Самарқандда 'нон пули' топишнинг янгича йўллари

Мустаҳкам Тангриёрова

Самарқандликлар эшикларнинг бемаврид тақиллашига кўникиб қолишган

Ўзбекистонда 2009 йил “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили” деб эълон қилинган. Лекин қатор қишлоқлардаги хонадонларда ишсизлик манзарасида, айниқса, қиш кунлари барака кўтарилади. Эркаклари асосан мардикорчилик қиладиган Ургут туманидаги Баҳрин қишлоғилик аёллар ана шу паллада шаҳарга келиб, эшикма-эшик юриб, шаҳарликларнинг эски-тускилари ортидан, ўзлари айтмиш, “нон пули” топадилар.

Самарқанднинг қадим маҳаллаларидаги аксар ҳовлиларда ичкарида одам бўлса, дарвозага қулф солинмайди, удум шундай, эшиклар қия очиқ туради. Шундай бўлса ҳам, бегона кишилар хонадонга тўғридан-тўғри кираверишмайди. Бу дарвоза дегани эртадан-кечгача неча марта тақилламайди дейсиз?! Ҳали газчи, ҳали “светчи”, ҳали тиланчи, сал ўтмай хизмат таклиф қилиб келган уста…

Самарқандликлар эски-туски нарсалар йиғиб юрувчи аёлларнинг ҳам гоҳ мавридида, гоҳ бемаврид эшик қоқишларига кўникиб қолишган.

Катта-катта сумкалар кўтариб олган аёллар ҳеч қачон ёлғиз юришмайди. Одатда икки ёки уч кишилашиб маҳалла кезишади. Буни ҳамма тушунади – барибир аёл деган номи бор, кириб борадиган хонадонида қандай одам қаршилашини ким билади, дейсиз?

Декабрнинг қалин қор ёққан кунида ҳам икки аёл дарвозадан бош суқиб, эски-тускиларингиз борми, дея ҳовлига қадам қўйишар экан, “Иринка” деб аталадиган, шиппаксимон, латта пойафзалдагиси шалаббо бўлган оёғига ишора қиларкан, озгина исиниб олсак майлими, дейди. Улар печка ёнидан жой олишар экан, “шукур, ҳамма ҳам бир хил эмас, фалон эшикдаги қўшнингиз ичкарига ҳам киритмади,” дея шикоят қилган бўлади гапдонроқ кўринган ўттиз-қирқ ёшлар ўртасидаги аёл.

Кейин дарров ишга кўчишди:

-Нимангиз бор?
-Эркаклар, болаларнинг эски шими, пойафзали, ўзингиз киймайдиган кийимларингиз бўлса ҳам майли…
-Тўзиган пальто муйнаси ҳам йўқми?
-Сири учган идишлар, темир, пластмасса ликопчалар, алюминий қошиқлар барибир сизларга керак эмас-ку!
-“Сизларга нега керак улар,” деб қизиқиб сўрайман.
-“Вой, биз олиб бориб, бир сўм-икки сўм қўйиб сотамиз, қишлоқда бундай нарсалар рўзғорда ишлатилаверади,” аёлларнинг бояги гапга чечанроғи тушунтирган бўлади.

Бугун жонга аро кираётган эски-тускилар

Ҳар тугул, ҳовли адоғидаги омборхонанинг бир чеккасида дасталаб қўйилган алюминий қошиқлар ёдимга келади. Аёлларнинг чеҳраларида табассум ёйилгандек бўлади-да, ҳали оғиз очмасимдан савдолашишга тушадилар: “юз сўмдан берақолинг, бир кунлик юкимиздан қолса, иккита нон пули қолади, мана санадим, қирқ олтита экан.”

“Эски-тускичилар” кирганлигини эшитган қўшни аёл келиб, уйимда бироз ранги униққан кўрпа-кўрпачаларим бор, дейдию секин пичирлайди, “ўзи “мусор”дан қутулолмай тургандим, алмисоқдан қолган…”

Шундай бўлса ҳам икки томон роса тортишишди. Бориб кўриб, “жуда униққану, кўрпачаларга минг сўмдан, кўрпаларингизга икки мингдан берамиз,” дейишди. Кейин яна қўшиб қўйишди: “бундан қимматига ўзимизга ҳеч нарса қолмайди.”

Аёллар Ургут туманининг Баҳрин қишлоғидан экан. Уларнинг қишлоғидан тўда-тўда аёллар ана шу усулдаги тирикчилик илинжида шаҳарга тушиб, маҳаллаларга тарқалишар экан.

“Эркакларимизга қишда иш йўқ, узоққа бориб ишлаётганлар ҳам қайтиб келишаяпти,” дейишади улар. Суҳбатдошларга кўра, яқинда Қозоғистонга ишга жўнаган бир қишлоқдошларининг жасади олиб келинган.

Сўнг ўзларининг ишлари ҳам енгил эмаслигини ўқтиришади. “Гоҳида эшиги олдида дилдираб турганингда, чиқиб жеркиб беришадиган ҳоллар ҳам бўлади. Шунда ўзингни тиланчидек ҳис этасан,” дейди ўйчанроқ кўринган аёл.

Маълум бўлишича, аёллар уйларига қайтгач, рўзғор юмушларидан сўнг олиб борган эски-тускиларига ишлов беришга ҳам вақт топишлари керак бўларкан.

“Ювамиз, йиртиғини тикамиз, дазмоллаймиз, якин қишлоқларда сотилмаганда, эски буюмлар бозорига олиб чиқамиз, у ерда ҳам асосан бошқа қишлоқлардан келганлар, онда-сонда эса, шаҳарлик камбағалроқ оилалар вакиллари молимизни харид қилишади,” дея самимий гапиришади баҳринлик аёллар.

Қишлоқ аёллари бошқа хонадонларга ҳам кириш учун шошилишар экан, оёғидан нам ўтган аёл сумкасидан бир этикни олиб кия бошлайди: “яхши одамлар ҳам кўп. Бир аёл мана шуни бериб, пулини ҳам олмади. Йиртиқ бўлса ҳам этик барибир этикда, лекин уйида меҳмонлари кўп экан, ўша ерда кийишга иймандим,” дейди.

Эски буюмлар савдогарлари уларнинг қишлоқларида иш жойлари яратилса, улар кўчама-кўча сарсон юришлардан қутулишларини таъкидлашди.

BBCUzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares