Би-би-си меҳмони – 'Туркистон Легиони' фаоли Рўзи Назар


Асли ўзбекистонлик, жорий вақтда эса, Америка фуқароси бўлган давлат арбоби, истиқлол курашчиси Рўзи Назарнинг номи бутун турк оламида яхши таниш. Рўзи Назар онгли ҳаётининг асосий қисмини Туркистон мустақиллиги учун бахшида қилган инсондир.
Иккинчи Жаҳон уруши даврида Олмония сафида Советларга қарши курашган Рўзи Назар асирга тушган туркистонликларнинг истаклари асосида таниқли ёзувчи Мустафо Чўқай бошчилигида олмонлар томонидан ташкил этилган «Туркистон Легиони»нинг фаол аъзоларидан бўлган.

Рўзи Назар асосий мақсадлари – «Туркистоннинг мустақиллигига, миллий мустақилликка эришиш бўлгани, шу ғоя учун яшаб, урушдан кейин ҳам шу ғоя учун курашганликлари»ни айтади

Би-би-си: Рўзи ота, муштарийларимиздан келган саволлар талайгина. Илк саволимиз Олмониядан, Муродбек Фахрдан. Муродбек, «Собиқ легиончилардан нечтаси ҳозир ҳаёт ва улар билан алоқангиз борми,» деб сўраганлар:

Рўзи Назар: Бундай аниқ рақам йўқ. Аммо айтишим мумкинки, 90 фоизи бу дунёдан ўтиб кетишган. Менинг ёшимга келганлари камдан-кам. Мен ҳозир 92 ёшдаман. Жуда оз қолишган бундай юртдошлар.

Би-би-си: Англиядан Малик Абдиев яна, «Ҳозиргача кўплаб Совет даври тарихчилари «Туркистон Легиони»ни сотқинлар жамоаси деб аташади, шу ўринда «Туркистон Легиони»ни қандай оқлайсиз?» деб қизиққанлар:

Рўзи Назар: Буюк Британия императорлиги бор. Ҳиндистонни 300 йилдан кўпроқ колония ҳолида сақлади. Аммо бир ҳинду, “мен инглизман,” демайди. “Мен ҳиндистонликман,” дейди. Биз Русия томонидан мустамлака этилган Туркистон қандай қилиб Русиянинг ватандошимиз, деб айта оламиз. Бу – уят. Биз туркистонликлар ҳеч бир замон Русия ватандоши бўлган эмасмиз. Масалага ана шундай қараш керак.

Би-би-си: Америкадан Акбар, «Туркистон Легиони»да хизмат қила туриб, Олмония собиқ Шўролар Иттифоқи устидан ғалаба қилади, деб ишонганмисиз?» деб қизиққанлар:

Рўзи Назар: Ҳааа, Олмониянинг ғалаба қозонишига бизда унча ишонч бўлмаган. Аммо Иккинчи Жаҳон уруши душманимизга қарши курашмоқ учун бизга яна бир фурсат бўлди.

Би-би-си: Англиядан Шоҳруҳжон эса, «Иккинчи Жаҳон урушида мабодо Олмония ғолиб чиққанда, Туркистонга ҳақиқий мустақиллик берилган бўлармиди ёки у Туркиянинг кичик укаси сифатида туркларга топширилармиди?» деб сўрабдилар. Яна Англиядан Малик Абдиев, Қирғизистондан «Независимий» номи остида савол йўллаган муштарийларимиз ҳам худди шундай мазмундаги савол йўллашган:

Рўзи Назар: Шу саволларни берган юртдошларимиз мамлакатимизнинг сўнгги тарихини яхши биладиларми, йўқми, аввал шуни билишимиз керак эди. Биз муҳими боболаримиз бошлаган мустақиллик, истиқлол курашини бир фурсат билиб, давом эттирдик, холос.

Би-би-си: Қирғизистондан Одилжон эса, «Сиз рус мустамлакасига қарши бўлгансиз, бироқ немисларда ҳам шундай мустамлакачилик ғоялари бўлган, бўлганда ҳам биз туркистонликларни қул сифатида ишлатиш ғояси мақсад қилинган. Бундан келиб чиқиб, «Туркистон Легиони» ташкилотининг келажаги утопия эканлигини билармидингиз,» деб сўрабдилар:

Рўзи Назар: Бир замонлар бизда шундай шиор бўлган, “Агар шайтон Русияга қарши курашса, биз шундан-да фойдаланиб, Русияга, рус мустамлакасига қарши курашамиз,” деган. Аммо олмонлар ирқчи сиёсатини, собиқ Совет Иттифоқининг ғарбий қисмларида мустамлакачилик сиёсатини давом эттиришди. Биз бундан огоҳ бўлганмиз. Бунинг фарқига борганмиз. Шунинг учун ҳам биз масалани шундай қўйганмиз – агар мабодо олмонлар Туркистон чегарасигача келишса, уларнинг Туркистон тупроғига киришларига қарши чиқамиз, деб баён қилганмиз.

Би-би-си: Рўзи ота, масалан, қандай қилиб олмонларнинг Туркистон чегарасини кесиб ўтишларига йўл қўймаган бўлардинглар?

Рўзи Назар: Халқимиздан биз билан баробар олмонларга қарши кураш олиб боришларини сўрардик…

Би-би-си: Яъни, Рўзи ота, ўша пайтда халқнинг сизларга қўшилишига ишонгансизлар?

Рўзи Назар: Албатта, биз халққа ишонганмиз.

Би-би-си: Ўзбекистондан Баҳодир Маҳмудов, «Истиқлолни фашизм орқали олиб келиш Ватанга, халққа хиёнат деб ҳисобламайсизми?» деб сўраганлар:

Рўзи Назар: Боя юқорида айтиб ўтганимдек, буюкларимиз “Шайтон Москвага қарши курашса, биз бундан-да фойдаланамиз,” деган шиор билан чиқишган…

Би-би-си: Лондондан Бунёдбек эса, «Нима деб ўйлайсиз, мустақиллик сиз кутган даражада бўлдими? Сизга имкон берилганда, Ўзбекистонда қандай бунёдкорликлар қилган бўлардингиз?» деб савол йўллабди.

Рўзи Назар: Энди бу бир шахснинг, ёлғиз менинг фикрим билан бўлмайди. Биз демократик усулда, халқимизнинг фикри, истагига қараб, ҳаракат этардик. Мустақиллигимизни олганимизга ҳали 20 йил ҳам бўлгани йўқ. Мисол учун, Туркия мустақилликка эришгандан кейин ёлғиз орадан 40-50 йил ўтибгина, иқтисодий ривожланишни бошлади. Биз-да дарҳол Ўзбекистон мустақил бўлди, мамлакатимиз жаннат бўлиб кетади, ҳуррият бўлади, деб айтолмаймиз. Мустақилликни аввало мустаҳкамлаш керак.

Би-би-си: Лондондан Жавоҳирбек яна, Ўзбекистоннинг жорий президенти Ислом Каримов ҳақида фикрингиз билан ҳам қизиққанлар.

Рўзи Назар: Мен 1992 йилда президент Ислом Каримов билан учрашганман. Мени қабул қилганлар, у киши билан суҳбатлашганмиз. Бир мамлакатнинг тараққиёти учун бир лидернинг ўзигина етишмайди. Ҳамма биргаликда ҳаракат қилган тақдирдагина мамлакатимиз ривожланади.

Би-би-си: Англиядан Малик Абдиев яна, «Сиз уруш йиллари Советларга қарши кураш олиб бораётганингизда, улар орасидаги марказий осиёлик аскарларга қарши жанг олиб борганингизда ҳеч қачон ўзингизни айбдор деб ҳис этганмисиз?» деб савол берибдилар:

Рўзи Назар: Йўқ, мен ўзимни айбдор деб ҳисобламаганман. Аммо биз, айниқса, Мустафо Чўқайнинг ўз вақтида халққа қилган бир мурожаати бор. Шуни ўргансалар, тушунишлари мумкин эди. Уруш пайтида-да биз ҳар доим қаршимизда турган Совет армияси сафидагиларга мурожаат қилганмиз, “Биз баробармиз, Шўроларнинг мустамлакачи режими сафида курашманглар,” деб уларга ташвиқ қилганмиз.

Би-би-си: Россиядан Азизжон эса, «Рўзи ака, айтингчи, Иккинчи Жаҳон уруши пайтида Олмония томони мусулмонларга қандай муносабатда бўлган?» деб сўраганлар:

Рўзи Назар: Биз диний соҳада жуда либерал ҳаракат қилганмиз. Ҳар бир ротада диний таҳсил кўрган кишилар имом бўлишган, мулла бўлишган, беш вақт намозларини ўқиганлар, Қурбон ҳайити, Рамазон ҳайити яхши байрам қилинган…

Би-би-си: Қирғизистонлик яна бир муштариймиз эса, «Концентрацион лагерлардаги қийноқ-азобларга мусулмон легионери сифатида қандай баҳо берасиз?» деб савол йўллаганлар:

Рўзи Назар: Ҳааа, бу жуда яхши савол бўлибди. Биз концентрацион лагерлардагиларга жуда ачинганмиз. Қўлимиздан келганча у ердаги инсонлар, масалан, украин лидерларига ҳар соҳада ёрдам берганмиз.

Би-би-си: Олмонларнинг концентрацион лагерларида марказий осиёлик аскарлар ҳам бормиди, уларга ҳеч кўзингиз тушганми, ёрдам беришингизга тўғри келганми?

Рўзи Назар: Йўқ, мен уларни кўрмаганман.

Би-би-си: Англиядан Жавоҳирбек эса, «Туркистон Легиони» раҳбарларидан бўлган Вали Қаюмхон Мустафо Чўқайни заҳарлаб ўлдирганига оид гаплар юради, шу гаплар ростми?» деб сўраяптилар:

Рўзи Назар: Бу – ёлғон. У тиф хасталигидан вафот этган. Бунинг шоҳиди, айниқса, унинг шимолий қафқозлик синфдоши Алихон бўлган. У Мустафо Чуқайни хастахонага ётқизишдан тортиб, касаллигини ва вафотини кузатиб борган одам. Бундан ташқари, касалхона томонидан берилган справканинг фотонусхаси Туркияда чиққан бир китобда нашр этилди. 1944 йилгача бундай гап бўлмаган. Руслар билан бирга ишлаган бир-иккита юртдошларнинг чиқарган ғийбати, ёлғони бу.

Би-би-си: Жавоҳирбек яна, «Нега энди интернет саҳифаларида Вали Қаюмхон ота ёки унинг издошлари – сизларнинг ижодларингиздан намуналар йўқ? Агар бор бўлса, сиз ва сиз каби Ватан фидокорларининг интернет саҳифаларини айтсангиз,» деб сўраганлар. Олмониядан Муродбек Фахр ҳам сизнинг китобингизни қандай қилиб топсам бўлади, деб қизиққанлар:

Рўзи Назар: “Туркистон Легиони” борасида Туркияда, Олмонияда нашр этилган кўп илмий асарлар бор. Дейлик, 40 йил Ҳиндистонда туриб, Туркистон устида иш олиб борган англиялик олимнинг бир китоби бор. Сўнгра, олмон олимлари нашр этган бир қанча асарлар бор. Шуларни топсалар, яхши бўларди. Улардан кўп нарсаларни ўрганган бўлардилар.

Би-би-си: Англиядан Шоҳруҳ яна, «Истиқлол байроғи» деган журнал чиқара бошлаган экансиз, унинг тақдири нима бўлди? Агар ҳозир ҳам чоп этилаётган бўлса, уни қаердан топиб, ўқиса бўлади?» деб қизиққанлар:

Рўзи Назар: Кўп раҳмат, биз “Истиқлол байроғи” журналини Оврўпода нашр этдик. Мамлакатдагиларга ҳам бироз тарқата билганмиз. Мустақиллик эълон қилинган куни мамлакатимиз истиқлолга эришди, бизнинг ташқаридаги вазифамиз битди деб, журнални беркитганман. Шундан бери нашр этилгани йўқ.

Би-би-си: Туркиядан Муҳиддин Абдурасулов, «Туркияда сиз ҳақингизда турли фикрлар, иддаолар мавжуд. Бу каби иддаолардан бири Туркияда 1960 йил 27 май куни амалга оширилган ҳарбий давлат тўнтаришини ҳозирлашда иштирок этганингиз билан боғлиқ. Бундан ташқари, Америка Жосуслик Хизматининг Туркиядан масъул ходими бўлиб ишлаганингиз ҳам даъво қилинади. Бу каби иддаоларга муносабатингиз қандай?» деб савол йўллаганлар:

Рўзи Назар: Менинг ҳақимда кўп нарсаларни ёлғон ёзишди. Туркияда Америка ҳарбий ёрдам ташкилоти бўлган – JOINT UNITED STATES MISSION TO TURKEY – деган. Ана шу ташкилотда ишлаганман. Турк коммунистларига шу нима бўлган,.. .Ҳатто шунга бориб етганки, мен ҳақимда Рим Папасига қарши уюштирилган суиқасд уюштирувчиси, деб ҳам ёзишган. Буларнинг ҳаммаси сохта ҳаракатлар. Масалани билган кишилар ўқиб, фақат кулишган, холос. Буларнинг ҳаммаси ёлғон ёзувлар.

Би-би-си: Америкадан Ботир Карим эса, » Сиздек инсондан шуни билмоқчиманки, қайси фактларга таяниб, Туркистон бирлашиши мумкин деган қарор ёки фикрга келгансиз? Шуни ҳақиқий реаллик билан тушунтириб берсангиз,» деб илтимос қилибдилар. Россиядан Азизжон, Америкадан «Муҳожир» номи остида мактуб йўллаган ўқувчимиз, Англиядан Абдували ҳам худди шу мазмундаги саволларни юборишган:

Рўзи Назар: Мустақиллик давом этса, бир куни иқтисодий, маданий бирликлар юзага келади. Булар бора-бора миллатни бирлаштиради. Айни вақтда шевалар ғойиб бўлмайди. Буни биз Америка тарихида кўрганмиз, Олмония тарихидан кўраяпмиз. Славянлар орасида бирлашишга бўлган ҳаракат бор…

Би-би-си: Рўзи ота, узр гапингизни бўлдим, демак айтмоқчисизки, иқтисодий ва маданий омиллар Марказий Осиё давлатларини алал-оқибат бирлашишга мажбур қилади?

Рўзи Назар: Ҳа, ҳа, тўғри, тўғри.

Би-би-си: Туркиядан Муҳиддин Абдурасулов, Америкадан Акбаржон, «Оилангиз ва қизингиз Зулфия Назар ҳақида гапириб берсангиз. Қизингиз уйда ўзбекча гаплашадиларми? Ўзбек тилини биладиларми,» деб, Лондондан Бунёджон эса, «Қизингиз Зулфия Назар бир суҳбатида гарчи Ўзбекистонда туғилмаган бўлса ҳам, «Мен ўзбек қизиман,» деганди. Бундай ватанпарварликнинг сабаби қандай тарбияда?» деб сўрашибди:

Рўзи Назар: Фарзандлар билан кўпинча олмон тилида гаплашамиз, кейин туркчада гаплашамиз. Менинг хонимим туркчани яхши билади. Аммо ҳозир набираларимизга ўз тилимизни ўргатиш қийинроқ бўлаяпти. Чунки улар биздан узоқда яшашади.

Би-би-си: Энди, Зулфия опа билан қайси тилда гаплашасизлар? У киши ҳам бир нечта тилда гапирсалар керак, масалан, турк тилида ёки ўзбек тилида гаплашасизларми?

Рўзи Назар: Ўзбек тилидан кўра ҳам туркчаси яхшироқ.

Би-би-си: Энди Рўзи ота, фарзандларга тарбия бериш масаласида қандай йўл тутгансиз? Чунки Иккинчи Жаҳон уруши ортидан бир қанча давлатда яшагансиз…Уйингизда, яъни оилангизда ўзбекча тарбияни сақлаб қолганмисиз?

Рўзи Назар: Албатта.

Би-би-си: Украинадан Исоқжон Зокиров эса, «Сизни илгари, яъни СССР даврида Ватан хоини, деб аташар эди. Ҳозирчи, сизни Ўзбекистон ҳукумати оқлаганми, сизнинг мустақил Ўзбекистонда яшаш истагингиз борми?» деб, Олмониядан Муродбек эса, «Ҳозирги Ўзбекистон ҳукуматининг «Туркистон Легиони»га муносабати қандай?» деб сўрашган:

Рўзи Назар: Ҳозирги ҳукумат кейинги вақтларда муҳожиротдаги юртдошлар ҳақида баъзи ижобий ишларга қўл урди. Масалан, Туркистон-Америка Ассоцияцияси деган ташкилот бор. Улар Нью Йоркдаги эски биноларини сотиб, Нью Жерсидан янги бир бино олишди. У бинони таъмир этиб, ўзбекона, туркистона шаклга келтириш учун ҳукумат Ўзбекистондан мутахассислар юборди. Шу билан бирга, Америкада Марказий Осиё билан боғлиқ яна бир Туркистон жамияти бор. Бу жамият билан ҳукумат орасида яхши муносабатлар қурилди. Бундан кўринадики, муҳожиротга нисбатан ҳозирги ҳукуматнинг ҳаракатларида яхши томонлар кўп. Ишонамизки, бу ҳаракатлар ривожланади ва легионнинг асосий мақсади нимадан иборат бўлганлиги, нима учун курашганлиги оммага янада тўғри ташвиқ этилган бўлади.

Би-би-си: Туркиядан Муҳиддин Абдурасулов, «Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг раҳматли Боймирза Ҳайит Ўзбекистонга бир марта бўлса ҳам боришга муваффақ бўлгандилар. Сиз Ўзбекистонга бора олдингизми? Боролмаган бўлсангиз, бунинг қандайдир сабаблари борми?» деб сўраганлар, худди шундай мазмундаги саволни Лондондан Али, Олмониядан Муродбек Фахрлар ҳам юборишган:

Рўзи Назар: Деярли ҳар йили бораман, жуда яхши қабул этишди, аммо кейинги икки йил соғлиғим билан боғлиқ сабаблар туфайли бора олганим йўқ.

Би-би-си: Рўзи ака, агар сизда шундай имконият бўлса, мустақил Ўзбекистонда яшаш ниятингиз борми?

Рўзи Назар: Жудаям умид қиламан. Аммо бу ерда ҳам фарзандлар, набиралар бор,…Уларни-да ташлаб кетишни истамайман. Аммо биз мамлакатдан, у ердаги қариндошлардан хабар олиб тураман, телефонлашиб турамиз. Менинг жуда кўп дўстларим бор Ўзбекистонда, умуман Туркистонда.

Би-би-си: Энг сўнггида сизга савол йўллаган муштарийларимизга тилакларингиз бўлса, марҳамат, Рўзи ота:

Рўзи Назар: Истагим – мустақиллигимиз мустаҳкам бўлсин, юртимиз тинч бўлсин, инсонларимиз яхши истак-умидларига етиб юришсин.

Би-би-си: Катта раҳмат.

BBCUzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares