ўзгараётган вазият

НАТО Бош котибининг баёноти Россия ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар янгидан бошланаётган пайтга тўғри келган.

Якшанба куни Мюнхенда АҚШ вице-президенти Жо Байден билан музокаралардан сўнг гапирган Россия Бош вазирининг биринчи ўринбосари Сергей Иванов жаноб Байденнинг бир кун аввал муносабатларни янгидан бошлаш ҳақида қилган чақириғини олқишлаган.

«Қўшма Штатлар маъмурияти Россия билан томонларни қизиқтирувчи барча масалаларда мулоқотни қайта бошлашни истаётгани ҳақида аниқ ишора берди», -деб айтган жаноб Иванов.

Аввалроқ Россиянинг бошқа мулозимлари, жумладан, Президент Медведев Москва Афғонистондаги амалиётларда Қўшма Штатлар ва ғарб билан ҳамкорликка тайёр эканини айтган эди.

Россия НАТОнинг инсонпарварлик юклари учун транзит йўли очиб беришини тасдиқлаган.

Аммо чоршанба куни Қирғизистон Президенти Бакиевнинг Москвада Президент Медведев билан учрашувдан кейин қилган баёноти Вашингтонга берилаётган ишораларнинг оҳангига мос тушмаган.

Кузатувчилар Москва қирғиз ҳукуматига АҚШ базаси борасида босим ўтказганига ишонадилар.

Афтидан Қўшма Штатлар ва НАТО ҳам шу фикрда ва Москва истаса, қирғиз ҳукуматининг қарорини ўзгартира олади, деб ишонаётган кўринади.

Аммо Мюнхендаги хавфсизлик анжумани сўнггида журналистларга гапирган Россия Бош вазирининг биринчи ўринбосари Сергей Иванов Москва АҚШ ҳарбий базаси борасида қирғиз ҳукуматига босим ўтказганини рад этган.

«Ҳарбий базанинг ёпилиши мустақил давлатнинг қароридир», – деб айтган жаноб Иванов.

Қирғизистон парламентининг собиқ депутати Анвар Ортиқов Москва истагани тақдирда, Президент Бакиев ўз мавқеъини қайта кўриб чиқиши мумкинлигини истисно қилмайди.

«Бизнинг давлатни бошқараётганлар ўзларининг оғзидан чиққан гапга жавоб беролмайди. Бакиев америкаликларни чиқараман, деб биринчи марта айтаётгани йўқ. Қирғизистонда ҳамма нарса бўлиши мумкин», – деб айтди Би-би-си билан суҳбатда қирғизистонлик сиёсатчи.

Қирғиз парламенти шу ҳафта АҚШ ҳарбий базасини ёпишга доир қонун лойиҳасини муҳокама қилиши кутилмоқда.

BBCUzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares