Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: МОЛИМ БЎЛМАСА ЖОНИМНИ ОЛАСИЗМИ?

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

…Эҳҳе,  онамни кўрмаганимга ҳам минг йиллар бўлиб кетди….

Мухолифатдан кечмагунимча ўз онамни менга кўрсатишмоқчи эмас.  Шунақа.

“Тириги-ку тириги,  ўлигига ҳам келмайсан,  жонсиз танасини ҳам кўрмайсан”,  дейишади,  койишади. Онам ўтирган томга қўйишмайди,  қўриқлашади,  итни ҳайдагандек қувиб солишади…

Шунчалик таҳқирлардан кейин ҳам бўғзимга келган  жоним танамни тарк этиб кетмаганига  ўзим ҳам ҳайрон қоламан гоҳида…

***

…“Эй, опа,  бизку,  биламиз,  кутамиз,  лекин қонун кутиб турмайди-да”,  дейди Учтепа туман суд сижрочиси Анвар Зокиров.

 Бу қонун деганлари ҳукуматнинг ўзини фойдасига келганида шунақанги тез ва самарали ишлайдики!….

Аммо мазлум халққа келганида эса,  жойида депсиниб қолади…

***

..Ўзи шусиз ҳам кучугимнинг итялоғига қадар олиб кетгансизларку?

Омонат жонимдан бошқа яна нимам қолган?

Молим бўлмаса, нима қиласиз, жонимни оласизми?…

***

Бу таҳдид деганлари ҳам тугармикин ҳеч?2009 йилда ЎзМТРКдаги ноҳақликларга қарши бош кўтариб чиққанимдан буён таҳдид ва босимлар қуршовида қолиб кетганман.

Аввалига мамлакат ичидаги ҳаракатимга халақит бериш истагида Тошкент вилоятининг Зангиота туманида 20 йилдан буён турган доимий “прописка”мга чанг солишди.

Фуқаро формасидаги кишилар келиб “Ё Эшонқулованинг паспортини доимий рўйхатдан чиқариб юборасиз, ёки пора эвазига “прописка”га қўйишга рози бўлган шахс сифатида судга тортиласиз”, дея уй эгаларига руҳий босим ўтказишди.

Натижада қадрдонларим ҳам мени доимий рўйхатдан “ўчириш” мақсадида судга мурожаат қилишга мажбур бўлишди.

Суд қарорига мувофиқ паспортим доимий рўйхатдан чиқариб юборилганига 11 ой бўлибди ҳамки, мен мехабар.

Мабодо, ЎзМТРК раҳбарияти билан судлашмаганимда, эҳтимол ҳанузгача бехабар юрган бўлармидим?…

Суд мажлисларининг бирида ЎзМТРК ҳуқуқшуноси “Эшонқулованинг Тошкентда доимий “прописка”си йўқ. Ҳар қандай ҳолатда ҳам телерадиокомпаниянинг ички тартибига кўра унинг ТВда фаолият юритиши ноқонунийдир”, деган иддаосини эшитганимда, ҳайратдан “тахта” бўлиб қоган эдим.

Аввалига, ЎзМТРК ҳуқуқшуноси йўқ жойдаги гапларни гапираяпти, деб инонмагандим, кейин текшириб кўриб билдимки, ҳууув ўшанда, 2009 йилнинг декабрь ойидаёқ, яъни мен ЎзМТРК раҳбарлари устидан Бош вазирга илк бор шикоят ёзган онларимдаёқ қандайдир кучлар аллақачонлар мени доимий “прописка”мдан мосуво қилишга мушарраф бўлишган экан, қаранг….

Йўқ, мен ҳам бўш келганим йўқ. Фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судининг менинг доимий рўйхатимни бекор қилиш тўғрисидаги қарори устидан юқори инстанцияга – фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг остонасига бош уриб бордим.

Аввалига қозилар гапимни эшитишни ҳам исташмаганди.

Азборойи  адвокатнинг ўткирлиги, қолаверса, уй эгаларининг беминнат қилган кўмаклари эвазига Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилоят судида  паймол бўлган ҳуқуқларимни тиклашга муваффақ бўлгандим ўшанда.

Минг раҳмат, ўша кезлари уй эгалари судга нотариус орқали ёзма равишда тасдиқлатиб берган кўргазмаларида мени рўйхатдан ўчириб юборишларига айнан қандай кучлар сабабчи бўлганлигини рўйи-рост очиб ташлашди. Мазкур кўргазмалар нусхаси ҳамон менда сақланмоқда. Уларни ўқиб кўрсангиз, бошингиздан хушингиз учади. Бу режимнинг нималарга қодир эканлигига яна бир бор гувоҳ бўласиз….

Мабодо, уй эгаларининг ҳалоллиги, ростгўйлиги бўлмаганида, рўйхатдан ноқонуний тарзда “ўчириб” юборилган фуқаролик паспортимни қучоқлаб ҳамон суд идоралари остонасида сарғайиб, рангим сомон бўлиб юрармидим, ким билсин?….

Тўғри, паспортимнинг доимий рўйхатини тиклаб олдиму, бироқ  шу билан таҳдидлар тугаб қолди, деб ўйласангиз, адашасиз.

Фуқаро формасидаги кишилар ҳамон мен доимий рўйхатда турган уй эгаларининг ўтакасини ёриш билан андармон.

Шўрлик уй эгаси менга ҳайриҳоҳлик, яхшилик қилиб балога қолганлардан.

Ҳар гал қўнғироқ қилиб, “Жон болам, бизни тинч бўлсин десангиз, паспортингизни чиқариб кетинг”, дея таволло қилгани-қилган.

Бир-неча бор яшаш жойимга катта бошларини кичик қилиб, эгиб келишга ҳам мажбур бўлишган.

Қадрдон кишиларимнинг ёлворишларини эшитарканман, кўнглим алланечук бўлиб кетади.

Шунча йиллардан буён менга яхшилик қилган кишиларни доғда қолдиргим, нонкўрлик қилгим келмайди. Паспортимни доимий рўйхатдан чиқариб кетсам, соддадил, самимий одамларга зиёним тегмаса  дейман. Лекин қаерга?

Ана шу иложсизлик ҳамон оёқларимга тушов, истакларимга эгов бўлиб келмоқда.

Ҳали бу ёқда доимий рўйхатда доимий қолиш масаласи ўз ечимини топа олмасдан турганида яна муаммо устига муаммо!

ЎзМТРК корчолонлари билан курашимиз самара бермади.

Мамлакат отасининг қабулини сўраб, 2011 йилнинг 27 июнь куни бошлаган очлик акциямиз оқибати суднинг сал кам 3 миллон сўм миқдоридаги жаримаси билан якун топди.

Бир сўз билан айтганда, биз яшаб турган жамиятдан ўзимиз излаган адолатни топа олмадик.

Аксинча, адолат ахтара-ахтара кўз кўриб, қулоқ эшитмаган кўргуликларга мубтало бўлдик.

Ноқонуний тарзда ишдан қувилдик.

Босим устига босим, таъқиб устига таъқиб. Таҳдидлар тинкамизни қуритди.

Ўшанда  ҳақни қарор топтириш учун ЎзМТРК раҳбариятини эмас, аксинча, бира-тўла  порахўрликка асосланган бутун бир тузумни ўзгартириш кераклигини, йўқ, керакгина эмас, шарт ва зарур эканлигини илк бор ҳис қилганман.

Бу фикр мени мухолифат кўчасига  бошлади.

Мухолифат олами остонасида турганимда бу йўлнинг ҳаддан зиёд хатарли эканлигини у қадар ҳис ҳам қилмаган эканман….

Ҳаётимдаги ҳақиқий тўпалон тўфонлари ана шундан кейин бошланди.

Ҳақ гапни айтдинг дегунча ҳақсизлик устига ҳақсизлик.

Хатар ҳамиша ҳаётингга кўланка солиб тураркан.

2011 йилнинг 27 июнь – Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари кунида уюштирган очлик акциямиз туфайли суд томонидан ноқонуний тарзда жазо чораси сифатида белгиланган 3 миллион сўмлик жаримани Учтепа туман суд ижрочилари э йўқ, бе йўқ, орадан роппа-роса 1 йилу 5 ой ўтгач, 2012 йилнинг 6 ноябрь кунига  келиб, бирданига ундириб олгилари келиб қолди.

Негалигини биларсиз?

Ўзбекистон ҳукумати 2012 йилда “Мактаб ўқувчилари пахта йиғим-теримига сафарбар этилмади”, дея иддао қилиб турган бир пайтда, 23 октябр куни Қашқадарё вилоятида мониторинг ўтказа туриб, мактабларнинг юқори синф ўқувчилари ёппасига пахтага “ҳайдалган”лигига гувоҳ бўлгандим.

Тележурналист эмасманми, кўрган-кечирганларимни тасвирга муҳрлаб элга ошкор қилувдим.

Эсингиздадир, мазкур видеолавҳада болаларнинг бир ойдирки мактабларидан пахта йиғим-терими учун жавоб бериб юборишганлари ҳусусидаги ҳасратлари акс этганди.

Аслида ўша видеолавҳани қўлга киритиш мақсадида ҳукумат уйимда суд ижрочилари ниқоби остида “тинтув” ўтказишганларини билмайди, деб ўйлайсизми?

“Тинтув” баҳона ижрочилар бор-йўғимни “шилиб” кетишганди ўшанда….

Бу “тинтув” томошасини қўя туринг, энг қизиғи, воқеалар чўққиси ҳали бу ёқда. Давомини эшитинг:

Яхши, 2012 йилнинг 6 октябрь куни Учтепа туман суд ижрочилари сал кам, аниқроғи, 16 минг сўми кам 3 миллон сўмлик жаримани ундириш мақсадида уйимдаги бор мол-мулкимни хатлаб, далолатномаларни чиройли қилиб тузишиб, мусодара қилиб кетишди. Яхши.

1-foto2-fotoМол топилар, жон топилмайди, жоним омонлигига шукур қилиб  қолавердим.

Лекин, эртаси куни, яъни 2012 йилнинг 7 ноябрь куни суд ижрочилари яна бир қоғоз – қарорни келтириб қўлимга тутқазишди.

Қарасам, суд ижрочиси С.М.Юнусов деганлари имзолаган ва Учтепа туман суд ижрочилари бўлими катта ижрочиси Ю.А.Баҳромов деган шахс томонидан тасдиқланган қарор нусхаси.

Суд ижрочиларининг, “Қарздорнинг чиқиш ҳуқуқларини вақтинча чеклаш тўғрисида”ги қарор матни мазмунига эътибор қаратинг:

“Учтепа туман суд ижрочилар бўлими суд ижрочиси С. М. Юнусов Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг 2011 йил 27 июндаги қарздор Эшонқулова Малоҳат Худжамовна … дан ундирувчи давлат фойдасига 2.984.100 сўм ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати юзасидан…. танишиб, қўйдагиларни

 АНИҚЛАДИМ:

 …ижро ҳужжатидаги … қарздор жисмоний шахс томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаганида, суд ижрочиси …. жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаши мумкин” дея иддао қилган шаввозлар “… қарздор Эшонқулова Малоҳат Худжамовнани Ўзбекистон республикасидан чиқиш ҳуқуқлари вақтинча чеклансин”, дея  ҚАРОР ҚИЛАДИ.3-foto4-foto

Нима учун мен гарчи зерикарли бўлса-да, суд ижрочиларининг қароридан айрим сатрларни айнан келтирдим? Матн моҳиятига эътибор берган бўлсангиз, суд ижрочилари айнан 2012 йил 27 июн куни жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди томонидан чиқарилган суд қарорига мувофиқ айнан 2.984.100 сўмлик жарима қарздорлигимни рўкач қилган ҳолда менинг Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқимни вақтинча чеклаш ҳақида қарор қабул қилмоқда.

Ноқонуний ишларига яна қонунни пеш қилиб қўйишганларига куясизми?

Яхши, қонун талаби билан келишишга мажбурмиз. Шундай ҳам бўлсин дейлик.

Бироқ, суд ижрочиларининг мазкур қарорни чиқарган санасига бир эътибор бериб кўринг-а?

Ахир, менинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишимни вақтинча чекловчи ушбу қарор 2012 йилнинг 7 ноябрь куни чиқарилмоқда-ку?

Бу қадар ҳайрат нега дейсизми?

Ахир, нега ҳам ажабланмаслигим керак, мазкур қарор чиқишидан бир кун олдин, яъни 6 октябр куни айнан ўша суд ижрочиларининг ўзи менинг қарздорлигимни мажбурий тарзда ундириш мақсадида бор диққатларини мол-мулкимга қаратишганди-ку?

Улар уйимдан олиб чиқиб кетишган буюм ва жиҳозлар рўйхатига эътибор беринг: Суд ижрочилари 2.984.100 сўмлик эмас, балки, менинг уйимдан ундан ҳам ортиқ баҳога тенг бўлган мол-мулкимни қарздорлик эвазига давлат фойдасига мусодара қилишгандику?

Мол-мулкимни мусодара қилиб – қарздорликни ундириб туриб-да, бир кун ўтгач яна менинг Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқимни вақтинчалик чеклаб қўйишлари мумкинми?

Қизиқ-ку?

Ҳорижга, ўзга давлатларга чиқишимни таъқиқлашлари нимаси?

Гуё мен қарздорликдан қўрқиб Ўзбекистонни ташлаб қочаётгандек!

Сайловда мен қайнайдиган катта қозон шу ерда бўлса, қаерга ҳам бораман?

Шунча ҳақсизликлардан кейин ҳам бу мамлакатда – Ўзбекистонда умуман адолат йўқ десам, яна мен ёлғончи бўламанми, ҳақ гапни айтганим учун халқ душманига, ватанфурушга чиқаманми?

Унда менга бунингдек тубанлик батқоғига ботиб кетган тузумни балчиқдан тортиб олиш, ҳақсизликлардан халос этишнинг ўзга, тузукроқ йўлларини ўргатинг!

Нима қилмоқ керак? Билсангиз, бўлақолинг, айтинг!

Бунингдек ҳақсизлик ҳақида арз қилмади, шикоят ёзмади, деб ўйлайсизми?

Шахсан президент И.Каримовнинг кабинетига  қадар борган менинг ҳақсизлик ҳақидаги ҳайқириқларим.

Лекин, бирор бир зоғ “Сен кимсан? Нима деяпсан? Нима хоҳлаяпсан? Одаммисан?!”, ҳам демайди, арзингни эшитадиган валломат йўқ бу тузумда.

“Сиёсат саҳнасини  чидаганга чиқарган экан-да!”,  деганча чапак чалиб қолавераркансан киши ҳукуматнинг мана бунингдек ҳақсизликлари қаршисида.

Шу-шу амалдаги ҳукумат “кундошим”га айланган. Кўланкадек ортимдан эргашади, босган қадамимни санайди, ўлчайди, чарчамайди….

Ҳукуматнинг “ҳужум”лари ҳазил эмас, турган битгани хатар бўларкан. Кишига жудаям қимматга тушаркан.

Айниқса, интернет сайтида бирор бир “пичоққа илингудек” мақолам юз кўрстади дегунча ҳаётимда бирор бир катта йўқотишга дуч келаман….

Эҳҳҳ, қай биридан бошлай?

Аслида, Оқдарёда Эшонқуловлар оиласидан аҳил, иноқ-иттифоқ оилани излаб топа олмасдингиз.

Биз, қондошлар бир-биримизга жонимизни бергудек даражада қадрдон эдик

Мухолифат оламига кирдиму, қариндошларимдан айрилдим. “Террорист”га, “ватанфуруш”га чиқиб қолдим.

“Ҳой, яхшилар, ҳалиям мен ўша ўзингиз билган Малоҳатман. Мен халқ душмани эмасман, аксинча халқ тўкин ҳаёт кечирсин дейман. Шунинг учун курашаман, ҳамиша ҳақ гапни айтаман. Биласиз-ку, тўғри гап туққанингга ҳам ёқмайди, дейишади. Мени кўзингизга қора қарғадек кўрсатаётганлар кети очилиб қолишидан қўрқаётган ҳукумат тепасидаги корчалонлар. Уларни чин гапим чўчитади. Шунинг учун ҳам улар менга ҳамла қилишмоқда, халқ душманига чиқаришмоқда. Буғдойни самондан ажратишни билмайдиган, ўз фойдангизни сезмайдиган даражада гўл, соддамисизлар?”, дейман, ўкинаман… Қайда, қариндошлар қулоқ осай дейишмайди. Қайрилиб ҳам қарашмайди.

Қондошлик ришталари тортиб, меҳрингиз товланиб, соғиниб, интиқ-интилиб борсангиз, эшигини ҳам очишмайди: “Бизни ўйласанг, тинч қўй. Думларинг билан келишни йиғиштир. Қайда бўлсанг ҳам соғ бўлсанг, омон бўлсанг бўлгани.  Фақат қишлоқда қорангни кўрсата кўрма, шўримизга шўрва тўкма”, дейишади дарвоза ортидан, ёлворишади.

Шу даражага бориб етдик!

Уларни аяйман, маҳзун ҳолда ўз манзилимга қайтаман…

Эҳҳе, онамни кўрмаганимга ҳам минг йиллар бўлиб кетди….

Мухолифатдан кечмагунимча ўз онамни менга кўрсатишмоқчи эмас. Шунақа.

“Тириги-ку тириги, ўлигига ҳам келмайсан, жонсиз танасини ҳам кўрмайсан”, дейишади, койишади. Онам ўтирган томга қўйишмайди, қўриқлашади, итни ҳайдагандек қувиб солишади…

Шунчалик таҳқирлардан кейин ҳам буғзимга келган  жоним танамни тарк этиб кетмаганига  ўзим ҳам ҳайрон қоламан гоҳида…

Бу туришди менгинани иллайроқ омонатимни топширишга мажбур қилишадику, булар?

“Худо билар, ким олдин кетар!”….

Шу каби пасткаш усуллар билан менга руҳий зарба беришмоқчи бўлишади, ўз йўлидман қайримоқни орзу қилишади…

Қаршидаги ҳангомалар эса, ҳаммасидан ошиб тушди.

2013 йил, 3 июль.  Шаҳрисабзлик Чориевлар оиласи ноҳақликка учраган оталари Ҳасан Чориевнинг ҳимояси учун Қашқадарё вилоят прокуратураси олдида норозилик пикети ўтказиш илинжида чиқишган.

Бунинг учун фуқаролик бурчларини бажаришган ҳам: қонун талабига кўра бўлажак пикет ҳусусида маҳалилй ҳокимият идоралирига хабар ҳам бериб қўйишган.

Ҳукумат бекорга бўлажак намойиш ва пикетлар ҳусусида олдиндан хабар беришларини халқдан талаб қилмас экан. Энди англаб етдим:

Бу амалиёт шунинг учун керак эканки, то намойиш ё пикет кунига қадар ҳукуматдагилар оёққа қалқиган халқнинг халқумидан олиш чораларини кўриб қўйишлари учунгина зарур экан.

3 июль куни шундай бўлди-да.

Қарасам, маҳаллий ҳокимият ёлланма аёллардан иборат “армияси” билан вилоят прокуратураси биноси олдида илҳақ бўлиб туришибди.

Аввалига улар пикет  иштирокчиларини, мазкур тадбирни ОАВда ёритиш истагида воқеа жойида ҳозиру нозир бўлган мени – журналистни ҳам хуморларидан чиққунларича обдон калтаклашди, йўқ, аниқроғи “копток” қилишди.

Кейин эса, ҳукуматнинг аёллардан ташкил топган “армия”сига курашда бой бериб қўйганимиз учун тавон тўлатишди.

Пикетнинг ҳар бир иштирокчисига, ҳатто менга – журналистга ҳам пикетни ташкилотчиси сифатида нақд 6 миллон ўзбек сўмида жарима босишди.

Энг қизиғи, Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди судьяси О.Мустафоев суд қарорини ўқиркан, 3 нафар пикет иштирокчисининг ҳар бирига 5 миллион сўмдан жарима солинганлигини, қолганлар эса, 6 миллион сўм миқдорида тавон тўлаши лозимлигини тантанавор таъкидлаган эди.

Эртасига қарор матнини олиб қарасак, афтидан тепадаги казолардан “ёппасига 6 миллон сўмдан жарима босилсин!”, деган амр келган чамаси, қарор матнида 3 нафар 5 миллион сўм жарима солинган “айбдор”ларнинг ҳам тавон пули миқдори яна 1 миллон сўмга “болалаб” – 6 миллион сўм бўлиб қолибди!

Ана сизга мустақил Ўзбекистонда авж олган “адолат”!

Бунисиям майли-я, ҳали суднинг юқори идоралари бор. Ёза-ёза бир куни ҳақсизликни ёриб чиқармиз деган умидда эдик.

Шу ниятда ҳали биз юқори инстанцияларга ариза кўтариб чопиб юрибмиз-у, бу ёқда аллақачон суд ижрочилари ишга тушириб юборилган.

Мустақиллик айёми олди Учтепа туман суд ижрочилари остонамдан кетган эмас.

“Бўлинг, Эшонқулова, марҳамат қилиб 6 миллионлик жаримани тўлаб қўйинг. Акс ҳолда ижрони мол-мулкингизга қаратамиз!”, деб эшигим тагида тўрттаси чўкка тушиб олишган

Менинг гарданимга ғайриқонуний тарзда 6 миллион жарима қўйишган бўлса кошки эди!

Қирғизистонлик миллатдошларимизнинг ҳимояси учун 2012 йилнинг 11 июн куни Қирғизистон элчихонаси олдида норозилик пикетига отланган чоғимизда ҳам одил ҳукуматнинг замонавий “қароқчи”лари йўлда тутволишиб, қозихонага келтиришганди.

Ўшанда ҳам қозилар кўзларини лўқ қилишиб, мутлақо асоссиз равишда пикет иштирокчиларининг ҳар бирини гарданига 5 миллион 200 минг сўмдан “ёрлиқ ёпиштиришган”ди.

Бу ҳукуматимиз халқини ҳақсиз равишда қарздор қилиб қўйишни бирам хўш кўради-ей, асти сўраманг.

Очлик акцияси ўтказганлигимизнинг тавон пули сифатида-ку, ўтган йилнинг ноябрида айнан мана шу суд ижрочиларининг ўзлари ноқонуний тарзда жазо чораси сифатида қўлланилган 3 миллион сўмлик жаримани ундиришни мол-мулкимга қаратиб – уйимдаги бор-йўғимни “супириб” кетишганди.

Мустақиллик айёми кунларидаям “мол-мулкингни мусодара қиламиз”, деб қўрқитишгани-қўрқитишган.

“Ҳой, барака топгурлар, шу озодлик байрамида мени икки кунгина озод қўйинглар. Икки-уч кун тинчгина байрамни ўтказиб олай. Мол-мулкимни мусодара қилиш қочиб кетмас.  Мустақиллик байрамидаям ҳукумат халқининг ҳиқилдоғидан оладими? Сизлар байрам деган нарсани билмайсизларми?,” дейман, ажабланаман.

“Эй, опа, бизку, биламиз, кутамиз, лекин қонун кутиб турмайди-да”, дейди Учтепа туман суд сижрочиси Анвар Зокиров.

Бу қонун деганлари ҳукуматнинг ўзини фойдасига келганида шунақанги тез ва самарали ишлайдики!….

Аммо мазлум халққа келганида эса, жойида депсиниб қолади.

Мана, оддий бир мисол: Қашқадарё вилоят прокуратураси биноси олдига пикетга чиққан Чориевлар оила аъзоларини, уларга қўшиб таниқли ҳуқуқбон Елена Урлаевани, шахсан мени ҳам ўласи қилиб калтаклашди! Куппа-кундузи. Ҳамманинг кўз ўнгида! Камига ҳукуматнинг замонавий “талончи, қароқчилари” тунаб ҳам кетишди.

Биз жабирдийдалар Қарши шаҳар прокуратурасига ўша заҳотиёқ ёлланган аёллар “армияси”ни топиш ва уларга нисбатан қонуний чора кўришларини, жиноят иши қўзғатишларини сўраб, арзнома қилдик. Ҳатто талончи аёлларнинг суратлари ҳам тақдим этилди.

Мана, орадан роппа-роса 2 ой 60 кун ҳам ўтибдики, зўравон, йўлтўсар аёллар топилмайи, жазога ҳам тортилмайди.

Аслида бу босқинчи аёллар икки ой эмас, йигирма йил ўтсаям топилмайди, ишонаверинг.

Негалигини биласизми?

Негаки, талончи ва зўравон аёллар “армия”сини ёллаган куч ишлатар тизимларининг ўзлари-ку?

Ўзларини ўзлари фош қилишармиди?! Ҳечам-да!

Айнан бизга келганида қонун ижросининг бу қадар жадаллашувига сабаб нимада деб ўйлайсиз?

Байрам демай, дам олиш куни демай, ҳукумат “қарзи”ни қичаб қолишининг сабаби бошқа ёқда!

Бунингдек қитмирликларнинг бари “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати эълон қилган “ОШ” акциясини  барбод қилишга қаратилган, аслида.

Ўзбекистон судлари томонидан ноқонуний тарзда қўлланилган жарималарни унтириш баҳонасида мени ўз қобиғимга ўраб, ўз муаммоларим билан ўзимни андармон қилиб қўйишмоқчи, холос.

Мудомки, Оқ либос кийиш, қўчага чиқиш, ОШ акциясини ўтказиш кўнглимизга сиғмаса, ноҳақ солинган миллион-миллион сўм жарималар қарзидан қутилиш ўйида оғримаган бошимиз оғриса!  Ҳукуматнинг асл муддаоси ана шунда!

Яхши, бу қутқулар-ла мени қўрқитарсиз, мени тўхтатишга муваффақ бўларсиз. Бироқ халқничи? Оммани оқ либос кийишдан тийиб қолишга қурбингиз етармикин?

Тўғри, бу ҳодиса, эҳтимол, бугун рўй бермас. Лекин эртами-кеч содир бўлиши аниқ…

Менга келсак, ўзингиздан қолар гап йўқ, ҳаммасидан бохабарсиз, жамиятдаги порахўрлик, адолатсизлик туфайли ишсиз қолган фуқаро бўлсам.

Ишсиз қолган кунимдан бошлаб ҳақсизлик учун курашсам, менингдек “бебош”ни бирор бир давлат идораси ишга олмаса, нима қилишим керак?

Ўзимни қай ўққа, қай чўққа уришимни истайсиз?

Ўзимга қолса, Ўзбекистон судларининг адолатсиз қарорларига ҳеч қачон бўйин эгмайман, ижросига ошиқмайман.

Ҳалику, чўнтагимда сариқ чақам йўқ. Бўлган тақдирида ҳам ғайриқонуний қўлланилган жарималарни тўламаган бўлардим.

Хўш, унда нима қиласиз?

Жаримани ундиришни мол-мулкимга қаратасизми?

Ўзи шусиз ҳам кучугимнинг итялоғига қадар олиб кетгансизларку?

Омонат жонимдан бошқа яна нимам қолган?

Молим бўлмаса, нима қиласиз, жонимни оласизми?

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

«Бирдамлик»  Халқ Демократик Ҳаракати

Ўзбекистон бўлими етакчиси

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares