
Тошкентда кўп қаватли уйдаги хонадонда яшовчи ўртача оиланинг коммунал тўловлари 120 минг сўм атрофида бўлади
Ушбу ҳафтада Ўзбекистонда апрел ойидан бошлаб аҳолига етказиб берилаётган иссиқ ва совуқ сув нархлари оширилиши эълон қилинган ва бунинг ортидан электр нархи ошиши ҳақида ҳам гап тарқалар экан, аксар одамларнинг ташвиши ошган.
Сув етказиб бериш нархининг ошиши ҳақида ҳеч қандай расмий хабар берилмаган, фақат ҳафта бошида “Вечерний Ташкент” рўзномасининг охирги эълонлар саҳифасида Тошкент иссиқлик ва энергия ҳамда “Сувсоз” ташкилотларининг эълони берилган холос.
Икки кун аввал эса Тошкент вилоятидаги туманларда ҳам иссиқ ва совуқ нархи ошиши ҳақида вилоят рўзномасида эълон берилган.
Айрим манбаларга кўра, яқин орада электр энергияси нархи ошиши ҳам кутилмоқда.
Одатда ўзбек расмийлари нарх ошиши ҳақида матбуотда расман баёнот бермайдилар, худди шунингдек, изоҳ ҳам. Бироқ анъанага кўра, бу хил ўзгаришлар “бутловчи ва мойловчи қисмларнинг нархи ошиши” туфайли дея тушунтирилади.
Тошкентлик иқтисодий таҳлилчининг айтишича, дунё бўйлаб ёнилғи нархлари арзонлашиши манзарасида бунга ишониш қийин ва нарх ошишининг асосий сабаби АҚШ доллари курсининг мунтазам ва жадал ошиб бориши туфайли қилинган яширин “индексациядир”.
Ўзбекистонда охирги нархлар ошиши ўтган йилнинг кузида юз берган бўлиб, бу галги ўзгариш катта эмас. Совуқ сув 6 фоизга, иссиқ сув 8 фоизга ошган. Бироқ мақолга бой ўзбек халқи “тома-тома кўл бўлур” деб бежиз айтмаган, дейди одамлар.
Тошкентнинг Юнусобод туманида яшовчи аёлнинг айтишича, уларнинг иссиқ ва совуқ сувдан қарзлари узоқ вақтдан буён йиғилиб, 500 минг сўмдан ошиб кетган.
“Ўзим ҳамшира бўлиб ишлайман, турмуш ўртоғим чилангар, икковимизнинг ойлигимизни қўшганда ҳам бунга етмайди. Ҳам болаларга, ҳам бу тўловларга етказиб бўлмайди. Давлат шуларни ўйламасмикин?”, дейди у.
Бугунги кунда кўп қаватли уйдаги хонадонда яшовчи ўртача оиланинг ойлик коммунал тўловлари 120 минг сўм атрофида бўлади ва бу ўртача маошнинг 50 фоизини ташкил этади.
“Коммунал тўловлар бугун энг жиддий муаммога айланмоқда. Маош олинадиган куни деярли барча давлат корхоналарида жанжал бўлади. Чунки бухгалтерлар маош бериш учун газ, электр, сув пули тўлангани ҳақидаги маълумотни талаб қилади,” дейди тошкентлик хизматчи.
Унинг айтишича, эндиликда маошларнинг бир қисми пластик карточкаларга ўтказилиш учун банкларга жўнатилганда, коммунал тўловлар мажбуран ушлаб қолинмоқда. Ойликларнинг ўсиб бораётган нархларга номутаносиблиги ҳамда давлатнинг нақд пул айланишини камайтириш ва шу тариқа инфляцияни ушлаб туришга уриниши аксар аҳолини ночор аҳволга туширган.
– Бизда совуқ сувга ҳам, иссиқ сувга ҳам ҳисоблагич қўйилган, – дейди Қўйлиқ даҳасида турувчи Рустам исмли ўрта ёш киши. – Аввалгидек ваннада узоқ чўмилиш йўқ. Қишлоқдан қариндошларимиз кўп келади, улар ваннага кирганда хотин икковимизнинг ичимизни ит тирнаб туради. Улар серобчиликка ўрганган-да. Биз эса тийин санайдиган бўлиб қолдик, – дейди у.
Рустамнинг айтишича, хотинининг ўқитувчиликдан оладиган маоши деярли коммунал тўловларга кетади.
Ўтган йил давомида энергия ва уйларга хизмат кўрсатиш нархлари жиддий ошгандан сўнг аксар маошга тирикчилик қилувчи ва нафақахўрларнинг моддий аҳволи анча оғирлашган эди. Бу галги нарх ошиши бу вазиятни янада мураккаблаштирадиган кўринади.
www.BBCUzbek.com.



