
КАРИМОВнинг КУЧ ИШЛАТАР ТИЗИМЛАРИ МУХОЛИФАТ ЕТАКЧИСИнинг 71 ЁШЛИ ОТАСИ ҲАСАН ЧОРИЕВни ПРОВОКАЦИЯ ЙЎЛИ БИЛАН ҚАМОҚҚА ТИҚҚАНИ НОРПЎЛАТ ҲАМРОЕВ исмли ҲУКУМАТ ХИЗМАТЧИСИ ТОМОНИДАН ИСБОТЛАНДИ
Қандай қилиб дейсизми?
Ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди, дейишади.
Бу гал ҳам шундай бўлди.
Ниҳоят, шу йилнинг 10 сентябр куни Каримовнинг куч ишлатар тизимлари томонидан қадди камон этилган ҳақиқат қад ростлади.
Кутилмаганда ҳукуматнинг Норпўлат ҲАМРОЕВ номлиғ хизматчиси ўзи истамаган ва билмаган ҳолда “Бирдамлик” Халқ Деомкратик Ҳаракати етакчиси Баҳодир Чориевдан қасд олиш истагида Каримовнинг куч ишлатар тизимлари унинг кекса отаси Ҳасан бобо Чориевни қасддан, провокация уюштириш йўли билан зиндонбанд этганлигини исботлади-қўйди.
Ишонмайсизми?
Унда эшитинг:
10 сентябр куни Шаҳрисабздаги Чориевлар оиласида истиқомат қилиб келаётган 3 фарзанднинг онаси Пари опа Расулова “Баланд чайла” маҳалласига – ногирон фарзандининг нафақа пулини олиш учун борганида ҳукумат хизматчиси НОРПЎЛАТ ҲАМРОЕВ томонидан ўғирлаб кетиб, қийноққа солинди.
Нега биз НОРПЎЛАТ ҲАМРОЕВни “ҲУКУМАТ ХИЗМАТЧИСИ” демоқдамиз?
Энг аввало мана шу иборага кичик бир изоҳ бериб ўтмасак, бўлмас.
Негаки, НОРПЎЛАТ ҲАМРОЕВ исм-шарифли шахс борлигини, у ҳукуматнинг қайсидир куч ишлатар тизимида хизмат қилишини биламиз, бироқ айнан қай бир тизимда, ким бўлиб, буни ўша зўравондан жабр кўрган аёл билмайди, ҳамма гап мана шунда.
“Менинг билишимча, Норпўлат СНБ да ишласа керак. Негаки, мен уни Ҳасан отанинг Қамашидаги уйидаги зиёфатларда бир нечча бор кўргандим. Ўша пайтларда менга уни МХХда ишлайди деб айтишганди”, дейди Ҳасан отанинг талон-тарож этилган чорвачилик фермаси собиқ сут соғувчиси Пари Расулова.
Бизга Норпўлат Ҳамроевнинг қаерда ишлаши номаълум.: Қашқадарё вилоят Миллий Хавфсизлик хизматининг ходимими, Қарши шаҳар Ички ишлар идораларининг хизматчисими, билмадик. Бироқ шу нарса аниқки, Н. Ҳамроев 10 сентябр куни Пари опа Русуловани Қарши шаҳар Ички ишлар бошқармасига олиб бориб, ҳимоясиз ожизани таҳқирлаган. (Модомики, Норпўлат Ҳамроева Расуловани Қарши шаҳар ички ишлар идораси биносига келтирибдими, демак у ИИБ жиноят қидирув бўлимининг ходими бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас! Биз Норпўлат Ҳармоевнинг қаерда, ким бўлиб ишлашига аниқлик киритиш мақсадида Қарши шаҳар Ички ишлар бошқармасига бир-неча бор боғланишга уриниб кўрдик. Лекин улардан бирор бир тайинли жавоб олишнинг имконини топа олмадик.)
Бизга Норпўлат Ҳамроевнинг қаерда ким бўлиб ишлаши муҳим эмас, бизга Ҳамроевнинг Пари опани айнан Қарши шаҳар Ички ишлар бошқармасига олиб борганлиги ва ҳукумат идорасида аёлни уриб, аёвсиз калтаклагалиги масаласи муҳимроқ.
Хўш, “Норпўлат Ҳамроевнинг уч боланинг онаси Пари Расуловага кўнгли кетибдимики, уни олиб қочибди?” деган савол туғилиши табиий. Яна қаерга? Қарши шаҳар ички ишлар идораси биносига? Нега?
Фуқароларни ўғирлаб олиб бориб Қарши шаҳар ИИБ идорасида сўкиб, тепиб сўроқ қиладиган ҳукуматнинг бу хизматчиси ким бўптики, Парини ўғирлайди? Умуман олганда Норпўлат Ҳамроев деганлари қатор йиллардан буён Ҳасан ота Чориев қарамоғида яшаб келаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, бошпанасиз бу аёлдан нима истайди ўзи? Муддаоси нима?
Бу ҳақда Пари опанинг ўзи шундай ҳикоя қилади:
– Сен халқ душманисан! Ўғли Каримовни қулатаман деб чираниб юрган Баҳодирнинг отаси Ҳасан чолнинг ҳимояси учун нега 3 июль куни пикетга чиқасан?! Сени бу йўлга ким бошлади, айт?!, – деди Норпўлат менга удағайлаб.
– Мени бунга ҳеч ким мажбур қилган эмас. Уч болам билан уйсиз, пулсиз кўчада саргардон бўлиб юрганимда Ҳасан ота менга иш берди, бошпана берди, болаларимни бошини силади, шунинг учун ҳам отамдан ҳам ортиқ яхшилик қилган одамни ҳимоясига ҳисса қўшай девдим, – дедим Норпўлатга.
– Ҳасан Чориев сенга бекордан-бекорга бошпана берибдими? Беҳудага болаларингнинг бошини силабдими? У одам анойи эмас эди! Шу йиллар давомида у сен билан ошиқ-маъшуқ ўйинини ўйнаб келган, унга жазманлик қилгансан! Шунинг учун ҳам у сени моддий жиҳатдан қувватлаб келган, тўғрисини айт бизга!, – дея дағдаға қилди Норпўлат ҲАМРОЕВ.
– Сизга ёлғон бўлса, ўзимга чин. Ҳасан Чориев менга холис ёрдам берган. Эвазига мендан ҳеч нарса сўрамаган. Шу 5-6 йил давомида менга қўлидан келганча кўмак берган, бирор марта менга кўз олайтирган эмас. Шундай одам ёш қизга тажоввуз қилиши мумкин эмас, деган фикрда у одамнинг ҳимояси учун пикетга чиққанман, – дегандим, у менга шапалоқ тортиб юборди.
– Билмайди деб ўйлаяпсанми, ёлғон гапларинг билан мени аврайман деб валдирайверма! Сен Ҳасан Чориевнинг эркатойи эдинг, бунга ўзим кўп марталар гувоҳ бўлганман! У одам сени эркалаб “Бека ХАН” деб чақирарди, тўғрими?, – деди Норпўлат кўзларини ола-кула қилиб.
Ҳасан ота ва оила аъзолари менга “Бека Хан” деб лақаб қўйишганди. Буни Норпўлат ҳам яхши биларкан. Бу бежиз эмас. Негаки, Норпўлат Ҳамроев Ҳасан Чориевнинг кўп йиллик улфати эди. Ҳасан отанинг Қамашидаги уйига кунда бўлмасаям кун аро келиб турарди. Бу одам бир эмас, юз марталаб Ҳасан Чориевнинг зиёфатини еганлардан. Яна, эшитишимча, бу Норпўлат Ҳамроев деганларини хизмат пиллапоясидан кўтарилишида Ҳасан отанинг ўғиллари АҚШдан жўнатаётган пуллар ас қотган. Норпўлат Ҳасан отани авраб олган долларларини ҳисобидан тепага пора бериб, амалга кўтарилган. Эвазига, Ҳасан отага “Сизнинг чорвачилик фермангизни ўз ҳимоям остига оламан” деб қуюқ ваъда ҳам қилганди. Мана, энди Ҳасан ота қамалиб қолганларидан кейин нонкўрлик қилиб ўтирибди.
Норпўлат ўша куни мени урди, сўкди, дубинкалари билан баданимни маматалоқ қилди. Кейин қандайдир бир хонага киритишди мени. У ерда мени токка солишди. Токлари шунақа нарса эканки, бир жойингизга текизса, сизни қалтиратаркану, кейин изи қолмас экан. Токка солишганда одамнинг жони чиқиб кетгудек бўларкан….
Аввалига Норпўлат менга:
– Сен пикетга чиққанинг учун 6 миллон сўмлик жаримага тортилгансан! Нега энди жаримани тўламасдан қочиб юрибсан? Далват хоинини ҳимоя қилганинг учун сен ҳам халқ душманисан! Ўз вақтида жаримани тўламасанг, уруғинг билан қириб юбораман!, – деб қийнади, таҳқирлади.
– Уй-жойим бўлмаса, учта етимимни ўзгаларнинг эшигида зўрга улғайтирган бўлсам. Мана шу устимдаги жандамдан бошқа ҳеч вақойим йўқ. 6 миллон сўмни қаердан топаман?, – дедим унга. Хўрлигим келди. Йиғладим- сиқтадим”, – дея ҳикоя қилади Пари опа Расулова.
Опанинг гапларини эшитарканман, ажабландим:
Қизиқ, жаримага оид иш аллақачонлар суд департаментига ўтказилган бўлса. Жаримани ундириш масаласи миллий хавфсизлик ёхуд ички ишлар идоралари жиноят қидирув бўлими хизматчиларининг эмас, аксинча, суд ижрочиларининг вазифаси эмасми? Наҳотки суд қарорининг ижроси МХХ ё ИИБ ходимларининг гарданига қўйилган бўлса?
Нега энди бу Норпўлат деганлари ўз карьерасини хатарга қўйиб, ҳимоясиз аёлни Қарши шаҳар ИИБ биносига ўғирлаб келиб, уриб-сўкиб 6 миллон сўмлик жаримани ундириш пайига тушган бўлса? Ахир бу унинг хизмат ваколатига кирмайдику?
Шу каби ўйлар сизни ҳам таажжубга солаётган бўлса, ажаб эмас.
Лекин Пари Расулова билан бўлган давомли суҳбатимиз хаёлимда чарх ураётган саволларга ойдинлик киритди:
– Наҳотки Норпўлат Ҳамроев 6 миллон сўмлик жаримани тўлатиш илинжида сизни Қарши шаҳар Ички ишлар идорасига олиб бориб, қийноққа солган бўлса? – сўрадим ажабланиб.
– Йўқ, аввалига мен ҳам шундай деб ўйлагандим. Жаримани мнедан ундириш учун қўзимни қўрқитишаяпти деган хаёлга борувдим. Кейин билсам, Норпўлатнинг муддаоси мутлақо бўлакча экан. У менинг олдимга мутлақо бошқача талаблар қўя бошлади. Табиийки, мен унинг талабини бажара олмасдим. Бунга виждоним йўл қўймасди. Унинг талабини рад этганлигим учун ҳам у мени токка солиб қийнади, – деди суҳбатдошим изтироб билан. У эзилиб-эзилиб йиғларди.
– Қанақа талаб экан у?, – сўрадим ҳайратим ошиб.
– Норпўлат “ Ҳозир сенга Ҳасан Чориевнинг Матлуба Абдураҳмонова билан тўшакда бирга бўлган пайти тасвирга олинган видеосини қўйиб бераман. Кейин бобой билан сениям шу алвозда суратга оламиз. Баҳонада қария билан бир маза қиливоласан. Ана ундан кейин бизга “Ҳасан Чориев 2007 йилдан бери менинг номусимга тегиб, таҳқирлаб, тажоввуз қилиб келарди. Шу сабаб ҳам менга бошпана берган. Шунинг учун менга моддий жиҳатдан қарашган. Шу сабаб номусимга тажоввуз қилган, таҳқирлаган бўлса-да, индайолмасдан келардим” деган мазмунда даъво ариза ёзиб берасан, – дея талаб қила бошлади.
– Мен ўзимга яхшилик қилган одамга туҳмат қилишга Худодан қўрқаман. Бундай қилолмайман. Ўлсамам сиз айтгандай қилиб ариза ёзиб бермайман, дегандим у мени дўппослай кетди. Айниқса, токка солиб қийнаганда, энди ўлиб кетсам керак деб ўйлагандим, – дейди ўзини йиғидан тўхтата олмаган Пари опа Расулова кўз-ёшларини артаркан, – “Айтганимизга кўнасан! Биз қандай ҳоҳласак, шундай қилиб Ҳасан Чориевга қарши ариза ёзиб берасан! Агар айтганимизга кўнмайдиган бўлсанг, ўзингга қўшиб 3 болангни ҳам кўмаман! Сенга Ҳасан Чориевнинг обруи керакми, ё битта-ю битта ўғлингнинг соғлиғи керакми? Агар болаларингни ўйласанг, шундай қиласан! Агарда биз айтгандек қилсанг, 6 миллонлик жаримани тўлашдан қутиласан. Сени жаримадан озод қиламиз. Шу икки йўлдан бирини танлайсан!”, деб шарт қўйди менга Норпўлат Ҳамроев.
– Хўш, оқибати нима бўлди? Охийри қандай тўхтамга келдингиз? – сўрадим сабрим чидамай, – Норпўлат ҳамроев талаб қилган мазмунда даъво ариза ёзиб бердингизми?
– Йўқ.
– Нега?
– Мен отамдай бўлиб қолган одамгна туҳмат қилолмайман…
Бу дунёда моли йўқ, давлати, дунёси, мартабаси йўқ, бева-бечоралар, йўқсиллар, чорасиз бандалар бор. Бунингдек одамларда ҳеч вақо йўқ иймони, эътиқоди, виждонидан бошқа….
Яхшиям шу каби иймонли одамлар бор, қиёмат қойим бўлмайди. Яхшиям инсофли, диёнатли инсонлар бор, қора ниятли кишилар қабихлигидан қаро ер қоқ бўлинмайди…
Тасаввур қилинг, Пари Расуловада диёнат деганлари бўлмагандида, нима бўларди?
Каримовчилар аёлнинг фақирлиги, ожиз ва ҳимоясизлиги, қўли калталиги, ночорлигидан фойдаланиб, 6 миллон сўмлик жарима билан, болаларига заҳмат етказиш орқали қўрқтиб, кекса бир қария Ҳасан Чориевга нисбатан даъвогарлар сонини биттага кўпайтириб, кўкрак керган бўларди.
Пари Расуловада инсоф бўлмаганидами, Норпўлат Ҳамроев деганлари Ҳасан Чориев билан қачонлардир қадирдон улфат бўлганлигини, қарияни алдаб олган долларларини пора қилиб инъом этиш эвазига амал пиллапояларидан кўтарилганлигини ҳаспўшлаш, айбини ювиш, аниқроғи, кети очилиб қолишидан қўрқиб ҳам қора ишларига ягона гувоҳ Пари Расуловани ё ўзига шерик қилиш ва ё йўлдан олиб ташлаш илинжида Каримов ҳукуматининг қора ниятини амалга оширган, аёлдан қора мақсадлари йўлида ариза ёздириб олишга эришган бўларди….
Аммо Пари Расулова Матлуба Абдураҳмонованинг хатосини такрорламади. Иймонини сариқ чақага сотмади.
Аммо воқеалар ривожи шу билан барҳам топган эмас.
10 сенябр куни то тунги соат 2-3 га қадар Пари опани ИИБ биносида таҳқирлаб, ушлаб ўтирганлар аёлга ўйлаб кўришлари учун муддат берганлар.
Эртага Пари Расулова ўз ихтиёри, ўз оёғи билан аждарлар комига – Қарши шаҳар ички ишлар бошқармасига – Норпўлат Ҳармоевнинг қабулига бориши, қандай қарорга келганини баён этиши керак!
Аёл Ҳасан Чориевни бадном қилиш мақсадида даъво ариза ёзиб беришга рози бўладими, ё болаларини, ширин жонини азобларга отишга кўнадими, буни ҳали вақт кўрсатади…
Бизнинг бўлиб ўтган воқеалар асосида билганимиз шуки, Пари Расулова мисолида Каримов ҳукуматининг Ҳасан Чориевга туҳмат уюштирганлиги, тиш қайраганлиги аниқланди. Ҳамма гап ана шунда!
Ишонмайсизми?
Тўғри, минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал дейишади.
Шундай экан, Пари Расулованинг изтиробларга тўла суҳбатини ўзингиз ҳам эшитиб кўришингиз, хулоса чиқаришингиз мумкин….
Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси



