
Эврил Турон
Оқ гул
(воқеий қисса)
“Ватанни беқиёс севувчи дўстларим…га бағишлайман”.
(Сўнгги 36-боб)
– 36 –
Оқгулни тобутга солишди.
Дод-фарёд очунни тутди.
Оғаётган қуёш ерни беаёв қиздирмоқда. Агарчи мен совуққа ҳам, иссиққа ҳам чидамсиз бўлсам-да, шу лаҳзада жазирамани сезмаётгандек эдим.
Бошидан-оёғигача оқ кийинган, оқ соқолли, қорни катта мулла* баланд овозда қичқирди:
– Ислом динида ўзини-ўзи ўлдирган одамга жаноза ўқиш ёки тиловат қилиш маън этилган. Гуноҳга ботмай, шунга қараб иш тутинглар!..
Бунгача ҳам туман Ички Ишлари Бошқармасидан бир кас расмий тарзда келган ва шу гапни таҳдид оҳангида айтган эди.
Шу сабаблими, менинг миямга уч фикр келди:
“ – Қўрқоқ олдин мушт кўтаради…”
“ – Ойни этак билан бекитаяпти…”
“ – Ўзларини-ўзлари очиб қўймоқда…”
Таъқиққа қарамай, ўзларини имонли билганлар ичларида жоноза ўқидилар.
Одамлардан айро, ҳўнг-ҳўнг йиғлаб тобутга эргашдим. Уни Учқулочнинг шарқий қисмига, тоғсимон тепанинг ён бағридаги янги қабристонга қўйишди. Чин мусулмонлар ичларида Қуръон ўқидилар, тиловат қилдилар.
Секин-секин ҳамма тарқади.
Оқгулнинг қабри ёнида ёлғиз қолдим. Пастга юмалаб энган намхуш кесакларни (жой-жойига) таҳладим. Қизғиш тупроқларни кафтларим билан текислаб, силлиқладим. Атрофни шувоқда супуриб, тозаладим. Шунда, кўз олдимда Оқгул жонланди ва қатъиятга қотилган меҳрибон
107-бет
овозда деди:
– Ҳеч замон ўз йўлимиздан қайтма, Эврил!
Ҳеч замон!!
Ҳеч замон!!
– Мен шуни деб яшайман, Оқгул!
– Мен сенга инонаман, дўстим!
У ғойиб бўлди.
Ич-ичимдан хўрсиниб, ўкиниб, ўксиб йиғладим.
– Оқгул, азиз дўстим, кеча, кечагина сен билан бирга эдик! – деб йиғладим, – кеча, кечагина бахтиёр эдик!
Энди?..
Сен…
Оҳ!..
Қандоқ адолатсиз дунё бу!
Қандоқ адолатсиз, ҳиссиз, ҳаёсиз дунё!..
Қандоқ ёлғонга, тўҳматга, қонга ботган дунё бу!
Тангрим!
Нега ҳақ қолиб, ноҳаққа эрк бердинг?!
Нега разил, мунофиқни ғолиб қилдинг?!!
Нега?!!
Нега?!!
Нега?!!
Мен ўпкамни босолмай, ўксиб йиғладим.
Ҳўнг-ҳўнг йиғладим.
Узоқ, жуда узоқ йиғладим.
Қабристонни қабрдек қора тун босганини ҳам сезмадим.
Қабрдек қора тун!..
Мен қоронғу кечаларда қабристондан, арвоҳ, алвасти, жинлардан қўрқардим. Бироқ, ҳозир менда (нима учундир) шу туйғу, шу қўрқув туйғуси йўқ. Мен, Оқгулни ташлаб кетмадим. Кетолмадим. Уйга оёғим тортмади. Унинг қабрига бошимни қўйиб йиғладим.
Унсиз йиғладим.
Тун жим-жит.
Тоғдан шамол энмоқда.
Салқин шамол.
Мен хаёлан Оқгул билан қўнишдим.
Тонггача қўнишдим.
Нима ҳақда?
Бу сир…
108-бет
Уни келажак авлодларга айтаман.
Насб этса…
Этакда бир тўда аёл кўринди.
Оқгулнинг онасини танидим.
Марваридни танидим.
Мен истамай уйга қайтдим.
Шунда менга ҳаёт бўм-бўшдай туюлди.
Бўм-бўшдай!..
Оқгулсиз ҳаёт!..
Уфқ қонга айланган эди…
Ҳали қуёш чиқмаган эди…
Т у г а н м а
Қабристондан буюк қайғу билан қайтарканман, ўз-ўзидан “Муқанна нидоси” деган сўз миямдан кечди. Сўнг ушбу сатрлар юрагимни ёндириб ўтди:
М у қ а н н а н и д о с и
(VIII – аср)
1.
Бор нарса вақт қули, 13
Бари соврилар бир кун.
Ер,
Ой,
Қуёш,
Юлдузлар ҳам…
Балки осмон ҳам… 13
Зўр Давлат,*
Мафкура
Улар олдида нима? 13
Бир зарра,
Чанг.
Умри:
Кўз очиб, юмгунча дам. 13
У бир бўғов.
Ичи:
—————————————————————————————————
* Зўр давлат – империя – халифалик кўринишиада.(тагида СССР…)
109-бет
Йиринг,
Оғу,
Сароб,
Қон… 13
У бир қамоқ,
Кишан,
Киши қурган жаҳаннам… 13
У ёлғон, ҳаромларга тўлиб оқаётган ям*
У тирик оламда зўр ҳоқон:
Нафс,
Таъма… 13
Инон!
Биз уларга қарши курашмоқ учун 13
Ерга энганмиз бу кун!
Бизнинг теримиз-ла 13
Покланар,
Соғаяр
Ушбу ярали очун. 13
Инон!
Бўрон, довулларга бероламиз дош!.. 13
Инон!
Етар бунга биздаги:
Онг.
Куч.
Бардош!.. 13
Инонма!
Ёвнинг ҳеч бир сўз, ваъдаларига! 13
Агар қул қулликдан қутулмаса,
Қодирмас: 13
Ў з л и к н и т и к л а ш г а,
Т е р а н т а ф а к к у р л а р г а. 13
Занжирларни уз!
Уз шарт!!
Буз!!!
Етар хўрлик!
Бас! 13
Бизлар қул бўлишга келмаганмиз дунёга! 13
———————————————————————————————–
* Ям – дарё
110-бет
Кўникма ҳеч:
Зулм,
Таҳқир,
Зўрлик, 13
Рўёга!…
Қўзғол!
Қўзғал!!
Қўзғал эй менинг мазлум Элим!!! 13
Қабристон билан уйим оралиғида, тошлоқ йўлда туғилган бу сатрларга эллик беш йил ўтди.
Эллик беш йил!..
Шу узун замон ичида мен унинг бир сўзини ҳам ўзгартирмадим. Кўнглим шуни истади…
Уйга қандай етиб келганимни билмайман. Сатрларни қоғозга туширдим. Шундагина борлиғим олов бўлиб ёнаётганини ҳис этдим. Ўзимни бошқаролмай қолдим. Йиқилдим. Бир ой дам ҳушимга келиб, дам ҳушимдан кетиб, алаҳсираб ётдим. Ўн кун тилдан ҳам қолдим. Онам узоқни кўра биладиган одам эди. Мени ўлдириб юборигшларидан қўрқиб, касалхонага ётқизмади. Яширинча даволашга Лочин отли бир табибни топди…
Мен ўзимга келганимда Бекка ушбу хатни ёздим:
“Азиз дўстим!
Сендан ўтиниб сўрайман: шу саҳарда саҳро (Қизилқум) орқали Қозоқистонга қоч. Бўлмаса ҳаётинг Оқгулники каби фожеа билан тугайди. Бир неча йилгача юртга қайтма.
Мен билан хайрлашишга келма.
Менга хат ёзма.
Бу жуда хавфли. Биз (Марварид, мен) доимий кузатувдамиз…
Тангри умр берса, яхши кунлар келганда кўришамиз.
Омон бўл!
Дўстинг…”
Онам хастахонага бориб, мактубни Бекка беради. У шундан уч кун ўтгач, қуюқ тунда “Ўрол”да Қозоқистонга қочади. Ва муқаррар ўлимдан қутилиб қолади.
Марварид ва мен Оқгулнинг ўлимида гумон этилиб, олти ой тергов бердик.
111.
Қишда ўн олти ёшимда, махсус суюқ лой ҳозирлов цехида моторист ёрдамчиси, сўнг, ойлар ўтиши билан моторист бўлиб ишладим.
Марварид билан мен (Совет армиясига кетгунимча) махфий тарзда кўришиб турдик. “Оқ туғ” Кенгаши ишини давом эттирдик… Оқгул ўгут қилганидек, “коса, коса тагида ним коса” қабилидаги митти ҳикояларим “Париж комуннаси”да (вақти-вақти билан) босилиб турди.
Бирда, йўлда ўша чийиллоқ овозли “вакил” билан “тўсатдан” учрашиб қолдик. Гўё “тўсатдан”… Аслида… У мендан Бектемирни сўради.
“ – Ҳозир у Уфадамиш”.
“ – Ёлғонни ямламай ютма”.
“ – Эшитганим шу”.
“ – Қозоқистонда”.
“ – Бўлмаса нега сўраяпсиз?”
“ – Шунчаки қизиқаяпман… Кимдан эшитдинг?”
“ – Чойхона*да шахмат ўйнаётганимда қулоғимга чалинувди”.
“ – Эсласанг яхши бўларди”.
“ – Қандоқ эслайман? У кишиларни кўрмадим ҳам.
“ – Тулкилик қилма, бола, эсла!”
Унинг бу гапи менинг иззат-нафсимга тегди, қоним қайнади. Унга ғазаб билан боқиб, дедим:
“ – Актёрлик қўлингдан келмаса, қисиб юр, ялоқ!..”
Шу куни мени ишдан ҳайдашди.
Ниҳоят, орзиқиб кутганим: армияга жўнаш вақтим етди. Марварид билан бирга Бўрон оға ва Оқгулнинг қабрларини зиёрат этдик…
Украинанинг Житомир вилоятидаги Новгород-Вольинск шаҳрида (танкчилар қисмида) уч йил хизмат қилдим. Шоира Леся Украинка* туғилиб-ўсган бу сулув юрт мени ўзига ром этди:
Яшил ўрмонлар… Кўм-кўк ўтлоқлар… Мовий кўллар… Осмондан андоза олган “Красивая меча” дарёси ва мусиқали ирмоқлар бетакрор гўзал эди.
Шу табиатига яраша одамлари ҳам кўркаму сахий кўринардилар. Мен буни бир безаксиз айтаяпман.
Танкларимиз билан ўсиқ ўтли, сертепали паёнсиз дала-даштларга
———————————————————————————————-
* Чойхона – Учқулочнинг қоқ ўртасида фақат бир чойхона бор эди. Кўп устунли, айвонли.
* Леся Украинка – Новоград – Вольинск шаҳрида туғилган. Мен унинг уй-музейида бўлганман, шеърлари билан танишганман.
112.
(машқ қилишга) чиққан кунларимизда украинлар бизларни сув ўрнига сут, товаларда пиширилган (гумбазсимон) нон, пўстлоғи арчилмай тайёрланган бульба (йирик-йирик қора картошка), тотли пишириқлар билан сийлардилар.
Украина тунлари сўлим, серзавқ эди. Тўп-тўп йигит-қизлар ой, юлдузларнинг жимир-жимир ёғдуларида тупроқли кўчалар, ўт босган сўқмоқлар, сирли шовуллаётган ўрмон четларида гармон чалиб, қўшиқ айтиб, сайр қилардилар:
“Мы пидем де трави пахили…”
Бу кентда мен бир йил танк командирлигига ўқидим. 54, 56 – танклар кучда эди. Хизматим сўнггида “Т-62” русмли танкга ҳам командирлик қилдим. Экипажимдаги ўғлонлар: Анатолий Евсеев (рус, механик – ҳайдовчи), Леонид Вайсбух (еврей, новодчик – орудия), Хуррам Ҳоқон (турк, зарежаюший)лар билан ўзимни қувноқ, тетик сезардим.
“ – Байналминал экипаж… – дерди сирли кулиб ақл – идрокда теран Вайсбух, – аммо, бу тасодифий ҳолмас…” – у гапини тугатмай, яна куларди. Мен унинг сирли кулгиси остида сирли кесатиқ ётганини ҳис этардим.
“ – Советча…” – ҳазилсевар Евсеев сирли тўсма*ни сал кўтарарди. Афтидан тўла кўтаришга унинг юраги бетламасди.
“ – Улуғ оға бош…” – луқма ташларди турк Ҳоқон.
“ – Улуғ оға бош бўлса, бу байналминал бўладими?”
“ – Бўляпти – ку, Лёня” – тишининг оқини кўрсатиб тиржаярди толья.
Дам олишга (увольненияга) ҳам тўртовимиз бирга чиқардик. Жозибали танишларимиз бизни (келишганимизга биноан) Красивая – Меча дарёси кўприги устида шодон қарши олардилар. Бир – бирлари билан иноқ қизлар ҳам тўрт миллатга мансуб эдилар. Бундан бизлар ажабланардик. Вайсбух буни:
“ – Кам учрайдиган ҳодиса” – дерди ва хиёл сукутдан сўнг гапини уларди: – бу чин байналминал… улуғ оғасиз…”
Болаларча кулардик.
Валентина Катвитская поляк, Зинаида украин, Маргарита можар, Кристина булғар эди.
Турли чечак, ўтлар билан ястанган қирғоқ, кўл буйи ёки қайинзор ўрмонларда дайдирдик. Беғам, беармон дайдирдик…
———————————————————————————————–
* тўсма – парда.
113.
Шундай онларда, баъзан, Оқгул, Мрварид, Бекларни эслаб, ўйлар уммонига ғарқ бўлганимни сезмай қолардим:
“ – Қани, энди, Тангри бир карам қилса, – дердим ичимда, – Оқгулга қайта ҳаёт берса, у Марварид, Беклар билан бирга мени кўргани (бу ерга) келишса!..
О, бундан ортиқ бахт бўлармиди менга! Бироқ, энди, бу тилагим ҳеч замон ушалмайди, ҳеч замон, ҳеч бир замон!..”
Қўзларимдаги ҳалқа – ҳалқа ёшларни кўриб, Катвитская ҳайрон бўларди ва ҳатто хижолат чекарди:
– Зериктириб қўймадикми, Эврил?
– Йўқ – йўқ.
– Юртингни соғиндингми?
– Йўқ, Валя, ўзим… Узоқ бир воқеа эсимга тушди…
Казармага қайтганимда ҳам Оқгул ҳаёли мени тарк этмасди:
“ – Одам боласи алдайди, – дердим ўзимга – ўзим, – ёки ўзини овутади:
“Ҳақиқат эгилади, синмайди”.
“Қинғир ишнинг қирқ йилда ҳам қийиғи чиқади”.
“Ёлғоннинг умри қисқа”.
Менимча, ҳақиқат абадиятга синиши, қинғир иш ҳам, ёлғону тўҳмат ҳам ҳеч замон фош бўлмаслиги мумкин.
Ўзи дунё адолат ва тўхматдан тузилгандай. То Ер тургунча улар ўртасида кураш кетади. Бирда адолат енгса, бирда тўҳмат… Ҳеч бири мутлоқ ғолиб бўлмайди…
Оқгул ҳақиқати ҳам ҳеч қачон очилмайди. Тузм, замон, маконлар ўзгарса ҳам…
Лекин, шуни аниқ биламан: Тангри карами кенг:
Бир кун, йўқ, бир соат, йўқ, бир дақиқадан кейин ҳам шундай воқеа, ҳодисалар юз берадики, бунга ҳайрону лол қоласан.
Адашмасам, 1960 йили, кузда Карпат орти Ҳарбий округи бўйича Станислав (Иван Франко) шаҳрида сара боксчилар мусобақаси ташкил этилди. Унга мен ҳам (заҳирадаги боксчи сифатида) қатнашдим. Ўшанда биринчи разрядли боксчи, иккинчи категорияли судья даражасида эдим.
Ровна* шаҳри ҳарбий қисмидан келган боксчилар орасида менга қия турган бир аскар танишдек кўринди. Унга яқин бориб қарадим. Ва
————————————————————————————————–
*Ровнага хизматга келганига 7 ой кечган. Ровна Новоград – Вольинскийга яқин шаҳар.
114.
ҳайрат, ҳаяжондан оғзимга бир сўз келмай, қотиб қолдим.
У менинг дўстим Бек эди!!.
Бек!!!
У зобит, аскарлар ичида кўкка учмоқчи бўлган асов отдек алоҳида ажралиб, қад кериб, мағрур турарди. Мен ҳайрону лол эдим.
Очунда шундай тасодиф бўлиши мумкинми? Яна олис, ёт бир юртда денг. Бунга ўзгалар – ку ўзгалар, ўзим ҳам ишонмаётгандек эдим. Наҳот кўзларим алдамаётган бўлса?!.
Наҳот!..
Йўқ – йўқ, бу тасодиф эмасди. Бу мен билан Бекка Яратган Эгамнинг бир карами: инояти эди.
Менинг юрагим шундай дерди.
Менинг ақлим шундай дерди.
Қаттиқ бир ҳаяжон ичида, ихтиёрсиз бир тарзда қичқирдим:
– Бек!!!
– Эврил!!!
У оломонни ёрароқ мен томонга отилди.
Бир – биримизнинг бағримизга сингиб кетдик. Икковимиз ҳам гўё тилдан қолгандик, гапиролмасдик.
Кўзларимиздан ёшлар оқарди.
Соғинч ёшлари!…
Севинч ёшлари!…
Бектемир Жамбул (Авлиёота, Тароз)да яшагани – ю бошидан кечирганларини қисқа баён этди. У эзмаликни ўлгудай суймасди.
– Тақдир тақозаси билан, – деди гапи сўнггида, – ҳарбий хизматни энди бошладим. Янглишмасам, сендан икки йилча кейин…
Мен бунинг сабабини сўрамадим.
Энди Бекнинг хатти – ҳаракат, овоз, лаб, юз – кўзларида қатъиятлик белгилари яна ҳам бўртиб кўринарди.
Энди бўй-басти ҳам девни эслатарди.
У формада эди.
Унинг ўзига ишончи, руҳияти тоғдек баланд эди.
Бек Карпарт орти Ҳарбий Округи бўйича “Мутлақ чемпион” деган ном олди. Биронта ҳам рақибини уч раундга етказмади.
Менга боксга тушишга зарурат туғилмади.
Бек кулди:
– Мазза қилиб дам олиб кетяпсан-а, Эврил?
– Бунга севинмаяпман… Аммо, дўстим, сени кўрганимдан бошим
осмонда.
115.
Биз Станиславда талай кун бирга бўлдик. Оқгул билан Марваридни кўп эсладик. Оқгулнинг ваҳшиёна ўлдирилиши ҳар иккимизнинг қалбимизда ҳам ўчмас из қолдирган эди.
Хайрлашиш олдимизда Бек мени саволга тутди:
– Хизматдан сўнг уйга қайтасанми?
– Йўқ, Учқулочда менга келажак йўқ…
– Энамни куйдирасанми?
– Режаларим бор,Бек. Ефремов (Тула вилояти) шаҳрида Бутуниттифоқ комсомол ёшлари қурилиши кетаяпти. Шунга ёзилиб қўйдик… Ишлаб, ўқимоқчиман… Онам мени (хат орқали) тўғри тушунди… Кейинчалик онамни олиб келиш ниятим бор.
– Ефремовгами?
– Ҳа. Менинг сезишимча, Россияда эркинлик кўпдай, имконият кўпдай…
– Менимча ҳам режанг тўғри, Эврил. Хизматдан кейин олдингга бораман. “Оқ туғ” ишини ҳам бирга давом эттирамиз. Фақат уни: “Оқгул” деб ўзгартирган ҳолда.
– Ўзим ҳам шуни ўйлаб юргандим, бу ҳақда Марварид ҳам айтганди, демак: уччовимизнинг ҳам фикримиз бир:
“Оқгул”.
Хайрлашдик.
Кўзларимиз ёшга тўлди.
Қалбларимиз ғамга тўлди.
Анатолий Евсеев, Леонид Вайсбух, Хуррам Ҳоқон ва мен Ефремов шаҳрига комсомол йўлланмаси билан ишга жўнадик. Қизлар бизларни (кўзларида айрилиқ ёшлари билан) поездга кузатиб қўйишди.
Лев Толстой севган, Иван Бунин хаёл сурган, Темур ҳоқон от ўйнатган бу ошён бизни ўз гўзаллаги билан аср этди.
Бу ошён!..
Теграси адоқсиз ўрмонлар билан ўралган тиниқ ҳаволи сулув ошён!..
Уни “Случь” дарёси ўпиб-ардоқлаб, ювиб-тараб оқаётир.
Тўрттовимиз ҳам бир ётоқхонага жойлашдик. Қиш қиличини омонсиз қайрасада, ёшлар билан тўлиб – тошган бу кент лава янглиғ қайнаётир. Ҳар куни ишдан кейин душга тушамиз, боримизни ардоқлаб киямиз. Тинмагур қизлар бизни танцага ё музда учишга судрашади… Кўпинча Вайсбух китобдан бош кўтармайди.
Мен Оқгул ҳақида қисса ёзишдан… Уни: “Осмон қизи” – деб атасаммикан? – дейман ўзимга-ўзим, – ёки: “Ўлим ҳалқаси”?..
116.
Кадрлар бўлими бошлиғи Наташа хоним ўз ишига пухта, қаттиққўл хотин эди. Аммо у мен билан илиқ сўрашарди. Хотирам алдамаса, унинг ёши қирқдан ошган, кўзлари зангори эди. Қирқилган сочлари елкасига макканинг попугидай товланиб тушар ва бу сарғиш юзига зеб бериб турарди.
Кимё комбинати қурилишида ишлаётганимга энди тўрт-беш ой бўлганда, у мени ўз ҳузурига чақирди ва мулойим овозда деди:
– Сени Воронежга бир йиллик ўқишга юбораяпман. Биласан, комбинатга машинистлар керак. Тайёрлан. Эртага жўнайсан. Яширмайман, сенга меҳримиз бор…
Мен бундан севиндим. Лекин: “ Сенга меҳримиз бор…” деганини тушунмадим. Яна (ўзидан бошқа) ким бўлиши мумкин? Ким? Сўрашга ботинмадим. У қўлимни сиқди:
– Табриклайман!
“ – Ўқишни ёмони йўқ, – дедим ичимда, – шу баҳонада ҳунарли бўламан. Шу баҳонада ўзга шаҳарни кўраман. Бу ўрусия билан дурустроқ танишишимга бир туртки ҳам бўлади. Вайсбухнинг:
“ – Ҳамма улкан қурилишлар Россияда… – дегани эсимда, – йўллар, метролар, завод-фабрикалар, шаҳарлар… Яна бошқа муҳим, махфий объектлар… Яна яшин тезлигида ҳарбий салоҳиятни ошириш… Дунёда энг кўп хавфли қуроллар ишлаб чиқариш…
Буларнинг юздан бир фоизи ҳам сенинг юртингда йўқ. Биласанми, Россиянинг туб мақсади нима?
Мен Вайсбухнинг фикрини тўлароқ билиб олиш учун жўрттага елкамни қисдим.
“ – Компартия шиори:
Тенглик.
Тинчлик.
Бирлик” ниқоби остида ҳамма нарсани ўзиники қилиш…
Ўзлаштириш…
Гегемон бўлиш…
Бўлажак ўзбек-турк ёзувчисига бу керак. Бунинг мағзини чақ.
Россия бундай улуғ қурилишларни қайси маблағ ҳисобига қилаяпти?
Ўрта Осиёнинг ер ости, усти бойлиги қаёққа сизиб кетаяпти?..
Болтиқ бўйи билан Кавказники-чи?..
Яна бошқа социалистик Республикалар…
Энг биринчи галда Ўрта Осиё ҳисобига десам янглишмайман. Ўрта Осиё битмас-тугамас бойликка эга.
Ўрта Осиё Россия учун дастурхон, хом-ашё базаси…”
117.
У менга Россия ерида қурилган, қурилаётган, қурилажак завод-фабрикалар ва ўзга улкан иншоотлар ҳақида ёзилган бир махфий китоб берди:
“ – Ҳеч кимга сездирмай ўқи, Эврил, – деди. – Фақат тез, бу сенга керак бўлади…”
АҚШда ўрис тилида (жуда кам нусхада) босилган бу китоб (“Бакавул”*)ни етти кунда (Ефремовда) яширинча ўқиб чиқдим. Шунда Оқгулни профессор Мария хонимдан эшитгани-ушбу асар тўғрисида менга айтгани эсимга энди:
“ – Демак, – деб ўйладим, – яҳудий хоним Оқгулни китоб мазмун-моҳияти билан ҳам таништирган…”
Ўқув уйимиз ва ётоқхонамиз Воронежнинг марказий сўқоғида жойлашган эди. Кўчанинг у томонида Политехника институти биноси кўриниб турибди. Шаҳар адоғида атом заводи қад кўтармоқда. Бу қурилиш, оқгул, Вайсбухларнинг гаплари ва махфий китоб таъсирларида менинг бошимда шу сўзлар ловуллаб кечди:
“ – Ўрусияда оғир, енгил саноат ривожланган. Тағин турли-туман, сон-саноқсиз институтлар… Буни ўзбек фақат орзу қилиши мумкин.
Бироқ ўзбек пахта бўйича СССРда биринчи…
Ўзбек уйқудан:
“Пахта” деб уйғонади.
“Пахта” деб нафас олади.
Пахта деб онгли очундан узилиб қолади…
Пахта деб ўлади.
Хотинлар “Кукурузник”*лар ўлим “дори”лари*ни сепаётган пахта далаларида туғадилар.
Заҳар қоплаган жўякларда ишлаб, жўякларда бевақт жон берадилар.
Бу ҳақиқат.
Аччиқ ҳақиқат.
Ишламасалар “Пахта душмани” тамғаси остида қамаладилар, томорқаларидан, мол-ҳолларидан, уй-жойларидан айриладилар, сургун қилинадилар.
————————————————————————————————–
*Бакавул – китобнинг ўрисча номи хотирамдан кўтарилган. У шундай мазмунда эди.
*Кукурузник – “Ан – 2” учоғи.
*Ўлим “дори”лари –бутифос.
118.
Бу ҳақиқат,
Аччиқ ҳақиқат.
Пахта!..
Энг оғир.
Энг паст маошли иш*…
Пахта!..
Қул иши.
Қул маоши…
Шу сабабли келгиндиларнинг бири ҳам пахтада ишламайдилар.
Ҳаммаси шаҳарларни ишғол этган.
Шаҳарда иссиқ-совуқ сув, газ, электр қуввати, транспорт ва ўзга қулайликлар.
Буни пахтачилар ҳавас қиладилар.
Ўз кентига сиғмаган, ўз кентига ёт элим!
Мияси, оғзи, қулоғи, қўл-оёғи бўғов элим!
Тарихи, эътиқоди, урф-одати тушов элим!
Ўз юртида оч, яланғоч элим!
Ўз юртида қул элим!
Мен бу ҳақда “Ўлим ҳалқаси” қиссамда алоҳида тўхталаман. Бундан Оқгулнинг руҳи ҳам шод бўлади.”
Ўз одатимга биноан мен ҳар куни эрта тонгда уйғонаман, ярим соат бадан тарбия билан шуғулланаман, душга тушаман, бир бакал қаҳва ичаман. Сўнг бир соат “Ўлим ҳалқаси” устида ишлайман. Кейин нонушта қилиб, ўқишга ёнаман…
Ўқиш…
Ўзим қизиқмаган соҳа бўлса ҳам, ўрис, украин, татар йигит-қизларидан ортда қолмай ўқий бошладим.
Татарлар…
Анча ўрислашган бўлсалар ҳам, бир туғишган турк уруғи сифатида (қонларига тортадилар…) мени яқин оладилар. Улар билан ўз тилимизда қўнишиб, роҳат қиламан. Буни Ватандан узоқда, ёт элда яшаётган одам юрагидан ҳис қилади…
————————————————————————————————
* Энг паст маош – 30,40,50 сўм атрофида маош. Эрта тонгдан тунгача иш. Тунда ҳам кўрик чувилади. Дам олиш кунлари йўқ. Таътил (отпуска) йўқ.
*Қулайликлар – шаҳарда 7 соатли иш. Шанба,бозор кунлари дам олишади. Вақтида таътил. 100 сўмдан ортиқ маош.
119.
Ўз тилимиз!..
Тангри биз туркларга берган энг буюк неъмат бу!
Дам олиш кунларимиз завқли ўтарди. Татар, ўрис қизлари қўзиқорин, маймунжон, яна бошқа мева – чевалар теришга мени ҳам судрардилар.
Мен кўпинча ўқишдан кейин (тузукроқ кийиниш, еб-ичиш, онамга пул жўнатиш учун) товар вокзалига борардим. Вагонлардан юк тушурардим.
Бокс машғулотига қатнашишга ҳам, бадиий китоблар ўқишга ҳам вақт топардим. Кучли истак бўлса, вақт топаркансан.
Кучли истак!..
Орзулар ушалиши шунга ҳам боғлиқ.
Воронежни иккига бўлиб бир дарё оқади. Дон дарёси. Баъзан унинг зангор қирғоқларида танҳо сайр қилишни севаман. Бу менга лаззат бағишлайди!
Теран сукунат, шаббода, ғира-шира тун, мавжли дарёда ой, юлдузлар чўмилади. Мен Онамни эслайман. У мени сарғайиб кутаяпти. Мен ҳам унинг дийдорига зорман. Бироқ олдимда мақсадларим кўндаланг турибди. Келажакка замин ҳозирлашим лозим…
Биринчи галда Университет…
Бунинг учун кечки ўрта мактабни битиришим керак. Учқулочда иложи йўқ. Ўрусия нисбатан эркин юрт. Курсни битирай, Ефремовда ўқийман. Сўнг олийгоҳ эшигини очаман.
Соҳилнинг кимсасиз, сокин хилватгоҳларида келажак режаларимни тузаман. Уларни амалга ошириш учун тўсиқ, давон, тўфонларни ёриб ўтишга ўзимни тайёрлайман. Афсус, бу ҳақда дардлашишга Оқгул, Марварид, Беклар етишмайди.
Бугун ҳам кечки емоқдан сўнг дарё бўйида узоқ санқидим. Хаёл билан дунёни кездим… Тун чўка ётганда, кўприкка яқин келдим. Салқин шамол урф (мода)да бўлган қўшиқни қирғоққа ёймоқда:
Все ждала, все верила, сердцу вопреки,
Мы стабой два берега, у одной реки…
Кутулмаганда кўзим кўприк устидан пастга судрашиб энаётган бир йигит, бир қизга тушди. Йигит сўл қўлида қизнинг оғзини бекитиб олганди.
Мен беихтиёр тўхтадим. Бир зум: “Қизга кўмак берайми?” деб иккиланиб турдим. Кейин: “ – хавфли, дедим ўзимга-ўзим, – унинг ўнг қўлида пичоқ йилтираяпти. Менинг кўнглимда қўрқув уйғонди. – киши юртида бекафан ўлиб кетмай яна, хавфли!..”
120.
Мен қоронғуликда эдим. Улар мени кўришмади.
Йигит қизни кўприк чироқларининг хира нурида дарё бўйига судраб энди ва томоғига пичоқ тираб, буюрди:
– Узук, сирғаларингни еч! Туфли, кофтангни ҳам! Сумкангни ерга қўй! Тез!
Қиз дир-дир қалтираб, йиғлаб эланди:
– Ҳужжатларимни олай.
– Айтганимни қил, – у қизнинг юз – кўзига шапалоқ тортди, чотига тепди, – тез! Яна бир оғиз гапирсанг ўлдираман!
Еч!!!
Қизнинг хўрланаётганига чидаб туролмадим. Мендаги ваҳм чекинди. Зулматни ёрароқ пичоқ тутган касга қоплон мисол отилдим:
– Уни қўйиб юбор!
Гарчи у маст бўлса ҳам, нагоҳоний ҳайқириғимдан довдираб қолди. Шу аснода мен унинг устига ваҳший бир тусда ( ўзимга шундай туюлди) бостириб бордим. Ва:
– Қўйиб юбор!!! – деб бўғилиб хирилладим.
Унинг кўзларида қўрқув пайдо бўлди. Қизни бўшатди. Оғзидан ароқ иси сасимоқда эди. Пичоқ билан менга ташланди:
– Не русский, чёрт! Убью!..
Мен сўлга чекиндим. Ва энгашароқ ўнг қўлим билан унинг ўнг жағига мушт туширдим. Буни боксда “крюк” дейди. У тўнғиздек қулади, пичоғи дарёга учди. Ундан ҳамма нарсани қайтариб олдик ва у қалқишга уринаётганда қочдик.
Қизни етаклаб олгандим. У сўқоққа чиққинимизча, икки – уч марта қоқилди. Лекин мен уни йиқилишга бермадим.
Қиз Политехника институти ёнидаги қўп қатли уйнинг иккинчи қатида яшаркан. Эшиги олдига кузатиб чиқдим. Қиз ҳаллосларди, ўзини босолмай ҳомон йиғларди.
– Хайр, – дедим.
У қўлимни қўйиб юбормай сўради:
– Отинг нима?
– Эврил.
– Қаерда яшайсан?
Айтдим…
– Менинг отим Оксана, кўшни эканмиз, уйга кир.
– Узр, ётоқда вақт чекланган.*
——————————————————————————
* Ётоқда кечки соат ўндан кейин эшиклар ёпилади.
121.
– Мени бир фалокатдан қутқазиб қолдинг, Эврил, чексиз раҳмат!
– Одам – одамга ёрдам беради, Оксана, бу табиий ҳол.
– Ҳаммада ҳам бу туйғу йўқ.
Мен жавоб бериш ўрнига, Оксананинг қиёфасини эслаб қолиш учунми ёки шунчаки бир қизиқиш истагидами, билмадим, унинг майда, сийрак сепкиллар “сочилган” юзига, тиниқ қора кўзига, оч қизил дудоғига, калта қирқилган қорамтир сочига, ихчам қад – қовматига (сездирмай) кўз югуртирдим. Агар сезгим алдамаса, у буни ақл кўзи билан илғади. Мен ўзимни ўнғайсиз ҳис этдим ва ичимда: “ – зийрак қизга ўхшайди, – дедим, – кўринишидан ҳам тарбия топган, хуш хулқдай”.
– Эртага кечқурун, сени уйда кутамиз, Эврил.
– Вақт масаласи… – вокзалга ишга чиқишимни унга айтолмадим.
– Ил



