“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг “ОШ”- Инқилобий Босқичлар, “ОШ” – Оммавий Шодлик, “ОШ” – Оммавий Шикоят тадбирининг ҳам якун топишига бор йўғи икки кунгина қолди.
Хабарингиз бор, 5 сентябрь куни “ОШ” тадбирини Олой бозорида давом эттиришни истаган бир қатор инсон ҳуқуқлари фаоллари ва мухолифат вакилларининг уйи ҳукуматнинг куч ишлатар тизимлари томонидан ишғол этилган ва уларнинг айримлари ИИБ идораларида “меҳмон” бўлган бўлса, аксарияти уй қамоғига олинган эди.
Тажрибадан маълумки, режим “ОШ”нинг оммавийлашувидан ҳадикда.
Шу боис ҳам “ОШ” тадбирини куч билан бостириш истагида.
“ОШ”да иштирок этишни истовчи фуқаролар мунтазам равишда кузатув, таҳдид, таъқиб ва босим остида.
Шундай бўлишига қарамасдан, қўл ҳам қовуштириб ўтираолмасдик.
Ниҳоят, 7- 8 сенябр кунлари (вазият тақозосига кўра!) уйдан чиққунча чалғитувчи либос, омма қаторига қўшилиб олгач эса, эгнимизга оқ либос илволиб одамлар орасига киришга муваффақ бўлдик.
Қувончли томони, аксарият кишилар оқ кийимда.
Бунга Ҳаракатимиз мурожаати сабаб дейиш фикридан йироқман. Бу мавсумий ҳолат, албатта.
Халқ орасида эканлигимдан фойдаланиб, касбий қизиқувимга кўра оқ кўйлак кийган одамларни суҳбатга тортдим:
– Сизга оқ либос жуда ярашаркан. Майлими, сизга бир савол берсам. “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати халқни режимга қарши Инқилобий босқичлар, яъни “ОШ” тадбирига чиқишга ундаган. Мурожаатимиз мазмунига кўра, кишилар жамиятдаги ноҳақликларга қарши ўз норозиликларини оқ либос кийиш орқали намойиш қилишлари керак бўлади. Сиз ана шу чақириқдан хабардорлигингиз сабаб оқ киймаганмисиз мабодо? Ёки…, – сўрайман оқ либосли илк суҳбатдошимдан.
– Хабарим йўқ экан, – ийманибгина кулади йигитча, – Қаерда эълон қилинди бу гап? Радиодами?
– Йўўўқ… Интернетда. Нега бехабарсиз? Интернет илмини билмайсизми?
– Биламан. Ҳар куни интернетда соатлаб ўтираман. Қаерда, “Одно”дами?
– “Одно”да ҳам. У ерда Ҳаракатимизнинг гуруҳи бор. Тадбир талабига кўра, оқ кийган киши суратга тушиб, танловга юборса, ғолиб бўлиши ва ютуққа эришиши ҳам мумкин. Эҳтимол, биз билан суратга тушарсиз?, – таклиф қилдим суҳбатдошимга.
– Йўғ-э, режимгаям қарши чиқиб бўларканми? Қандай қилиб? Яшашимиз ёмонми?
– Масалан, сиз табиий газ бўлишини, электр токи узиб қўйилмаслигини, пахта-пиллага пул тўланишини талаб қилган бўлармидингиз?
– Кечирасиз, мен қишлоқда яшамайман. Буни қишлоқдаги кишилардан сўранг, – мендан узоқлашади суҳбатдошим.
Жавобдан карахт ҳолда қолавердим. Тезда ўзимни ўнглаб, навбатдаги қизни гапга солдим:
– Олий ўқув юртларига киришда порахўрликка барҳам берилсин деб ҳукуматдан талаб қилишга қурбингиз етармиди?
– Қани эди шундай бўлса?
– Ўша талабни сўзсиз изҳор қилишни истамайсизми?
– Қандай қилиб? – суҳбатдошимнинг нигоҳида ажабланиш зоҳир бўлди.
– Эгнингиздаги мана шу оқ либосда суратга тушиш воситасида. Сиз оқ кийим кийиб, бу борада илк қадамни ташлабсиз, иккинчи қадам қолибди, холос. Келинг, шу талабимизни ҳукуматдагиларга етказиш мақсадида бирга суратга тушамиз, майлими?
– Хўўўп, бўптиии, – иккиланиш билан жавоб берди қиз.
Оқ либосли қиз билан бирга ҳолатимизни тасвирга муҳрладик.
Шаҳарлик йигитчанинг “маслаҳати”га қулоқ тутиб, қишлоқ кишиларини гапга солдим.
Уларга “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг мақсад, муддаоси ва “ОШ” тадбири юзасидан қилган чорлови мазмунини қисқача сўзлаб берарканман, “Ҳукуматнинг ҳақсизлигига қарши гап айта оласизларми?” сўрайман қизиқсини.
– Масалан? – мендаги қизиқиш уларга кўчади.
– Мана, масалан, пахтага ишлов беришнинг баҳосини беринг, пахта килосининг нархини оширинг. Қишлоқ кишиларига газ, электрни узиб қўйишларга чек қўйинг, деб ҳукуматдан талаб қилган бўлармидингиз?
– Бўлмасамчи? Албатта!
– Унда келинг, шу гапни биргаликда тасвиримиз орқали айтамиз. Бунинг учун мана шу чиройли оқ либосингизда суратга тушсангиз, бўлгани, – дейман.
– Шу билан мушкилимиз осон бўлса кошки эди, жон деб расм тушган бўлардик, – дейишади суҳбатдошларим.
Дангал бўлишади улар. Кўпам иккиланиб ўтиришмайди. Биз билан суратга тушишга ошиқишади.
– “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг 10 кунлик “ОШ” тадбири ўтказилмоқда, хабарингиз борми?, – навбатдаги йўловчини суҳбатга тортдим.
Йўўқ, дегандек бошчайқади у.
– Нега, интернет янгиликларидан бехабармисиз?
– Свет бўмаса, интернет қайда? Телевезор кўрмаганимизга 15 кун бўп қолди-ёв, – гуё эллектр йўқлигига ўзи айбдордек ҳижолатомуз жавоб қилди суҳбатдошим.
Уларга Ҳаракатимиз тадбирининг муроди ҳақида оғиз очишим билан ранги бўз тусини олди.
– Сиз нималар деяпсиз? Каримовга қарши кетиб бўлама? – деди кўз қорачиқлари катталашиб.
– Ўзингиз ишчиз бўлсангиз, болангизнинг контракт пули кундан кунга оши ётган бўлса. Пора бермасангиз, ишингиз битмаса. Қарши кетмасангиз, нима қилиш керак унда? Яхшироқ таклифингиз бўлса, баҳам кўринг биз билан?, – суҳбатдошимни “ҳуркитиб” юбормаслик учун беозор жилмаяман.
– Каримов битта бўса, ҳалқ мингта бўса? Биргина одам қай бирининг ҳисовини осин? Бу гапларни КАТТА билмайди-да? Билса шуйтиб қўяма? Бирини қириб битиради-да! – дейди суҳбатдошим комил ишонч билан.
– Президентнинг вазифаси мамлакат ичида бўлаётган воқеаларнинг ипидан-игнасигачадовур воқиф бўлиш. Каримов юртида бўлаётган камчиликларни кўрмаяптими, билмаяптими, демак, бошқаришга кучи етмаяпти-да, шундай эмасми? Оилапарвар рўзғор бошлиғи хонадонининг барча ками-кустидан бохабар бўлиши керак эмасми? – савол бераману, суҳбатдошимнинг руҳиятини кузатаман.
– Гапингиз тўғри. Лекин оилада бебош болалар бўлади-ку, ота-онасидан айбини бекитади. Бу амалдорларам шунақада, Каримовдан камчилигини пана қилади. Каримов зўўўр, – дейди у бош бармоғин билан “миқдек!” ишорасини қилиб.
– У ҳолда светсиз яна 25 йил ўтиришга, бир кило пахтага 150 сўм ҳақ олиб, пилла топширганингизга пул тўламасалар ҳам розисиз, шундайми?
– Каримовни қулатиш билан шу қусурлар битганида-ку, уни ўзимоқ қулатиб юборағичийдим… Бу билан битмасоооов, – бош чайқайди у.
– Демак, мана шу оқ куйлагингизда мен билан суратга тушишга рози эмассиз, шундайми?
Суҳбатдошим сўзсиз узоқлашади. Кейинги кишига рўпару бўламан:
– … Қисқаси, шунақа. Хабарингиз борми Ҳаракатимизнинг мурожаатидан?
– Ўзим-ку, интернет нима, билмайман, лекин биладиган танишларимнинг кўзи тушган экан, ўшалардан эшитгандек бўлгандим, – дейди навбатдаги халқ вакилларидан бири.
– Хабарингиз бўлганлиги учун ҳам бугун кўчага эгнингизга оқ либос кийиб чиққанмидингиз?
– Йўғ-э, худо сақласин, – дейди у ёқасини тутиб.
– Демак, адолатсизликларга қарши бош кўтармоқчи эмассиз?
– Бола-чақа бор ахир… Уларниячм ўйлаш керак. Бири студент, яна бири муаллим…. тинчлик керак, бизга тинчлик керак…, – йўлига равона бўлади у.
Шунақа… билдимки, болаларини ўйлайдиганлар бугун боши берк кўчада… Кўнгилларига қўрқув ин қурган…
Шу алфозда юзлаб халқ вакилларидан саноқли кишиларгина эгниларидаги оқ либосларда биз билан суратга тушишга, яъниким, ҳукуматнинг ҳақсизликларига қарши сўзсиз “ҳайқириш”га рози бўлишди, холос…
Ўзбекда хўп топиб айтилган бир гап бор: “Қорнимга эмас, қадримга йиғлайман” дейишади…
Эсиз, бизнинг халқимиз қачон ўз қадрига қайғуриш даражасига етар экан-а?
Элдошим, ҳалиям кеч эмас, Ҳаракатимиз ғояларига эргашинг, Инқилобий Босқичлар тадбирида, расмлар танловида иштирок этинг ва ғолибга айланинг.
Оқ либосда суратга тушган ғолибларга салмоқлигина мукофот пуллари ажратилган.
Тўғри, бу рамзий маънода, албатта.
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг “ОШ” танлови ғолиблигига интилиш дегани бу – эртанги кунингизнинг ўз хўжайини бўлиш учун курашмоқлик демакдир, аслида!
Муҳтарам юртдошлар, қадрли Ўзбекистонликлар!
“Халқ денгиздир, халқ уммондир” деган эди шоир. Денгиз тошса, қирғоқларни ювиб кетади, сув кўтарилса, қояларни чўкка туширади, халқ оёққа турса адолатсизлик деганлари адо бўлади!
Ҳали ҳам кеч эмас, эрта.
“ОШ” танловининг охирлашига ҳали 2 кун бор.
Зеро йиллар, кунлар эмас, гоҳо соатлар, сониялар салтанат тақдирини ҳал қилиб қўйишга қодир! Унутманг!
Оқ либос-ла “ОШ”да иштирок этинг ва жамиятда болалаб кетган адолатсизлик устидан ғолиб келинг! Шошилинг!
“Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси




